Молдова: Педофил эркакларни ахталаш керакми ё йўқми?

Сурат манбаси, Jupiter Images
Молдова президенти Николай Тимофти ёш болаларга жинсий тажовуз қилган педофилларни бичишни "қийноқ" деб атади ва парламент маъқуллаган лойиҳага қўл қўймайди.
Ўтган март ойида мамлакат парламенти оғир ҳолатларда болаларни таҳқирлаган педофилларни ахталашни кўзда тутадиган қонунни маъқуллаб, овоз берганди.
Ушбу қонунга кўра, ҳали 15 ёшга тўлмаган болани куч билан зўрлаган педофиллар кимёвий усулда бичилиши керак.
Собиқ СССРнинг энг қашшоқ мамлакатларидан бири бўлган Молдова бугун хорижлик педофилларни ўзига тортаётгани айтилади.
Масалан, Молдовада зўрланган ёш болаларнинг ярмидан кўпини чет элликлар таҳқирлашган.
Буларнинг баъзилари Молдовага қайтиб келиб, қайтадан болаларга тажовуз қилишган.
Шу боис кўпчилик парламент аъзолари кимёвий бичишни қонунга айлантиришни исташди. Бунга кўра, педофилликда айбланган эркакка жинсий мойилликни пасайтирадиган махсус гормон берилади.
Аммо жинсий мойилликни фақат уч ойгача камайтириб турадиган кимёвий бичиш қанчалик самара беришини баъзи депутатлар савол остига олишган ва бошқа усулларни кўриб чиқишга чақиришганди.
Бироқ Халқаро Амнистия гуруҳи Молдова парламенти қарорини танқид қилган ва у инсоннинг энг бирламчи ҳақ-ҳуқуқларини топтайди, деб атаганди.
Ғарблик педофиллар одатда камбағал ва қонун яхши ишламайдиган мамлакатларга бориб, ёш болаларни жинсий таҳқирлаши ҳақида кўплаб мисоллар бор.
Ҳали уч йил олдин Польша номусга тажовуз қилган баъзи одамларни мажбуран бичишга қарор қилганди. Яқинда Россия ҳам шу каби қонунни тақдим этди.
Олмония ва Чехияда эса анча вақтдан бери жинсий тажовуз қилган одамлар ихтиёрий тарзда жарроҳлик йўли билан бичилади.












