Мирзиёев Нукусда: нима ўзгаришлар? ШҲТ: Асад масаласи кўтарилмаган. Тармоқдаги баҳс: Ҳижобсиз аёллар ҳақоратландими? O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, President.uz
- Ўзбекистон Президенти бугун Қорақалпоғистонда.
- ШҲТ координатори саммитда Асад масаласи кўтарилганини рад этди.
- Ижтимоий тармоқларнинг ўзбекзабон сигментида ҳижоб мавзуидаги баҳс нега кучайиб кетди?
Қорақалоғистон: кимлар айбдор?
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 26 август куни Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг сессиясида иштирок этди.
Президент матбуот хизмати етказган хабарларга кўра, Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари 34-сессиясида депутатлар олдида нутқ сўзлаган.
Алоқадор мавзулар:
- Россия кимга суянмоқчи? Мирзиёев Украинани бу йил табрикламадими? Россия - Ўзбекистон, Украина, МДҲ, янгиликлар
- Ўзбекистон: Самарқандда катта янгилик. У ерга Шавкат Мирзиёевнинг ўзи борди
- Ўзбекистон. Янгиликлар: ШҲТ саммити мезбони ким - Путинми ё Мирзиёев? Ўзбекистонда кимлар қўлга олинди? Ўзбек паспорти зўрми?
- Ўзбекистон: Блогерлар нега Конституция ўзгаришларини ёқлашга тушиб кетишди?
"Давлатимиз раҳбари шунча саъй-ҳаракатларга, Қорақалпоғистонга ажратилаётган катта-катта маблағларга қарамай, аҳоли кайфиятига салбий таъсир қилаётган муаммолар сақланиб қолаётганини қайд этди", деб ёзади Президент матбуот котиби Шерзод Асадов.
"Чунки бу ердаги айрим адолатсиз, нопок раҳбарлар «халқни рози қилиш» деган эзгу тушунчани ҳали англаб етмаган», президент сўзларидан иқтибос келтирилади.

Сурат манбаси, https://t.me/Press_Secretary_Uz
Хабарда бугунги кунда ҳам аҳоли ўртасида ичимлик суви, ички йўллар, электр таъминоти, ишсизлик, нарх-наво каби муаммолар юзасидан билдирилаётган шикоятлар юқорилигича қолаётгани билдирилган.
"Аслида, 2 ой олдинги воқеалар негизида ҳам аҳолининг айрим ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ечим топмасдан ётгани кўрсатиб ўтилди", дейди Шерзод Асадов.
"Афсуски, айрим раҳбарлар халқимизга халол хизмат қилиш ўрнига фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган маблағларни самарасиз сарфлаш, яратиб берилган имкониятларни ишга солмаслик, эл-юрт учун жонини бериб ишламаслик ҳолатларига йўл қўйиб келмоқда", деди Президент дейилади матбуот хизмати хабарида.
Навбатдан ташқари сессияда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Мурат Камалов бетоблиги туфайли ва ўз мурожаатига асосан лавозимидан озод қилинган. Унинг ўрнига Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг янги раиси этиб Аманбай Оринбаев сайланган.
ШҲТ: Асад масаласи кўтарилмаган
26 август куни Ўзбекистоннинг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори Раҳматилла Нуримбетов Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) саммитига Сурия президенти Башар ал-Асадни таклиф қилиш масаласини кўтармаганлигини маълум қилган.
Раҳматилла Нуримбетов 15—16 сентябрь кунлари Самарқандда ўтказилиши кутилаётган саммитда Асад иштироки этиши ҳақидаги оммавий ахборот воситаларидаги хабарлар асоссиз эканлигини айтгани хабар берилмоқда.
"ШҲТ доирасида ҳеч бир жойда, ҳеч қандай даражада Асад масаласи муҳокама қилинмаган. Биз сохта хабарлар даврида яшаяпмиз. Сурия президентини таклиф қилиш масаласи, айниқса, Ўзбекистон томонидан кўтарилмаган", — Нуримбетовдан иқтибос келтиради «Фергана.ру»
Бундан олдин Эроннинг Тасним ахборот агентлиги ўз манбаларига таяниб, Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида Сурия президенти Башар ал-Асад ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг эҳтимолий учрашуви ҳақида хабар берган эди.
Икки давлат раҳбарлари 2011 йилдан бери гаплашмаяпти.
Август бошида Туркиянинг "Turkiye" газетаси Эрдўғон ва Асад телефон орқали мулоқот қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.
Туркия ташқи ишлар вазирлиги бўлажак музокаралар ҳақидаги маълумотни рад этган.
Интернетдаги баҳс: ҳижобсизлар ҳақоратландими?
Ўзбек тилли ижтимоий тармоқларда ҳижоб мавзуси катта баҳсларга сабаб бўлди.
Azon.uz, AzonTV лойиҳалари асосчиси ҳамда «Azon kitoblari» нашриёти раҳбари Мубашшир Аҳмад ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилган ёзуви, айниқса, Твиттерда кескин қаршиланди.

