Озиқ-овқат энди фақат қимматлашадими? Ўзбекистон ва дунё O'zbekiston dunyo yangiliklar

Food prices

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Сарож Патирана
    • Role, Би-би-си Жаҳон хизмати

Бу йилги Жаҳон озиқ-овқат куни БМТнинг очарчилик ва глобал миқёсда озиқ-овқат нархлари кўтарилиши тўғрисидаги хавотирлардан огоҳ қилиши билан нишонланди. Озиқ-овқат нархлари ошишининг реал таъсири қандай бўлади, одамларни очликдан қандай қутқариш мумкин?

БМТ "озиқ-овқат хавфсизлигида мисли кўрилмаган фалокат" ва глобал миқёсда озиқ-овқат нархлари кўтарилиши борасида огоҳлантирмоқда.

"Эфиопия, Мадагаскар, Жанубий Судан ва Яманда қарийб ярим миллион одам очарчиликка йўлиқиши мумкин. Охирги ойларда Буркина Фасо ва Нигериянинг заиф аҳолиси ҳам ана шундай ҳолатга тушиши мумкин", дейилади БМТ баёнотида.

БМТ бир неча мамлакатлардаги очарчилик ёқасида бўлган 41 миллион аҳолига ёрдам бериш учун зудликда маблағ ажратишга чақирди.

Британияда жойлашган хайрия ташкилоти "Очлик лойиҳаси"га кўра, дунё бўйлаб 690 миллион аҳоли сурункали очликда яшайди, 850 миллион одам Ковид-19 сабабли қашшоқлик хавфида қолган. Ўша 690 миллион одамнинг 60 фоизи аёллардир.

Қуйида юқори озиқ-овқат нархлари, хусусан, дунё бўйлаб одамларга қандай таъсир қилиши ва очликни камайтириш учун қандай муқобил йўллар назарда тутилаётганига бир қур назар ташлаймиз.

Аммо аввало нархлар нега ўсаётганига қараймиз.

Нега нархлар кўтарилмоқда?

Глобал коронавирус пандемияси озиқ-овқат тақчиллигига ҳам сабаб бўлмай қолмади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Глобал коронавирус пандемияси озиқ-овқат тақчиллигига ҳам сабаб бўлмай қолмади

Озиқ-овқат маҳсулотлари гиганти "Kraft Heinz" пандемиядан кейинги юқори инфляция сабабли "озиқ-овқат нархлари кўтарилишига одамлар кўникиши лозим" бўлишидан огоҳлантирди.

Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида жойлашган Рааҳ жамғармаси асосчиси ва васийси доктор Сарика Кулкарни "Kraft Heinz" раҳбари Мигел Патрисионинг озиқ-овқат нархлари баланд бўлиб туриши ҳақидаги фикрига қўшилади.

Доктор Кулкарни ва Рааҳ жамғармаси Ҳиндистондаги маҳаллий жамоаларнинг соғлом, яхшироқ ва бахтли ҳаёт кечириши учун ишлаб келади.

Пандемия даврида аксар мамлакатларда дуккакли ўсимликлардан тортиб, сабзавотларгача хирмони камайди. Вирус тарқалишини назорат қилиш учун кўрилган тадбирлар ҳосилни ва унинг етказиб берилишини чеклади.

Иқтисодлар бу маҳсулотлар билан таъминлашни қайта бошлаганда, кўпчилик қайта кўтарилган талабга жавоб бермай қолди ва бу нархларни кўтарди. Юқори маошлар ва энергия нархлари ҳам ишлаб чиқарувчиларга ортиқча юк бўлиб тушди.

"Нархлар талаб ва таклиф билан бевосита боғлиқ. Аҳоли ўсиб, озиқ-овқатга бўлган талаб давомий ортар экан, сув тақчиллиги, тупроқ сифатининг ёмонлашиши, иқлим ўзгариши, об-ҳаводаги экстремал ўзгаришлар, фермерликка қизиқмайдиган янги авлод пайдо бўлаётгани каби муаммолар сабабли деҳқончилик майдонлар камайиб бормоқда", дейди камбағалликни камайтириш бўйича эксперт доктор Кулкарни.

"Фермерларнинг нархларда акс этаётган муаммолари ўсиб боряпти."

"Секс эвазига озиқ-овқат"

БМТга кўра, камбағалликнинг кучайиши ва нарх-наволарнинг кимматлашиши, айниқса, хотин-қизларни чорасиз аҳволда қолдириши мумкин

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, БМТга кўра, камбағалликнинг кучайиши ва нарх-наволарнинг кимматлашиши, айниқса, хотин-қизларни чорасиз аҳволда қолдириши мумкин

БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ёрдамчиси Мартин Гриффитс шундай дейди: Очарчилик эшик очганда, у шундай тарқаладики, бошқа хавфлар эҳтимол ундай ёйилмайди".

