Янгиликлар: Мирзиёев ҳудудий яхлитликни урғулади, украиналиклар ҳудуди учун ўлишга ҳам розими, Путиннинг ‘Қиёмат' генералига нима бўлди ва Тожикистон Россиядан қўрқмадими? Rossiya Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
Дунёда нима гап?
Алоқадор мавзулар
- Янгиликлар: Янги ҳужум - Москва аэропортларига нима бўлди, Украина кучайдими ва Бағдод марказида порно - мусулмон давлатида ҳамма ҳайрон...
- Янгиликлар: Кобулдаги худкуш ҳужумчи ўзбекистонликми, туркманлар хавотирда, Қозоғистон раддия билан чиқди ва Ўзбекистонда ҳокимлар кимлар?
- Украина уруши: Москва Ситидаги осмонўпар бино иккинчи марта ҳужумга учради
- Янгиликлар. Россия: Путин Украинани тўхтатмоқчими?
Бокудаги баёнот

Сурат манбаси, .
"Ўзбекистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини доим қўллаб-қувватлаб келган ва бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлайди".
Айни мазмундаги баёнот президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи чоғида янгради.
Икки давлат президентлари Олий даражадаги музокараларидан кейин оммавий ахборот воситаларига баёнотлар беришди.
Шундай деркан, Ўзбекистон президенти Тоғли Қорабоғда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Айни мазмундаги баёнот бошқа бир собиқ Совет давлати - Украинада кечаётган уруш манзарасида янграгани билан ҳам четдаги кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортди.
Сўнгги йилларда Россия устма-уст урушлар билан Украинанинг беш ҳудудини зиддиятли референдумлар орқали ўз таркибига қўшиб олган, уруш ҳануз тинмаган.
Шавкат Мирзиёев Туркий Кенгашнинг 2021 йилги норасмий саммитида Тоғли Қорабоғ масаласида тарихий баёнот билан чиққан.
Ўзбекистон президенти ўшанда Тоғли Қорабоғ ҳудудининг Озарбайжонга қайтарилишини "тарихий адолатни тиклаш йўлидаги ғалаба", деб атаган.
Шавкат Мирзиёев бу минтақани қайта тиклашда мамлакати Озарбайжонга ёрдам беришга тайёр эканлигини ҳам баён қилган.
Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда расман Озарбайжоннинг ҳудуди сифатида тан олинади.
Тоғли Қорабоғ устидан Озарбайжон билан талашиб келган Арманистон эса, мустақил Ўзбекистон ўзининг элчихонасини очмаган ягона МДҲ давлати бўлади.
Мустақил Ўзбекистоннинг икки президентидан ҳеч бири давлат раҳбари сифатида Арманистонга ташриф билан ҳам бормаган.
Бу ҳам Тоғли Қорабоғ можароси фонида кўплаб таҳлилчиларнинг эътиборини ўзига тортган воқеъликка айланган.
Ўзбекистон президентининг Озарбайжонга давлат ташрифи кеча, 22 август куни бошланган.
Бу Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон президенти этиб сайланиши ортидан бир хорижий мамлакатга амалга оширган илк давлат ташрифи бўлган.
Оммавий ахборот воситаларига баёнот бераркан, кеча, 22 август куни Ўзбекистон президентининг ўзи ҳам бунинг аҳамиятини алоҳида урғулаган.
"Сайловдан кейинги биринчи ташрифимни айнан Озарбайжонга ошираётганим рамзий маънога эга. Бу икки томонлама ҳамкорлигимиз энг юксак даражага чиққани, яқинлашишга ўзаро интилиш борлиги, шериклик учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради", - деб айтган Шавкат Мирзиёев.
Расмий хабарларга кўра, Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи чоғида томонлар ўртасида Олий давлатлараро кенгаш ташкил этиш тўғрисидаги шартнома ҳам имзоланган.
Мазкур шартнома икки томонлама муносабатларда янги босқични бошлаб бериши таъкидланган.
Шавкат Мирзиёевнинг пойтахт Бокуда расман баён қилишича, "Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасида ҳеч қандай муаммоли масалалар йўқ".
Аксар аҳолиси мусулмон Озарбайжон Ўзбекистон каби дунёнинг туркий тилли давлатларидан бири бўлади.
Туркий тилли давлатларнинг ҳамкорлик салоҳияти эса, жуда юқори, деб баҳоланади ва айниқса, Украина уруши боис, минтақада геосиёсий танглик кучайиб бораётган бир манзарада ўта муҳим, деб кўрилади.
Украиналиклар ва ҳудудий яхлитлик

Сурат манбаси, Getty Images
Аксарият украиналиклар уруш тугаши учун ҳудудий ён беришларга боришга тайёр эмас ва буни қабул қилишмайди.
Бунга янги сўров натижалари далолат қилаётир.
Сўров "Демократик ташаббуслар" жамғармаси ва Разумков Маркази социологик хизмати томонидан ўтказилган.
Унинг натижаларига кўра, кўпчилик украиналиклар ўз мавқеъларида собит қолишган.
Улар "уруш тўхташи учун ҳудудий ён беришлар эвазига тажовузкор билан муросага боришни истамасликлари"ни билдиришган.
Бунга рози эканликларини билдирган украиналикларнинг улуши эса, бугун 5 фоизга ҳам етмаслиги маълум бўлган.
Украинада рус тилига расмий/давлат тили мақоми берилиши талабига қаршилар ҳам катта кўпчилик(75%)ни ташкил этган.
Етмиш фоизга яқин одам декоммунизация сиёсатидан воз кечишни номақбул, деб топган.
Социологларга кўра, "Тўлақонли уруш ва одамлар наздида давлат қадрининг ортиши сабаб, мустақил Украинада ўтмишга қараш ўзгарган. Мустақиллик йилларида ижобий воқеалар кўпроқ бўлди, деб ҳисобловчилар сони сезиларли даражада ошган".
Сўров 9-15 август кунлари ўтказилган.
Унда 18 ва ундан катта ёшдаги 2 мингдан зиёд одамнинг фикри сўралган.
Россия 2022 йилнинг 24 февраль куни яна Украинага кирган, Путин буни "махсус ҳарбий амалиёт", Украина ва Ғарб эса, тўлақонли уруш, деб атаган.
Томонларни муросага келтиришга бўлган уриниш ва ташаббуслар ҳалича иш бермаган, тинчлик музокаралари истиқболи ҳам ҳануз мавҳулигича қолаётир.
Путиннинг "Қиёмат генерали" қаерда?

Сурат манбаси, RUSSIAN PRESIDENTIAL PRESS OFFICE/TASS
Генерал Суровикиннинг тақдири шу кунларда яна кун тартибига чиққан.
Россиядаги қатор оммавий-ахборот воситаларининг манбалари бу ҳақда кетма-кет хабар беришгани кўрилган.
"Эхо Москви" собиқ муҳаррирининг ёзишича, "Путин генерал Суровикинни Ҳаво-космик кучлари қўмондони лавозимидан четлатган".
Унинг ортидан Россиядаги бошқа оммавий ахборот воситаларининг манбалари ва Z-каналлари ҳам шунга ўхшаш хабарлар билан чиқишган.
Генерал Суровикин Пригожиннинг шу йил июнь ойидаги қисқа қуролли исёни ортидан кўринмай қолган.
Орада ҳам унинг тақдирига оид гап-сўзлар бўй кўрсатган.
Аммо генералга аниқ нима бўлганига оид расмий хабарлар ҳали-ҳануз имконсиз, унинг истеъфога чиққани-йўқлиги ноаён.
"Эхо Москви" газетаси собиқ Бош муҳаррири Алексей Венедектовнинг ўз Telegram каналида ёзишича, Суровикин 2017 йилдан буён эгаллаб турган вазифасидан четлатилган, аммо Россия Мудофаа вазирлиги ва Қуролли кучлари ихтиёрида қолган.
У сўнгги бор шу йилнинг 24 июнида кўриниш берган.
Ўшанда генерал қўлида қурол билан "Вагнер" жангчиларига видеомурожаат билан чиққан, уларни ўз жойларига қайтишга чақирган.
Суровикин кўринмай қолгач, дастлаб Z-каналлар, кейин эса, қатор оммавий ахборот воситалари ҳам унинг ҳибсга олинганини тахмин этишган.
Россия президентининг матбуот котиби бу иш Мудофаа вазирлигининг ваколатига киришини айтиб, бу ҳақда изоҳ беришдан бош тортган.
Вазирлик эса, ҳозирча бу хусусда бирор бир расмий баёнот бермаган.
Генерал Суровикин 2017 йилнинг кузида Россия Ҳаво-космик кучлари қўмондони этиб тайинланган.
2022 йилнинг октябридан 2023 йилнинг январигача Украинадаги Россия бирлашган кучлари гуруҳига бошчилик қилган.
Кейин эса, гуруҳ қўмондони муовинлигига туширилган.
Тожикистонда номлар ўзгарди

Сурат манбаси, Rasmiy
Хабарларга кўра, Тожикистонда 3 мингдан ортиқ географик жой номлари тожикчага ўзгартирилган.
Маълум бўлишича, буни Тожикистон ҳукумати маъқуллаган.
Улар орасида Помирдаги Рус олими шарафина номланган энг йирик Федченко музлиги ҳам борлиги айтилмоқда. Энди унинг номи Ванжях.
Совет партияси етакчиси Серго Оржоникидзе номидаги музлик Спитамен, маршал Александр Василевский музлиги тожик шоири Мирзо Турсунзода, Москва Давлат университети музлиги эса, Садриддин Айний номидаги Тожикистон Давлат педагогика университети номини олгани айтилмоқда.
Asia-Plus нашрининг ёзишича, қарорга мувофиқ, Тожикистондаги авваллари қирғиз ёки ўзбек тилида аталган 900 дан ортиқ дарёнинг янги номлари ҳам тасдиқланган, тожикча бузилган номдагилари эса, ўзгартирилган.
Мингдан ортиқ довонлар, йўлаклар, харобалар, булоқлар, қудуқлар, адирликлар, жарлар, водийлар ва бошқа жўғрофий жой номлари ўзгартирилди, демоқда нашр.
Маълум бўлишича, Тожикистондаги махсус ишчи гуруҳи 2021 йилнинг ноябридан баён 12 ярим мингдан зиёд жой номларини ўрганган.
Гуруҳ 4 минг 31 та жўғрофий жой ва 800 дан ортиқ аҳоли пункти номлари бугунги воқеъликка мос келмайди, деган хулосага келган.
Тожикистонлик масъулларнинг чиқишларидан аён бўлишича, жой номларини тожикчасига ўзгартириш жараёни шу билан тўхтаб қолмайди, ҳали яна давом этади.
Тожикистондаги жой номлари билан боғлиқ сўнгги янгиликка расмий Москванинг муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди. Минтақа пойтахтлари ҳам жим.
Аммо яқинда Россия Ташқи ишлар вазири Қирғизистондаги давлат хизматчиларини қирғиз тилида иш юритишга масъулловчи янги қонунга муносабатини узоқ куттирмаган, унинг "демократияга зид" эканини айтган.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