Сурат манбаси, Screenshot
«Мен диннинг бунақа ҳақорат тили — "хейтспич" орқали тарғиб қилинишини қаттиқ қоралайман. Энди аёлларга (майли, ҳижобсиз қисмига) шу "ифлос" ё "касал" деган ёрлиқнинг оммавий тарзда ёпиштирилиши етмай турувди. Нифоқ чиқарувчи чақириқ бўлибди, афсус!», дея твит қолдирди Адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова.
Мубашшир Аҳмаднинг ўнлаб мухлислари устозни ёқлаб фикр билдиришган бўлса, Твиттер фойдаланувчиси Ёсир Тоштемиров ҳижоб ўрамаган аёлларни ҳақорат қилгани бу баҳсларни янада кучайтиргани кузатилади.

Сурат манбаси, Screenshot
Ҳуқуқшунос ва блогерлар диний уламо постига ва ундан таъсирланиб, ҳижобсизларни ҳақорат қилган шахснинг сўзларига тегишли идоралардан ҳуқуқий баҳо берилишини сўрашди.
"Бу эртакда Ғаззолий ўша муридини ҳақорат қилгани учун урушиб қўймаптими, демак ҳижобсиз аёлни ифлос дейишликка пассив тарғибот бор бу ерда", - ҳисоблайди иқтисодчи блогер Барногул Санақулова.
Кўплаб фаоллар Ўзбекистон дунёвий давлат эканлигини таъкидлашган.
"Яна бир бора ҳаммага биз дунёвий давлатда яшашимизни эслатиб ўтмоқчиман. Инсон одоб доирасида истаган кийимини кийишга ҳақли, ҳеч ким уни "ифлос" дея ҳақортлашга ҳақли эмас. Ҳудди шундай ҳижоб кийган қизга ҳеч ким уни кийма демаслиги керакдай буям", - деб ёзади Дилшод Хошимов.
Юрист Зафарбек Солижонов эса ўзининг Телеграм каналида муҳокама бўлаётган мавзуга тўхталиб, инсон ҳуқуқларини уқтиради.
"Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу ҳолатга бефарқ бўлмайди деган умиддаман. Радикаллар қонунан жавобгарликка тортилиши зарур. Эътиқодидан қатъий назар ҳамма қонун олдида тенглигини, эътиқод ёки эътиқодсизлиги учун камситилишга йўл қўйилмаслигини ҳаммамиз тушунишимиз шарт", - деб ёзди юрист.
Баҳсли постини Мубашшир Аҳмад шайх Ғаззолий асаридан таржиманинг бир қисми эканлигини билдирган, мунозаралар чоғида ҳижобсизларни ҳақорат қилган Ёсир Тоштемиров кечирим сўраган.
Эслатма; Ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрлар учун Би-би-си масъул эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















