Ҳижоб жанжали давом этмоқда: 15 киши ҳибсга олинган – Ҳиндистон, Ислом ва мусулмонлар Hindiston musulmonlar dunyo yangiliklar

Муслима ўқувчи қизлар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ислом Ҳиндистонда иккита йирик диндан биттаси бўлади
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Муслима ўқувчи қизларнинг ҳижоби устидан келиб чиққан жанжал кучаймоқда. Айрим ерларда норозилик чиқишлари зўравон тус олган. Бу ҳибсларга ҳам сабаб бўлган. Қўлга олинганларнинг орасида мусулмонлар бор-йўқлиги ҳозирча маълум эмас.

Ҳижоб можароси Карнатака штати Олий судигача етиб борган.

Суд бугун, пайшанба куни ҳам муслима қизларнинг ҳимоясига киритилган қўшалоқ петицияни кўриб чиқади.

Уларнинг адвокати ҳукуматнинг ҳижобни тақиқлаш ҳақидаги буйруғи Конституцияга зид ва ноқонуний эканини айтган.

Адовакат суддан талабаларга имтиҳонлар олдидан дарсларга боришга рухсат берувчи муваққат қарор чиқаришни ҳам сўраган.

Судья Дикситнинг маълум қилишича, Олий суд раиси ишни кўриб чиқиш учун каттароқ ҳайъат тузиш қарорига келгач, аризачилар вақтинчалик енгиллик ҳақида мурожаат қилишлари мумкин бўлади.

Бу ҳақда Live Law юридик веб сайти хабар берган.

Карнатакадаги ўрта таълим мактаблари ва коллежлар ҳануз ёпиқлигича қолмоқда.

Масъуллар норозилик фонида уларни уч кунга ёпиб қўйишганди.

Би-би-си кибер фазода жанжалли видеоси қўлма-қўл бўлиб кетиши ортидан муслималар қаршилигининг тимсолига айланган 19 ёшли Мускан Хонни топиш ва гаплашишга муваффақ бўлди.

Muskaan Khan

Мускан Хон интервью чоғида ижтимоий тармоқлардаги қўлловдан мамнун эканини айтди.

Бу ўзига куч-қувват берганини алоҳида қайд этаркан, барчага миннатдорлик билдирди.

Мускан Хон шахсан ўзи мусулмон ёки ҳинду эканига қараб, одамларни ажратмаслигини таъкидлади.

Видеода ўзининг ифодасини топган ўша куни нималар бўлганини айтиб берди.

Унга кўра, елкаларига заъфарон рўмол ташлаб олган 30-40 чоғлик талаба йигитлар эрталаб ҳижобда бўлган қизларнинг синфхонага киришларига изн беришмаган.

Бунинг учун ҳижобларини ечишлари шартлигини айтишган.

Ўзи ҳам худди шундай ҳолатга тўқнаш келган.

Синфига кирмоқчи бўлганида, йигитлар унга яқинлашиб, "Рам Худоси музаффар", деб бақиришган.

Бунга жавобан кейин ўзи ҳам "Аллоҳу Акбар", дея ҳайқирган.

Талаба йигитлар

Сурат манбаси, UMESH MARPALLY

Мускан Хоннинг айтишича, қачон қўрқиб кетса, ҳар доим Аллоҳни ҳамд этади ва бу унга куч беради.

У ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш ниятида йигитларга бўйинсўнмаган.

Худди шу палладагина коллеж масъуллари чиқиб, уни ўзлари билан олиб кетишган.

Заъфарон Ҳиндистонда миллатчи ҳиндуларнинг рамзи сифатида кўрилади.

Ўқувчи қизларнинг мактабда ҳижобда келишларига қўйилган тақиқ устидан келиб чиққан норозилик намойишлари ҳозирга келиб Ҳиндистоннинг айрим йирик шаҳарларига қадар ёйилган.

Калькутта ва Ченнайда ҳам юзлаб одам кўчаларга чиқишган.

Дарсга қўйилмаган ўқувчи қизлар

Сурат манбаси, Twitter/Ashwan Sadiq

Сурат тагсўзи, Дарсга қўйилмаган ўқувчи қизлар сурати ҳам қўлма-қўл бўлиб кетган

Расмийлар нима дейди?

Карнатака Таълим вазири коллеж маъмурларининг кампусларда ҳам заъфарон шарфлар ва ҳам ҳижобларни бирдек тақиқлаш таклифини қўллаб-қувватлаган.

У, шунингдек, норозилик намойишлари ортидан "бузғунчилар" турганлигини даъво қилган.

"Бу асосан сиёсат. Буларнинг барчаси штат ассамблеясига келаси йил бўлиб ўтиши кутилаётган сайловлар сабабли содир бўлмоқда", деб айтган вазир.

Унга кўра, шу йўл билан Ҳиндистон Халқ фронти сиёсий қаноти минтақада ўз ўрнига эга бўлмоқчи.

Штат Бош вазири ва ички ишлар вазири барчани "тинчлик ва тотувликни сақлашга" чақирган.

Воқеалар силсиласи

'Қизларнинг мактабга ҳижобда келишларига йўл қўймаслик - даҳшатли...'

Намойиш

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўқувчи қизларнинг ҳижобига қўйилган тақиқ юзасидан норозилик Ҳиндистоннинг қатор ҳудудларида намойишлар ва зўравонликларга ҳам айланиб кетган

Ўқувчи қизларнинг ҳижоби масаласи Ҳиндистонда катта норозиликларга сабаб бўлди. Можаро халқаро миқёсда эътиборга тушди. Карнатака штати ўрта таълим мактаблари ва коллежларни уч кунга ёпиб ҳам қўйди. Ишни суд кўрмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Мактаб ва ҳижоб

Норози ўқувчи қизлар

Сурат манбаси, UMESH MARPALLY

Сурат тагсўзи, Норозиликни Удупидаги коллежда ўқийдиган олтита муслима қиз бошлаб беришган

Мактабга ҳам ҳижобда келмоқчи бўлган ўқувчи қизларнинг норозилиги зўравонликларга айланиб кетди, оммавий намойишларга сабаб бўлди.

Бугун, чоршанба куни штат Олий суди яна муслималарнинг ҳимоясига қаратилган петицияни кўриб чиқади.

Норозиликни давлат коллежида ўқийдиган олти муслима қиз бошлаб беришади.

Кейин бу каби қаршилик бошқаларига ҳам ёйилади.

Муслима қизларнинг мактабга ҳижобда келишларига ҳинду коллеждошлари ҳам қараб ўтиришмайди.

Уларнинг бир қанчаси бунга эътироз сифатида ҳиндуларнинг рамзи бўлган заъфарон рангли рўмол ташлаб, дарсга келишади.

"Даҳшатли..."

Ўтказиб юборинг X пост
X контентига рухсат бериш

Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири X пост

Кеча, сешанба куни масалага покистонлик ёш фаол, Нобель Тинчлик мукофотининг соҳибаси Малала Юсуфзай ҳам эътибор қаратади.

У Ҳиндистон лидерларини " муслималарни жамиятдан бегоналаштиришга чек қўйиш учун қандайдир чора кўриш"га ундайди.

"Қизларнинг мактабга ҳижобда келишларига йўл қўймаслик - даҳшатли", деб твит қилади 24 ёшли фаол.

Унинг ёзишича, "ёпиқ ёки очиқ кийинишига қараб, хотин-қизларни камситиш ҳануз сақланиб қолмоқда".

Воқеаларнинг сўнгги ривожи Ҳиндистондаги мусулмонларни яна ташвишга солган, қаҳру ғазабларини қўзитган.

Уларнинг айтишларича, фуқаролар ўзлари истаган либосда юришга қонунан ҳақли.

Бу мамлакат конституциясида белгилаб қўйилган.

Сешанба куни бир гуруҳ ёш йигитларнинг бақир-чақир қилиб, муслима қизнинг оғзини очирмаётгани, ҳижоб ва заъфарон рўмолли қизларнинг жанжаллашаётгани акс этган видео тарқалиб кетган.

Ишни кўраётган судья талабалар ва бошқаларни "тинчлик ва осойишталикни сақлаш"га чақириб чиққан.

Бунақаси Ҳиндистонда камдан-кам кузатилиши билан ҳам эътиборга тушмай қолмаган.

Таянч нуқта

Удупидаги коллеж

Сурат манбаси, UMESH MARPALLY

Сурат тагсўзи, Удупи бошқарувдаги миллатчи BJP партиясининг таянч нуқталаридан бири бўлади

Қизларнинг мактабга ҳижобда келишларига изн берилмаган Удупи тумани Карнатаканинг диний ҳис-туйғулар нисбатан ҳассос учта соҳилбўйи туманидан биттаси бўлади.

Туман Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Бҳаратия Жаната партиясининг таянч нуқталаридан бири саналади.

Минтақа аксарият шарҳловчилар томонидан ҳинду асос сиёсатининг лабораторияси сифатида кўрилади.

Штатнинг ўзини ҳам худди шу партия вакили бўлган сиёсатчи бошқаради.

Танқидчиларга кўра, муслималарга қарши бу каби ишлар сўнгги йилларда, Ҳиндистондаги сиёсий муҳит қутблашган бир манзарада янада кучайган, аҳвол баттар ёмонлашган.

Икки катта гуруҳ - ҳинду ва мусулмонлар Ҳиндистонда 1.2 миллиардли аҳолининг 94 фоизини ташкил қилади.

Ҳиндистон дунёнинг энг кўп мусулмон аҳолисига эга давлати бўлиб, фақат Индонезиядангина ортда қолади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek