Кўкарган баданлар, cинган қовурғалар – Исроил қамоқхоналарида ўлаётган фаластинликлар

gaza

Сурат манбаси, SUPPLIED

Сурат тагсўзи, Абдураҳмон 7 октябрдан кейин Исроил қамоқхонасида вафот этган.

Ҳамас Исроилга ҳужум қилиб, Ғазода уруш бошланганидан бир неча кун ўтиб, Ғарбий Соҳилда яшовчи Умм Муҳаммадга Исроил қамоқхонасидан ўғли қўнғироқ қилди.

"Мен учун ибодат қилинг, она, - деди Абдураҳмон Мари. - Бу ерда ишлар янада мураккаблашмоқда. Сиз билан бошқа гаплашишга рухсат бермасликлари мумкин".

Бу онанинг ўғли овозини охирги марта эшитиши эди.

Фаластин маъмурияти (ФМ) Ғарбий Соҳил маҳбуслар масалалари бўйича комиссиясига кўра, ўтган йилнинг 7 октябрида Ҳамас ҳужум уюштирганидан кейин Исроилдаги фаластинлик маҳбуслар учун шароит ёмонлашган.

Комиссия раҳбари Кадура Фарес Би-би-сига берган интервьюсида Исроил қамоқхоналарида 13 нафар фаластинлик маҳбусларнинг "аксарияти калтакланиш ёки дори берилмагани натижасида вафот этмоқда" деди.

Абдураҳмон вафот ҳам этди.

Алоқадор мавзулар:

Абдураҳмон Қарават Бани Ҳасан қишлоғида яшовчи дурадгор эди, у ўтган февраль ойида Рамаллоҳда ишдан уйига қайтаётганида, кўчма назорат пунктида ҳибсга олинган эди. У маъмурий қамоққа олинган. Исроил шу орқали одамларни чексиз муддатга Мегиддо қамоқхонасида ушлаб туриши мумкин.

Унинг акаси Иброҳим унга қўйилган айблар унчалик катта бўлмагани, масалан, намойишларда қатнашганлик ва ўқотар қурол сақлаганлик, Ҳамасга аъзоликда айбланаётганини айтди, аммо гуруҳ ичидаги фаолиятига доир аниқ айбловлар йўқ.

Иброҳим ҳалигача укаси қандай вафот этганини тушунмаяпти. У Абдураҳмоннинг собиқ камерадошлари кўрсатмалари ва суд ҳужжатларига таяниши керак.

Би-би-си билан суҳбатлашган собиқ маҳбуслардан бири: "7 октябрдан кейин бу ҳақиқий қийноқлар эди. Бизни ҳеч қандай сабабсиз калтаклашди, ҳеч қандай сабабсиз излашди. Кимгадир нотўғри қараб қўйсангиз ҳам тамом", деди.

У кўз ўнгида Абдураҳмон ва бошқалар аёвсиз калтакланганини айтди.

"Соат 9 да камерамизга келиб, бизни калтаклай бошлашди. Қўриқчилардан бири Абдураҳмоннинг ота-онасини ҳақоратлай кетди, у чидай олмади ва муштлаша бошлади.

"Улар уни қаттиқ калтаклаб, бир ҳафтага юқори қаватдаги бошқа камерага олиб кетишди. Шу вақт давомида унинг оғриқдан бақиргани эшитилди."

Унинг айтишича, у Абдураҳмоннинг ўлими ҳақида қамоқдан бир ҳафта ўтиб чиққанидан кейингина билган.

Исроил қамоқхона хизмати Би-би-сининг Абдураҳмоннинг ва ҳибсга олиш комиссияси ўлган деб ҳисобот берган яна 12 нафар фаластинлик ҳақида берган саволларига жавоб бермади ва фақат шундай деди: "Биз бундай ҳолат билан таниш эмасмиз ва билишимизча бу даъволар ҳақиқат эмас."

gaza

Абдураҳмон Мари жасадини текширишда "Инсон ҳуқуқлари учун шифокорлар" гуруҳи шифокори, профессор Денни Розин иштирок этди. Унинг сўзлари Абдураҳмоннинг камерадоши ва укаси Би-би-сига айтганларини тасдиқлайди.

Профессор Розиннинг ҳисоботида Абдураҳмоннинг чап кўкрагида кўкаришлар борлиги ва унинг бир нечта қовурғаси cингани айтилган. Орқа, думба, чап қўл ва сонда, шунингдек, бош ва бўйиннинг ўнг томонида ҳам ташқи кўкаришлар аниқланган.

Профессор Розин ҳисоботда айтишича, ўлимнинг аниқ сабаби аниқланмаган бўлсада, "унинг ўлимига кўплаб кўкаришлар ва қовурғаларининг кўплаб оғир синиши билан намоён бўлган зўравонлик сабаб бўлган деб тахмин қилиш мумкин".

Шунингдек, у бу жароҳатлар "нотўғри юрак уриши" ёки "юрак хуружи"га олиб борган бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Исроилнинг "Ҳамокед" инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирда Исроилда 9300 дан ортиқ хавфсизлик сабабли маҳбуслар сақланмоқда, уларнинг аксарияти фаластинликлар, жумладан, 3600 дан ортиғи маъмурий ҳибсда.

Бу рақамларга Ғазо секторидаги исроиллик ҳарбийлар томонидан алоҳида биноларда сақланаётган маҳбуслар кирмайди.

Жаноб Кадуранинг айтишича, 7 октябрдан бери содир бўлган ўзгаришлар маҳбуслар ҳаётининг барча жабҳаларига таъсир қилган, маҳбуслар очлик ва ташналикка дучор бўлган ва сурункали касали бор баъзи одамларга дори-дармонлар берилмаган. Калтаклар янада мунтазам ва шафқатсиз тус олган.

"Мен сўнгги уч ой ичида 20 кг озган маҳбусни учратдим", дейди у.

"Ғазодаги уруш фаластинлик маҳбусларга ҳам қарши урушга айланган. Буларнинг барчаси қасос олиш учундек".

gaza
Сурат тагсўзи, Арофат Ҳамдан ҳибс этилгандан икки кун ўтиб ҳаётдан кўз юмган.

Би-би-си аввалроқ фаластинлик маҳбуслардан 7 октябрдан кейинги ҳафталарда таёқ билан калтаклангани, итларга талатилгани, кийим-кечаклари, озиқ-овқатлари ва кўрпа-тўшаклари олиб қўйилгани айтилган эди.

Исроил қамоқхона хизмати ҳар қандай шафқатсиз муносабатни рад этиб, "барча маҳбуслар қонунга мувофиқ, уларнинг асосий ҳуқуқлари ҳурмат қилиниб, профессионал ва малакали қамоқхона ходимлари назорати остида сақланади", деб таъкидлайди.

Унда айтилишича, уруш бошланганидан кейин қамоқхоналар "фавқулодда режимга" ўтган ва "маҳбусларнинг яшаш шароитларини камайтиришга қарор қилинган". Масалан, электр жиҳозлари олиб қўйилган, камераларда электр узилишлари кўпайган, шунингдек, палаталардаги маҳкумлар фаоллиги камайтирилган.

Ғарбий Соҳилдаги Байт Сира қишлоғида Арофат Ҳамданнинг отаси Исроил полицияси 22 октябрь куни соат 04:00 да унинг уйига ўғлини қидириб бостириб кирганини айтди.

Полициячилар унинг ўғлининг юзини қалин қора мато билан ўраб, бўйнига арқон боғлаб қўйишган. Унинг айтишича, ниқоб кучли ҳидли бўлган, Арофатнинг нафаси бўғилган.

"Мен унга тасалли беришга ҳаракат қилардим, - дейди Ёсир Ҳамдан Би-би-сига. - Ҳаммаси жойида. Уларда сенга қарши ҳеч нарса йўқ. Уларда бизга қарши ҳеч нарса йўқ. Уни уйдан ташқарига боғлаб қўйишганида, унга шундай гапириб турдим. Кейин уни олиб кетишди".

Икки кундан кейин телефон жиринглади. Арофат Ғарбий Соҳилдаги Офер қамоқхонасидаги камерасида ўлик ҳолда топилибди.

Исроил расмийлари унинг ўлими ҳақида изоҳ бермаган. Арофат 1-тоифа қандли диабет билан касалланган ва баъзида қонида қанд пастлигидан азият чеккан.

Отасининг айтишича, Арофатни қўлга олган полициячилардан бири унга дориларини ўзи билан олволишни айтган, бироқ унинг бунга имкони бормиди ўзи, номаълум.

Би-би-си "Инсон ҳуқуқлари учун шифокорлар" талабига биноан Арофат Ҳамданнинг тиббий экспертизасида қатнашган жарроҳ Доктор Даниел Соломондан изоҳ олди.

Доктор Соломон экспертиза Исроилда 31 октябрь куни амалга оширилганини айтди, бироқ жасаднинг узоқ муддат совитилгани туфайли ҳолати ўлим сабабини аниқлашни қийинлаштирганини қўшимча қилди.

У, шунингдек, Арофатнинг қандли диабетга қарши дориларни қабул қилгани ва қандай дозаларда қабул қилгани ҳақида ҳеч қандай қайдлар йўқлигини таъкидлади.

Ҳисоботда ўлим сабабини аниқлаш учун қўшимча таҳлиллар ҳам зарурлиги қайд этилган.

"Биз унинг қандай вафот этганини ҳали ҳам билмаймиз. Ҳеч нарса аниқ эмас." Бу ҳақда Ёсир Ҳамдан маълум қилди.

gaza
Сурат тагсўзи, Умм Муҳаммад ўлимидан аввал Абдураҳмон маҳбуслар гуруҳи етакчисига айлангани ҳақида гапиради.

Арофатнинг ҳам, Абдураҳмоннинг ҳам жасадлари ҳалигача қайтарилмаган. Уларнинг оилалари ўзлари экспертиза қилдиришни, дафн маросимларини ўтказишни ва видолашишни хоҳлашади.

"У менинг танам ва қоним эди. Кейин эса бир зумда ғойиб бўлди", дейди Ёсир Ҳамдан.

Умму Муҳаммад телефонида Абдураҳмоннинг суратларини кўрсатиб: "Унга қаранг. У жуда хушчақчақ эди".

Вақт ўтиши билан, онанинг айтишича, ўғли маҳбуслар гуруҳида етакчига айланган.

"У менга нонушта тайёрлаётганда, бошқалар ухлаётганларида қўнғироқ қилди. У ҳар доим фаол эди. Тиниб-тинчимас эди, болам."

"Менга қайтариб беринг уни. Охирги марта кўрмоқчиман. Охирги марта."

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002