Исроилни қурол-аслаҳа билан асосан ким таъминлайди?

Парвоздаги F-15 қирувчи учоғи

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, АҚШ Исроилни F-15, бугунги кундаги энг илғор қирувчи самолётлар билан таъмнлаб келади

Ғарб ҳукуматлари Исроилнинг Ғазо бўлгасидаги уруши сабабли унга қурол сотишни тўхтатиш талаблари қаршисида қолмоқдалар.

Исроил йирик қурол экспортчиси ҳисобланади, аммо у ҳалокатли ҳаво ҳужумларини амалга оширишда асосан импорт қилинган учоқлар, бошқариладиган бомба ва ракеталардан фойдаланмоқда.

Исроилга қурол сотишга қарши кампания олиб бораётган гуруҳлар ва Исроилнинг Ғарбдаги иттифоқчилари орасидан баъзи сиёсатчилар қурол экспортини тўхтатиш кераклиги, чунки Исроил тинч аҳоли ҳаётини асраш ва гуманитар ёрдам кўрсатиш учун етарли ҳаракат қилмаётганини айтишмоқда.

Алоқадор мавзулар:

10 апрель куни БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши қурол сотишни тақиқлашни қўллаб-қувватлади, 28 давлат ёқлаб, олтитаси қарши ва 13 давлат бетараф овоз берди. Исроилга қурол етказиб берувчи асосий икки давлат - АҚШ ва Германия бунга қарши овоз бердилар. Германия резолюцияда Ҳамас очиқ қораланмагани учун қарши овоз берганини айтди.

Уруш 7 октябрь куни Ҳамаснинг Исроилга уюштирган ҳужуми ортидан бошланган ва Исроил маълумотларига кўра, унда 1200 га яқин одам, асосан тинч аҳоли ҳалок бўлган. Ғазо бўлгасида эса 34 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, уларнинг 70 фоизи болалар ва аёллардир, дея хабар беради Ҳамас бошқараётган Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Стокголм Халқаро тинчлик институтидан иқтибос

Сурат манбаси, .

Исроил тинч аҳоли қурбон бўлишига йўл қўймаслик учун ҳаракат қилаётганини таъкидлайди, Ҳамасни тинч аҳолини атай ўқ остида қолдираётганликда айблайди, ёрдам етказиб беришда ҳеч қандай чеклов йўқ дейди.

Америка Қўшма Штатлари

Қўшма Штатлар ҳозиргача Исроилнинг энг йирик қурол таъминотчиси бўлиб, унга дунёдаги технологик жиҳатдан юксак армиялардан бирини барпо этишда ёрдам бермоқда.

Стокголм Халқаро Тинчлик Тадқиқотлари институти маълумотларига кўра, 2019-2023 йилларда Исроил қурол импортининг 69 фоизи АҚШ ҳиссасига тўғри келган.

АҚШ Исроилга йиллик ҳарбий ёрдам сифатида 3,8 миллиард доллар ажратади, бу Исроилга қўшни давлатлардан "ҳарбий устунлик"ни сақлаб қолиши учун мўлжалланган 10 йиллик келишувнинг бир қисмидир.

Исроил ҳозиргача ишлаб чиқарилган энг илғор деб ҳисобланган F-35 қирувчи самолётларига буюртмалар учун грантлар олган. Ҳозиргача Исроил 75 та учоққа буюртма берган ва 30 дан ортиқ учоқ қабул қилган. У Америка Қўшма Штатларидан ташқари F-35ни олган ва уни жанговар ҳаракатларда қўллаган биринчи давлатдир.

Ёрдамнинг бир қисми - йилига 500 миллион доллар ракетага қарши мудофаа дастурларини, жумладан, биргаликда ишлаб чиқилган "Темир Гумбаз", "Arrow" ва "Довуд" тизимларини молиялаштириш учун ажратилади. Исроил Ғазо секторидаги Фаластин қуролли гуруҳлари, шунингдек, Ливан, Сурия ва Ироқда жойлашган Эрон қўллайдиган бошқа қуролли гуруҳларнинг ракета ва дрон ҳужумларидан ўзини ҳимоя қилиш учун уларга таянади.

7 октябрь куни Ҳамас ҳужумидан бир неча кун ўтиб, Президент Жо Байден АҚШ Исроилга "қўшимча ҳарбий ёрдамни кучайтираётганини" айтди.

