Бобурийлар қулаши, шафқатсиз Британия ва Деҳлидаги жиноятлар Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Rajendera Kalkal
- Author, Зоя Матин
- Role, BBC News, Деҳли
1876 йилнинг совуқ январь оқшомида икки мусофир Муҳаммад Хоннинг Деҳлидаги тор кўчалардан иборат гавжум ҳиёбон - Сабзи Мандида жойлашган хонадони эшигини тақиллатиб, бир кеча тунаб қолиш мумкинми, деб сўради.
Хон уларга қолишлари учун хона берди. Аммо эртаси куни эрталаб бу меҳмонлар ғойиб бўлганди. Хоннинг уларга берган тўшаги ҳам йўқ эди. Хонни тунаб кетишганди, аммо бошқаларга ўхшамаган, ғалати шаклда.
Алоқадор мавзулар:
Орадан тахминан 150 йил ўтгач, Хоннинг бу кўргулиги тарихи Деҳлида қайд этилган энг қадимги жиноятлар рўйхатида акс этди, улар ҳақидаги маълумотлар ўтган ой шаҳар полицияси веб-сайтига юкланди.
Эски баённомаларда 1861 йилдан 1900 йиллар бошларига қадар шаҳарнинг бешта асосий полиция бўлинмаларида - Сабзи Манди, Меҳраули, Котвали, Садар бозори ва Нанглойда қайд этилган тахминан 29 та шундай ҳолатлар тафсилотлари мавжуд. Хоннинг ишида, полиция мусофирларни ушлаб, ўғирликда айблаб, уч ойга қамаганди.
Дастлаб араб ва форс сўзлари аралашган урду тилида шикаста хати билан ёзилган бу ҳужжатлар Деҳли полиция комиссари ёрдамчиси Ражендра Сингх Калкал бошчилигидаги гуруҳ томонидан таржима қилинган ва тўпланган. Ҳар бир ҳолат алоҳида тасвирлаб ҳам берилган.

Сурат манбаси, Delhi Police
Жаноб Калкалнинг Би-би-сига айтишича, бу ёзувлар кўплаб ишғол ва ўзгаришлар тўлқинларини бошдан кечирган бу шаҳардаги одамлар ҳаёти ҳақида ноёб тасаввур беради. "Файллар ўтмиш ва ҳозирги кун учун ойнадир", дейди у.
Шикоятларнинг аксарияти майда ўғирликлар - апельсин, чойшаб ва музқаймоқ ўғирлаш билан боғлиқ. Бир гуруҳ одамлар чўпонни пистирмага тушириб, калтаклаб, 110 та эчкисини олиб кетган; бир одам чойшаб ўғирлагач, "40 қадам масофада" қўлга олинган; қопларни қўриқлаб ўтирган соқчи Даршанни калтаклаб, унинг кўрпаси ва бир пой пойабзалини олиб қочиб кетишган.
Ҳиндистон ўтмиши билан таниш бўлганлар учун бу ғалати туюлиши мумкин, чунки 1860-йиллар Деҳли тарихида айниқса қоронғи давр эди. Бобурийлар ҳукмронлиги Ҳиндистоннинг биринчи мустақиллик уруши деб аталадиган 1857 йилдаги қўзғолонни инглизлар бостиргандан сўнг тугади. Бир пайтлар сўлим боғлари, дарвешлари, санъати ва бобурий рамзлари бўлган шаҳар талон-тарож қилинаётган замон эди.