Қашшоқликнинг ортиши ва озиқ-овқат нархлари кўтарилиши оқибатида хотин-қизларнинг аҳволи янада оғирлашади.

"Аёллар ўз оилаларини боқиш учун ноилождан турли чораларга, жумладан, яқинда Сурияда бўлганимда эшитганим, танасини сотиш, эрта турмушга чиқишгача мажбур бўлади", дейди у.

Глобал миқёсда озиқ-овқат масаласида хавфда энг кўп қоладиганлар кичик фермерлардир, дейди "Farm Radio International"да менежер Карен Ҳампсон.

"Озиқ-овқат нархларидаги ҳозирги ўсиш улар учун икки тиғли қиличдир - бир томондан, фермер ўзи етиштира олмайдиган маҳсулотларни сотиб олиши керак, натижада уларнинг харажати ортади ва уларнинг озиқ-овқатга имконияти камаяди, натижа эса очлик ва яхши овқатланмаслик", дейди Ҳампсон Би-би-сига.

"Бошқа томондан, камида назарий жиҳатдан, ошаётган нархлар уларга сотаётган маҳсулотидан кўпроқ даромад олиш имконини бериши керак. Аммо кўп ҳолларда нархнинг кўтарилиши фермерларга катта даромад келтирмайди, айниқса, Африкадаги майда деҳқонларга."

Доктор Кулкарни таъкидлаганидек, камбағаллик нархларга бевосита пропорционалдир - қашшоқлик ўсар экан, афсуски, нархлар ҳам қўли қисқаларни хароб қилиб ўсаверади.

"Қиммат озиқ-овқат камбағал аҳолини тўйиб овқатланмасликка, очлик ва бошқа соғлиқ муаммоларига гирифтор қилади. Қиммат озиқ-овқат очлик, заиф соғлик ва камбағалликнинг салбий занжирли реакциясини пайдо қилади."

"Тараққиёт ташаббуслари" глобал ташкилот бўлиб, камбағаллик даражаси, нотенгликни камайтириш, бардошлиликни ошириш бўйича маълумотлар тўплайди. Унинг бош ижрочи директори Ҳарпиндер Коллакотт доктор Кулкарни билан ҳамфикр.

"Ўта камбағаллик асосий эҳтиёжлар учун зарур бўлган даромад ва унга мувофиқ келадиган озиқ-овқат миқдори билан ўлчанади."

"Агар озиқ-овқат нархи ўсса, кўпроқ одамлар ўзларининг асосий эҳтиёжларини қондира олмайди, бу эса улар ўта қамбағаллик даражасига тушиб қолиши ёки камбағаллик чизиғидан пастга тушиб кетишига сабаб бўлади", дейди у.

Нима қилиш мумкин?

Танзанияда одамлар махсус радиодастурлар орқали ўз ерлари ва табиий захиралардан яхшироқ фойдаланишга ўргатилмоқда

Сурат манбаси, Susuma Susuma

Сурат тагсўзи, Танзанияда одамлар махсус радиодастурлар орқали ўз ерлари ва табиий захиралардан яхшироқ фойдаланишга ўргатилмоқда

Ривожланган давлатлар аҳолиси нари борса айрим ҳашам буюмларни қисқартириши, хорижда камроқ саёҳатга бориши, бюджетини эътибор билан тақсимлаши мумкин. Аммо ривожланмаган давлатларда ундай эмас. Юқорида айтганимиздек, бу давлатларда одамлар овқат учун танасини сотишга мажбур бўлади.

БМТ, минтақавий ташқилотлар ва муайян давлатлар одамларни камбағалликдан олиб чиқиш, озиқ-овқат нархлари ошишига қарши бирор чора кўриш учун анъанавий усуллардан фойдаланиши, дунё бўйлаб аксар хайрия ташкилотлари инноватив методларга мурожаат қилиши мумкин.

"Озиқ-овқат ва тирикчилик учун ёрдам бир вақтда берилиши керак", дейди Озиқ-овқат ва қишлоқ ҳўжалиги ташкилоти бош директори Қу Донью.

"Агро озиқ-овқат тизимларини қўллаб-қувватлаш, узоқ муддатли кўмак бериш аҳолининг нафақат тирик қолиши, балки ўзини ўнглаб олиши ва бардошлилигини орттиради... Ортиқча вақт йўқ", дейди у.

