Янгиликлар: Янги ҳужум – Москва аэропортларига нима бўлди, Украина кучайдими ва Бағдод марказида порно – мусулмон давлатида ҳамма ҳайрон... Rossiya Ukraina O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
Дунёда нима гап?
Алоқадор мавзулар
- Янгиликлар: Кобулдаги худкуш ҳужумчи ўзбекистонликми, туркманлар хавотирда, Қозоғистон раддия билан чиқди ва Ўзбекистонда ҳокимлар кимлар?
- Украина уруши: Москва Ситидаги осмонўпар бино иккинчи марта ҳужумга учради
- Янгиликлар. Россия: Путин Украинани тўхтатмоқчими?
- Янгиликлар. Украина: Россия ҳар қандай эҳтимолга тайёрми?
Янги дрон ҳужуми
Пойтахт яқинида яна дрон уриб туширилган.
Россия Мудофаа вазирлиги янги баёнот билан чиқди.
Вазирликка кўра, дрон самолёт типида бўлган, маҳаллий вақт билан эрталаб соат 06:50 да зарарсизлантирилган.
Россия томонининг иддао қилишича, дрон Украинаники бўлган.
"Ҳаво кучлари томонидан Москва вилояти ҳудудида аниқланган. Радиоэлектрон воситалари ёрдамида нишонга олинган. Бошқарувини йўқотиб, Одинцово туманидаги Покровской қишлоғи яқинида қулаб тушган. Қурбонлар йўқ", - дея маълум қилган вазирлик.
Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлигига таяниб, "Новости" ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Покровское қишлоғи пойтахт Москвадан 40 км ғарбда жойлашган.
Бунинг ортидан олинган бошқа хабарларда эса, дроннинг Рузский туманининг Покровское қишлоғи яқинида қулагани айтилмоқда.
Бу қишлоқ Россия пойтахтидан 65 чақиримча узоқ.
Шу соатларда Россия Мудофаа вазирлиги Москва яқинида уриб туширилган иккинчи дрон ҳақида маълум қилди.
Вазирликка кўра, иккинчи дрон Москва вилоятининг Истра туманида йўқ қилинган.
Дрон ҳужумлари ҳақида биринчилардан бўлиб хабар берувчи Москва мэри иккинчи ҳодиса ҳақида ҳозирча жим.
Москва вилояти губернатори Андрей Воробёв эса, Истрада дроннинг қулаши оқибатида икки киши жабрланганини маълум қилди.
Россия томонига кўра, Украина дрони якшанба куни Курск вилоятидаги темир йўл вокзалига зарба бераркан, беш кишини яралаган.
Яна бир дрон эса, Курск Украина билан чегарадош Ростовга келиб тушгани айтилган, аммо хабарларга кўра, бу ерда талафотлар кузатилмаган.
Украина томони ҳам воқеаларнинг сўнгги ривожи юзасидан ҳалича бирор бир баёнот билан чиқмаган.
Москва аэропортларида нима гап?

