Хитой раҳбари Путинга Украинадаги уруш борасида нима деди? Дунё, янгиликлар

Путин ва Си

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Стив Розенберг
    • Role, Би-би-си, Москва

Россияни тушунишни истайсизми?

Тасаввур қилинг-а, улкан маятник аста тебранади. Бу асрлар давомида шундай бўлиб келган.

У бир томонга чайқалади ва Россия Ғарбга, Европага қарайди ва мамлакат ўзини Европа цивилизациясининг шубҳасиз бир қисми деб билади.

Бошқа ҳолларда, у тескари йўналишда тебранади ва Россия Шарққа қарайди. Унинг ҳукмдорлари Ғарб цивилизациясини, Ғарб қадриятларини танқид қилади ва Россиянинг келажаги Осиё билан боғлиқлигини айтади.

Сизга кимнидир эслатдими бу?

Владимир Путин даврида рус маятниги Шарққа кескин силжиди.

Бунинг ажабланарли жойи йўқ: унинг Украинага бостириб кириш қарори Россияни Ғарбда яккамоховга айлантирди ва унинг мамлакати Ғарб санкциялари остида калтакланди. АҚШ президенти Жо Байден Путинни "қонхўр диктатор" деб атади; Буюк Британия Бош вазири Лиз Трасс аввалроқ уни "умидсиз фирибгар" деб атаган эди.

Бироқ Хитой президенти жуда бошқача тилда сўзлади.

"Менинг азиз узоқ йиллик дўстим!" дея хитоб қилди Си Цзиньпин. Икки давлат раҳбарлари Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган минтақавий саммит доирасида учрашди.

Ўз навбатида, президент Путин "Хитой ва Россия ўртасидаги дўстлик" ва " ҳар томонлама стратегик ҳамкорлик"ни юқори баҳолади.

Икки етакчининг қарашлари ўхшаш. Иккаласи ҳам муқобил дунё тартиботи ғоясини тарғиб қилади: "кўп қутбли дунё". Бунда ўз мамлакатлари Ғарбга, хусусан, АҚШга қарши мувозанатловчи вазифасини бажаради.

Путин ва Си чиндан ҳам "абадий яқин дўстлар"ми?

Унчалик эмас. Биринчидан, абадий яқин дўстлик глобал сиёсатда камдан-кам учрайди. Иккинчидан, бу тобора тенгсизлашаётган муносабатдир.

Жаноб Путиннинг Украинага режа бўйича кетмаган бостириб кириши Россияни заифлаштирди. Кремль россиялик ҳарбийлар "катта йўқотишлар"га учрагани ва Ғарб санкциялари иқтисодиётга катта босим ўтказаётганини тан олади. Россия-Хитой муносабатларида Россиянинг кичик ҳамкор экани кўриниб қолмоқда.

Уларнинг учрашувида Путин Хитойнинг Украинадаги вазият бўйича "саволлари ва хавотирлари" борлигини тан олди. Кремль ҳам кутилмаганда Россия «махсус ҳарбий амалиёт» деб атаётган амалиёти Пекинда қандайдир хавотир уйғотаётганини тан олди.

Ғарб билан кўприкларни ёқиб, Европа билан энергетик урушни қўзғатган Путин Шарққа бурилишга ҳаракат қилмоқда (бошқа танлови ҳам қолмаган). У Россия иқтисодиётини қайта йўналтиришга ва Россия нефти ва гази учун янги бозорларни топишга умид қилмоқда. Аммо бу жуда қийин вазифа.

"Бу тескари ўзгаришлар иш беради ва Россия учун сезиларли наф келтиради, деган умид бор. Лекин мен бундай бўлаётганини кўрмаяпман, - дейди Жон Хопкинс Олий халқаро тадқиқотлар мактаби профессори Сергей Радченко. - Барибир, Россияга Ғарб керак: унинг технологиялари, бозорлари.

Россия денгиздаги нефть ва газ конларини ўзлаштириш учун Ғарб технологиясига муҳтож ва Россия буни Ғарб кўмагисиз амалга ошира оладими, деган катта савол турибди.

Газ оқимининг йўналишини ўзгартириш жуда қийин. Совет Иттифоқи ва Россия ўнлаб йиллар давомида Европага қувур тармоқларини қурган ва бу ерда катта инфратузилма жойлашган. Россия энергия бозорларини Осиёга йўналтириши жуда қийин".

Самарқанддаги саммит

Сурат манбаси, Reuters

Путин ва Си иштирок этган саммит Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ёки ШҲТ йиғилишидир. Аъзоликка Россия ва Хитой билан бир қаторда Марказий Осиёнинг тўртта давлати - Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон, шунингдек, Ҳиндистон ва Покистон киради.

Президент Путин учун бу воқеа халқаро санкциялар ва Ғарбнинг Россияни Украинага бостириб киргани учун яккалаб қўйишга уринишларига қарамай, Москванинг ҳали ҳам кучли дўстлари борлигини намойиш қилиш имкониятидир.

"Россия Ғарбдан яккаланиши фақат Ғарбда эканлигини ва дунё жуда кўп қутбли эканлигини таъкидлашни яхши кўради, - дейди профессор Радченко. - Аммо қизиқ томони шундаки, ШҲТ ва Марказий Осиёда кучлар мувозанати ўзгариб, у Россиядан узоқлашмоқда.

"Россия раҳбари ўзи ютқазаётган уруш бошида турган бир пайтда Самарқандга келди.

Айни пайтда Марказий Осиё давлатлари илк бор ўз сиёсатини олиб бормоқда. Бу Россия билан муносабатларида ўта қатъий бўлган Қозоғистонда кўпроқ сезилади. Кучлар мувозанатида қизиқарли силжишлар бор".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek