Янгиликлар: Украина ҳоли тангми ё ярим миллион аскар топмаса нима бўлади? Rossiya Ukraina Putin Dunyo Yangiliklar

Украина президенти Зеленский

Сурат манбаси, EPA

Россия енгаяптими? Саволга Украина президентининг ўзи жавоб берди.

Алоқадор мавзулар:

Президент Володимир Зеленский, Украина Россияга қарши урушда енгилишни бошлади, деган фикрга қарши чиқди.

Киевда ўтказилган матбуот анжуманида Би-би-си мухбири Жессика Паркер, Украина бу урушда ютқазишни бошлаётгани хавфи борми, деб савол берди.

Президент Зеленскийнинг жавоби "йўқ" бўлди.

Президент Зеленскийдан иқтибос

Сурат манбаси, .

Зеленский айтишича, урушнинг иккинчи йили яқинлашар экан, Украина ҳарбийлари яна 500 минг аскар сафарбарлигини сўрашган.

Лекин ҳали бу борада якуний қарор берилмаганини айтди Украина президенти.

Зеленский, шунингдек, Украина Қуролли кучлари сафига аёлларни ҳам сафарбар этишни кўзда тутадиган мобилизация ҳақидаги қонунни имзоламоқчи эмаслигини билдирди.

Бироқ муайян шартларда ёши 25 гача бўлган Украина фуқароларининг сафарбарлигига розилик бериши мумкинлигини айтди.

Украина президенти, Россия урушда "бирорта ҳам ғалабага эришгани йўқ", деди.

Президент Зеленский уруш жабҳасидаги вазият ҳамда ўзининг Украина бош қўмондонлиги билан муносабати ҳақидаги саволларга истар-истамас жавоб берди, Бош қўмондон Валерий Залужнийни истеъфога чиқарасизми, деган саволга тўғридан-тўғри жавоб бермади.

Зеленский Залужнийни ўз командасининг аъзоси деб атади, бош қўмондондан аниқ натижаларни ва Украина манфаати учун иш кутаётганини айтди.

Президент Зеленский сўзларига кўра, ғалаба жуда қимматга тушади.

"Украинанинг мушкулликлари бор", булар ичига артиллерия снарядлари ва аксилтанк қуроллари етишмаслиги киришини айтди.

Зеленский сўзларига кўра, башорат бераётган одамларнинг ўзлари ҳам уруш қачон ва қандай тугашини олдиндан айтолмайдилар.

"Уруш, ғалаба, депсиниб қолиш — кўплаб қарорлар, кўплаб йўналишлар ва асосийси, сиз билан бизга боғлиқ. Агар биз қатъийлигимизни йўқотмасак, урушни эртароқ тугатамиз", — деди Президент Зеленский.

Яқинда АҚШ Конгрессида Республикачилар Украинага 60 миллиард долларлик кўмак пакети йўлини тўсдилар.

Шунга қарамасдан, Президент Зеленский, АҚШ Украинага "хиёнат қилмаслигига" ишончи комил эканини айтди.

Россия раҳбарияти Украина устидан тез ғалабани башорат қилган эди, лекин уларнинг башорати рўёбга чиқмади, деди Украина президенти.

Украинадаги уруш жабҳаси ёздан бери ўзгаргани йўқ, қиш келиши билан Украина қўшинлари қийин даврга дуч келдилар.

Украина генерали хорижий ёрдамлар камайгани ўзларининг жанговар ҳарбий амалиётлари камайишига олиб келганини айтди.

Бугунги вазият

Ukrainadagi jang jabhasi

Украина аллақачон четдан ёрдамлар камайиши ўз жанговар амалиётларини қисқартиришга мажбурлагани ҳақида огоҳлантирган.

Генерал Олександр Тарнавский сўзларига кўра, ўзларининг қўшинлари "бутун фронт чизиғи" бўйлаб қурол-яроғ етишмаслигига дуч келаяптилар, бу эса Киев учун "улкан муаммони пайдо қилмоқда".

Бунинг сабаби сиёсий келишмовчиликлар туфайли АҚШ ва Европа Иттифоқи миллиардлаб долларлик ёрдамни Украинага бермай турганларидир.

Украина Ғарб ёрдами билан ўз қурол-яроғини ишлаб чиқаришни кўпайтиришга умид қилмоқда.

Аммо Украина ҳамон Ғарб кўмагига қаттиқ боғланиб қолган, айниқса, узоқ масофага мўлжалланган ракеталар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими кўпроқ зарурлигини такрорлаб келади.

АҚШ Конгресси 60 миллиард долларлик ёрдамни тўхтатиши ортидан Европа Иттифоқи Украинага 50 миллиард Евро ёки 55 миллиард долларлик ёрдам бериш қарорини маъқуллай олмади, бунга Венгриянинг молиявий кўмак келишувига вето қўйгани сабаб бўлди.

Аммо ЕИ раҳбарлари Украина қўллаб-қувватловсиз ташлаб қўйилмайди демоқдалар.

Европа Иттифоқи 2023 йил мартигача Украинага бир миллион артиллерия снарядини ваъда қилган, аммо шу вақтгача 480 минги етказиб берилган ёки йўлда қолмоқда.

Президент Зеленский яқин орада Америка ўзларига қўшимча ҳарбий ёрдам йўлини очишига умид билдирди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEKTelegramda bog'lanish raqami +44 7858860002