Ҳамма Путинга ҳайрон, Россия президенти нега аэропортга чиқди? Rossiya Putin Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Путин бундай шарафни унча-мунча давлат раҳбарига кўрсатмаган. Красиков Путинга шунчалик муҳимми?
Алоқадор мавзулар:
Бунақаси бўлмаган

Сурат манбаси, Getty Images
Кеча, пайшанба кунги мисли кўрилмаган воқеа бугун худди шу каби саволни пайдо қилди.
1 август куни шу пайтгача кузатилмаган маҳбуслар алмашинуви амалга ошди.
Унда Россия ва АҚШ илова етти давлат иштирок этди, жами 26 киши озод этилди.
Америка, Норвегия, Германия, Польша ва Словенияда сақланаётган россиялик саккиз маҳбус қўйиб юборилган.
Икки маҳбуснинг болалари ҳам Россияга қайтарилган.
Маҳбуслар орасида Wall Street Journal мухбири Эван Гершкович ва Россия Федерал Хавфсизлик хизмати махсус ходими Вадим Красиковнинг борлиги эса, алмашинув жараёнига бутун дунёнинг эътиборини қаратган жиҳат бўлди.

Сурат манбаси, Getty Images
Америка Қўшма Штатлари Гершковични бир йилдан ортиқроқ вақт давомида ортга қайтаришга ҳаракат қилаётганди.
Вадим Красиковнинг озод қилинишига эса, шахсан Россия президенти Владимир Путиннинг ўзи эришмоқчи эди.

Гершковичнинг Красиковга айирбошланиши ҳақидаги миш-мишлар у ҳибсга олинган 2023 йилнинг март ойида пайдо бўлганди.
Аммо алал-оқибат маҳкумлар алмашинуви кутилганидан кўра анча катта бўлиб чиқди.
Совуқ уруш тугаганидан бери Россия биринчи марта махсус хизматлари ходимлари эвазига сиёсий маҳбусларни озод қилди.

Сурат манбаси, Reuters
Хабарларга кўра, Россия айирбошланган маҳбусларини "Внуково-2" аэропортида худди хорижий давлат раҳбарларидек кутиб олган.
Уларнинг пойига қизил гилам тўшаб, фахрий қоровулларни ҳам саф торттирган.
Россия махсус парвоз бўлинмасининг "Ту-204" русумидаги самолётидан тушиб келаётган маҳбусларни трапнинг ёнида туриб шахсан Россия президентининг ўзи қарши олган.
Бу эса, Путин бундай шарафни унча-мунча хорижий давлат раҳбарига кўрсатмаслиги талқинида кечаги алмашинув жараёнига кўпчиликнинг нигоҳини ўзига тортган воқеъликка айланган.
Россия ва Ғарб ўртасидаги алмашинув ортидан озод қилинган уч америкалик маҳбус ҳам Ватанларига қайтишган.
Эван Гершкович, Пол Уилан ва Алсу Курмашевани АҚШ президенти Жо Байден, унинг вице-президенти ва президентликка номзод Камала Ҳаррис қаршилаган.
Учовлон ҳам ўз оилалари бағрига қайтишган.
АҚШ президенти маҳбусларни озод қилишга "қатъий даъват қилган" иттифоқчиларига миннатдорлик билдирган.
Маълум бўлишича, бу ишга қарийб икки йилга чўзилган музокаралар ортидан эришилган.
Келишув йўлидаги асосий тўсиқ эса, айнан қотилликда айбланиб, Германияда умрбод қамоқ жазосини ўтаётган Вадим Красиковни ортга қайтариш талаби бўлган.

Сурат манбаси, SPUTNIK/KREMLIN POOL/EPA-EFE/REX/Shutterstock

Сурат манбаси, GAVRIIL GRIGOROV/TASS
Кепка ва спорт кийимида самолётдан тушиб келаётган Красиковни эса, Путин "омонмисан", деган сўзлар билан шахсан ўзи қарши олган, унинг қўлини сиқиб, бағрига босган.
Хабарларга кўра, Красиков Путинга яхши таниш, икковлон ҳатто бирга отиш машқларига ҳам бориб туришган.
У 2019 йилнинг 23 август куни Германияда собиқ чечен дала қўмондони Зелимхон Хангошвилини отиб ўлдиришда айбдор, деб топилган.
Қотилликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Путин эса, Красиковни "бандитни йўқ қилган ватанпарвар", деб атаган.
Унинг озод қилиниши учун Путин россиялик сиёсий маҳбусларни озод қилишгача борган, Ғарб билан мисли кўрилмаган келишувга эришган.
Замонавий Россия тарихида эса, бунақаси ҳеч қачон бўлмаган.
Диссидентлар жосусларга фақат Совет давридагина айирбошланган.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














