Янгиликлар. Ўзбекистон: Путин Бишкекда, Россия минтақада кучини кўрсатиб қўйдими ёки расмий Кремль нимага тоқат қилмайди? O‘zbekiston Rossiya Afg‘oniston Tolibon Yangiliklar

Xarita
Сурат тагсўзи, Марказий Осиё Россия, Хитой ва АҚШ геосиёсий рақобатда бўлган, учовлон ўз таъсирини кучайтириш ва манфаатларини парваришлаш илинжида бўлган ҳудуд.
    • Author, Феруза Раҳмон
    • Role, bbc.com/uzbek

Янги баёнотлар янгради.

Расмий Москва нима исташини айтди.

Алоқадор мавзулар:

Sergey Lavrov

Сурат манбаси, .

Россия Ташқи ишлар вазири АҚШ ва НАТО ҳарбий инфратузилмаларининг Афғонистон ҳамда унга қўшни давлатларга қайтишига тоқат қилмасликларини яна бир бор такрорлади.

Сергей Лавровнинг баёноти Афғонистон бўйича Москва форматининг яқинда бўлиб ўтган бешинчи йиғини чоғида янгради.

"Қандай баҳоналар билан оқланишидан қатъиназар, ҳар қандай шароитда ҳам АҚШ ва НАТО ҳарбий тузилмаларининг Афғонистон ва унга қўшни давлатлар ҳудудига қайтарилишини қабул қилиб бўлмас, деб ҳисоблаймиз. Биз бу масалада ўта ҳушёр бўлмоқчимиз ва Москва форматидаги барча ҳамкорларни ҳам шунга чорлаб қоламиз", - дея баён қилди Россия Ташқи ишлар вазири.

Москва формати Россиядан ташқари Ҳиндистон, Эрон, Хитой, Покистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонни ҳам ўз ичига олади.

Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош уч давлати бўлишади.

Россия Ташқи ишлар вазирининг чорловига минтақа давлатлари пойтахтлари ва Толибон муваққат ҳукуматининг муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон 2001 йилда Америка Қўшма Штатларининг Афғонистондаги "террорга қарши уруши" ва ўша пайтда амалда бўлган Толибон тузумини қулатишида ҳамкорлик қилишган, Америка ҳарбий базаларига маълум муддат ўз ҳудудларидан жой ҳам берганлар.

Таҳлилчилар ўшанда бунинг сабабини минтақа давлатларининг Толибон, иттифоқчилари ва уларнинг исломий кун тартибидан қанчалик жиддий хавотирда бўлганликлари далолатига ҳам йўйишган.

Россия Ташқи ишлар вазирининг сўзлари, бошқа томондан, АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондонининг Тошкентга сафаридан қисқа вақт ўтмай янграган.

Сентябрь ойидаги ташриф манзарасида томонларнинг ҳарбий соҳада эришилган ютуқлар ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган масалалар борасида ҳамкорликни давом эттириш имкониятларини кўриб чиқишгани расман хабар берилган.

Аммо бу айнан нималарни кўзда тутиши тафсилотлари ноаён қолганди.

Бу АҚШ юқори мартабали қўмондонининг Ўзбекистонга сўнгги икки йилнинг ичида иккинчи сафари бўлган.

Генерал Майкл Курилла ўзининг Тошкентга илк сафарини ўтган йил ёзида амалга оширган, ташрифи доирасида ўшанда Ўзбекистон Мудофаа вазиридан ташқари президент Шавкат Мирзиёев ва Хавфсизлик Кенгаши котиби билан ҳам кўришган.

АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони "Ўзбекистонни минтақа етакчиси"га нисбат берган.

"Ўзбекистоннинг хавфсизлиги - минтақа хавфсизлиги" эканини таъкидлаганди.

Хабарларга кўра, Россия Ташқи ишлар вазирининг ўзи Қозондаги йиғинда шахсан ҳозир бўлмаган, унинг иштирокчиларга мурожаатини президент Путиннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов ўқиб эшиттирган, унда бу гал муваққат Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги Толибон ҳайъати ҳам бевосита иштирок этган.

Москва форматининг бешинчи йиғинини ўтказишига Россияга Украинада олиб бораётган уруши ҳам таъсир қила олмаган.

Таҳлилчилар буни Россиянинг минтақада асосий куч айнан ўзи эканини кўрсатиб қўйиш истаги билан изоҳлашган.

Россия Ташқи ишлар вазири эса, ўзининг мурожаатида минтақадан четдаги ўйинчиларнинг Афғонистондаги фаолиятини фаоллаштиришга уринишларидан хавотирда эканликларини ҳам расман баён қилган.

