Нафрат, муҳаббат ва Путин: Россия дезинформацияни қандай амалга оширмоқда? Янгиликлар

Сурат манбаси, AFP
- Author, Григор Атанесиян
- Role, Глобал дезинформация жамоаси
Аксил ғарб кремлпараст ижтимоий тармоқ Франциянинг Африкадаги собиқ мустамлакаларининг айрим қисмларида Россия манфаати учун тарғибот кaмпаниясини олиб бормоқда.
"Russosphère" (Россия сфераси) тармоғи Францияни замонавий мустамлакачиликда айблаб, Владимир Путинни олқишламоқда ва Украина армиясини "нацистлар" ва "сатанистлар" дея Россиянинг расмий қарашини тарғиб этмоқда.
Улар яна Россиянинг Вагнер жангариларини мақтовга кўмиб, гуруҳга қўшилмоқчи бўлганлар учун маълумотлар тарқатмоқда.
Экспертлар бу каби ёлғон хабарлар Ғарб ва Африка халқлари ўртасида ишончсизлик уруғини экади ва қитъада Украинани қўллаб қувватлашни камайтиради деб ҳисоблайди.
Ушбу тармоқни кузатиб бораётган "Logically" технология ташкилоти билан ҳамкорликда Би би сининг "Global Disinformation Team" жамоаси унинг ортидаги кутилмаган шахсни аниқлади: ўзини "сталинист" деб атовчи 65 ёшли бельгиялик.
Россияни ҳимоя қилиб, Вагнерга миннатдорлик билдириш

Russosphère ўзини "Россия ҳимоясидаги тармоқ" деб таърифлайди. Турли платформалардаги бир нечта ижтимоий медиа гуруҳларидан иборат ушбу тармоқ 2021 йили ташкил топган, аммо тўлиқ 2022 йил февралида - Россиянинг Украинага босқини бошланишидан сал аввал ишга тушган. Тармоқ тезликда 80 000 дан ортиқ обуначини эргаштирди.
Босқиндан сўнг Россия давлат ОАВлари барча катта ижтимоий платформалардан бадарға бўлди. Аммо Russosphère эмас, у тезликда Facebook, YouTube ва Twitter'да, қўшимчаси Telegram ва ВКонтактеда мустаҳкам ўрнашди.
Тармоқнинг фош этилиши Франция ва қатор Африка давлатлари ўртасида муносабатлар кескин совуқлашган вақтга тўғри келди. Экспертлар бу совуқлашишни Кремлнинг таъсири ва пропаганда натижасида юзага келган россияпараст туйғуларга нисбат бермоқдалар.

Кайл Уолтер Logically'нинг АҚШдаги суриштирувлари бўйича раҳбаридир. Сунъий ақл билан қувватланган маълумотлар ва очиқ манбаларни ўрганиш асосида Logically тармоқни кузатди ва унинг ортида Люк Мишел исмли шахс турганини аниқлади.
Ўтмишда Мишел Украинанинг Россия босиб олган ҳудудларида ўтказилган референдумни олқишлаш билан шуғулланган, кейин эса Россияга хизмат қилувчи жангариларни ёлловчи ташкилотни улуғлаб, "Merci [раҳмат] Wagner" гуруҳини очган.

