Россия нега Украина жанубида тиқилиб қолди?

The moment Russian forces crossed into southern Ukraine from occupied Crimea

Сурат манбаси, Ukrainian Border Guards Service

Сурат тагсўзи, Босиб олинган Қримдан ўтаётган Россия қўшинлари
    • Author, Абдужалил Абдурасулов
    • Role, BBC News, Mykolaiv

Россия бир йил аввал Украинага босқинни бошлаган вақтда унинг энг катта муваффақиятларидан бири мамлакат жанубида бўлди. Рус қўшинлари Қримдан бостириб кириб бир неча кун ичида Швейцария ҳудудидан катта майдонни эгаллаган эди.

Украина расмийлари жанубда қандай хатога йўл қўйганликларини ҳамон изоҳлашганича йўқ. Ўшанда нима рўй берганига ойдинлик киритиш учун Би би си ҳарбийлар, сиёсатчи ва фаоллар билан гаплашди.

2022 йил 22 феврали соат 19:15 да Украина хавфсизли кенгаши раиси Олексей Данилов қизил папкада махфий ҳужжатлар олди. Унда президент ҳаёти хавф остида экани ҳақида огоҳлантирув бор эди. Данилов зудлик билан хавфсизлик хизматлари бошлиғи, ички ишлар вазири, бош вазир ва президент Володимир Зеленскийнинг ўзи билан гаплашди.

Аммо Украина раҳбарияти ҳарбий ҳолат эълон қилишга шошмади. Қўшинлар сафарбар қилинмади. Атиги бир неча ҳафта олдин Украина расмийлари Ғарбнинг Россия босқинидан огоҳлантиришларини "манипуляция" деб атаб, одамларни хотиржамликка чақирган эди.

Даниловнинг айтишича, ҳукуматда режаланган босқин ва ҳатто унинг қачон бўлиши ҳақида ҳам батафсил маълумот бўлган. "Биз 22 февралда бўлади деб кутган эдик", деб тушунтиради у. Унинг айтишича, Россиянинг режаси аслида босқин бошлангандан 2 кун илгари бўлиши керак эди.

Captured Russian maps have the date 22 February 2022 written on them by hand
Сурат тагсўзи, Россия қўмондонидан тортиб олинган 1989 йилги махфий харита

"Мақсадимиз мамлакат ичида саросима олдини олиш эди. Шунинг учун буларнинг барини маҳфий сақлаш муҳим эди".

Агар Украина расмийлари Москванинг режаси ҳақида шунчалик кўп нарса билган экан, Россия армияси қандай қилиб бу қадар тезликда жанубдаги Херсон вилоятини эгаллаб олди?

Қрим яриморолини Украинанинг асосий ҳудудидан тор йўлак ажратиб туради ва бу ерда рус қўшинлари учун табиий тўсиқлар ҳам бор эди. Камига Херсон вилоятида кенг ёйилган ирригация тармоқлари ҳам бор.

Украина кучлари русларнинг илгарилашини секинлаштириш учун барча кўприкларни йўқ қилиши керак эди, аммо ундай бўлмади.

Даниловнинг айтишича, расмийлар ҳозирда бу ҳолатни текширмоқда ва жараён тугамагунча бу саволга жавоб берилмайди: "Аммо биз буни яширмоқчи ҳам, эътиборсиз қолдирмоқчи ҳам эмасмиз".

Қрим ва Херсонни боғловчи Чонхар кўприги миналанган эди ва буни Украина бош штаби босқин бошлангач тасдиқлади. Аммо Россиянинг босқинчи кучлари Украина мудофаасидан 15 баробар катта бўлганини ҳисобга олиб, миналар портлатилмагани ҳақидаги гапларни рад қилган.

Танқидчиларнинг таъкидлашича, Россиянинг устунлиги сабабли кўприк вайрон қилиниши керак эди.

Украина қўшинлари рус қўшинларининг Херсон вилояти жанубий қисмига бу қадар осон ўтиб келишига тайёр бўлмагани аниқ эди.

1px transparent line
Oleksiy Danilov
Сурат тагсўзи, Украина хавфсизлик хизмати Россия ҳужуми ҳақида икки кун аввал билган, дейди Олексий Данилов

Натижада улар бошиданоқ чекинишга мажбур бўлган. Днепрдан ўтувчи кўприкни ҳимоя қилган катта лейтенант Евгений Палченконинг айтишича, ҳарбий техника ва қўшинлар чекинар экан, Херсон яқинидаги Антоновский кўпригидан ўтиш учун икки соат вақт кетган.