Аммо Коллакоттнинг Би-би-сига айтишича, озиқ-овқат етишмовчилигини фақат пул билан ҳал этиб бўлмайди. "Биз одамларни камбағалликда ушлаб турган тизим ва структураларни ислоҳ қилишимиз керак."

"Бизга мавжуд вазиятни ўнглаш, одамларни ортда қолишига чек қўйиш учун камбағал оKaren Hampson from Farm Radio International дамларни ўз диққат-марказига қўядиган, ҳар бир ҳукумат, институтлар, бизнес ва ННТларни қамраб оладиган глобал саъй-ҳаракат лозим."

Доктор Кулкарнига кўра, иқлимга мувофиқ смарт фермерлик, иқлим ўзгаришига мослаштирилган, ёмғир сувларини тўплайдиган мажмуалар, уруғлик нархлари ва деҳқончиликда зарур бўладиган хомашёлар нархини тушириш, фермерлар маҳсулот сотганидан ташқари ўз истеъмоли учун ҳам жамғаришига ёрдам бериш керак.

Рааҳ жамғармаси ўтган етти йилда 105 қишлоқда йил бўйи сув узилмайдиган тизим яратиб, 30000дан ортиқ одамни ичимлик суви билан таъминлади.

"Биз ёшларни рағбатлантириш орқали фермерликни касб қилишга ундаяпмиз. Яхшироқ ҳосил ва даромад бўлиши учун ихтисослаштирилган фермерлик учун агрокултура корридорларини яратяпмиз", дейди доктор Кулкарни.

Ҳампсонга кўра, озиқ-овқат етишмовчилигининг сабабларидан бири ривожланаётган давлатлардаги қишлоқларда одамларда маълумот йўқ. Улар турли бозорлардаги нархларни билишмайди, улгуржи савдогарлар билан савдолаша олмайди. Деҳқончиликнинг яхшироқ усуллари ва маҳаллий об-ҳаводан хабарлари йўқ.

Канада ННТси "Farm Radio International" Саҳел Африкадаги кичик фермерларга зарур ахборот бериш учун интерактив радиодан фойдаланади.

"Бу радио дастурлари маҳсулотни қандай қилиб яхшироқ нархда сотиш ва бошқа шу каби мавзуларда тўғри ва ўз вақтидаги маслаҳатларни беради. Масалан, Танзадияда иқлим бўйича охирги лойиҳада тингловчиларнинг 58 фоизи об-ҳаво маълумотларидан деҳқончиликда қандай фойдаланиш бўйича билими радиони эшитгандан сўнг "яшилангани"ни айтди, 78 фоизи эса экинларни ёввойи ўтлардан тозалаш бўйича тажрибаси ортганини билдирган", дейди у Би-би-сига.

Энди нима?

Farm Radio International дан Карен Хэмпсоннинг айтишича, кичик фермерларни ҳукуматларнинг йирик сиёсатига жалб қилиш глобал озиқ-овқат тақчиллигини юмшатишга ёрдам бериши мумкин

Сурат манбаси, Susuma Susuma

Сурат тагсўзи, Farm Radio International дан Карен Хэмпсоннинг айтишича, ҳукуматларнинг йирик сиёсати кичик фермерларни ҳам кўзда тутса, глобал озиқ-овқат тақчиллигини юмшатиш мумкин

Ошиб бораётган озиқ-овқат нархларига қандай жавоб қайтариш бўйича ҳам ривожланган, ҳам ривожланаётган давлатларда одамлар бош қотираётган экан, фаоллар, агар дунё лидерлари керакли чораларни кўрса, бу инқироздан чиқиб олиш мумкинлигига умид қилмоқда.

"Шахсан мен доим умид қиламан", дейди Ҳампсон, аммо агар:

"Биз аёлларни, эркакларни ва ёш фермерларни эшитсак, уларга етакчиликни бериб, хавотирларини тингласак, уларни мулоқотга жалб қилсак, уларнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватласак. Биз иқлим ўзгаришларига эътибор берамиз, айниқса, маргинал гуруҳларни дастаклаб, уларнинг бозорга кира олишига, кредит олишига ва ахборотга бўлган эҳтиёжларига жавоб беришга ҳаракат қиламиз."

Доктор Кулкарни ҳам шу каби фикрда: "Тенгсизликларни дарҳол аниқлаб, эътибор қаратишга ҳали вақтимиз бор деб умид қиламиз. Агар уларга беписанд қарашда давом этсак, муаммога йўлиқамиз ва умидимиз ҳам сўнади."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek