Ўзбекистон: Мирзиёев таҳликали вазиятда тўғри йўлни топиш осон бўлмаётганини айтди O‘zbekiston Yangiliklar Rossiya

Сурат манбаси, President.uz
Ўзбекистон президенти таҳликали вазиятда тўғри йўлни топиш осон бўлмаётганини айтди.
Президент Шавкат Мирзиёев дунёдаги қудратли марказлар ўз манфаатларини тўқнашувлар йўли билан ҳимоя қилаётгани ва ўта зиддиятли жараёнлар таъсири Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаётганинини таъкидлади.
Мирзиёев миллий манфаатларга жавоб берадиган йўлни топиш осон бўлмаётганини таъкидлади.
Олдинроқ россиялик сиёсатчи Ўзбекистонни Россияга таркибига қўшиб олиш вақт масаласи эканлигини билдирганди.
"Илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз.
Афсуски, бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркибий қисми бўлган мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти.

Ана шундай ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган тўғри йўлни топиш албатта осон бўлмаяпти", деган Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари Ўзбекистон дунёдаги узоқ-яқин барча давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилаётганини таъкидлаган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу сўзлари Россиялик сиёсатчи Захар Прилепиннинг Киевда ғалаба парадини ўтказгандан сўнг Ўзбекистон каби собиқ Совет ўлкаларини Россияга қўшиб олиш ва шу ернинг ўзида рус тилини ўргатиш ҳақида гапи шов-шув бўлганидан бир кун ўтиб янгради.
Россия элчиси Ўзбекистон ТИВга таклиф қилинди