Сурат манбаси, VALERY SHARIFULIN/TASS
Расмий хабарларга кўра, янги ҳужум Москвадаги икки йирик аэропорт фаолиятига таъсир қилган.
"Внуково" ва "Домодедово"да парвозлар яна чекланган.
Москва вилоятининг худди шу қисмида жойлашган "Внуково"да рейсларнинг бир қисми бошқа аэропортларга йўналтирилган.
Baza Телеграм-канали эса, дрон ҳужумидан кейин пойтахтдаги барча тўртта аэропортда парвозлар тўхтатилгани ҳақида ёзмоқда.
Сўнгги жума куни ҳам пойтахт Москва дрон ҳужумига тутилган.
Худди шу ҳужум ортидан ҳам, Москванинг тўрт йирик аэропортида парвозларнинг тўхтатиб қўйилгани хабар қилинганди.
Россия Федерал Ҳаво транспорти агентлиги душанба куни ҳам тўрт аэропортдаги парвозларга чекловлар киритилганини расман тасдиқлаган.
Агентликнинг билдиришича, маҳаллий вақт билан эрталаб соат 09:00 га келиб, аэропортлар барчаси нормал режимда ишламоқда.
Бунгача эса, чекловлар сабаб, 45 та йўловчи ва иккита юк рейси муқобил аэропортларга йўналтирилган.
Ёз ойларида Москвага дрон ҳужумлари мунтазам тус олди.
Россия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар истиқомат қилувчи давлати бўлади.
Уларнинг энг катта улуши пойтахт Москва ва вилояти ҳиссасига тўғри келади.
Орада кучайиб бораётган дрон ҳужумларидан Туркманистоннинг жиддий хавотирда экани кўрилган.
Яқинда "Туркманистон" авиакампанияси Москвага парвозларни тўхтатганига оид хабарлар олинган.
Яна айрим тасдиқланмаган хабарларда эса, Туркманистон ўз фуқароларини эвакуация қилиш ҳаракатида экани ҳам айтилган.
Украина кучаядими?

Сурат манбаси, Rasmiy
Украина президенти Голландия ва Данияда бўлди.
Володимир Зеленский ҳар икки давлат раҳбари билан F-16 қирувчи самолётлари таъминоти масаласида келишиб олди.
Голландия Украинага 42 та қирувчи самолёт беришга рози.
Аммо уларнинг барчаси ҳам техник жиҳатдан шай бўлмаслиги мумкин.
Дания эса, Украинага жами 19 та F-16 бермоқчи.
Аммо бу босқичма-босқич амалга оширилади.
Дания Бош вазирига кўра, олтитаси Янги йилга яқин, бештаси эса, келаси йил давомида Украина ихтиёрида бўлади.
Маълум бўлишича, буларнинг барчаси украиналик учувчиларни тайёрлаш ва АҚШнинг Данияга F-16 лари ўрнига F-35 қирувчи самолётларини етказиб бериши билан боғлиқ.
Сўнгги янгиликка Россиянинг муносабати ҳозирча маълум эмас.
Ғарб Украинанинг F-16 қирувчи самолётига оид сўровини фақат яқинда қондирган.
Путин Ғарбнинг қирувчи самолётлари ҳам Leopard танклари каби Украинада ёнажаги билан таҳдид қилган.
Харьковдан эса, янги жангларга оид хабарлар олинмоқда.
Отишмалар натижасида Волчанскда ўндан ортиқ тинч фуқаронинг яралангани, Купянскда бир одамнинг ўлгани айтилмоқда.
Бағдодда порно...

Сурат манбаси, AFP
Шанба куни Ироқ пойтахтида юз берган ҳодиса халқаро миқёсда эътиборга тушди.
Бағдоднинг гавжум чорраҳасидаги катта экранда реклама ўрнига тўсатдан порно фильм пайдо бўлди.
Расмийлар пойтахтдаги барча электрон билбордларни вақтинча ўчириб қўйишди.
Мусулмон Ироқ пойтахти учун бундай ноодатий воқеа акс этган видео ва суратлар эса, бир зумда ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Полиция гумондорни қўлга олган.
У Бағдоддаги электрон реклама билбордлари билан шуғулланувчи ширкатнинг техник ходими бўлиб чиққан.
Полициянинг маълум қилишича, техник ходим молиявий масалалар сабаб ширкат билан тортишиб қолган.
Фирмадан қасд олиш мақсадида реклама ўрнига ҳаёсиз фильмни қўйиб юборган.
Франс-Пресс ахборот агентлигининг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага таяниб ёзишича, порно фильм экранда бир неча дақиқа кўринган.
Кейин хавфсизлик кучлари етиб келиб, кабелни узишган.
Якшанба куни маҳаллий масъуллар Бағдоддаги барча электрон билбордларни ўчириб қўйишган.
Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, мутахассислар бундай ҳоллардан қандай ҳимояланиш йўлини топмагунларича, электрон билбордлар ишламайди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