Бу Украинанинг Қрим яқинида кўп сонли қўшин тўплаганидан дарак беради. Аммо кўприклар портлатилмагани сабабли, душман кучлари кўпайиб кетди.

"Агар ҳаво мудофааси бўлмаса, қандай қилиб уларнинг олдинга силжишини тўхтата оласиз? - деб тушунтиради лейтенант Палченко. - Душман қирувчи учоқлари учиб келиб, бомбалашди, атрофдаги ҳамма нарсани портлатишди. У ерда кўп одам ва техника йўқотдик".

«Тезлик Россиянинг муваффақияти учун жуда муҳим эди. Уларнинг тактикаси йирик шаҳарларни айланиб ўтиш, уларни ўраб олиш ва илгари силжиш эди. Улар Миколаевни икки кунда, Одессани эса уч кунда олишни режалаштирган эдилар, - дейди Миколаев мудофаасини ташкил қилиш учун юборилган генерал-майор Дмитрий Марченко. Аммо Россия режаси барбод бўлди.

Генерал Марченко келганида, ҳали шаҳарни ҳимоя қилиш режаси йўқ эди. "Мудофаа қаерда бўлишини сўраганимда, уларда ҳали ҳам мудофаа ҳаритаси йўқ эди", дейди у.

У йўл харитасини олиб, уни тўрт қисмга бўлиб, ҳар бир қисмга масъул бўлинмалар ва командирларни тайинлади. Улар сафарбарлик эълон қилишди ва тезда минглаб одамлар рўйхатга олинди. Янги келганларнинг кўпчилиги илгари ҳарбий хизматни ўтаган эди.

Улар гранатомётлар билан қуролланган танкка қарши гуруҳлар туздилар ва рус танклари яқинлашаётганидан огоҳлантирувчи постлар ўрнатдилар. Херсондан фарқли ўлароқ, бу ердаги суғориш каналлари устидаги кўприклар депутат Роман Костенко бошчилигида шошилинч тузилган махсус кучлар томонидан вайрон қилинган эди.

BBC
line

Украина қўшинлари Антоновский кўпригида русларни тўхтатиш учун қаттиқ курашди. 25 февраль куни ярим тунда рус қўшинлари ҳужумга ўтди. Лейтенант Палченко ва унинг танк батальони уларни тўхтатиши керак эди.

"Танкимга бир неча марта зарба берилди ва тизим ишдан чиқди. Шундай қилиб, биз Иккинчи Жаҳон урушидаги Т-34 танкларида бўлгани каби, ҳамма нарсани қўлда қилишимиз керак эди.»

Рус қўшинлари жуда катта эди, шу боис лейтенант Палченко ва унинг батальони кўприкдан чекинишга мажбур бўлди. Аммо у кечаси бир неча марта қайтди. Унинг танклари Украина десантчиларига ёрдам берди ва уларнинг вазифаси рус қўшинларининг кўприкдан ўтишига йўл қўймаслик эди.

A Russian tank

Сурат манбаси, Maj Gen Marchenko

Кейинчалик 23 ёшли бу йигит мамлакатнинг энг олий ҳарбий унвони - Украина Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди.

Уларнинг қаршилиги Миколаевга ҳимояни тайёрлаш учун яна бир неча кун вақт берди. Ҳарбий ва фуқаролик гуруҳларининг ўзаро мувофиқлаштирилган ва яхши ташкиллаштирилган саъй ҳаракати вақтдан унумли фойдаланишни англатарди.

"[Миколаев ҳокими] Виталий Ким ёрдамни ташкил қилиш учун одамлар билан мулоқот қилишни яхши биларди, - деб эслайди генерал-майор Марченко. - Бизга экскаваторлар керак эди - улар тезда бориб, [хандаклар ва ариқлар] қазишди. Бизга бетон блоклар ва танкка қарши тўсиқлар керак эди - улар ярим кун ичида ҳамма нарсани қилишди.

Маҳаллий аҳоли доимий равишда рус қўшинларининг ҳаракатини кузатиб борди ва украиналик артиллериячиларга уларнинг координаталарни етказиб турди. Оддий одамлар зирҳли техникаларни йўқ қилди ва асирга ҳам олди, дейди генерал-майор Марченко.

"Биз рус қўшинларини тўхтатдик, чунки халқ ёрдам берди", дея қўшимча қилади у.

Қўшимча хабарлар - Анна Тсиба