Украина: Қримда Россия кемаси портлатилди; Мариинка қуладими? - Yangiliklar Dunyo

Донецкнинг дарвозаси деб кўрилувчи Мариинка жангларда буткул вайрон бўлган.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Донецкнинг дарвозаси деб кўрилувчи Мариинка жангларда буткул вайрон бўлган.

Россия ўзининг ҳарбий кемаларидан бири Қора денгизда Украина ҳужумига учраши оқибатида шикаст еганини тасдиқлади.

Ҳужум тунда Россия ишғоли остидаги Қримнинг Феодосия бандаргоҳида юз берган.

Россия Мудофаа вазирлигига кўра, учоқлар қўнадиган йирик "Новочеркасск" кемаси нишон олувчи замбаракларни отадиган учоқ томонидан ҳужумга учраган.

Аввалроқ Украина ҳаво кучлари ўз учоқлари кемани йўқ қилганини хабар қилганди.

Россиянинг Қримдаги раҳбари Сергей Аксёновга кўра, ҳужумда бир киши ҳалок бўлган.

У, шунингдек, олтита бино шикаст егани ва кам сонли одамлар вақтинчалик турар жойларга кўчирилганини айтган.

Ҳужум ортидан келиб чиққан ёнғин туфайли портнинг бир қисми ўраб олинган, аммо у ердаги нақлиёт амалиётлари нормал ишлаётгани хабар қилинди.

Ижтимоий тармоқларда порт ҳудудида юз бергани айтилган йирик портлашни акс эттирувчи видео пайдо бўлди.

Қрим халқаро ҳамжамият томонидан Украинанинг ҳудуди дея тан олинган, аммо Россия уни 2014 йилда босиб олган.

Мариинка

Донецкнинг дарвозаси деб кўрилувчи Мариинка жангларда буткул вайрон бўлган.

Сурат манбаси, Telegram via Reuters

Сурат тагсўзи, Донецкнинг дарвозаси деб кўрилувчи Мариинка жангларда буткул вайрон бўлган.

Айни дамда Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ўз қўшинлари Украина шарқидаги Мариинка шаҳрини қўлга олишганини айтган. Украина зудлик билан бу ҳабарни рад қилди.

Шойгу Президент Владимир Путинга Россия назорати остидаги Донецк ташқарисидаги "қаттиқ қўриқланувчи" Мариинкани олишганини хабар қилган.

Путин Украина қўшинлари Донецкдан узоқлаштирилганини "муваффақият" дея олқишлаган. Украинлар Донецкни Мариинкадан туриб мунтазам ҳужумга олишади.

Лекин, Украина ҳарбий воизи Олександр Штупин "Мариинка учун жанглар" давом этаётганини айтди.

Россия ишғоли остидаги ҳудуднинг пойтахти бўлган Донецкнинг дарвозаси деб кўрилувчи Мариинка жангларда буткул вайрон бўлган.

Охирги ҳафталарда Россия қўшинлари 1200 километрлик фронт чизиғининг бир нечта муҳим нуқталарида ўз ҳужумларини оширганлар.

Мариинка билан бир қаторда улар Донецк яқинидаги яна бир муҳим шаҳар - Авдиивкани ўраб олишга уринишяпти.

Ўтган ҳафта Украина Президенти Володимир Зеленский ўз армияси яна 500 минг кишини ҳарбий амалиётларга жалб этишни режалаётганини айтган.

Бу эълон Украина АҚШ ва Европа Иттифоқидаги ҳамкорлари ёрдами камайиб бораётгани сабабли юзага келган ўқ-дори танқислиги манзарасида янгради.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002