Тожикистон: "Мусулмон биродарлар"га мансубликда кўрилганлар устидан ҳукм. Жазога тортилганлар орасида Миср фуқаролари ҳам бор - Tojikiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images/arxiv
- Author, Мустақил журналист
- Role, Тожикистон
Тожикистон Олий суди "Ихвони муслимин" - "Мусулмон биродарлар"и ташкилотига мансубликда кўрилган 119 киши устидан ҳукм ўқиган.
Бу ҳақда Тожикистондаги нуфузли Азия-плюс ахборот агентлиги хабар берди.
Маҳкамага тортилганлар 23 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этилган.
Фақат икки киши хабар бермаганликда айбланиб, жаримага тортилган.
Судланганлар орасида хорижлик фуқаролар ҳам бор.
Улардан бири - Миср фуқароси Муҳаммад Байумий 23 йиллик муддатга озодликдан маҳрум этилган. У гуруҳ раҳбари сифатида кўрилган.
Муҳаммад Байумий Душанбедаги Тожикистон миллий университетида ўқитувчилик қилган.
Яна бир мисрлик ўқитувчига 7 йиллик қамоқ жазоси берилган. У Тожикистон миллий университетининг Осиё ва Европа тиллари факультетида араб тилидан дарс берган.
Судланганлар орасида Тожикистонда таниқли уламо ва сиёсатчи сифатида кўриладиган Акбар Тўражонзоданинг жияни ҳам бор.
Тўражонзоданинг укаларидан бирининг ўғли Исмоил Қаҳҳоров 15 йиллик муддатга қамалган.
Уни ўзи яшаган Ваҳдат туманида бир неча шеърий тўпламларнинг муаллифи бўлган шоир сифатида ҳам билишади.
Қолган айбланувчилар 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, судланганлар орасида олий ўқув юртларининг 20 нафар ўқитувчиси ва талабаси, жумладан, Ислом Олий университети муаллими бор.
Маҳкамага тортилганлар террорчилик руҳидаги жиноятларни молиялаштириш, экстремистик фаолиятга оммавий даъват этиш, экстремистик уюшма ташкил этиш ва экстремистик ташкилот фаолиятини ташкил этишда айбланганлар.
Тожикистон Олий суди матбуот хизмати "Ихвони-ул муслимин"га мансублар устидан ҳукм эълон қилинганини тасдиқлаган.
Гумонланганлар устидан маҳкама иши 2020 йилнинг июль ойи бошида бошланиб, 10 ойга яқин давом этган.

Сурат манбаси, Sud.tj
Тожикистон Олий суди раиси Шермуҳаммади Шоҳиён ўтган ёздаги матбуот анжуманида бу ишнинг махфий эмаслигини айтганди.
Лекин журналистларга кўра, улар ёпиқ ўтган маҳкамага киритилмаган ва суд жараёнининг бориши ҳақида маълумот берилмаган.
Бу биринчи маҳкама эмас
Ўтган йили Суғд вилояти суди "Ихвон-ул-муслимин"га мансубликда кўрилган 20 нафар кишини 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳкум этиш борасида ҳукм чиқарган эди.
Бир киши хабар бермаганлиги учун жаримага тортилганди.
Ўшанда жазога тортилганлар орасида Исфара шаҳар ҳукуматининг собиқ масъул ходими ҳам борлиги айтилганди.
Кузатувчилар жазога тортилганларнинг аксарияти олий маълумотли, дунёвий ишлар билан шуғулланаётган кишилар эканлигини таъкидлар эканлар, уларни экстремизмда айблаш тўғри эмаслигини айтишганди.
Хатлон вилояти суди эса, Восе тумани жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадсаид Акрамов ва унинг қариндошларини "Ихвон-ул-муслимин"га мансубликда айблаб, 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этганди. Жазога тортилганлар орасида имом-хатибнинг ўғли, куёви ва жиянлари бор эди.
Судланганларнинг қариндошлари суд ҳукмига рози эмасликларини айтишганди.
