Туркия зилзиласини ҳайвонлар билдирганмиди - олимлар нима деди? Янги видео чиқди

Сурат манбаси, Skrinshot
Туркия жануби ва Сурия шимолини вайрон этган ва ўн минглаб инсонларни ўлдирган зилзилалар ортидан олимлар эътиборини тортаётган видеолар чиқмоқда.
Уларда айрим ҳайвонлар зилзила бўлишини олдиндан сезиб, ғалати ва ажабтовур ҳаракатлар қилгани акс этган.
Масалан, тинимсиз увиллаган ит ёки галалашиб дарахт шохига қўнган қушлар тасвирлари тарқалди.
Айни видеолар эса ҳам қўрқиб қолган одамларда, ҳам зилзилани ўрганувчи олимларда қизиқиш уйғотмоқда.
Алоқадор мавзулар:

Хусусан, Туркия жанубидаги Ҳатай вилоятида куни кеча яна 6.4 магнитудали кучли зилзила содир бўлди.
Бу эса қўрқувларни янада кучайтирмоқда ва офатни олдиндан қандай билиш мумкин, деган саволга жавоб излаётганлар ҳам кўпайган.
Ҳайвонлар ва офатлар

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳақиқатан ҳам ҳайвонлар зилзила офатини олдиндан сезишадими?
Сезишган тақдирда қандай ҳаракатлари билан буни намойиш этадилар?
Айни саволларга жавоб топиш учун олимлар билан боғландик.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Биз ўн йилдан ортиқ вақт давомида табиий офатлардан олдин ва кейин, фалокат пайтида ҳам ҳайвонлар ўзларини қандай тутишларини кўп ўрганганмиз" - дейди жониворлар ҳатти-ҳаракатини ўрганувчи Max Planck институти олими Мартин Викельски.
"Кузатувларимизга қараганда, бу ҳайвонлар 4 магнитудали ва ундан юқори бўлган кучли зилзилаларни гўё олдиндан кутгандек ҳаракат қилишади. Ва офатдан бир неча соат олдин худди ақлдан озгандек тўдалашиб, ҳаракат қилишади" - дейди олим.
"Бу эса бизни зилзиладан яхшигина огоҳлантириши мумкин".
Профессорнинг фикрича, нима бўлаётганини тушуниш учун бу жониворлар ер қимирлашидан олдин ва кейин ҳамда офат пайтида қандай ҳаракат қилишганини таҳлил этиш жуда муҳим.
Ит ростдан увлаган, аммо...
Биз айрим видеоларни текширдик. Дейлик, ит кўкка қараб, тинимсиз увлаган кўчада турк тилида Еczane (Дорихона) деб ёзилган.
Кўчада қор бор. Офатдан бир кун олдин бу минтақада қор ҳам ёққанди.
Афтидан, видео сохта эмас.
Бошқа видеода эса қушларнинг гала бўлиб дарахт шохига қўнгани тасвирланади.

Профессор Викельски эса қишда қушларнинг галалашиб дарахт шохида тўпланиши ғайритабиий эмаслигини ва бу ҳали зилзилани кутиш бўлмаслиги мумкинлигини айтди.
Олим кўчада тинимсиз увлаган ит борасида хам изоҳ берди.
"Уй олдида ит увлаши ҳам учраб туради" - деди суҳбатдошимиз.
"Биз бу кучукнинг ҳаракати ғайриодатий эканлигини аниқлаш учун у офатдан олдин ўзини қандай тутганини билишимиз даркор".
Олим, шунингдек, мазкур ҳолатда яна 20-50тача ит ҳам ўзини шундай тутиши муҳимлигини, келажакда шу каби тадқиқотлар ўтказилиши мумкинлигини қайд этади.
"Ҳозирча эса бу тасодифми, йўқми - аниқ гап айтиш қийин".
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbekBBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