Сурат манбаси, Delhi Police
Рассом ва тарихчи Маҳмуд Фаруқийнинг айтишича, ўша пайтда катта жиноятлар содир бўлмаганининг эҳтимолий сабабларидан бири қўзғолондан кейинги йилларда одамлар темир мушт билан ҳукмронлик қилишда давом этган инглизлардан қаттиқ қўрқар эди.
Эркаклар, аёллар ва болалар ваҳшийларча ўлдирилди. Кўпчилик Деҳлини бутунлай тарк этишга ва яқин атрофдаги қишлоқларга кўчиб ўтишга мажбур бўлган. Шаҳарда қолганларнинг бир нечтаси доимий равишда отув ёки дорга осилиш таҳдиди остида яшашга мажбур бўлган. "Бу хунрезлик даври эди. Одамлар шунчалик даҳшатга тушгандики, унинг жароҳати йиллар давомида азоб берди".
Фаруқийнинг қўшимча қилишича, замонавий полиция кучлари аллақачон ташкил этилган Колката (собиқ Калкутта) каби бошқа шаҳарлардан фарқли ўлароқ, Деҳлида бобурийлар ҳукмронлиги давридаги эски полиция тизими сақланиб қолганди. Уни янгиси билан алмаштириш осон эмасди. "Шундай қилиб, жиноятлар қайдномаларида номувофиқликлар ёки бўшлиқлар бўлиши тайин."

Сурат манбаси, Getty Images
Деҳли полиция музейида сақланадиган ёзувлар ўтган йили топилган. Музей экспонатларини тадқиқ қилиш ва сақлашга масъул бўлган жаноб Калкал уларни бир куни чириган эски архивларни кўздан кечираётганда топганини айтади. "Мен юзлаб эски баённомалар кўздан нарида ётганини кўрдим. Уларнинг формати 200 йил ўтса ҳамки ўзгармаганди".
Жаноб Калкалнинг айтишича, у ҳам жиноятларнинг бу қадар майдалигидан ҳайратда қолган, бу ерда сигарет, пижама ва апельсин каби нарсаларни ўғирлаш "энг ёмон қилмиш" эди.
Аммо нисбатан зарарсиз жиноятлар ҳақида полицияга хабар берилгани кўплаб даҳшатли жиноятлар содир бўлмаганини англатмайди - жаноб Калкалнинг тахминига кўра, биринчи қотиллик иши Ҳиндистон полицияси тўғрисидаги қонунга биноан инглизлар томонидан 1861 йилда полициянинг уюшган шакли пайдо бўлгандаёқ очилган.
"Қотиллик ҳолатларини аниқлаш тадқиқотимиз мақсади эмас, лекин мен улар бўлганига аминман", дейди у.
Шикоятларнинг кўпчилигида иш "текшириб бўлмайдиган" деб белгиланган, бу жиноятчи ҳеч қачон қўлга олинмаганини кўрсатади. Аммо бошқа баъзи ҳолларда, масалан, Хоннинг иши каби, айбдорлар калтаклаш, қамиш билан савалашдан тортиб, бир неча ҳафталар ёки ойлар қамашгача жазоланган.

Сурат манбаси, Rajendera Kalkal
Шундай жиноятлардан бири 1897 йилда шаҳарнинг энг дабдабали "Империал" меҳмонхонасида 233-хонада содир бўлган. Хоналардан биридан бир шиша ликёр ва бир қути сигарет ўғирлаб кетилган. Меҳмонхона ўғрини қўлга олганлик учун 10 рупий миқдорида катта мукофот эълон қилди. Аммо барибир иш тўхтаб қолди, ўғри топилмади.
"Бугунги кунда жиноятлар шу қадар мураккаблашганки, уларни очиш учун ойлар ва йиллар керак бўлади. Аммо у вақтда ҳаёт анча содда эди: ё ишни ҳал қиласиз, ё ҳал қилмайсиз", дейди Қалқал.
Калкал жамоаси тўпламдан жуда мамнун, бироқ унинг айтишича, дастлаб таржима жараёни осон бўлмаган. Урдуча шикаста ёзувни ўқиш қийинлиги уни бир неча марта ҳафсаласини совутган, ишни битказиш учун урду ва форс тили олимларининг маҳорати ва матонати керак бўлган.
"Аммо биз бу ишлар арзигулик эканлигини билардик", дейди у.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
















