Ўзбекистон: Истеъмол савати ва янги ижтимоий сиёсат иш берадими?

Сурат манбаси, official
"Ким айтди реформалар тез ва осон бўлади, деб!". "Ўзгаришлардан ҳам қўрқиб қолдик..." - Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга бағишланган сўнгги йиғини оддий ўзбекистонликлар орасида қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлмоқда.
Ўтган бир кеча-кундузнинг ўзида қолдирилаётган коментлар ўнлаб, фикрлар турфа.
Тошкентдаги йиғинда эса, Ўзбекистонда, йилларки, аҳолининг шикоят, таажжуб, эътироз ва танқидларига сабаб бўлиб келаётган мавзуларга эътибор қаратилган.
Бундан кейин Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш учун халқаро тажрибага асосланган янги тизим жорий этилиши айтилган.
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта сондаги (34 миллионга яқин - таҳр.) давлати бўлади.
Иқтисоди қишлоқ хўжалигига асосланган мамлакат аҳолисининг аксарияти чекка қишлоқ ҳудудларида яшайди.
Маҳаллий кузатувчилар эътирофида, кўпчилик аҳолининг маоши ҳануз ҳаминқадар.
Ишсизлик ва ночорлик ҳамон уларни қийнаб келаётган энг асосий муаммолар бўлади.
Миллионлаб ўзбекистонликларнинг рўзғори ташқи меҳнат миграцияси орқали ўтади.
Улар ортга юбораётган миллиардлаб долларлик маблағлар, йилларки, Ўзбекистон хорижий валюта тушумининг ҳам салмоқли қисмини ташкил этиб келади.
Худди шу манзарада Ўзбекистон Марказий Осиёнинг табиий захираларга энг бой учта давлатидан биттаси саналади.
Устига устак, минтақанинг меҳнатга лаёқатли аҳолисининг сони энг кўп, устига устак, туристик потенциали ҳам юқори мамлакати бўлади.
Кеча, пайшанба кунги Тошкент йиғинида кўтарилган асосий масалалар эса, Ўзбекистонда, йилларки, ҳукумат даражасида эътибор, эътироф топмай келаётган мавзулар бўлади.
Тошкент йиғини

Сурат манбаси, official
Бу гал президент матбуот хизматининг расман хабар беришича, Ўзбекистонда истеъмол савати ва яшаш минимумини ҳисоблаш тартиби ва меъёрлари ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами аниқланади ва нафақа тўлашнинг аниқ мезонлари жорий этилади.
Ўзбекистонда яна ижтимоий ёрдам олувчиларнинг ягона реестри ҳам шакллантирилади.
Яъни, бу ҳақда Тошкент йиғини чоғида бирма-бир топшириқ берилган.
Ўзбекистонда статистик маълумотлар яқин-яқингача сир сақланган.
Мамлакат иқтисодининг реал аҳволи ҳақидаги рақамлар кам сондаги республика раҳбарларига ҳисобот сифатида тақдим этиб келинган.
Ўзбекистонда мустақилликнинг илк йилларидан буён истеъмол савати қанчани ташкил этиши борасидаги маълумотларни ҳам жамоатчиликка ошкор этмаслик афзал кўрилган.
Мустақил Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум биринчи Президенти Ислом Каримов ўзининг оммавий чиқишларида истеъмол савати иборасини илк бор 2013 йилда тилга олган.
Ҳукуматнинг 2012 йил якунларига бағишланган мажлисида Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи истеъмол савати баҳосидан 4 баробар кўпайганини баён қилган.
Аммо, ҳатто, ҳозирга қадар кузатилаётгани каби, мамлакат раҳбарининг бу каби баёноти мустақил экспертлар томонидан жиддий ишончсизлик билан қарши олинган, саволлар остига олинган.
Дунёнинг ривожланган аксарият давлатлари қолиб, аксарият минтақа мамлакатларида ҳам истеъмол савати ва яшаш минимуми "ўлчов бирлиги" аллақачон амалда, яъни ҳуқуқий тартибга солинган.
Дейлик, Қозоғистонда бу икки "ўлчов бирлиги" қарийб чорак асрдан буён амалда.
Иқтисодчи суҳбатдошимиз келтирган маълумотларга таянилса, бугун Қозоғистонда истеъмол савати $70, яшаш минимуми $75 долларга яқин миқдорни ташкил этади. Худди шу манзарада минимал иш ҳаққи $100 доллардан ортади.
Экспертларга кўра, бу икки тушунча, ўлчов бирлиги аҳолига бериладиган ижтимоий нафақаларнинг айнан уларда қайд этилган кўрсаткичларга қараб белгиланиши билан муҳим.
Аммо нефтга бой Қозоғистон аҳолиси Ўзбекистонникидан қарийб икки баробар кам экани ҳам бор гап.
Ўзбекистон ва истеъмол савати

Сурат манбаси, official
Ўзбекистонда эса, бу икки атама Шавкат Мирзиёевнинг бошқаруви билан кечган ўтган уч йилча вақтнинг ичида тез-тез тилга олинаётган бўлган.
Истеъмол савати - инсоннинг саломатлиги ҳамда яшашини сақлаб туриш учун талаб қилинадиган энг кам озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлар ва хизматларнинг жамланмаси бўлади.
Яъни, олаётган даромадингиз ҳаёт кечиришингиз учун зарур бўлган энг муҳим эҳтиёжларингизни қондириш, таъминлашга етиши керак бўлади.
Ўзбекистонда истеъмол савати ва яшаш минимуми меъёрларининг истеъмолга киритилиши масаласи расман ўтган йил кун тартибига чиққан.
Бу ҳақдаги Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Унда истеъмол саватига оид муносабатларни Ўзбекистонда ҳам ҳуқуқий тартибга солиш лозимлиги таъкидланган.
Орада кечган вақт давомида Ўзбекистон Иқтисод ва саноат вазири Ботир Хўжаев бу масалага бир эмас, бир неча бор қайтган.
Ўзбекистонда "истеъмол савати қарийб 650 минг сўм($75 - 2018 йил) ва яшаш минимуми 800 минг сўм(қарийб $90 - 2018 йил)ни ташкил этиши" мумкинлигини айтган.
Бу каби хулосага Тошкент ва Фарғона вилоятларида синов тариқасида ўтказилган тадқиқотлар - сўров натижасида келингани маълум қилинган.
Истеъмол савати миқдори Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилганини билдирган.
Ўша пайтда минтақадаги аксарият интернет нашрлари бу ҳақда ёзишган, унинг сўзларидан иқтибос келтиришган.
Вазир Ботир Хўжаев бу борадаги ишларнинг қандай кечаётгани борасида шу йил июль ойида ҳам маълумот берган.
Бу борада расмий ва якуний рақамларнинг ишлаб чиқилиши ва ҳаётга тадбиқ этилиши учун камида ярим йил керак бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.
Аммо шу ой бошида Ўзбекистон Халқ Демократик Партияси раисининг баёноти яна айни мавзунинг кун тартибига чиқишига сабаб бўлган.
2,5 миллион сўм

Сурат манбаси, Reuters
Улуғбек Иноятов ўшанда, "Тошкентда 2,5 миллион сўм ойлик олувчи бир нафар боқувчи 5 кишидан иборат оилани боқиши мумкин"лигини айтган.
Унинг сўзлари ўшанда ижтимоий мулоқот тармоқларини том маънода ларзага келтирган.
Тошкентдаги Президент Шавкат Мирзиёев бошчилиги остида ўтказилган йиғин ана шу акс-садолар ҳали-ҳануз тинмаган бир вазият, фазода бўлиб ўтган.
Ўзбекистонда нарх-наволар ҳамда хизматларнинг муттасил ва "яхшигина" ошиб, қимматлашиб бораётган бир манзарада кузатилган.
Изҳор этилаётган фикр, қолдирилаётган юзлаб коментларда эса, истеҳзо, киноя, тушунмовчилик, умидсизлик ва ҳафсаласи пир бўлганлик оҳанглари устунлик қилиши алоҳида эътибор тортган.
Ўтган ой Ўзбекистондаги етакчи интернет нашри kun.uz ўтказган сўров эса, бугун пойтахт Тошкентда яшаётган ҳар тўрт фуқародан биттаси ойига 9-10 миллион сўм пул топган тақдирларидагина ўзларини молиявий, иқтисодий жиҳатдан мустақил, эркин, деб ҳис этишларини кўрсатган.
Соҳа мутахассисларининг бирдек эътироф этишларича, истеъмол савати ва яшаш минимуми анчайин баҳсли ва ҳассос мавзулардан бири бўлади.
Улар бир давлат мисолида пулнинг қадрсизланиши, турли факторлар таъсирида яшаш шароитининг кескин қимматлашиши ёки арзонлашишига қараб ўзгариши мумкин.
Экспертлар, бундан ташқари, бу икки тушунча мамлакатига қараб, бир-биридан тур, ҳажм ва миқдорига қараб фарқланишига ҳам алоҳида эътибор қаратишади.
Бу икки ўлчов бирлигининг белгиланишида маълум давлатдаги иқлим шароити, аҳоли эҳтиёжлари ва албатта, мамлакатнинг иқтисодий қудрати ҳам ҳисобга олинишини алоҳида урғулашади.
Ўзбекистонда бундан олдин айрим фаоллар бир ойда бир инсонга қанча нон, қанча гўшт зарурлигини ҳисоблашга ҳаракат қилганлар.
Бу ҳисоб-китоблар Ўзбекистон ҳукумати ишчиларга тўлаётган ўртача маош миқдоридан анча кўпни ташкил этиши аён бўлган.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатдаги иқтисодий ўсиш, аҳолининг турмуши яхшиланаётгани ва ишсизлик даражаси ҳақидаги расмий рақамларини мустақил таҳлилчилар шубҳа остига оладилар.
Хусусан, расмий Тошкент минбарларидан тилга олинаётган Ялпи Ички Маҳсулот улушида хорижда меҳнат муҳожири бўлиб яқинларига пул жўнатмалари юбораётган ўзбекистонликларнинг пуллари ҳам қўшиб ҳисобланаётгани ҳақидаги фикрлар ҳам билдирилаётганини кўриш мумкин.
Агар, ўзбекистонликлардан бирининг сўнгги ҳисоб-китобларига таянилса, тежаб-тергалса, 2,5 миллион сўм бир ойга яшаш учун етади.
Аммо фақат нон, тухум, сут, сарёғ, пиёз, картошка, помидор, ёғ, гўшт оласиз. Ойлик йўлкира чиптангизга пул тўлайсиз, бўлди.
Акс-садолар

Сурат манбаси, BBCUzbek
Истеъмол савати ва яшаш минимуми масаласи алоҳида эътибор топган Тошкент йиғини тафсилотлари ҳам аксарият ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари диққат-эътиборидан четда қолмаган.
Жумладан, Би-би-си Ўзбек хизматининг худди шу мавзудаги постлари ижтимоий мулоқот тармоқларидаги акаунтларимизда бир кеча-кундузнинг ўзида ўнлаб коментларга сабаб бўлган.
Қолдирилган фикрлар ўзбек тили баробарида рус тилида қолдирилгани билан ҳам характерланган.
Бу хусусда ўз ўй-мулоҳазалари билан бўлишганлар орасида хотин-қизлар ҳам кўрилган.
Улардан бири, "Уже боимся перемен , даже думать страшно 😷😷😷😷😷", деб ёзиб қолдирган.
Бошқаси эса, "Бир яна шу 20-30 йилни мўлжалласак, уёғи гўрга кирганда яхши бўлиб кетади. Мечтать не вредно", деган.
Бир коментда эса, "Яхши ният қилайлик!! Ким айтди реформалар тез ва осон бўлади, деб! Президентимиз яхши қивотди!!!! Шунақа пайтда бир тан бир жон бўлишимиз Шарт!!!!"лиги айтилган.
Яна бирлари эса, "2,5 million (so'm - tahr.) yetadimi yo'qmi, hisoblab chiqishmohchi😀", дея киноя қилган.
Бунга жавобан ўзбекистонлик бошқа бир интернет фойдаланувчиси, "2,5 кўп дейишган, шунга бошқаттан кўриб чиқишмоқчи бўлса керак", деган комент қолдирган.
Айрим фолловерларимиз фикрича, буларнинг барчаси, "Жуда чиройли гаплар... Шунчаки чиройли, холос".
Яна бирларига кўра, "Bunaqa yiğilishlar kòp bòldi, shuningdek vadalar ham!!!".
Бир коментда ёзилишича эса, "Chunki yana saylov yaqinlashayapti, o'shanga xalqning ishonchini qozonay deyapti".
"Ishonmanglar, mana 3 yil bo'ldi, xalqqa umuman yengillik bo'lgani yo'q, butun dunyodan qarz olib, Toshkent City qurdi, endi bu qarzni butun xalqimizga nagruzka qilib to'latmoqchi, bizlarga hozir Toshkent City kerakmidi, naoborot, o'sha qarz olgan pullarni xalqi uchun hamma narsani arzon qilib qo'yganida edi, xalqimiz xursand bo'lardi, hozir aksincha hamma xalqning dardini so'rab ko'ring, yig'lavoradi bechoralar".
Ўз фикрларини ёзиб қолдирганлар орасида, "Siz bilan mening ovozim, baribir, hech qanaqa rol oy'namaydi", деган қатъий хулосада бўлганлари ҳам кўрилган.
Сиз нима дейсиз? Ўзбекистонда истеъмол савати ва яшаш минимуми ўлчов бирликларининг расман истеъмолга киритилиши шахсан сиз учун нимани англатади? Ҳаётингизда қандай ўзгаришлар ясайди?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












