Мисрда ҳам ҳижобли аёллар камситилмоқда - Дин ва дунё, янгиликлар Hijob Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Аҳмад Элшамий
- Role, BBC Араб хизмати
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Би-би-си Араб хизмати тадқиқоти кўрсатишича, ҳижобли аёллар Мисрда тадбиркорлар томонидан камситилмоқда.
Бу ҳолат дин, жинс, ирқ ёки ижтимоий табақага кўра камситишни тақиқловчи Миср конституциясини бузган кўринади.
2015 йилдан буён баъзи мисрлик ҳижобли аёллар ижтимоий тармоқларда мурожаат қилиб, ўзларига бўлган муносабатдан шикоят қилиб келишади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
Қоҳиралик 25 ёшли тадқиқотчи Маяр Умар қимматроқ ресторанларга кирганида бир неча бор муаммоларга дуч келганини айтади.
"Сиз бинога кирганингизда ўзингизни эркин ҳис қилишни, ҳеч ким сизни ҳеч нарсага мажбурламаслиги ёки атрофдагилар ёки дўстларингизга муаммо туғдирмаётганингизни ҳис этишни истайсиз."
Би-би-си Араб хизмати Ижтимоий тармоқдаги ҳижобли турмуш тарзига бағишланган гуруҳларда ҳижоблиларни кўплаб муассасаларга киришга рухсат бермаслигидан шикоятлар ортиб бораётганини аниқлади.
"Кўп ҳолларда асосий сабаб синфий мансубликдир", дейди ҳуқуқшунос ва аёллар ҳуқуқлари фаоли Нада Нашат. "Шу боис, биз ўзини юқори ўрта ёки юқори табақа сифатида кўрсатишни яхши кўрадиган жойларда ҳижобли аёлларга нисбатан камситишни кўряпмиз.

Аммо қуйи ва ўрта синфларда ҳижобсиз аёлларга нисбатан камситиш борлигини ҳам кузатишимиз мумкин."
Би-би-си Араб хизмати Интернетда ҳижобли аёлларни камситишда айбланган Қоҳирадаги 15 та нуфузли муассасада стол бронь қилишга уринди.
Аксарият муассасалар барча меҳмонларнинг ижтимоий тармоқлардаги профилларини сўраган ва 11 та жойда бошни ёпиш тақиқланганлигини билдиришган.
Биз ҳижобли аёл билан эрини баъзи жойларга юбордик, уларга ҳижобли аёлларга рухсат йўқлигини айтишган.
Замалек маҳалласидаги L'Aubergine'да эшик қўриқчиси дарҳол эр-хотинга ҳижобга рухсат йўқлигини, чунки ичкарида бар борлигини ва бу ҳижобли аёлларга ёқмаслигини айтди.
Менежер ҳам "рўмол ўраш тақиқланган", деб қаттиқ туриб олди.
Биз ёзиб олинган далиллармизни тақдим этганимизда, L'Aubergine бу «нотўғри» эканлигини ва ҳижоб кийган аёлларни киритмаслик қоидаси йўқлигини айтди ва "Биз буни қоралаймиз", деб қўшимча қилди. "Келажакда яна шундай хато қилмаслиги учун ходимларга қоидаларни уқтирдик" деди.
Худди шу ҳудудда жойлашган Kazan'да эшикбонлар эр-хотинга "Муаммо рўмолда", деб айтишди. Сабабини сўрашганида, улар шунчаки: "Ички қоида шу", деб жавоб беришди.
Ҳелиополисдаги Andiamo'да дастлаб эр-хотинга киришга рухсат берилмаган. Мурожаатдан сўнг уларга киришлари мумкинлиги, лекин менежер айтганидек, бурчакда ўтиришлари кераклиги айтилган: "Бу Туризм вазирлигининг кўрсатмаси, барда ҳижоб ўраган аёлни кўрсалар, бизни жаримага тортишади."
На Kazan ва на Andiamo сўровларимизга жавоб берди.
"Бошқа йўлини топинг"
Би-би-си Араб хизмати бу далилларни туристик муассасалар ва ресторанлар палатаси раиси Аделе Эл-Масрийга тақдим этди.
"Туризм вазирлиги тарихида ҳеч қачон рўмол ўраб юрган аёлларга [дам олиш жойларига боришни] тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинмаган, - деди у. - Буни қабул қилиб бўлмайди. Дискриминацияга йўл қўйиб бўлмайди, булар жамоат жойлари".

Сурат манбаси, Getty Images
Би-би-си Араб хизмати, шунингдек, йирик қурилиш компанияси "La Vista" ҳижобли аёлларга квартира сотиб олишни чеклаётгани ҳақида далиллар тўплади. Компаниянинг Қоҳирада лойиҳалари, шунингдек, бир нечта ҳашаматли соҳил мажмуалари мавжуд.
У ўтмишда ҳижобли аёлларга мулк сотган, бироқ бизнинг суриштирувимизда "La Vista" ўз сиёсатини ўзгартиргани ва ҳижоблиларга чекловлар қўйгани ҳақидаги кўплаб ижтимоий тармоқлардаги постларни аниқлади.
Бир халқаро компания раҳбари Би-би-си Араб хизматига "La Vista"дан кўчмас мулк сотиб олиш учун бир нечта кўчмас мулк брокерлари билан қандай боғлангани ҳақида гапириб берди, лекин улар унга: "Кечирасиз, "La Vista"нинг ҳижоб билан бироз муаммоси бор", деган.
Би-би-си Араб хизмати олти кўчмас мулк брокери билан боғланиб, ўзини "La Vista" қирғоқ лойиҳасида квартира сотиб олмоқчи бўлган, аммо хотини ҳижобли харидор сифатида кўрсатди. Бизга квартира сотиб олиш мумкин эмаслигини айтишди.
Улардан бири бизнинг махфий мухбиримизга: "Сиз билан очиқ гаплашсам бўладими? Бошқа йўлини қидиринг", деди.
Бошқаси эса янада дангалроқ гапирди: "Тўғрисини айтсам, Шимолий қирғоқ ва Сўхна лойиҳаларига келсак, улар одам ажратади".
Бир брокер жараён қандай ишлашини тушунтирди. "Улар биз сизга квартира сотмаймиз, демайди, бошқачароқ қилиб, сиз танлаган лойиҳа ҳозир ёпилган ва у очилганда биз сизга қўнғироқ қиламиз дейди, лекин ҳеч қандай қўнғироқ бўлмайди."
Яширин мухбиримиз "La Vista"га қўнғироқ қилиб, хотини ҳижобда эканини айтганида, уни кутиш рўйхатига қўйишини, ҳозир кўчмас мулк йўқлигини айтишган.
Бир неча ҳафта ўтгач, у "La Vista" офисига борди, бироқ бу сафар унинг рафиқаси ҳижобда эканлигини ошкор қилмади. Унга зудлик билан лотлар борлигини айтишди ва у ерда қандай одамлар яшашини сўраганида, агент унга: "Ғоя шундан иборатки, биздаги барча одамлар бир-бирига ўхшайди", деди.
Унинг сўзларига кўра, "La Vista" мажмуаларида "ҳижобли аёллар умуман йўқ".
"La Vista" ҳали изоҳ сўровларига жавоб бермади.
Аёллар ҳуқуқлари учун курашган Миср депутати Амира Сабернинг айтишича, Миср конституцияси бундай камситишларни аниқ тақиқлайди.
"Мен, албатта, парламент воситаларидан фойдаланиб, ҳукуматдаги мансабдор шахслардан бу қайта такрорланмаслигини қандай таъминлашимиз мумкинлигини сўрайман ва агар шундай бўлса, жиноятчи жазоланиши керак", деди у.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













