Украина уруши: Москва Ситидаги осмонўпар бино иккинчи марта ҳужумга учради - Янгиликлар

Бино фасадида шикастни кўриш мумкин.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Бино фасадида шикастни кўриш мумкин.

Россия пойтахти Москвадаги кўп қаватли бино икки кун ичида иккинчи марта дрон ҳужумига учради. Бу ҳақида шаҳар ҳокими Сергей Собянин хабар тарқатди.

Унга кўра, тунда бир нечта дрон уриб туширилган, улардан бири яна якшанба куни нишонга олинган Москва Сити мажмуасидаги бинога бориб урилди.

Бинонинг шиша фасади шикастланган, аммо жароҳатлар хабар қилинмади.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳужумда Украинани айблади. Аммо Киев одатда бу каби ҳужумлар борасида шарҳ бермайди.

Сешанба куни, шунингдек, Қора денгизда Россия денгиз кучлари кемаларига ҳужум қилишга уринган учта Украина одамсиз кемаларини йўқ қилгани борасидаги Россия баёнотини ҳам Киев шарҳсиз қолдирди.

Москва мэрига кўра, шаҳардаги осмонўпар бинонинг 150 квадрат метрга тенг шишаси синдирилган.

Украинанинг "террористик ҳужуми"ни қайтарганини айтган мудофаа вазирлиги Москва вилоятида яна икки Украина дронини аксил-учоқ тизимлари билан уриб туширганини билдирди.

Россия матбуотига кўра, Москванинг Внуково аэропорти вақтинча ёпилган.

Фавқулодда вазиятлар ходимлари ҳужум жойида ишлаётганларини кўриш мумкин.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Фавқулодда вазиятлар ходимлари ҳужум жойида ишлаётганларини кўриш мумкин.

Охирги ойларда Россия ҳудудида бир нечта дрон ҳужумлари амалга оширилди. Улардан бири май ойида Президент Владимир Путиннинг расмий қароргоҳи саналмиш Кремлни нишонга олганди.

Украина алоҳида ҳужумлар борасида шарҳ бермаса-да, Президент Володимир Зеленский Россия ҳудудидаги ҳужумлар "бартараф қилинмас, табиий ва мутлақо адолатли жараён" эканини айтган.

Бошқа хабарларда:

  • Украина шимоли-шарқидаги Харкив шаҳри ҳокимига кўра, тунда шаҳарга қилинган Россия дрон ҳужумида ётоқхона шикастланган.
  • Расмийларга кўра, душанба куни Украина марказидаги Кривий Рих шаҳрига қилинган ракета ҳужумида олти киши, жумладан 10 яшар қиз ҳалок бўлган ва 75 киши яраланган.
  • Украина шарқидаги Донецк шаҳрининг Россия ўрнатган ҳокимлигига кўра, душанба куни Украина ракета ҳужумида уч киши ҳалок бўлган.
BBC

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002