Украина уруши: Москва Пекин ва Теҳрон муносабатлари ривожидан Вашингтон хавотирда Ukraina Xitoy Dunyo Yangiliklar

АҚШ Марказий Разведка бошқармаси директори Уильям Бернс

Сурат манбаси, СBS/YouTube

АҚШ Марказий Развдедка Бошқармаси(МРБ) директори Уильям Бёрнс сўзларига кўра, Хитой Россияга ҳалокатли қуролларни етказиб бериш йўлларини изламоқда.

МРБ Хитой билан Россия ўртасидаги алоқаларни жуда яқиндан кузатиб бораяпти ва Хитой Россияга қурол-яроғ билан ёрдам беришга интилаётганининг аломатлари ҳақидаги маълумотларни қўлга киритган.

Алоқадор мавзулар:

Бу ҳақда МРБ раҳбари Америкадаги CBS телеканалига берган интервьюсида айтди.

Интервью 26 февраль куни эфирга узатилди.

Жаноб Бёрнс сўзларига кўра, Москванинг Пекин ва Теҳрон билан ҳарбий ҳамкорлиги Вашингтонни хавотирга солаяпти.

Россиянинг Эрон билан алоқалари хатарли йўналишда шиддат билан ривожланаяпти.

"Бу биз аллақачон кўрганимиздек нафақат украиналикларга, балки бизнинг Яқин Шарқдаги дўстларимиз ва шерикларимизга ҳам хавф туғдиради", - дея таъкидлади Уильям Бёрнс.

Hungarian Foreign and Trade Minister Peter Szijjarto (R) welcomes Senior Chinese diplomat Wang Yi for a meeting in Budapest, Hungary, on February 20, 2023

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ванг И Венгрияда илиқ кутиб олинди

Ўтган йил давомида Ғарб Хитойни Украина урушини тугатишга ёрдам беришга ундади. Ҳозир Хитой ўзининг аниқ позициясини кўрсатмоқда - аммо бу Ғарбда ҳаммага ҳам ёқавермайди.

Охирги кунларда Хитой анча дадил шаклда дипломатияни бошлади. Мамлакатнинг бош дипломати Ван Ининг Европа бўйлаб сафари ва Москвада унинг Путин томонидан илиқ кутиб олиниши ушбу дипломатиянинг чўққиси бўлди.

Пекин ўз мавқеини кўрсатиш учун бир эмас, иккита ҳужжатни эълон қилди - биринчиси Хитойнинг уруш масаласидаги таклифи, иккинчиси, дунё тинчлиги учун янгича режа. Булар Хитойнинг ўтган йили билдирган нуқтаи назарини асосан такрорлайди: суверенитетни (Украина учун) ҳурмат қилиш, миллий хавфсизлик манфаатларини ҳимоя қилиш (Россия учун) ва (АҚШ томонидан) бир томонлама санкцияларга қарши чиқиш.

Ғарб Хитойнинг бу позициясидан ҳайрон бўлмаслиги тайин, аммо уни ишонтириш Хитойнинг ҳам асосий мақсади эмас.

Хитойнинг мақсади: АҚШга аниқ сигнал бериш

BBC

Биринчидан, у ўзини глобал тинчликсақловчи сифатида кўрсатишга интилади. У ҳақиқатан ҳам кимни кўпроқ ўзига қаратишга уринаётгани ҳужжатлардан бирида аниқ кўринади - унда Жануби-Шарқий Осиё, Африка ва Жанубий Америка - умуман, Глобал Жануб деб аталадиган минтақалар тилга олинган.

АҚШ бошчилигидаги дунё тартиботига муқобил вариантни тарғиб қилар экан, у Ғарбнинг Украина инқирозини қандай ҳал қилишини томоша қилиб турган дунё билан яқинлашмоқда.

Аммо бошқа бир мақсад - АҚШга аниқ сигнал беришдир.

Янги Жанубий Уэльс университетининг Хитой-Россия алоқалари бўйича эксперти Александр Королев "Унда бўйсунмаслик унсури бор,- дейди - "Бу сигнал шундай: "Агар муносабатимиз ёмон бўлса, мен юз бурадиган томон бор. Россия ёлғиз эмас, демак, қарама-қаршилик юзага келганда мен ёлғиз қолмайман. Мени мажбурлашга уринма."

Бу дипломатия фаоллашган вақт ҳам бежизга ўхшамаяпти. Разведка ҳаво шари сабабли АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар яна энг паст даражага тушди. Айримлар Хитой урушни тугатишга ёрдам бериш ниятида бўлса, Украинага тинчлик ўрнатиш учун нега энди кўпроқ дипломатик саъй-ҳаракатларни бошлаганига ҳайрон.

"Хитой ўз етакчилигини кўрсатиб қўйиш учун кенг имкониятга эга ва анчадан бери урушни тугатишга ҳисса қўшишга ундаб келинади. Агар мақсад ҳақиқатан ҳам ўзини жаҳон етакчиси сифатида кўрсатиш бўлса, бир йил чеккада томошабин бўлиб, энди дипломатик рақсни бошлаш шарт эмас", дейди доктор Королев.

Учинчи нишон ҳам бор эди ва уни жаноб Ваннинг сафар маршрутида кўриш мумкин эди.