Улардан бири имом-хатиб қариндошларидан айримларининг Мисрда ислом олий ўқув юртларида таълим олишаётганда Тожикистонга қайтариб олиб келишганини билдирганди.
Хатлон вилояти судяси Бобожони Шерали эса, журналистлар билан суҳбатда маҳкамага тортилганлар экстремистик гуруҳ тузиш ва тақиқланган экстремистик гуруҳга аъзоликларини тан олишганини айтганди.
Тожикистонда "Мусулмон биродарлар" гуруҳига мансуб кўрилганлар устидан биринчи маҳкама 2016 йилда бўлиб ўтганди.
Бу маҳкамага тортилганлар Суғд вилоятининг Гулистон, Конибодом, Хўжанд шаҳарлари ва Бобожон Ғафуров ноҳияси жоме масжидларининг имом-хатиблари ва ходимлари эди.
Уларнинг аксарияти Миср ва бошқа араб мамлакатларида диний таҳсил олган кезлари "Ихвон-ул-муслимин"га аъзо бўлганликда айбланишди.
Айбланганлар 3 ва 3 ярим йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилдилар.
Ўшанда кузатувчилар имом-хатибларнинг узоқ йиллардан буён Жомеъ масжидларида фаолият юритганликларини эслатган ҳолда, нега хориждаги ўқишни битириб қайтганларидан сўнг орадан кўп йиллар ўтгандан кейингина, "Мусулмон биродарлар"га мансубликда айбланиб, жазога тортилганларини савол остига қўйишганди.
Бошқа гумонланганлар йўқми?

Сурат манбаси, Getty Images
2020 йилнинг боши - январь-февраль ойларида Тожикистоннинг турли минтақаларида "Ихвон-ул-муслимин"га мансубликда кўрилган кишиларни қўлга олиш бошланди.
Жумладан, Суғд ва Хатлон вилоятларида, пойтахт Душанбеда, унинг атрофидаги Ваҳдат ва Рудакий туманларида юз эллик нафарга яқин киши ҳибсга олинди. Орадан бир ой ўтиб, уларнинг 30 нафари озод этилди.
Тожикистон ҳуқуқ-тартибот мақомотлари мамлакатда яширин иш кўраётган тақиқланган ташкилот тармоғи ошкор этилгани борасидаги баёнот билан чиқишди.
Бу ташкилотнинг мақсади Тожикистонда ислом давлати қуриш эканлиги таъкидланди.
Ўтган йил ёзида Тожикистон Бош прокурори Юсуф Раҳмон журналистларга "Ихвон-ул-муслимин"га мансубликда гумонланаётган 132 кишининг иши кўрилаётганини айтди.
У айни шу экстремистик гуруҳга аъзоликда гумонланаётган 72 нафар киши қидирувда эканлигини билдирди.
Бош прокурорнинг айтишича Тожикистонда "Ихвон-ул-муслимин"га издошликда кӯрилаётган 314 нафар кишининг шахсияти аниқланган. Улардан 154 нафари ҳибсга олинган.
Юсуф Раҳмон ўтган асрнинг биринчи ярмида Мисрда пайдо бўлган "Ихвони-ул-муслимин" экстремистик ташкилотининг мақсади мавжуд қонуний тузумни ағдариш ва исломий давлат ўрнатиш эканлигини, унинг фаолияти дунёнинг кўп мамлакатларида тақиқланганини таъкидлаганди.
Бу партия Тожикистон Олий суди томонидан экстремистик деб эълон қилинган ва 2006 йилдан бошлаб мамлакатда унинг фаолияти тақиқланган.
Мамлакат Бош прокурорининг сўзларига қараганда, демак, ҳали "Ихвони-ул-муслимин"га мансубликда гумонланаётганларни қидириш ва ҳибсга олиш, маҳкамага тортиш, жазолаш давом этади. Ишқилиб, гумонланаётганлар билан бир-икки суҳбатда бўлган оддий намозхонлар, талабалар ҳам жазога тортилмаса бўлгани, деди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожонов.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














