Россия ва АҚШ: Путин Байденга "эркакча мушакларини кўрсатиб қўймоқчи"ми? Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
16 июнь куни Владимир Путин ва Жо Байден ўртасида ўтажак Женева саммити дўстона руҳда бўлмаслиги мумкин. Бу учрашувга дунёдаги кўпчиликнинг диққат-эътибори қаратилган.
Аввало, Россия яқинда АҚШни "дўст бўлмаган" давлатлар рўйхатига киритди.
Ҳар икки томон муносабатлари энг паст нуқтага етган, ҳозирда ҳеч бир томонда бошқасининг элчиси йўқ. Россиянинг юқори мартабали мулозимлари Украинанинг Қримини аннекция қилинишидан тортиб, сайловларга аралашишгача айбловлар билан АҚШ санкциясига тушган, АҚШнинг икки собиқ денгиз пиёда аскари ҳозир Россия қамоқхонасида - улардан бири жосусликда айбланиб 16 йилга қамалган.
Ҳаммасидан бурун март ойида Жо Байден интервью чоғида журналистнинг Владимир Путин "қотил"ми, деган саволига "ҳа", деб жавоб қайтарган эди.
Шунга қарамай, бу икки шахс президент сифатида учрашишга келишди, Россияда айримлар ана шу учрашувнинг ўзини муваффақият, деб атамоқда.
Бу мавқе масаласи
"Бу саммит рамзий нуқтаи назардан муҳим, у Россияни АҚШ билан бир қаторга қўяди ва бу Путин учун аҳамиятлидир", дейди Москвадаги Россия халқаро муносабатлар кенгаши (РХМК) директори Андрей Кортунов.

Сурат манбаси, Getty Images
Учрашув Байденнинг Оқ уйга келганидан бери илк хориж сафарида ва унинг сўрови билан ўтказилмоқда - барча бонуслар Кремль томонга. Шунингдек, бу катта саммит бўлиб, қандайдир бошқа бир тадбирдаги қисқа учрашув эмас.
Душанба куни Брюсселда НАТО Бош штабидаги учрашувларнинг тиғиз кун тартибига қарамай, асосий эътибор Жо Байденнинг Европа сафаридаги сўнгги нуқта - чоршанба куни Владимир Путин билан бўладиган юзма-юз учрашувига қаратилган.
"Путин АҚШ президенти билан тенг бўлишни исташи аниқ. У ўз шартлари асосида ўзига ҳурмат кўрсатишларини хоҳлайди, - дейди сиёсий таҳлилчи Лилия Шевцова. - Путин эркакча мушакларини кўрсатиб қўйишни ва клуб сафида бўлишни истайди."
Тарих ва умидлар

Сурат манбаси, Getty Images
Женеванинг учрашув жойи сифатида танланиши 1985 йили Совуқ уруш вақтидаги учрашувни ёдга солади: Рональд Рейген ва Михаил Горбачёв ўртасидаги илк саммит. Аммо бу ҳафтадаги учрашув шахсий муносабатлар ёки сиёсий муносабатлар илиқлашуви жиҳатидан ўша саммитга ўхшашига умид оз.
Бугунги Оқ уй ўз мақсади "барқарор" экани ва Россия билан муносабатлар "аввалдан маълумлиги"ни айтмоқда. Аммо одамларни тахмин қилиш ва хавотирда ушлаб туриш Владимир Путиннинг 2014 йили "кичкина яшил одамлари" Қримга киргани ва яриморол Украинадан тортиб олингандан бери йўли бўлиб келяпти.
Бу Россия-АҚШ муносабатидаги кескин пастлашнинг бошланиши бўлганди.
"Реалроқ мақсад томонлар бир-бирларининг "қизил чизиқлари" қаердан ўтишини текшириб кўриш бўлади, - дейди Швецова. - Шунингдек "диалог жардан чиқиш йўли эканини тушунишдир."
"Агар улар гаплашмаса, Россиянинг хатти-ҳаракати янада кутилмаганроқ бўлиб боради."
Мақсадларига эришишлари мумкинми?
Ўтган ҳафта сўнгида Владимир Путин давлат ТВсига гапириб, АҚШ билан "бирга ишлашимиз мумкин бўлган масалалар бор", деди ва янги ядро қуроллари назоратидан тортиб, Сурия ва Ливиядаги минтақавий можаролару иқлим ўзгаришигача бўлган масалаларни тилга олди.
"Агар ана шу масалалар устида биргаликда ишлаш учун механизм ярата олсак, ўйлайманки, саммит бекорга ўтган бўлмайди", деди Путин.
Россияда айримлар "дипломатик урушларда" келишувга эришиш имкони бор деб ҳисоблайди: кейинги йилларда АҚШ ўнлаб Россия дипломатларини мамлакатдан ҳайдади ва иккита мажмуани ёпди. Энди АҚШнинг Россиядаги ваколатхонасига маҳаллий аҳолини ишга ёллашни тақиқлашди, бу эса дипломатик хизмат кўрсатиш, жумладан, виза хизматлари қисқариши демакдир.
Москва ҳам ўз элчисини камида мамлакатга қайтишига рухсат бериши мумкин.
АҚШ ҳам Россияда қамоқда ётган фуқаролари, жумладан, жосусликда айбланиб 2018 йилда қамалган, аммо айбини тан олмаган Пол Уилан масаласини кўтариши мумкин.
Яқинда Россия маҳбусларни алмаштириш таклифини билдирди, аммо АҚШ унинг шартларини қабул қилмади. Путиннинг бир томонлама сахийлик қилиши эҳтимоли эса паст.
Душман Ғарб
Россия президенти кейинги кунларда Ғарбни душманона деб таъкидлашда бошқачароқ йўл танлади.
Шу ой Санкт-Петербургда ўтган Иқтисодий Форумда у яна бир бор АҚШ Россия тараққиётини чеклашга уринаяпти, деб даъво қилди.
Бир неча кун аввал у Россияни "тишламоқчи бўлган" ҳар қандай агрессорнинг "тишини синдириш" билан таҳдид қилди ва дунё Россиянинг тикланаётган мавқеи ва кучини кўриши кераклигини таъкидлади.
"У АҚШни Россияга яхшилик истамайдиган рақиб сифатида кўриши аниқ ва бу кўриш ўзгаради деб ўйламайман", дейди Кортунов.
Шундай бўлса ҳам, дейди у, Россия ҳароратни бир-икки даражага туширишни истайди.
Совутиш
"Ақлли сиёсатчи сифатида Путин бундай рақобатнинг хавфи ва товонини камайтиришни истайди", деб ишонади Кортунов.
Бунга иқтисодий санкциялар ҳам киради: охирги санкциялар ҳукуматнинг маблағ тўплаш фаолиятини чеклади ва кейинги қадамлар муҳим сайлов йилида иқтисодга юкни ошириши мумкин.
"Ҳозир россияликларнинг мамлакат ичида қизиб турган ижтимоий ва иқтисодий муаммолар қолиб, ташқи сиёсатдаги "ғалабалар"га унчалик ҳам ҳуши йўқ, - дейди Кортунов. - Путин нимани истамасин, муносабатларни ёмонлаштириш орқали ичкарида очко ишлашига ишонмайман."
Муқаррар маъруза
Владимир Путин истамайдиган, аммо тайёр турган нарса инсон ҳуқуқлари, хусусан, аввал заҳарланиб, кейин қамоққа тиқилган Алексей Навальний ҳақидаги маърузадир.
Навальнийнинг сиёсий идоралари ва коррупцияга қарши ташкилоти яқинда Москва суди томонидан "экстремист", деб топилди ва унинг ижросини саммит ўтгунча осонгина тўхтатиб туриш мумкин.
Аммо вақт сигнал бериш учун қулай шаклда танланган кўринади: Владимир Путин мухолифларни яксон қилаверади, бунга АҚШ аралашиши керакмас.
"Байден ўз қўшиғини айтади, унинг бошланиши Навальний ва инсон ҳуқуқлари бўлади. Сўнг Путин ўзиникини бошлайди, АҚШ ҳам оппоқ эмас", дейди қуруққина қилиб Шевцова.
"Аммо бу учрашувда улар инсон ҳуқуқлари номли "газак"дан сўнг, асосий таомга ўтишади. Ва бу шундай бўлади: Келинг, тарангликни юмшатиш учун бирор нима қилайлик.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














