Россия ва Украина: Москвадаги деярли яланғоч базм ва Украинада ўлган болалар сони - Yangiliklar Dunyo

INSTAGRAM/_AGENTGIRL_

Сурат манбаси, INSTAGRAM/_AGENTGIRL_

Сурат тагсўзи, Настя Ивлеева ва Филипп Киркоров базмда.

Бу русча можаро бўляпти. Москвадаги тунги клубда нималар бўлгани ҳайратланарли эди. Ундан кейин нималар бўлаётгани эса Россиядаги бугунги кайфиятдан дарак беради.

20 декабрда блогер ва телебошловчи Настя Ивлеева пойтахтнинг Мутабор клубида "Деярли яланғоч базм" номли базмни ташкил қилди.

Дресс кодни базм номидан билиб олсангиз бўлади.

Унда ярим яланғоч машҳурлар иштирок этдилар. Филипп Киркоров, Лолита Милявская, Дима Билан бир қаторда фақат оёқ кийим ва жинсий аъзосига пайпоқ кийиб олган рэпер Vacio ҳам суратлар ва видеоларга тушди.

Бу ёпиқ базм эди, лекин сурат ва видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетиши билан у очиқ базмга айланди. Vacio нинг пайпоғи Россиядаги энг машҳур пайпоққа айланди.

Украинадаги урушни қўллаб-қувватловчи Кремлпараст блогерлар, депутатлар ва фаоллар ғазаб отига минишди.

Россия аскарлари "махсус ҳарбий амалиёт"да ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб жанг қилишаётганида, машҳурлар қай юз билан бундай базм қила олдилар, деб сўрашди улар.

Iqtibos

Ҳатто Украинада жанг қилаётган рус аскарлари ўз норозиликларини изҳор қилиб видео-мурожаатларни тарқатдилар.

Иштирокчилар учун байрам тугади. Vacio "тартибсиз амал" учун 15 суткага қамалди. Уни "ноанъанавий жинсий алоқаларни тарғиб қилиш"да айбдор деб топиб, 2200 долларлик жаримага ҳам тортишди.

Базм муаллифи Настя Ивлеева ҳам терговга тортилган. Унга қарши суд аризасига 20дан ошиқ одам имзо чеккан. Улар Ивлеева "Ватан ҳимоячиси жамғармаси"га бир миллиард рубль тўлашини талаб қилишмоқда.

Киркоров, Билан, Милявскаялар узр сўраб видеолар тарқатишди. "Нотўғри эшикка кириб қолдим", дея илтижо қилди базмда шаффоф қора кийимда қатнашган Киркоров. Матбуотдаги хабарларга кўра, уларнинг концертлари бекор қилинган ва реклама келишувлари тўхтатилган. Улар ҳатто Россия телевидениесидаги Янги йил базми кўрсатувларидан қирқиб ташланаётгани айтилди.

Би-би-сининг Москвадаги мухбири Стив Розенбергга кўра, Россия сиёсий тузуми борган сари айбдорларга таянади. Тузум ички ва ташқи муаммоларда айблаш учун шахслар ё гуруҳларни қидиради.

Ҳозиргача бу айбдорлар - Украина, АҚШ, Британия, Европа Иттифоқи ва НАТО эди. Энди бу рўйхатга Россия машҳурлари ҳам қўшилишди.

Уруш

Serhii Mykhalchuk/Global Images Ukraine

Сурат манбаси, Serhii Mykhalchuk/Global Images Ukraine

Айни дамда АҚШда Оқ уй Украинага 250 миллион долларлик ҳарбий ёрдам берилишини тасдиқлади.

Бу ёрдамга ҳаво мудофааси, артиллерия ва кичик қуроллар ўқ-дорилари, ҳамда аксил-танк қуроллари киради.

Ушбу ёрдам пакети Конгресс тасидиғидан ўтмаган молиявий кўмак пакетидан ҳолидир.

Россия армиясига кўра, тунда Украинадаги нишонларга саккизта камикадзе дронларни юборган. Украина Ҳаво кучлари уларнинг еттитасини уриб туширганларини айтишмоқда.

Украина Бош прокуратураси чиқарган маълумотга кўра, уруш бошланганидан бери мамлакатда 513 бола ҳалок бўлган. 1674 нафар бола жароҳат олган.

"Бу рақамлар якуний эмас. Уларни аниқлаш бўйича ҳарбий амалиётлар ҳудудларида, вақтинча босиб олинган ва озод этилган ҳудудларда иш давом этяпти", - дейилади прокуратура баёнотида.

Жабрланганларнинг энг кўпи Донецк, Харковь, Херсон, Киев, Запорижя, Днепропетровск, Николаевск, Чернигов ва Луганск вилоятларига тўғри келади.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарига кўра, 2022 йил 24 февралидан бери Украинада камида 10 минг оддий фуқаро нобуд бўлган ва 18 500 киши яраланган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002