Сурат манбаси, Luc Michel's website
Биз Мишел билан боғландик ва у Russosphère ҳақида гаплашишга рози бўлди. У бу тармоқни ташкил қилганини, аммо Россиядан ҳеч қандай молиявий ёрдам олмаганини, балки бари "шахсий маблағлар" ҳисобидан эканини айтди.
Шунингдек, у Вагнер ва унинг раҳбари Евгений Пригожин билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигига ишонтиришга уринди. "Мен кибер уруш, медиа уруши учун масъулман... Пригожин эса ҳарбий ҳаракатлар учун масъул", деди у.
Logically ҳисоботи ҳаммуаллифи жаноб Уолтернинг сўзларига кўра, Мишелнинг тарғибот саъй-ҳаракатлари биринчи марта ҳақиқий таъсир кўрсатмоқда. "Russosphère биринчи марта Люк Мишел ва унинг умумий таъсир операциялари сезиларли муваффақиятга эришди", дейди у.
"Гуруҳларга дастлаб ботлар ёрдам берган бўлса, ҳозир улар бутун Африка бўйлаб кўплаб ҳақиқий издошларга эга ва изчил таъсир кўрсата олади."
Қаддофий ва Путиннинг мухлиси
Мишелнинг дастлабки тарихи ўзини Африканинг дўсти деб эълон қилган кишига унчалик ҳам мос келмаслиги мумкин.
1958 йилда туғилган Мишел ёшлигиданоқ сиёсий фаол бўлган, аввалига ўз ватани Бельгиядаги неофашистик гуруҳларга қўшилган, сўнг Америкага қарши бирлашган "Владивостокдан Дублингача Евро-Совет империяси"ни орзу қилган собиқ нацист ҳамкори Жан Тириарга эргашган.
Иштиёқи уни ўша пайтдаги раҳбар Муаммар Қаддофийни қўллаб-қувватлаш учун Ливияга олиб борди. У Бурундига ўша пайтдаги президент Пьера Нкурунзизанинг маслаҳатчиси сифатида ҳам борган.
Бу вақт давомида у Кремль ёшлар ҳаракати «Наши» билан ҳамкорлик орқали Россия билан алоқа ўрнатган ва "Сайловлар мониторинги гуруҳи" тузган, сўнг Қрим, Донецк ва Луганскда 2014 йили Москва ўтказган ноқонуний референдумларни "эркин ва адолатли" деб эълон қилган.
"Мен сталинчиман, - дейди у Би би сига. - Мен 1980 йиллардан бери Россияни қўллайман. Менимча, Россия Европада қолган Америкага қарши ягона куч. Мен Совет Иттифоқини соғинаман. Мен Америкасиз эркин дунё истайман".

Ижтимоий тармоқда кўчага
Муайян дезинформацион кампанияларнинг таъсирини ўлчаш қийин, аммо Африкада россияпараст хабарлар Россия томонидан етиштирилган маҳаллий инфлюенсерлар томонидан янада кучайтирилмоқда, дейди таҳлилчилар.
"Люк Мишел каби одамларнинг муваффақияти унинг Францияга қаршилиги туфайлидир. Бу қитъадаги ҳақиқий норозилик билан боғлиқ оқибат", дейди Москванинг Африкадаги ахборот операцияларини ўрганувчи Париж-8 университети доценти Кевин Лимонье.
"Россия дезинформацияси француз қўшинларини Қора Африкадан, айниқса, Буркина-Фасодан сиқиб чиқаришга ёрдам берган омил бўлди", дейди марказ ўнг немис таҳлил маркази - Конрад Аденауэр жамғармасидан Улф Лессинг.
2013 йилдан бери 5000 га яқин француз аскари Малида, шунингдек, Буркина-Фасо, Чад, Нигер ва Мавританияда зўравон жиҳодчи гуруҳларга қарши курашиш учун жойлаштирилган. Аммо ўтган йили улар Малини тарк этди ва Буркина-Фасодан ҳам кетиш арафасида.
Улар икки давлатнинг ҳарбий ҳукуматлари босими остида эдилар, аммо Би би си Мониторинг мухбири Беверли Очиенг бунга халқнинг кайфияти ҳам таъсир қилган деган фикрга қўшилади.

Сурат манбаси, AFP
"Мали, Буркина-Фасо, Нигер ва Чаддаги норозилик намойишларида Россия байроқлари ҳилпираган эди ва бу қисман россияпараст ахборот тарғиботлари билан боғлиқ", дейди у.
Буркина-Фасода намойишчилар Франция элчихонасига ҳужум қилиб, Уагадугу ва Москва ўртасида яқинроқ алоқа ўрнатишни талаб қилишди.
Бу Мишелнинг мақсадларига бевосита мос келади. "Менимча, Россия бутун Африкада французлар ўрнини босиши керак", дейди у Би би сига.
"Ахборот операциялари таъсирини баҳолаш деярли имконсиз", дейди жаноб Лимонье, у Кремлнинг тарғибот кампаниялари бўйича экспертдир.
Аммо бир нарса аниқ: бундай операциялар Ғарбни хавотирга солмоқда.
Жаноб Лимонье айтишича, Парижда "дипломатлар ва ҳарбийлар буни ўқиб, «вой худойим» деб юбориши тайин.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