Сергей Лавров, "буткул муваффақиятсизлик билан якунланган Афғонистондаги йигирма йиллик ҳарбий ҳозирлигининг аянчли натижаларига ҳамма масъулиятни ўз зиммасига олган тақдирдагина", минтақа мамлакатларининг НАТОга аъзо давлатлар билан саъй-ҳаракатларини тўлиқ бирлаштириш мумкинлиги"ни айтган.

Унинг айни мазмундаги баёнотига ҳам сўнгги йилларда Афғонистон билан ҳар томонлама алоқаларини кучайтириш ҳаракатида бўлган минтақа давлатлари пойтахтларининг муносабати маълум эмас.

Расмий Кремлнинг минтақага қаратилган баёнотлари Украина уруши ва Россия билан Ғарб ўртасидаги кескин геосиёсий танглик фонида кучайиб бораётгани билан ҳам хос аҳамият касб этган.

Марказий Осиё ва ҳарбий базалар

Rossiya harbiylari

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Россия, йилларки, аксарият минтақа давлатларининг энг йирик ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори саналади. Аксарият таҳлилчилар бунда айнан Россиянинг минтақадаги ҳарбий базалари ва иншоотлари муҳим аҳамият касб этиб келишини таъкидлашади.

Россия жорий пайтда дунёнинг Марказий Осиёда ўзининг тўлақонли ҳарбий базаларига эга ягона давлати бўлади.

Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси ва катта сондаги ҳарбий иншоотлари ҳам айнан минтақада жойлашган.

Жорий пайтда Россия томонидан ижарага олинган учта муҳим синов майдончаси мисолида Россия Мудофаа саноати учун катта аҳамиятга эга четдаги энг йирик ҳарбий объектлари Қозоғистон ҳисобига тўғри келса, ўз чегараларидан ташқаридаги энг йирик ҳарбий базаси Тожикистонда жойлашган.

Қирғизистондаги бирлашган Кант ҳарбий ҳаво базаси Россия Марказий Осиё ҳарбий округи баробарида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг Тезкор кучлари таркибига ҳам киради.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлашда иштирок этади.

Туркманистон " нейтрал" бўлса, Ўзбекистон ҳозир ўзининг Тезкор мадад кучларига эга Россия шамсияси остида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига кирмайди.

Орада томонлар Қирғизистон жанубида ҳам Россиянинг иккинчи ҳарбий базасини жойлаштириш юзасидан музокаралар олиб боришгани, аммо бу хусусда якуний бир тўхтамга келинмаганига оид хабарлар ҳам чиққан.

2016 йилда ўша пайтда қудратда бўлган президент Алмазбек Атамбаевнинг шартнома муддати тугагач, Американики ортидан, Россия ҳарбий базаси ҳам Қирғизистонни тарк этиши кераклигига оид сўзлари эса, баёнотлигича қолган.

Kant

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қирғизистондаги бирлашган Кант ҳарбий ҳаво базаси Россия Марказий Осиё ҳарбий округи баробарида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг Тезкор кучлари таркибига ҳам киради.

Пойтахт Бишкек яқинидаги Кант бирлашган ҳарбий ҳаво базасини 2003 йилда шахсан Путиннинг ўзи очиб берган.

Бу Қирғизистон-Россия муносабатларида "муҳим воқеълик" ўлароқ талқин этилган.

Ўшанда расмий Кремль Қирғизистонда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш - Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти олдидаги вазифаларни самарали ҳал қилишга ёрдам бериши, юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларга адекват ва самарали жавоб бериш учун қўшимча имкониятлар яратишини баён қилган.

Кант бирлашган ҳарбий ҳаво базасининг очилганига шу ой роппа-роса 20 йил бўлган, Путиннинг Қирғизистонга ташрифи ҳам худди шу пайтга тўғри келган.

Россия президенти кеча, 12 октябрь куни қирғизистонлик ҳамкасби билан пойтахт Бишкекда олиб борган музокаралари чоғида Қирғизистонда эканидан "жуда мамнун" эканини билдирган, кун тартибларида "эътибор қаратишлари керак бўлган саналар бор"лигини Садир Жапаров баробарида у ҳам таъкидлаган.

Ўтган йил Ғарб матбуотида Россия Кант бирлашган ҳарбий ҳаво базасидан ўз ҳарбийларини тўғридан-тўғри Украинага ташлаганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган, аммо улар ҳар икки томон масъуллари томонидан ҳам расман тасдиқланмаган.

