Янгиликлар: Қозоғистон Путинни нима қилади? Россиядан қўрқмайдими? Qozog‘iston O‘zbekiston Rossiya Yangiliklar

Rossiya va Qozog'iston prezidentlari

Сурат манбаси, official

    • Author, Феруза Раҳмон
    • Role, bbc.com/uzbek

Расмий Остона ўзининг жавобини айтди. Путин энди Қозоғистонга келса, нима бўлади?

Алоқадор мавзулар:

"Немис тўлқини" расмий ташриф билан Берлинда экан, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирининг муовини билан суҳбатлашди.

Германия телерадиoкомпанияси Роман Василенко билан суҳбати чоғида Гаагадаги Халқаро Жиноят маҳкамасининг Путинни ҳибсга олишга берган ордери масаласини ҳам четлаб ўтмади.

Халқаро Жиноят маҳкамаси шу йилнинг 17 март куни ўзининг шов-шувли қарорини эълон қилган.

Маҳкама президент Владимир Путин ва Россиянинг Болалар ҳуқуқлари бўйича комиссарини ҳибсга олиш ҳақида ордер берган.

Халқаро Жиноят маҳкамаси бу икковлонни 2022 йилнинг февраль ойидаги ишғол ортидан болаларнинг Украинадан Россияга ноқонуний депортациясига шахсан жавобгар, деб топган.

Яна, шунингдек, Путинни болалар депортацияси олдини олиш учун ўзининг президентлик ваколатидан фойдаланмаганликда ҳам айблаганди.

"Немис тўлқини" Қозоғистон Ташқи ишлар вазири муовинидан, "Гаагадаги халқаро маҳкама Владимир Путинни ҳибсга олиш ҳақида ордер берди. Қозоғистон Рим статутини ратификация қилмаган. Энди ҳозирги аҳволида ҳам Россия президентига хушлигича қоладими?", - деб сўраган.

Халқаро Жиноят маҳкамасининг Путинга чиқарган ордери ортидан қолган бирор бир Марказий Осиё давлати вакилининг бу каби саволга тутилгани ҳалича кенг матбуотда кўзга ташланмаган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ўзининг жавобини мамлакати Рим статутини имзоламагани ва ратификация қилмаганини таъкидлаш билан бошлаган.

Унга кўра, юристлари Рим статутини Қозоғистон конституциясига зид, деган фикрда.

"Россия президенти Путин билан мулоқотга келсак, президентимиз бу алоқани бутун мустақиллигимиз, хусусан, ўтган бир йил давомида ҳам сақлаб келди", - дея давом этган Роман Василенко.

Унга кўра, Қозоғистон ва Россияни дунёдаги энг узун 7500 километрлик чегара боғлайди.

Қозоғистонда 3,5 миллион рус яшайди, бир миллионга яқин этник қозоқ эса, Россия фуқаролари бўлишади.

Россия Федерацияси Қозоғистоннинг энг йирик савдо шериги ҳисобланади.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазири муовинининг айтишича, "Шунинг учун ҳам бу муносабатлар, албатта, сақланиб қолади ва давом этади".

Бир дунё давлатининг Халқаро Жиноят маҳкамаси ордерига мувофиқ Путинни ҳибсга олиши-олмаслиги саволи жорий пайтда дунё диққат-эътиборидаги саволлардан бири бўлади.

Қозоғистон Россиядан қўрқадими ёки қўрқмайди?

Screenshot

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, Германия телерадикомпанияси Роман Василенко билан суҳбати чоғида Гаагадаги Халқаро Жиноят маҳкамасининг Путинни ҳибсга олишга берган ордери масаласини ҳам четлаб ўтмади

Берлиндаги каттагина суҳбатнинг ўзи ҳам асосан Украина уруши атрофида кечган.

"Немис тўлқини" Роман Василенкодан, "Қозоғистон, бир томондан, Украинада уруш очган ва иккинчи тарафдан, Ғарбга ядровий қурол билан таҳдид қилаётган Россиядек қўшнисидан қўрқмайдими?", - деб ҳам сўраган.

Роман Василенко бунга жавобан, "Қозоғистон кўпқутбли ташқи сиёсати туфайли дунёнинг ҳеч бир давлати билан ёмон муносабатларга эга бўлмаган тинчликсевар мамлакат" эканини айтган.

Унинг таъкидлашича, Қозоғистон бу можаронинг тез орада тугатилишидан чин дилдан манфаатдор ва зарур бўлса, бунда ўз ролини ўйнашга ҳам тайёр.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазири муовинининг баён қилишича, зиддиятларни ҳарбий йўл билан ҳал қилиш қатъий ечим эмаслигини айтишдан тортинишмайди.

"БМТ Низомида кўзда тутилган низоларни тинч йўл билан ҳал этишга қайтиш муҳимлиги ҳақида гапиришдан тўхташмайди".

Роман Василенко айни шу жавобида Қозоғистон ўз вақтида ўша пайтда дунёдаги тўртинчи энг йириги бўлган ядровий арсеналидан воз кечганлигини ҳам тилга олиб ўтган.

Худди шу суҳбат манзарасида Рим статути доирасида Путинни ҳибсга олиши-олмаслиги масаласига Арманистон ҳам ойдинлик киритган.