Уруш бошланганидан бери, фавқулодда рухсат олингандан сўнг, АҚШнинг Исроилга фақат иккита ҳарбий сотуви ҳақида маълум қилинди: бири 106 миллион долларлик 14000 та танк ўқ-дорилари, иккинчиси эса 155 мм артиллерия снарядларини тайёрлаш учун 147 миллион долларлик компонентлар.

Аммо АҚШ оммавий ахборот воситалари хабар беришича, Президент Жо Байден маъмурияти Исроилга 100 дан ортиқ ҳарбий сотувлар қилган, уларнинг аксарияти Конгрессни расман хабардор қилиш талаб қилинадиган миқдордан кам. Хабар қилинишича, улар орасида минглаб аниқ бошқариладиган ўқ-дорилар, кичик диаметрли бомбалар, бункер ёрувчи қуроллар ва ўқотар қуроллар бор.

Исроилнинг "Темир гумбази"

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Исроилнинг ҳаво ҳужумидан ҳимоя "Темир гумбази" Исроил шаҳарларини ракеталардан ҳимоя қилади

Шунга қарамай, Стокголм Халқаро Тинчлик Тадқиқотлари институти ҳисоботида таъкидланишича, ушбу етказиб беришларга қарамай, Исроилнинг АҚШдан қурол импорти 2023 йилда ҳам, 2022 йилгидан ошмаган.

Конгрессга хабар беришни талаб қиладиган даражада катта битимлардан бири 50 тагача F-15 қирувчи учоқларининг 18 миллиард долларга сотилиши бўлиб, янгилик яқинда тарқалди.

Учоқ нолдан қурилади ва дарҳол етказиб берилмайди, аммо Байденнинг Демократик партиясидан бўлган Конгрессдаги кўпчилик аъзолар ва тарафдорлар Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатлари сабабли хавотирга тушиб қолгани боис, бу масала анча тортишилади.

Сенатор Элизабет Уоррен келишувга тўсқинлик қилмоқчилигини айтди ва Исроилни Ғазо бўлгасини "ёппасига бомбалашда" айблади.

Германия

Стокголм Халқаро Тинчлик Тадқиқотлари институти маълумотларига кўра, Германия 2019 ва 2023 йиллар оралиғида Исроилга қурол экспортининг 30 фоизини ташкил этган иккинчи йирик экспортчи ҳисобланади.

Ноябрь ойи боши ҳолатига кўра, Германиянинг Исроилга қурол сотиши ўтган йили 300 миллион еврони (326 миллион доллар) ташкил этди, бу 2022 йилга нисбатан 10 карра ўсишдир - экспорт лицензияларининг аксарияти 7 октябрдаги террорчилик ҳужумларидан кейин берилган.

DPA ахборот агентлиги хабар беришича, савдонинг асосий қисмини ҳаво мудофааси ва алоқа тизимлари учун бутловчи қисмлар ташкил этади.

Канцлер Олаф Шолц бутун уруш давомида Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қатъий қўллаб-қувватлаган, аммо Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларига муносабати сўнгги ҳафталарда ўзгарди. Германияда баъзи баҳслар бўлди, аммо қурол-яроғ сотуви тўхтайдиган кўринмайди.

Ғазода вайроналари устида бошини ушлаб ўтирган эркак

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Исроил Ғазодаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун етарли иш қилмаяпти деган айбловни рад этади, бунинг учун Ҳамасни айблайди.

Италия

Италия Исроилга қурол экспорт қилувчи учинчи йирик давлатдир. Аммо у 2019-2023 йиллар оралиғида Исроил импортининг атиги 0,9 фоизини ташкил этди. Хабар қилинишича, унинг таркибида вертолётлар ва денгиз артиллерияси бор.

Миллий статистика идораси ISTAT маълумотларига кўра, ўтган йили савдолар 13,7 миллион еврони (14,8 миллион доллар) ташкил этган.

Октябрь ва декабрь ойлари орасида 2,1 миллион евролик экспорт тасдиқланди. Ваҳоланки, ҳукумат уруш ҳолатидаги ёки инсон ҳуқуқларини поймол қилувчи давлатларга қурол сотишни тўхтатишини айтган эди.

Мудофаа вазири Гвидо Крозетто ўтган ой парламентга берган ҳисоботида Италия амалдаги шартномаларни бажарганини ва улар "тинч аҳолига қарши ишлатилиши мумкин бўлган материалларга тааллуқли бўлмаслигини" таъминлаш учун текширганини айтди.

Исроилдаги Elbit Systems ширкати Hermes 450 дронини ишлаб чиқарган, бу дрон Ғазода қўлланаяпти

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Исроилдаги Elbit Systems ширкати Hermes 450 дронини ишлаб чиқарган, бу дрон Ғазода қўлланаяпти

Бошқа давлатлар

Буюк Британия ҳукуматига кўра, 2022 йилда Буюк Британиянинг Исроилга қурол экспорти "нисбатан кичик" - атиги 42 миллион фунт стерлинг (53 миллион доллар) бўлган.

Қурол савдосига қарши кампания (CAAT) маълум қилишича, Буюк Британия 2008 йилдан бери Исроилга умумий қиймати 574 миллион фунт стерлинг (727 миллион доллар) қурол экспорт қилиш лицензияларини берган.

Уларнинг аксарияти Америкада ишлаб чиқарилган ҳарбий самолётларда ишлатиладиган компонентлардир. Аммо Британия ҳукумати ҳатто бу экспортни ҳам тўхтатиш учун тобора кучайиб бораётган босим остида қоляпти.

Бош вазир Риши Сунак Буюк Британия экспортни лицензиялашда "жуда эҳтиёткор" эканлигини ва Исроил "халқаро гуманитар қонунларга мувофиқ ҳаракат қилиши" кераклигини айтди. Буюк Британия ҳукумати, шунингдек, 2024 йил бошидан Исроилнинг халқаро қонунларни бузиш хавфини баҳолаш учун топшириқ берганини айтди.

Бироқ ҳукуматдаги юқори мартабали манбанинг Би-би-сига айтишича, Исроилга қурол эмбаргоси "бўлмайди".

2022 йили Исроилга 21,3 миллион Канада доллари (15,7 миллион доллар) қийматида қурол сотган Канада январь ойида қуролдан фақат зарур бўлгандагина фойдаланишига ишонч ҳосил қилинмагунига қадар янги қуролларни олиб чиқиш рухсатномаларини беришни тўхтатганини маълум қилган эди. Бироқ илгари мавжуд рухсатномалар ўз кучида қолди.

Исроил мудофаа саноати

Исроил АҚШ ёрдами билан ўзининг мудофаа саноатини қурган ва ҳозирда дунёдаги тўққизинчи йирик қурол экспортчиси ҳисобланади. У катта ҳажмдаги ускуналардан кўра илғор технология маҳсулотларига эътибор қаратади.

Стокголм Халқаро Тинчлик Тадқиқотлари Институти маълумотларига кўра, у 2019-2023 йиллар оралиғида глобал савдонинг 2,3 фоизини ташкил этган. Ҳиндистон (37 фоиз), Филиппин (12 фоиз) ва АҚШ (8,7 фоиз) энг асосий қабул қилувчи давлатлар бўлган. Исроил Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда савдо ҳажми 12,5 миллиард долларни ташкил этган.

Артиллерия снарядларини тахлаётган Исроил ҳарбийси

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, АҚШ Исроилга у ердаги ўзининг ҳарбий омборидаги артиллерия снарядларини ишлатишга рухсат берган

Ушбу экспортнинг 25 фоизи дронлар, иккинчи ўринда ракеталар, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари (19 фоиз), радар ва электрон уруш тизимлари (13 фоиз) ҳиссасига тўғри келади, деди вазирлик.

Сентябрь ойида, уруш бошланишидан бироз олдин Германия Исроил билан узоқ масофали баллистик ракеталарни уриб туширадиган Arrow 3 ракетага қарши мудофаа тизимини сотиб олиш учун 3,5 миллиард долларлик шартнома тузди. Исроил тарихидаги энг йирик бу битим АҚШ томонидан маъқулланиши керак, чунки тизимни икки давлат биргаликда ишлаб чиққан.

АҚШнинг Исроилдаги ҳарбий омборлари

Исроилда, шунингдек, 1984 йилда минтақавий можаро юзага келганда ўз қўшинларини жойлаштириш, шунингдек, фавқулодда вазиятларда Исроилга қурол-яроғдан тез фойдаланиш имконини бериш учун ташкил этилган АҚШнинг улкан қурол омбори жойлашган.

Россия босқинидан кейин Пентагон Украинага Исроилнинг ҳарбий захирасидан 300 000 га яқин 155 мм артиллерия снарядларини юборди.

Маълум қилинишича, омбордаги ўқ-дорилар ҳам Ғазо уруши бошланганидан бери Исроилга етказиб берилган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002