Putin va Japarov

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Россия президенти кеча, 12 октябрь куни қирғизистонлик ҳамкасби билан пойтахт Бишкекда олиб борган музокаралари чоғида Қирғизистонда эканидан "жуда мамнун" эканини билдирган

Бу Халқаро Жиноят маҳкамасининг ҳибс тўғрисидаги ордери ортидан Россия президентининг бир хориж давлатига қилган илк сафари экани ва Украина уруши манзарасида амалга ошаётгани билан халқаро миқёсда ўзига эътибор тортган. Xудди шу гаплар билан сарлавҳаларга ҳам чиққан.

Қирғизистон Рим статутини расман имзоламаган, шу йил апрель ойида чиққан хабарлардан Адлия вазирлиги уни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ҳали ҳам кўриб чиқаётгани маълум бўлган.

Яқинда Тоғли Қорабоғни Озарбайжонга буткул бой бериши ортидан Рим статутини ратификация қилган Арманистон Бош вазири эса, Бишкекдаги саммитга келишдан бош тортган.

Путиннинг Бишкекка расмий ташрифи арафасида, шу ҳафта чоршанба куни Қирғизистон парламенти Россия билан умумий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳақидаги келишувни ҳам ратификация қилган.

Мазкур шартномада Россиянинг Қирғизистондаги Кант бирлашган ҳарбий ҳаво базасидаги беш гектар ер участкаси қўшма дастур учун фойдаланилиши, унинг беш йилга амал қилиши айтилган.

Расмий Бишкекнинг баён қилишича, Қирғизистон ва Россия ўртасида ҳаво ҳужумидан мудофаа минтақавий қўшма тизимининг яратилиши икки давлат ҳаво ҳудудини янада ишончли муҳофазасини таъминлайди.

Шунингдек, бу хавфсизликни кучайтиради ва миллий манфаатларни ҳимоя қилади.

"Қирғизистоннинг Россия билан стратегик муносабатларни мустаҳкамлашга содиқлигини тасдиқлайди".

Россия яна Қозоғистон, Тожикистон ва Беларусь билан худди шундай шартномаларга эгалиги айтилади.

Россия, йилларки, аксарият минтақа давлатларининг энг йирик ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори саналади.

Аксарият таҳлилчилар бунда айнан Россиянинг минтақадаги ҳарбий базалари ва иншоотлари муҳим аҳамият касб этиб келишини таъкидлашади.

Россия президентининг расмий ташрифи арафасида Қирғизистон шарқида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг кенг кўламли машғулотлари ҳам бошланган.

Хабарларга кўра, машғулотларга Россия, Беларусь, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан бир ярим мингга яқин ҳарбий ташланган.

Ўтган йил Қирғизистоннинг бунга "бирор бир сабаб кўрсатмай" изн бермагани эса, четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган воқеъликка айлангани ҳам бор гап.

Яқинда Хитой Марказий Осиё давлатлари билан хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорлигини ҳам кучайтириш истагини баён қилган бўлса, бундан аввал НАТОга аъзо Туркия ҳам уларга ҳарбий жиҳатдан яқинлашиш истагини билдирган.

Бунақаси эса, минтақанинг бу яқин тарихида кузатилмаган.

Бугун, 13 октябрь куни эса, Қирғизистон пойтахти МДҲга аъзо давлатлар лидерларининг саммитига мезбонлик қилган. Унда Ўзбекистон президенти ҳам иштирок этган.

Шу соатларда олинган хабарларга кўра, саммитда рус тили бўйича халқаро ташкилотни тузиш тўғрисидаги битим имзоланган.

Путин бундай ташкилотни яратиш ғояси учун Қасим-Жомарт Тоқаевга миннатдорчилик билдирган.

ТАСС эса, Россия президенти ёрдамчисининг янги ташкилот "ҳамдўстлик майдони билан чекланмаслиги ва барча манфаатдор томонлар учун очиқ экани"га оид сўзларидан иқтибос келтирган.

Расмий хабарларга кўра, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида ташкилот доирасидаги кўп қиррали муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилган.

Амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, Rasmiy

Ўзбекистон президенти Бишкекда қилган чиқишида саммитнинг глобал геосиёсий кескинлик кучаяётган бир шароитда ўтаётганига ўзининг диққатини қаратган.

Барча иштирокчи давлат раҳбарларининг ҳам ўз чиқишларида олдиларида турган умумий таҳдид ва хавф-хатарларни қайд этганликларини тилга олган.

Шавкат Мирзиёев МДҲга аъзо давлатларни назарда тутаркан, дунёнинг турли минтақаларидаги кескинлашиб бораётган зиддиятларнинг барқарор ривожланишларига ўта салбий таъсир қилаётганлигини таъкидлаган.

Бундай вазиятда МДҲ бўйича шериклари билан ҳамкорликнинг янги йўллари ва механизмларини излашда давом этишларини айтган.

Аммо айнан қай бир зиддиятларни назарда тутаётганини очиқламаган.

"Биз пайдо бўладиган хавф-хатарларни биргаликда баҳолаш, мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар ва ностандарт қарорларни қабул қилиш учун МДҲ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ноёб платформаси тўлиқ ишга солинишидан манфаатдормиз", - дея баён қилган Ўзбекистон президенти.

Шундай деркан, Шавкат Мирзиёев Ҳамдўстликнинг узоқ муддатли янги кун тартибини ишлаб чиқиш учун унга аъзо давлатларнинг етакчи таҳлил марказлари ва экспертлари иштирокида конференция ташкил этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилган.

2024 йил учун МДҲга раислик Россияга ўтган.

Ғарбнинг ҳарбий ҳозирлиги

Xonobod bazasi

Сурат манбаси, DEPARTMENT OF VETERANS AFFAIRS

Сурат тагсўзи, Ғарбнинг Марказий Осиёдаги ҳарбий ҳозирлиги 2014 йилдан уёғига ўтмаган.

Ғарбнинг Марказий Осиёдаги илк ҳарбий ҳозирлиги 2001 йилга бориб тақалади.

Афғонистондаги Толибон ва "Ал-Қоида" жангариларига қарши амалиётларининг дастлабки босқичида Ўзбекистон АҚШга Қарши шаҳри яқинидаги "Хонобод" базасини таклиф қилган, аммо 2005 йилги Андижон воқеалари ортидан ўзаро муносабатларнинг кескин совуқлашиши уларнинг базани тарк этишлари билан якунланган.

Бишкек аэропортида жойлашган базадан эса, АҚШ томони 2001 йилдан бошлаб Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун муҳим транзит маркази сифатида фойдаланиб келган.

Қирғизистон марказни 2009 йилда ёпиш ҳаракатига тушган, аммо сўнгроқ АҚШ билан бу хусусдаги шартномасини яна беш йилга узайтиришга қарор қилган. 2014 йилнинг июлида эса, расман ёпган. Бунга ўшанда Россиянинг босими сабаб бўлгани ҳам айтилган.

Айрим минтақавий таҳлилчилар ўшанда ўзига чегарадош бир минтақада Ғарбнинг ҳарбий ҳозирлиги Хитойга ҳам хуш ёқмай келганига ўз эътиборларини қаратишган.

НАТО бошчилигидаги коалиция таркибига кирувчи айрим давлатлар эса, Термиз ва Тожикистондаги ҳарбий базалардан ҳам фойдаланиб келишган.

Аммо Ғарбнинг Марказий Осиёдаги ҳарбий ҳозирлиги 2014 йилдан уёғига ўтмаган.

Афғонистонни буткул тарк этиши арафасида айрим нуфузли Ғарб нашрларида Америка Қўшма Штатларининг ўз ҳарбий базаларини унга қўшни минтақа давлатларига қайтариш илинжида эканига оид хабарлар кўзга ташланган.

Жумладан, 2021 йилнинг апрелида "New York Times" америкалик расмийлар бу хусусда қозоқ, ўзбек ва тожик томони билан музокаралар олиб бораётгани ҳақида ёзган.

Худди шу хабарлар фонида айрим рус нашрларида Россия уларга Марказий Осиёдаги икки базаси имкониятидан фойдаланишни таклиф қилганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Ўшанда бу таклифга Вашингтон "аниқ жавоб бермагани", Кремль ва Американинг Афғонистон бўйича махсус вакили эса, айни мазмундаги хабарларни шарҳлашдан бош тортгани ҳам айтилган.

Воқеаларнинг бу каби ривожи эса, ўшанда Марказий Осиё давлатларини қайта бунга фақат Афғонистондан ўз хавфсизликларига улар илк бор Ғарб базаларига ўз эшикларини очган даражадаги таҳдидгина ундаши мумкин, деган фикрларга ҳам етаклаган.

Бугунги Афғонистон

Amerika harbiylari

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳозир Афғонистонда бирор бир хорижий аскар қолмаган

Ҳозир Афғонистонда НАТО ёки АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларининг бирор бир ҳозирлиги йўқ, улар ўзларининг 20 йиллик ҳарбий иштирокларидан сўнг 2021 йилнинг августида мамлакатни буткул тарк этишган.

Афғонистон, икки йилдирки, Толибон ҳаракатининг қўлида, яна Исломий Амирлик саналади, муваққат ҳукумати эса, ҳозирга қадар халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган.

