Ўзбекистон ва дунё: Путиннинг ‘вақти йўқ’. Ўзбекистонда президентни бир умрга сайлаш таклифи нега яна гап бўлди? Энергетика вазирлиги ўзбекистонликларни алдадими? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

путин

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Владимир Путин Михаил Горбачев билан касалхонада видолашди.

Россия президенти нималар билан банд? Шавкат Мирзиёевнинг фармони нега ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди? Ўзбекистонда ҳеч чироқ ўчмаслигининг ҳеч иложи йўқми?

  • Польшанинг Иккинчи Жаҳон урушидаги йўқотишлари учун товон талаби
  • Энергетика вазирлиги байрам кунлари чироқ ўчмаслигини айтганди, аммо ўчди
  • Твиттер мухлислари бу хабарни 15 йил кутганди
  • Горбачёвнинг дафн маросимига Путин келолмайди
  • Демократияга хилоф таклиф учун «Шуҳрат» медали берилдими?

Урушдаги йўқотишлар учун товон пули

полша

Сурат манбаси, Google

Сурат тагсўзи, 1 сентябр куни Полшада Иккинчи жаҳон уруши бошланган фашистлар босқинининг 83 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Польша Иккинчи Жаҳон урушидаги йўқотишлар учун Германиядан 1 триллион доллардан кўпроқ пул талаб қилади.

Польша Германиядан 1,3 триллион доллардан ортиқ товон пули талаб қилади. Бу миқдорда мамлакат Иккинчи Жаҳон уруши давридаги йўқотишларни ҳисоблаб чиқди.

Варшава расмий равишда Берлиндан товон пули талаб қилиш нияти ҳақида пайшанба куни Польшанинг ҳукмрон консерватив "Ҳуқуқ ва адолат" партияси раҳбари Ярослав Качински маълум қилди. Гап 6,2 триллион поляк злотиси (тахминан 1,32 триллион доллар) ҳақида кетмоқда - бу миқдор махсус тузилган комиссия томонидан аниқланди, деб хабар бермоқда Рейтер.

"Етказилган зарар миқдори нисбатан чекланган, консерватив усул билан ҳисобланган, аслида бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин», деди Качински Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши, Германиянинг 1939 йил 1 сентябрда Польшага бостириб киришининг 83 йиллигига бағишланган матбуот анжуманида.

Германия расмийлари ва мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари Варшава баёнотига ҳозирча муносабат билдирмаган.

Алоқадор мавзулар:

Путиннинг «вақти йўқ»

Михаил Горбачёвнинг дафн маросими 3 сентябрда ўтказилади.

1991 йилда парчаланган СССРнинг биринчи ва сўнгги президенти Михаил Горбачёв билан видолашув маросими 3 сентябрь куни Москвадаги Союзлар уйининг Колонна залида ўтказилади. Марҳум шу куниёқ Новодевичье қабристонида дафн этилади.

Ҳозирча Горбачёвнинг дафн маросими давлат даражасида ўтказилиши ёки ўтказилмаслиги тўғрисида маълумот берилмаган. Кремль ҳам бу борада сукут сақламоқда. Аммо видолашув маросимида Владимир Путиннинг «иш тартибига тўғри келмагани учун» иштирок этмаслиги маълум қилинди.

Байрам кунлари ҳам чироқ ўчди

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати 31 август куни байрам кунлари республикада энергия таъминоти узилмаслигини ўзбекистонликларга байрам совғаси сифатида эълон қилган эди.

"Мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллик байрамини юқори даражада ўтказиш мақсадида Энергетика вазирлиги ва тизим ташкилотлари томонидан истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш чоралари кўрилди", - деб ёзилган Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Эльмира Бекмуродованинг Телеграм каналида.

Аммо маҳаллий нашрларда байрам муносабати билан эълон қилинган дам олиш кунларида ҳудудларда чироқ ўчганлиги ҳақида хабарлар чиқди. Энергетика вазирлиги бу маълумотларни расман тасдиқлади.

Шунингдек, аҳолига электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида мамлакат бўйлаб туну-кун ишлайдиган навбатчилик бригадалари ташкиллаштирилганини эслатиб ўтган.

Ўн беш йил кутилган таҳрир

Твиттер твитларни таҳрирлаш функциясини синовдан ўтказмоқда. Фойдаланувчилар буни 15 йилдан бери сўрашаётган эди.

твит

Сурат манбаси, Twitter

Сурат тагсўзи, "Бу твит таҳрирланган", - дейилади Twitter компанияси раҳбарияти эълон қилган твитда.

Твиттер раҳбарияти яқин келажакда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига ўзлари эълон қилинган хабарларни таҳрирлаш имкониятини беришини маълум қилди.

Бу функция ҳозирда компания ходимлари учун бета-тестда, бироқ тез орада пуллик Twitter Blue платформаси обуначилари учун кенгайтирилади. Аммо бу платформа ҳозирча фақат АҚШ, Канада, Австралия ва Янги Зеландияда мавжуд.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари компания раҳбариятидан деярли ташкил топганидан бери твитларни таҳрирлаш имкониятини сўрашмоқда. Сўнгги бир неча ой ичида бу хусусият Интернетда кенг муҳокама қилинди.

Компаниянинг аниқлик киритишича, айни дамда ходимлар твитни бир неча марта таҳрирлаш мумкин бўлган версияни синовдан ўтказмоқда, бироқ нашрдан кейинги дастлабки 30 дақиқа ичида.

«Твитни таҳрирлаш - бу твит эълон қилингандан сўнг унга ўзгартиришлар киритиш имконини берувчи хусусиятдир. Айтиш мумкинки, нашрдан сўнг қисқа вақт ичида матндаги имло хатоларини тўғирлаш, қандайдир теглар қўшиш мумкин», - дейилади Твиттер компаниясининг расмий блогида эълон қилинган баёнотда.

Медалга арзийдиган таклифмиди?

таклифчи

Сурат манбаси, Social media

Ижтимоий тармоқларда сирдарёлик Турсунқул Хусановнинг «Шуҳрат» медали билан тақдирлангани кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Блогерлар ва фаоллар Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар қабул қилинаётган ойларда ижтимоий тармоқларда машҳур бўлган видеотасвирни эълон қилишди. Унда сирдарёлик ёшлар номидан Шавкат Мирзиёевнинг бир умр президент бўлиб қолиши таклиф қилинган.

«Видеодаги бола — Сирдарё тумани «Ҳикматли» МФЙ етакчиси Хусанов Турсункул Муратбекович президент фармонига мувофиқ «Шуҳрат» медали билан тақдирланибди. Қаерга қараб кетаётганимизни тушуниш учун кичик маълумот», - деб ёзади «Файзбоғ» саҳифаси.

Ўзбекистон Президенти мустақилликнинг 31 йиллиги арафасида бир гуруҳ шахсларни орден ва медаллар билан мукофотлаганди.

Ижтимоий тармоқ фаоллари мукофотланганлар орасида президент бир умрга сайланиши таклифи эгаси Турсункул Хусанов ҳам бор. Унга «Шуҳрат» медали берилган.

Айнан шу ҳаракат ижтимоий тармоқлар фаоллари ва блогерларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

«...Медалу орденларниям қиймати, қадри қолмади ўзи тўғриси....» - деб ёзади Исмигул Шайхуддинова номли аккаунт эгаси.

"Ужас! Ўзларига мос ва хосларни тақдирлабдиларда, шунақа халқни орасида кулгу бўлиш шартмикан буларга, ёки бу норм ҳолатми булар учун", - дея изоҳ ёзган Барногул Санакулова.

Шунингдек, истеҳзо мазмунидаги изоҳлар ҳам талайгина.

Тунов куни қанақадур мажлисда муҳтарамга шунча куч-ғайратни қаердан олябсиз деган одамга нисбатан бунданда юқори унвон берилса керак-а!? - деб ёзади Saddam Omar (Саддам Омар) исмли фойдаланувчи.

Abdulaziz Eshonturayev (Абдулазиз Эшонтураев) эса "Яшавор полвон. Энди Ўзбекистон Қахрамони бўлишга ҳаракат қил. Сен бунга эришиш учун тўғри йўлдасан", - деб ёзган.

Айрим фаоллар мукофотланганлар орасида уларнинг эътирофга муносиблигини шубҳа остига олишган.

«Медал олганлар рўйхатини диққат билан кўриб чиқсангиз, унда UzAuto Motors компанияси ходимлари ҳам кўплигини кўрасиз», дейилади «Файзбоғ» саҳифасида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek