Миср: Қорин рақсига тушган ўқитувчининг ишдан ҳайдалиши қизғин баҳсга сабаб бўлди Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Мисрда ўқитувчи аёлнинг қорин рақсига тушаётган видеоси тарқалиб кетиши ортидан мамлакатда аёллар ҳуқуқлари ҳақида қизғин тортишувлар юзага келди.
Видеодаги Ая Юсуфни ишдан ҳайдашди, эри ҳам ундан ажрашди. Унинг ўтган ой Нил дарёсидаги кемада ўқитувчилар орасида ўтган тадбирда тушган рақсини ўз ҳамкасби унинг розилигисиз видеога туширганди.
Алоқадор мавзулар:
Видеода Ая Юсуф эркак ўқитувчи ҳамкасблари ёнида рақсга тушаётгани акс этган.
Қорин рақси тарихи фиръавнлар даврига бориб тақалади, аммо замонавий Мисрда уни жамоатчилик олдида ижро этган аёлларга нисбатан ёвқараш мавжуд.
Рақсга тушаётган Юсуф хоним видеода ҳижоб ва енги узун кўйлакда экани кўринган, ва унинг ҳаракатлари, замонавий мезонларга кўра, анча камтарона кўринади.
Аммо, бу видео ўтган ҳафта араб ижтимоий тармоқларида кенг тарқалди ва Мисрнинг анъанадорлари орасида кескин танқидларга сабаб бўлди.
«Мисрда таълим мисли кўрилмаган жарга қулади», деб ёзди бир шарҳловчи Твиттерда ва ҳукуматни чора кўришга ундади.
Яна бири эса: «Бу бизнинг қандай абгор вақтда яшаётганимизнинг исботи!! Энди ҳамма нарсага рухсат бор», деб ёзди.
Юсуф хоним Дакаҳлия вилоятида бир неча йилларки араб тили ўқитувчиси бўлиб ишлаган мактабидаги ишидан бўшатилди.
У энди ҳеч қачон рақсга тушмаслигини айтган ва ҳатто ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлаганини билдирган.
«Нилдаги кемада ўтказган 10 дақиқам мени бутун ҳаётимдан айирди», деган у журналистларга.
Лекин, Мисрдаги аёллар ҳуқуқлари ҳимоячилари ўқитувчи ҳеч нотўғри иш қилмагани ва «ялмоғизлар ови» қурбони бўлганини айтиб унинг ҳимоясига чиқдилар.
Ая Юсуфга хайрихоҳлик ва шахсий эркинликлар ҳимоясига дастак сифатида бошқа бир мактаб директорининг аёл ўринбосари ўз қизининг тўйида тушган рақси видеосини чоп этди.
Миср аёллар ҳуқуқлари маркази директори Доктор Ниҳад Абу Қумсан Ая Юсуфга ўз идорасида иш таклиф қилди ва унинг ишдан бўшатилишига қарши судга арз қилиш учун мактаб шартномасини олиб келишни сўради.
Бу Дакаҳлия вилояти ҳокимиятида масала қайта кўриб чиқилишига етаклади, ва ҳозирда Юсуф хонимга бошқа мактабдан иш берилди.
Ая Юсуф бу можаро унинг шахсий ҳаётига бўлган ҳамла эканини айтган. У давлат идорасида ёки ўқувчилар олдида рақсга тушмагани ва уни рақсга туширган ҳамкасбини судга беришни режалаётганини билдирган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