Бунга 2019 йилда Афғонистон Толибон ҳаракати ва расмий Вашингтон ўртасида имзоланган "тарихий" битим йўл очган, аммо толиблар қудратни куч билан эгаллашган, бу Афғонистондаги қолган сиёсий гуруҳ вакиллари билан кечаётган музокаралар ва толибларни ҳам ўз ичига олиши кўзда тутилган коалицион ҳукумат ғоясини чиппакка чиқарган.

Афғонистон дунёнинг энг кўп миллатли давлатларидан бири бўлади. У ердаги биргина ўзбеклар сонининг ўзи миллионларга нисбат берилади.

Воқеаларнинг бу каби ривожи ортидан, Ғарб Афғонистонга бериб келаётган молиявий кўмакларини кесиб қўйган ва мамлакатнинг четдаги миллиардлаб долларлик активларини музлатган.

Яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган Афғонистон дунёнинг турли жангари ташкилотлар фаол бўлган саноқли давлатларидан бири бўлади, ўзбек жангари гуруҳлари ҳам бошпана топиб келган, келаётган мамлакат саналади.

Мавжуд вазият Афғонистон "Ер юзининг жаҳаннами"га айланиши, жангари гуруҳларнинг қайта бош кўтариши, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдосининг янада кучайиши, қочқинлар бўҳронини пайдо қилиши ва буларнинг барчаси минтақадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни издан чиқаришига оид жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Афғонистонда қисқа вақтнинг ичида юзага келган бу каби аҳволдан, айниқса, унга қўшни ва яқин минтақа давлатларининг ниҳоятда ташвишда эканликлари кўрилади.

Аммо Тожикистон истисно қолган минтақа давлатлари бу гал Толибон билан мулоқот йўлини танлашган, Афғонистон билан ҳар томонлама алоқаларини кучайтириш ва уни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳаракатларига зўр беришган.

Бунга устма-уст ўтказилаётган, бунга расмий Тошкент ҳам қайта-қайта мезбонлик қилаётган ва Афғонистон масаласи кун тартибига қўйилган минтақавий йиғинлар сонининг қанчалик ортгани ҳам далолат қилмай қўймаган.

Агар, Ўзбекистон мисолида олинса, Толибон ўзининг шимолий қўшнисини "дўст", деб аташгача борган.

Faktlar

Сурат манбаси, .

Толибон 2019 йилги худди ўша тарихий" битим шартлари асосида бирор бир жангари гуруҳнинг афғон тупроғидан учинчи бир давлатга ҳужум қилишига йўл қўймаслик масъулиятини ўз зиммасига олган ва бунга амал қилажагини такрорий равишда расман ва ошкора баён қилиб келади.

Америка Қўшма Штатлари эса, Толибон қудратда экан, яқинда Афғонистонда "ал-Қоида"нинг лидери Айман аз-Заваҳирийни ҳам ўлдирган.

Аммо Толибон қудратга қайтган қисқа вақтнинг ичида Афғонистонда ИШИД жангари гуруҳи Хуросон қанотининг қайта фаоллашгани ҳам кузатилади.

Сўнгги икки йил оралиғида Афғонистонда амалга оширилган энг қонли ҳужумлар ҳам ИШИДнинг Хуросон қаноти ҳиссасига тўғри келади.

ИШИД Хуросон қаноти Афғонистонда экан, илдизлари Фарғона водийсига бориб тақалувчи Ўзбекистон Исломий ҳаракати энг сўнггида тўлиғича байъат келтирган гуруҳ.

Aйнан ИШИД Хуросон қаноти Толибон қудратга қайтиши ортидан ўзининг тарихида илк бор афғон тупроғидан туриб Афғонистонга чегарадош икки минтақа давлати - Ўзбекистон ва Тожикистонни ракета ҳужумига тутишга муваффақ бўлгани ҳам бор гап.

Xarita

Сурат манбаси, .

Муҳим транзит йўлида жойлашган, табиий захираларга бой, аммо иқтисоди таназзулга юз тутиш ёқасида қолган ва аксар аҳолиси қашшоқ Афғонистон Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё давлатлари баробарида бир томондан, дунёнинг ядровий қудратлари саналувчи Хитойу Покистон, бошқа томондан, геосиёсий муҳим Эронга чегарадош, Россия ва Ҳиндистонга эса, яқин жойлашган, минтақанинг аксарияти ўзаро адоватда бўлган бу ўйинчи давлатлари, йилларки, ўз таъсирлари остига олиш, ўз манфаатларини парваришлаш илинжида бўлган мамлакат.

Ўзининг асосий ядровий, геосиёсий ва геоиқтисодий рақибларининг Афғонистондаги фаоллашувига қарши Ғарбнинг ҳозирча кескин баёнот билан чиққани кўрилмайди.