Арманистон вице-спикери Россия президенти мамлакатларига келса, уни Халқаро Жиноят маҳкамасига топшириш режасида эмасликларини айтган.

Арманистон 24 март куни Рим статутини ўзининг Конституциясига мувофиқ, деб тан олган.

Кремль бунга зудлик билан ва кескин муносабат билдирган.

Арманистон Конституцион суди қарорини "қабул қилиб бўлмас", деб атаган ва бунинг "ўта салбий оқибатлар"идан огоҳлантирган.

Тоғли Қорабоғ масаласи юзасидан сўнгги пайтларда Россия ва Арманистон ўртасидаги алоқаларнинг анчайин совугани кузатилади.

Иттифоқчилик?..

Putin va besh Markaziy Osiyo davlati prezidentlari

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Нейтрал Туркманистон илова беш Марказий Осиё давлати Россиянинг анъанавий иттифоқчилари сифатида кўрилишади

Нейтрал Туркманистон илова беш Марказий Осиё давлати Россиянинг анъанавий иттифоқчилари сифатида кўрилишади.

Россия уларнинг асосий стратегик шериклари, энг йирик савдо-иқтисодий , ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори бўлади.

Йилларки, минтақанинг миллионлаб сондаги аҳолиси учун энг катта меҳнат бозори вазифасини ҳам бажариб келади.

Аммо Марказий Осиё давлатларининг ҳеч бири шу пайтгача Россия Украинага очган урушни на-да ошкора қўллаган ва на-да қоралаган.

Ғарбнинг Россияга қарши халқаро санкциялари масаласида ҳам бунга ошкора эътироз билдириб чиққанликлари кўрилмаган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Украинага оид халқаро резолюцияларида ҳам бетарафликларича қолишаётир.

Уларнинг бу каби нейтрал мавқеига Россия билан анъанавий иттифоқчилиги ҳам ўз таъсирини ўтказа олмаган.

"Немис тўлқини" Қозоғистон Ташқи ишлар вазири муовинига "Сиз Қозоғистон Украинадаги можаро бўйича ўз позициясини аниқ ифодалаганини айтдингиз. Аммо биз Россиянинг Украинага бўлган тажовузи ёки ҳарбий жиноятларини қатъий қоралаганини эшитмадик. Нега?", деган саволни ҳам берган.

Роман Василенконинг бунга жавобан айтишича, "Қозоғистон ўзининг позициясини аниқ белгилаб олган".

"Бу БМТ Низоми асосида барча давлатлар, шу жумладан, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш заруратидан иборат".

1 апрелдан Қозоғистон Россияга параллел импортлар устидан назоратни кучайтиришга қарор қилган.

"Немис тўлқини" билан суҳбати чоғида Қозоғистон Ташқи ишлар вазири муовини бунинг сабабига ҳам ойдинлик киритган.

Буни қозоқ компанияларига нисбатан иккиламчи санкциялар хавфини англаган ҳолда, ўтган йил давомида санкцияларни четлаб ўтиш учун ўз ҳудудларидан фойдаланилиши олдини олиш йўлида кўрилаётган чоралардан бири сифатида изоҳлаган.

Қозоғистон ва Россия

Rossiya va Qozog'iston prezidentlari

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Кремлнинг кучайиб бораётган империалистик амбициялари фонида Қозоғистон Путин ва Россия сиёсатчилари энг кўп тилга олаётган давлатлардан бирига айланган

Mинтақанинг энг йирик иқтисоди бўлган Қозоғистон Россияга чегарадош.

Марказий Осиёнинг табиий энергия захираларига бой иккита давлатидан биттаси.

20 миллионга яқин аҳолисининг 20 фоизчасини руслар ташкил этади.

Бу икки давлатнинг қуруқликдаги ўзар туташ чегараси дунёдаги энг узуни бўлади.

Кремлнинг сўнгги йилларда кучайиб бораётган империалистик амбициялари фонида Қозоғистон Путин ва Россия сиёсатчилари энг кўп тилга олаётган давлатлардан бирига айланган.

Россия томонидан ери, давлатчилиги ошкора савол остига олинган.

Расмий Остонанинг Украина, унинг бўлгинчи ва ишғол остидаги ҳудудлари мустақиллиги ҳамда аннексияси борасидаги Россия мавқеига зид чиқишлари эса, икки ўртадаги даҳанаки жангни янада қизитган.

Орада ҳар икки давлатнинг бир-биридан норозилиги элчиларининг Ташқи ишлар вазирликларига чақириш даражасига етиб борган.

Путиннинг Украинага қарши ҳеч ким кутмаган уруши ва СССРнинг парчаланишидан қанчалик ошкора афсусга тушиб қолгани эса, унинг кейинги нишони қай бир постсовет давлати бўлажагига оид саволларни қизитган.

Худди шу манзарада айнан Қозоғистон кўпчилик ўзининг диққатини қаратган давлат сифатида намоён бўлган.

Айнан Марказий Осиё Украина уруши боис Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида қоларкан, Путин ва Россия халқаро иҳотадан чиқиш учун тобора яқинлашиш, ўз таъсир доирасидан имкон қадар чиқармасликка жадал ҳаракат қилаётган минтақа бўлади.

Бу унинг минтақадаги геосиёсий таъсирини ҳозиргисидан-да кучайтиради, деган хавотирларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek