Исломий ҳижоб: нега Шимолий Африкада аёллар ундан воз кечмоқда? Янгиликлар, дунё

Сурат манбаси, Social media
- Author, Магди Абделҳадий
- Role, Шимолий Африка бўйича таҳлилчи
1950 ва 1960 йилларда калта юбка кийган аёллар ва юзлари ёпиқ, узун либосдаги тўла исломий кийинган ҳозирги аёлларнинг фотосуратларини ижтимоий тармоқларда ёнма-ён қўйиб фикр билдириш Шимолий Африка ва Яқин Шарқда кенг тарқалган.
Бу суратлар орқали айтилмоқчи бўлган гап шу: "Сўнгги 50 йил ичида араб жамиятларида нима юз берганига қаранг".
Бундай фотосуратларни баҳам кўраётганлар назарида бу уларнинг мамлакатлари ортга кетаётгани, тараққиёт ва замонавийлик ғояларидан воз кечганлигининг энг ёрқин белгисидир.
Аммо сўнгги бир неча ўн йилликларда минтақани шакллантирган консерватив кучлар учун аксинча: бу узоқ вақтдан бери мустамлака бўлган ва аввал мустамлакачилар томонидан, кейин ғарбпараст, маҳаллий маданиятдан узилиб қолган элита томонидан жорий қилишга уринилган ғарбона тутумга қарши исломий ўзликни шакллантириш йўлидаги ижобий силжишдир.
Марокашдан тортиб Мисргача ва ундан ташқарида "Исломий кийиниш", хусусан, ниқоб ёки ҳижоб масаласи энг мунозарали мавзулардан бири бўлиб келган.
Умуман олганда, унинг минтақада тарқалишига асосан бир омил сабаб бўлган: сиёсий Исломнинг пайдо бўлиши ва якуний муваффақияти, бу ҳодиса "Исломизм" деб ҳам аталади.
Бутун Шимолий Африкада 1990 йиллар бошида Жазоирда бўлгани каби ҳокимиятга келган ёки унга яқин бўлган кучли исломий ҳаракатлар мавжуд.
Улар ҳокимиятдан четлаштирилгандан кейин ҳам жамиятга таъсири сезиларли даражада сақланиб қолди.
Бироқ, кўплаб кузатувчиларга кўра, вазият ўзгара бошлади. Буни баҳолашнинг энг аниқ усулларидан бири бу Исломнинг энг кучли рамзи - ҳижобга қарашдир.

Сурат манбаси, Getty Images
Кўпгина кузатувчилар сўнгги бир неча йил ичида Шимолий Африкада бу ҳодиса барқарор пасаяётгани кузатилганини таъкидлайдилар.
Марокашнинг "Ал-Йавм 24" ахборот сайти шарҳловчиси Саид Эл-Зағути яқинда шундай деб ёзди: "Бизнинг Араб дунёсида, хусусан, Марокашда ҳижобга ўраниш даражаси нисбатан пасайганини кўриш қийин эмас. Чекиниш ва таназзул кўп жиҳатдан исломий оқим деб аталадиган жараённинг чекиниши билан боғлиқ".
Марокашлик ёш аёллар маҳаллий оммавий ахборот воситаларига ҳижобларини ечишганида бошдан кечираётган ижтимоий босим ва ҳатто тазйиқлар ҳақида гапириб келадилар. Аммо бу ҳолат уларни тўхтатмаганга ўхшайди.
Тунисда ҳижобга ўраниш бир пайтлар исён рамзи ҳисобланган, чунки у авторитар режимлар томонидан тақиқланган эди, 2011 йилдаги "Араб баҳори"дан сўнг қисқа вақт ичида ҳижоб оммалашди, бироқ сўнгги пайтларда яна камайишни бошлади.
Тунислик журналист Ҳуда Ал-Трабулис Arabic Independent газетаси учун ёзар экан, мамлакатда ҳижобнинг пайдо бўлиши ва кейинчалик унинг камайиши ортидаги мураккаб сабабларга ойдинлик киритади.

Сурат манбаси, AFP
Ҳижоб бир вақтлар мустақилликдан кейинги автократлар - Ҳабиб Бургиба ва Зайн ал-Обидин Бен Али ҳукмронлиги даврида тепадан ўрнатилган дунёвийликка қаршилик белгиси эди.
Кейин у 2011 йилдаги инқилобдан сўнг, исломий Ан Наҳда ҳаракати ҳокимият тепасига келгач, оммалашиб, ҳижоб ўраган аёл Тунис жамоатчилиги учун намуна бўлиб қолди.
Аммо кейин исломчилар ҳукмронлик қилган бирин-кетин парламентлар мамлакатнинг кўплаб муаммоларини ҳал қила олмагани сабабли, у эътибордан четда қола бошлади ва Тунис чуқур иқтисодий ва сиёсий инқирозга учради.
Бугун биз билган ҳижобнинг ватани бўлган Мисрда кўтарилиш ва нисбий пасайиш "Мусулмон биродарлар"нинг сиёсий мавқеи билан боғлиқ.
Мисрлик аёллар деярли бир аср олдин анъанавий юз ниқобларини ташлашни бошладилар ва ХХ аср ўрталарига келиб, ниқоб деярли бутунлай йўқолди.
Аммо ҳижоб биринчи марта 70 йилларнинг ўрталарида яна қайта кўпайди. Ўша пайтдаги президент Анвар Садат ўтган ўн йилликларда жамиятда таъсирини анча кучайтирган дунёвий сўлчи гуруҳларга қарши курашиш учун "Мусулмон биродарлар"га коллежлар кампусларида фаолият юритишига яшил чироқ ёқиб берган эди.
Ҳижобнинг тарқалиши 2013 йилга қадар, яъни "Мусулмон биродарлар" президенти Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан четлаштирилгунга қадар камаймади.
Исломий рамзларга, айниқса, ҳижобга нисбатан душманлик сезилиб турарди.