2024 йилги Россия президенти сайловида Путинни қўллаб-қувватловчи жамоа таркибига кирган Припелиннинг сўзлари ижтимоий тармоқларда кенг акс-садо бергач, Россиянинг Тошкентдаги элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига "таклиф қилинди".
Вазирлик элчи Олег Малгиновга "Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи мамлакатимизда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда" етказган.
"Россия оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган бу каби баёнотлар атайлаб провокацион руҳда бўлиб, халқларимиз ўртасида ўрнатилган тарихий дўстона муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин", дейилади Ташқи ишлар вазирли баёнотида.
Мудофаа вазирлиги: Ўзбекистон ўз хавфсизлигини таъминлашда етарли Қуролли Кучларга эга
Ташқи ишлар вазирлигининг баёноти чоп қилингандан кўп ўтмасдан Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги мамлакат ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада Қуролли Кучларга эга эканини айтиб, пост эълон қилди.
Вазирлик матбуот котиби Отабек Йўлдашев ўзининг Telegram каналида Ўзбекистон Конституциясининг "Ўзбекистон Республикаси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада Қуролли Кучларига эга", - дейилган 153-моддасини келтирди.
Gazeta.uz нинг бундай баёнот нима билан боғлиқ экани тўғрисидаги саволига Отабек Йўлдашев Мудофаа вазирлигининг медиа маркази шу тарзда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллигига тайёргарлик кўраётгани, келгусида Қуролли Кучлар фаолиятининг ҳуқуқий асослари ҳақида яна бир қанча постлар чиқарилиши режалаштирилаётганини айтган.
Ўша куннинг ўзида Россия Ташқи ишлар вазирлиги Захар Прилепиннинг сўзлари ва унинг оқибатларига муносабат билдирди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Россия-Ўзбекистон ҳамкорлиги "суверенитетни ҳурмат қилиш, аралашмаслик, дўстлик ва яхши қўшничилик асосида қурилган"нини таъкидлади.
"Захар Прилепиннинг сўзлари унинг шахсий фикри бўлиб, Россия федерациясининг расмий мавқеига ҳатто яқин келмайди", деган Мария Захарова.
Россиялик сиёсатчи: "Жиддий айтаяпман, Ўзбекистонни қўшиб олиш фикрида собитман"
Россия Миллий гвардияси базаси таркибида ташкил қилинган "Оплот" (Таянч) полки қўмондон ўринбосари Захар Прилепин 20 декабр куни қўл остидаги ҳарбийлар билан учрашувда мигрантлар мавзусига ҳам алоҳида тўхталган.
"Мигрантлар мавзуси, эҳтимолий можаролар кўп муҳокамаларга сабаб бўляпти. Жавоб оддий кўпроқ бола туғинг, янги эркакларни туғинг. Руслар қанчалик кўп бўлса, ўзини ноқобил тутадиган келгиндилар билан камроқ муаммо бўлади. Аслида мен бизга гастарбайтерлар келаётган минтақалаларни бутунлай қўшиб олиш ва ўша ернинг ўзида рус тилини ўргатиш фикрида собитман. Бу ерда эмас, масалан, Ўзбекистонда ўқитиш", деган у.
Прилепиннинг бу сўзлари ўтирганлар томонидан қарсаклар билан кутиб олинган.
"Жиддий айтаяпман, ҳазиллашмаяпман, алдамаяпман. Бундан кейин ҳам Совет Иттифоқининг тарқатилишига оид ҳужжатларни ноқонуний деб топиш мавзусини кўтаришда давом этамиз. Бу бизга исталган вақтда "сизнинг 2 миллион фуқаронгизнинг бизнинг ерларда бўлгани учун, сизнинг ерингизга даъвогармиз, чунки кўпчилик одамингиз шу ерда ва бунга овоз беришди дейишга асос бўлади. Бошқача шакллари ҳам ўйлаб топилиши мумкин. Киевда парад ўтказганимиздан кейин Евросиё минтақасида фойдали нарса қилишимизни ким тақиқлайди? Ҳеч ким", дейди Захар Прилепин.
Россиялик ёзувчи ва "Справедливая Россия" партияси ҳамраиси Захар Прилепин Россияда Z ғояси тарғиботчиларидан бири сифатида билинади.
Украинада Россия урушининг ашаддий тарафдори бўлган Прилепинга шу йилнинг 6 май куни Нижегородда суиқасд уюштирилганди.
Машинасининг портлаши натижасида ёзувчи жароҳат олган, ҳайдовчиси ҳалок бўлган.
Август ойида у Путин томонидан Россия Миллий гвардияси базаси таркибида ташкил қилинган "Оплот" (Таянч) полки қўмондон ўринбосари этиб тайинланган.
"Прилепин - расмий сиёсатчи, расмий рўйхатдан ўтган партия лидери, ва "Справедливая Россия" билан бирга тузилган коалицияда лидерлардан бири. Яъни, Прилепиннинг баёноти - Кремлнинг қараши, лойиҳаси, кайфияти бўлиш эҳтимоли юқори. Прилепин - эмоцияга берилиб гапирмади. Ўйланиб, сўз излаб, гапирди. Давлат учун жиддий сигнал!", дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.
Ўзбекистон ким томон?
Шу йилнинг март ойида Президент Шавкат Мирзиёев бугун "Ўзбекистон ким томон?", деган "оғир савол"га жавоб берганди.
Ўзбекистон президентининг ўша вақтдаги баёноти минтақада геосиёсий тангликни янада кучайтирган Россия Украинага очган уруш манзарасида янграган.
Россия, Ғарб, Европа вакилларининг Ўзбекистон, Марказий Осиёга ташрифлари ўта фаоллашган, ҳар икки томоннинг ҳам минтақа давлатларига янада яқинлашиш ва улар билан алоқаларини ҳар томонлама кучайтириш илинжи, ҳаракатида бўлган, минтақани ўзларининг муҳим ҳамкорлари, дея атаётган бир пайтга тўғри келган.
Путин Ўзбекистонни ҳам қолган Марказий Осиё давлатлари каби Россиянинг сиёсий орбитасига тортмоқчи, деган жиддий хавотирлар бўй кўрсатиб турган бир фонда кузатилган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг худди шу каби ташрифлар манзарасида расман аксар ноаён қолаётган мавқеига шахсан ўзи ва қатъий аниқлик киритган.
Ўзбекистон президенти бу саволга жавоб фақат "битта" эканини таъкидлаган.
"Бир томонман - миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимнинг манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман, деб жавоб бериши"ни баён қилди.
Минтақавий кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон президенти ўзининг айни мазмундаги жавоби билан "тараф талашаётган" қудратларга нисбатан ташқи сиёсатда ўзларининг миллий манфаатларига содиқ қолишларини таъкидлаган.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