Ҳалича халқаро босимларга ён бераётгандек кўринмаётган Толибон муваққат ҳукумати эса, бугун айнан Афғонистон иқтисодини яхшилаш, мамлакатга кўпроқ халқаро сармоя жалб этиш ва ўзларининг савдо-тужжорий шерикларини турфалаштириш орқали халқаро иҳотадан чиқиш режаси ва ҳаракатида. Ва бунга имконли бўлган ҳар ким билан мулоқотга киришиш улар учун аҳамиятли.

Ўзгараётган вазият

Толибон қудратда бўлган Афғонистонда вазият ўзгармоқда.

Бугунги афғон можароси ечими, Ғарб ортда қолдирган бўшлиқни тўлдиришга дунёнинг бирваракайига тўрт ядровий қудрати қизиқиш билдираётир.

Сўнгги йилларда Россия бўладими ёки қудратли Хитой, Толибон муваққат ҳукуматига шу пайтгача кўрилмаган иқтисодий имтиёз ва лойиҳалар билан чиқаётганига оид хабарларнинг сони ортган.

Tolibon liderlari Rossiyaning maxsus vakili bilan muloqotda

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Россия президенти эса, ўтган ой Афғонистондаги иқтисодий вазиятни барқарорлаштириши мумкин бўлган йирик иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича яхши режалар борлигидан бохабар эканликларини ошкора эътироф этди

Бирови нефти, газию ғалласи, бошқаси эса, ўзининг узоқ йиллик сармоясини таклиф қилаётгани, ҳамкорликда бир неча юз миллионлаб долларлик дастлабки шартнома ва келишувларга бораётгани маълум бўлди.

Россия президенти шу йил бошида Афғонистондаги иқтисодий вазиятни барқарорлаштириши мумкин бўлган йирик иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича яхши режалар борлигини билишларини ҳам яшириб ўтирмади.

Москва Афғонистоннинг Кобулдаги раҳбарияти билан алоқа ўрнатганлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.

Россиянинг Толибонга тобора яқинлашиш саъй-ҳаракатлари ва Путиннинг айни мазмундаги баёнотлари Украина уруши ва айни шу уруш боис, Россия Ғарбнинг мислсиз санкциялари остида экани фонида кузатилаётгани билан янада хос аҳамият касб этди.

Россиянинг бу каби сиёсатига Толибоннинг Афғонистондаги муваққат ҳукуматини расман тан олмагани, ҳаракатнинг ўзини ҳануз "террорчилар" рўйхатида ушлаб тургани ҳам тўсқинлик қила олмагани кўрилди.

Бу Россиянинг халқаро иҳотадан чиқиш ва айнан Афғонистон оша ўзига янги бозору харидорлар топиш ҳаракатида қатъий эканига оид талқинларга ҳам сабаб бўлди.

Ғарбнинг "режаси"?...

Hayraton ko'prigi
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон билан икки ўртада Афғонистоннинг халқаро аҳамиятга молик ва Шимолий Таъминот тармоғининг энг муҳим узви бўлган Ҳайратон кўприги ва порти жойлашган

Россиянинг Марказий Осиёни Ғарб таҳдиди билан қанчалик тез-тез огоҳлантиришга ўтгани сўнгги ойларда эътиборга тушган воқеъликка айланган.

Минтақага айни оҳангдаги огоҳлантиришларининг сўнггисида Россия Федерал Хавфсизлик Бюроси раҳбари террорчилар Марказий Осиёда ҳокимиятни эгаллаш ниятида экани, бу АҚШ ва Британия разведка хизматларининг фаол иштирокида амалга оширилаётганини иддао қилиб чиққан.

ТАССнинг хабар беришича, Александр Бортников бу ҳақда 11 октябрь куни МДҲ хавфсизлик ва махсус хизматларининг йиғилиши чоғида баён қилган.

Унинг огоҳлантиришича, террорчиларнинг устувор мақсади Марказий Осиё давлатлари, биринчи навбатда, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистонда ҳокимиятни қўлга киритиш ва уларни глобал халифалик, деб аталмиш тузумга қўшишдир.

ФСБ раҳбарининг айтишича, "халқаро террорчи ташкилотлар яқин келажакда Афғонистондан ташқарида террорчилик ҳужумларини амалга ошириш салоҳиятига эга бўлишлари мумкин".

Александр Бортниковга кўра, халқаро террорчи ташкилотлар етакчилари тарқоқ гуруҳларни бирлаштириб, уларни қўшни давлатларга, биринчи навбатда, Марказий Осиё ва Россияга қадар кенгайтириш режаларини яширишмаяпти.

Агар, унинг ҳисоб-китобларига таянилса, ҳозир Афғонистондаги "ал-Қоида" жангариларининг сони 1,5 мингдан ошади, ИШИД Хуросон қаноти аъзолариники эса, 6,5 га етади.