Сурат манбаси, Getty Images
Ресторанлар ҳижобли аёлларни, бассейнлар эса шариатга мувофиқ деб ҳисобланган чўмилиш кийими - буркини кийган аёлларни киритмай қўйгани ҳақида хабарлар кўпайди.
Бугунги кунда объектив сўровлар ўтказилмагани сабабли миқдорини аниқлаш қийин бўлган сезиларли пасайиш кузатилмоқда. Далиллар асосан шахсий кузатувларга асосланади.
Бироқ ҳижоб мамлакатдаги энг зиддиятли масалалардан бири бўлиб қолмоқда - у маданий ва сиёсий бўлиниш чизиғи бўлиб, АҚШдаги аборт масаласидан фарқ қилмайди, бу чизиқ бўйлаб тортишувлар вақти-вақти билан аланга олиб туради.
Яқинда Мисрда бир талаба қиз турмушга чиқишни рад қилгани учун бир йигит томонидан кундузи пичоқлаб кетилгани ҳақидаги хабарга муносабат жиноятнинг ўзи каби даҳшатли бўлди.
Ҳамма жиноятни қоралади. Аммо жабрланувчининг ҳижобда бўлмагани маълум бўлгач, муносабатлар ўзгара бошлади.
Таниқли телевоиз аёлларни худди шундай тақдирга дуч келмаслик учун таналарини ёпишга чақирди. У дангалига: "Юзингизни сават билан ёпинг", деди.
Ўлдирилган талаба қиз ўқийдиган университет таъзия билдириш ниятида қизнинг ҳижоб ўраган ҳолатдаги соҳталаштирилган суратини қўйди.
Иккала реакция ҳам жамиятнинг дунёвийлашган қатламларининг ғазабли жавобига сабаб бўлди.
Қотил йигит ўлим жазосига ҳукм қилинди. Аммо судланган қотилни ҳимоя қилиш учун кампания бошланди.
Бунинг ортида ким турганини ҳеч ким аниқ билмайди, лекин кўпчилик қувғиндаги бадавлат исломчилар апелляция жараёнида айбдорни ҳимоя қилиш учун мамлакатдаги энг кўп маош олувчи адвокатни ёллаган, деб гумон қилмоқда.
Ажабланарлиси шундаки, Мисрнинг олий диний муассасаси ал-Азҳарнинг тарангликни камайтириш учун аралашуви оловга мой сепди.
Ал-Азҳар бош имоми Шайх Аҳмад ат-Тойибнинг айтишича, ҳижобнинг йўқлиги аёлни муртад эмас, балки шунчаки Худога осий бўлган аёлга айлантиради.

Сурат манбаси, Getty Images
Жамиятнинг дунёвий қатламларини тинчлантиришга қаратилган баёнот аёллар ҳуқуқлари ва бошқа дунёвий гуруҳларни янада ғазаблантирди.
Ижтимоий тармоқлар яна бир бор эътиқоднинг ажралмас қисми сифатида ҳижобга ҳассос чақириқлар ва бу кийимни қоралашлар билан тўлди.
Минтақада, айниқса, ёшлар орасида ҳижобни қўллаб-қувватлаш камайиб бораётгандек кўринса да, кўпчиликда ҳижобни мусулмон ўзликдан ажратиб бўлмайди, деган тушунча мавжуд.
Бу шга етганки, ҳар қандай ҳукумат, айниқса Европада, давлат муассасаларида уни кийишга чекловлар қўйса, одатда бу Исломнинг ўзига қарши уруш сифатида қораланади.
Ғарб демократияларида ҳижобнинг шунчаки танқид қилиниши ҳам «исломофобия» ёки озчиликлар ҳуқуқларига ҳужумлар билан деярли синонимга айланган.
Аммо аксарият мусулмон жамиятларда бу ҳамон аёлларни бўғувчи урф-одатлардан озод қилиш бўйича қонуний кампаниянинг бир қисми сифатида қаралмоқда.
- Эрон: Ўнлаб аёллар мажбурий ҳижобга қарши чиқди, оммавий намойишда эса ҳижоб ҳимоя қилинди
- Америка ўзбеклари ва американча орзу - 2-қисм: Диний эркинлик, қуролга эгалик ва терминатор ҳайдовчилар - Видео
- Дин ва дунё: Ё ҳижобингни еч ёки рақсга тушишни тўхтат!
- Дин ва дунё: Муслималар нега кўпхотинлиликка қарши?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