У Хитой Россияга қарши муросасиз позиция эгалламаган деб ҳисобловчи давлатлар - Франция, Германия, Италия ва Венгрияга сафар қилди. Ван Хитой Европанинг бир қисмини ўз орбитасига қанчалик торта олишини синаб кўрган бўлиши мумкин.

Пекин бу мамлакатлар билан "манфаатларнинг мантиқан яқинлигини" кўрмоқда, дейди Шанхайдаги Шарқий Хитой Нормал университетининг халқаро сиёсий иқтисод эксперти Чжан Син. "Хитой АҚШнинг гегемон кучга эгалиги ва трансатлантик дунёнинг кўп қисми бу тизимни тарк этишдан фойда кўриши мумкинлигига ишонади."

Аммо Хитойнинг бу мақсадига эриша олиши шубҳали. Ваннинг Мюнхен Хавфсизлик конференциясида АҚШни танқид қилиб нутқ сўзлагани Американинг ашаддий иттифоқчилари билан тўла аудиторияга ёқмади ва, дипломатлар фикрича, аксинча бу нутқ Хитойнинг асл мақсадларига нисбатан ишончсизликни кучайтирди.

Унинг сафари "Бизнинг Европа билан муаммоларимиз йўқ, АҚШ билан муаммоларимиз бор, сиз - европаликлар билан муаммоларимизни ҳал этишимиз мумкин ва АҚШ сизни муаммоли вазиятга олиб бораётганини тушунишингиз керак" дейиш учун эди", дейди Германия Маршалл жамғармаси таҳлил марказининг Европа-Хитой муносабатларига ихтисослашган катта илмий ходими Эндрю Смол.

"Аммо, менимча, Европанинг аксарият жойларида гапларга унчалик қўшилишмайди."

Ҳозир асосий савол Пекин Россияга қучоқ очар экан, тинчлик ўрнатиш борасидаги сўзида тура оладими?

АҚШ шу ҳафтада Хитой Россияга ҳалокатли қуроллар етказиб бериш имкониятини кўриб чиқаётгани ва Хитой фирмалари дронлар ва яримўтказгичлар каби икки мақсадда - ҳам ҳарбий, ҳам фуқаровий мақсадда қўлланадиган технологияларни етказиб бераётгани ҳақида огоҳлантирди.

Хитой бунга ғазабли риторика билан жавоб берди. Аммо ёпиқ эшиклар ортида жаноб Ван Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийси Хозеп Борреллга Россияга қурол етказиб бермаслигини очиқ айтди.

Wang Yi and Vladimir Putin

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Россия Президенти Владимир Путин Москвада Ванг Ини жуда яхши кутиб олди

Жаноб Борреллнинг айтишича, жаноб Ван "Нима учун сиз Украинага қурол етказиб бераётган бўлсангиз, биз Россияга қурол етказиб бераётганимдан хавотирдасиз?", деб сўраган.

Кузатувчиларга кўра, Пекин урушни авж олдиришда Ғарб айбдор эканлигига чин дилдан ишонади.

"Ҳар қандай урушаётган томонга қурол юбориш урушни кучайтириш сифатида кўрилади - бу ҳали ҳам Хитой давлатининг позицияси", дейди доктор Чжан.

Пекиннинг Москвага қурол етказиб беришига шубҳа бор, чунки бу Хитой манфаатларига унчалик тўғри келмайди.

Бундай ҳаракат бошқалар томонидан урушнинг аниқ авж олиши сифатида кўрилади ва санкцияларга, Ғарб билан савдонинг узилишига олиб келади, бу Хитойга катта зарар етказади, чунки Европа Иттифоқи ва АҚШ унинг асосий савдо шериклари ҳисобланади.

Бу, шунингдек, глобал кескинликни сезиларли даражада оширади ва АҚШ иттифоқчиларини Вашингтонга янада кўпроқ боғлаб қўяди ва Пекиннинг уларнинг айримларини ўзи томонга оғдириш режасини барбод қилади.

Кузатувчиларга кўра, Пекин Россияни билвосита қўллаб-қувватлашини давом эттириши ёки ҳатто ошириши эҳтимоли юқори, масалан, Москва билан иқтисодий муносабатларни кучайтириш ва Россияга қарши санкциялардан воз кечиш орқали.

Улар ҳатто Эрон ёки Шимолий Корея каби учинчи давлатлар орқали "имкони борича" қўллаб-қувватлаш учун икки мақсадда қўлланиладиган технологияларни жўнатишлари мумкин, дейди доктор Смол.

Аммо уруш давом этар экан, ҳалокатли қуроллар билан таъминлаш масаласи яна пайдо бўлади, дея огоҳлантиради у.

"Ҳозиргача Хитойдан қандай муҳим нарсаларни сўраш мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай савол бўлмаган, чунки олдин Россияга бу керак эмас эди, - дейди доктор Смол. - Аммо ҳозир вазият шунга келди. Хитой Россияга қачонгача рад жавоби бериб тура олади?

Украинада уруш бошланишидан бир неча кун олдин Си Цзиньпин ва Владимир Путин мамлакатлар ўртасида "чексиз дўстлик" борлигини эълон қилганди.

Келгусида Хитой ўзининг хос дўсти учун қанчалик ёрдам бера олиши ҳақидаги саволга жавоб бериши керак.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002