"Халқаро террорчи ташкилотлар сафига қўшилган Марказий Осиё фуқароларининг чегара ҳудудларида разведка ишларини олиб бораётгани, қўпорувчи гуруҳлар ва террор воситаларини ташлаш учун заиф нуқталарини аниқлаётгани ҳақида маълумотларимиз бор", - дея баён қилган Бортников.

Унинг бу сўзларига Афғонистондаги Толибон муваққат ҳукуматининг муносабати маълум эмас.

ТАСС хабарида Россия Федерал Хавфсизлик Бюроси раҳбарининг огоҳлантиришларига Афғонистонга қўшни минтақа давлатлари вакилларининг муносабати ҳам ноаён қолган.

Унинг таъкидлашича эса, "худди шу боис ҳам, айнан ҳозир АҚШ ва НАТО Афғонистондаги террор таҳдидини жиловлаш баҳонасида ўзларининг Марказий Осиё Республикаларидаги ҳамкорларига ҳарбий-техник соҳада ва чегара хавфсизлиги йўналишида ўз хизматларини фаол тиқиштиришга ўтган".

"Ишончимиз комилки, уларнинг мақсади МДҲ ҳудудларини ҳарбий жиҳатдан ўзлаштириш ва аъзолари орасига нифоқ солиш", - дея Россия Федерал Хавфсизлик Бюроси раҳбари.

Биринчиси эмас...

Sergey Lavrov

Сурат манбаси, VYACHESLAV PROKOFYEV/TASS

Яқинда Россия Ташқи ишлар вазири ҳам Ғарб давлатлари Марказий Осиёда ўз инсонпарварлик ва ҳарбий иштирокларини ўрнатишга ҳаракат қилишаётганига оид иддао билан чиққан.

Сергей Лавров шу йил июнь ойида буни минтақага кириш учун "мақсадли ва қатъий" уриниш, дея тилга олган.

Россия Ташқи ишлар вазири ҳарбий соҳадагисини ҳам назарда тутаркан, Марказий Осиё давлатларини "ғарбликлар томонидан тиқиштирилаётган ҳамкорлик схемаларига танқидий назар билан қараш"га чақирган.

Россия Ташқи ишлар вазирининг бу сўзлари ўтган ой Тожикистон пойтахти Душанбеда янграган.

Сергей Лавров, шунингдек, Ғарбнинг тараққиётга кўмак дастурларига ҳам хосан тўхталиб ўтган.

Россия Ташқи ишлар вазири уларни Ғарб давлатларининг геосиёсий муҳандислари томонидан илгари сурилаётган дастурлар ўлароқ тилга олган.

Унинг фикрича, бу дастурлар "аслида Марказий Осиё минтақаси сиёсий ва иқтисодий ландшафтини ўзига мослаб ўзгартириш ва назорат қилиш учун бир воситадир".

Россия Ташқи ишлар вазири бу, шу жумладан, сувдан фойдаланиш каби муҳим соҳани ҳам кўзда тутишини айтган.

Бу эса, сув тақчил, тобора чўллашиб бораётган, сув тақсимоти ва трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш масаласи ҳассос бўлган минтақада уруш чиқишигача олиб келиши мумкин бўлган соҳа сифатида кўрилади.

Худди шу фонда муваққат ҳукумати халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Толибон ҳаракатининг трансчегаравий Амударёдан канал тортиш ҳаракатлари ҳам бугун минтақада алоҳида хавотирга молик масала бўлади.

Устма-уст баёнотлар

Sergey Shoygu

Сурат манбаси, kremlin.ru

Сурат тагсўзи, Россия Мудофаа вазири НАТОни, "Шоша-пиша чиқиб кетиши ортидан Афғонистонни қайта тиклашнинг устида ишлашнинг ўрнига, турли йўллар билан Марказий Осиё минтақасида ўзининг ҳарбий ҳозирлигини тиклашга уринаётганлик"да ҳам айблаган.

Россия томони яқинда Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиёдаги вазиятни беқарорлаштириш ниятида, дейишгача борган.

Жумладан, Россия Мудофаа вазири Америка бунинг учун Афғонистондаги "ноқонуний қуролли гуруҳлар салоҳиятидан фойдаланмоқчи" эканини ҳам даъво қилган.

Сергей Шойгу, "келажакда уларнинг қўшни давлатларга кириб бориши, хусусан, террорчилик ҳаракатлари содир этиши мумкин"лигини ҳам башорат қилган.

Аммо имконли бўлган хабарларда, шундай деркан, Россия Мудофаа вазирининг ўз сўзларига бирор бир исбот-далил келтиргани-йўқлиги ноаён қолганди.

АҚШ Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан минтақанинг икки мустақил давлати - Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудида илк бор жойлаштиришга муваффақ бўлган ҳарбий ҳаво базаларини улар ҳукуматларининг талаби остида бундан ҳам анча аввал ёпишга мажбур бўлган.

Афғонистондан чиқиб кетиши фонида ҳарбий базаларини яна Марказий Осиёга қайтариш уринишлари ҳозирга қадар самара бермаган.

Россия Мудофаа вазири эса, НАТОни, "Шоша-пиша чиқиб кетиши ортидан Афғонистонни қайта тиклашнинг устида ишлашнинг ўрнига, турли йўллар билан Марказий Осиё минтақасида ўзининг ҳарбий ҳозирлигини тиклашга уринаётганлик"да ҳам айблаган.

Сергей Шойгу, "буни КХШТ маконида барқарорликка бевосита таҳдид", деб билишларини ҳам баён қилган.

Шу йил апрель ойида Россия Мудофаа вазири Қўшма Штатлар Марказий Осиё давлатларидан ўзининг ҳарбий инфратузилмасини жойлаштиришни сўраганини айтиб чиққан.

Россия Мудофаа вазири ўшанда буни "Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти маконида барқарорликка тўғридан-тўғри таҳдид, деб ҳисоблашлари"ни айтган.

Сергей Шойгу "АҚШнинг Марказий Осиёдаги ҳозирлигини тиклашга уринишлари" фонида Россия ўзининг Тожикистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базалари жанговар тайёргарлигини кучайтиришини маълум қилган.

Россия Мудофаа вазири, "юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларга жавобан бошқа тезкор кучларнинг ҳарбий ҳозирлигини ҳам оширишлари"ни қўшимча қилган.

Аммо Сергей Шойгу, шундай деркан, бу айнан нималарни кўзда тутиши тафсилотларини очиқламаганди.

Бунинг ортидан шу йил май ойида Кремлда янграган қўшма баёнотларидан эса, Путин ва Жапаровнинг Қирғизистон ҳудудидаги Россия ҳарбий объектларини ривожлантиришни муҳим, деб ҳисоблашлари маълум бўлган.

Аммо Россия Мудофаа вазирининг айни мазмундаги баёнот ва даъволарига аксарият минтақа пойтахтларининг муносабати ноаён қолган.

Россия томонининг минтақада ҳарбий ҳозирлигини кучайтиришга оид баёнотлари Украина уруши фонида янграгани билан кўпчилик диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмаган.

Марказий Осиё Россия, АҚШ ва Хитой мисолида дунёнинг глобал геосиёсий, геоиқтисодий ва ядровий қудратлари манфаатлари тўқнашган минтақалардан бири бўлади.

Улар сўнгги йилларда постсовет ҳудудидаги Россия ўзининг сиёсий ва геосиёсий орбитасига янада кучлироқ тортиш илинжида бўлган мамлакатлар сифатида кўрилишади.

Ўзбекистон эса, ҳарбий блокларга кирмасликни ўз ташқи сиёсатининг бош стратегик йўналиши, деб эълон қилган.

Мудофаа доктринасига кўра, Ўзбекистоннинг бу соҳадаги сиёсати ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслик, ҳарбий-сиёсий блокка айлантирилганда ҳар қандай давлатлараро ташкилотдан чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолиш тамойилларига асосланган.

Бир томондан Ғарбнинг асосий рақиблари ва дунёнинг геосиёсий, геоиқтисодий, ядровий қудратлари сирасига кирувчи Россия ва Хитой, бошқа тарафдан муҳим транзит йўли саналувчи, узоқ йиллик урушлар ортидан ҳозир яна Толибон ҳаракати қўлида бўлган беқарор Афғонистонга чегарадош, катта сондаги арзон ишчи кучи, табиий энергия заҳиралари, турли ноёб ва қимматбаҳо маъданларга бой Марказий Осиё эса, дунёнинг геостратегик жиҳатдан муҳим минтақаси.

Россия, Хитой ва АҚШ геосиёсий рақобатда бўлган, учовлон ўз таъсирини кучайтириш ва манфаатларини парваришлаш илинжида бўлган ҳудуд.

Россиянинг сўнгги йилларда кучайиб бораётган огоҳлантиришларини аксарият таҳлилчилар Марказий Осиёни ўз таъсири остида сақлаб қолиш, Ўзбекистонни ҳам ўзининг шамсияси остидаги ҳарбий блокка қайтариш учун Кремль қўлидаги муҳим босим воситаларидан бири сифатида кўриб келишади.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002