Янгиликлар: Секс ва уйқусизлик ўлдирадими? Dunyo Yangiliklar Markaziy Osiyo

Kuollar

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Куоллар мушукчадек келувчи йиртқич кемирувчилар бўлишади...
    • Author, Келли Нг
    • Role, BBC News

Олимлар секс истаб, уйқудан қолаётган ноёб жониворнинг қирилиб кетишидан хавотирда...

Алоқадор мавзулар:

Секс, уйқусизлик ва янги тадқиқот

Тадқиқотчилар ўз изланишларини Австралияда олиб боришган.

Тадқиқотлари эса, халтали кемирувчи бўлган куоллар эркагининг тақдиридан хавотирларни пайдо қилган.

Куоллар йўқолиб бораётган ноёб жонзотлар саналишади.

Маълум бўлишича, улар секс деб, уйқуларидан воз кечишмоқда, бу эса, уларнинг қирилиб кетишига олиб келиши мумкин.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, эркак куоллар жуфтлашиш учун шерик излаб, узоқ масофаларни босиб ўтишади ва йўлда деярли ухлашмайди.

Мутахассислар фикрича, бу нега гўштхўр халталилар эркаги бир кўпайиш мавсумининг ўзидаёқ жуфтлашиш деб, ўлиб кетиши сабабига ойдинлик киритиши мумкин.

Аммо уларнинг урғочилари тўрт йилгача яшашади ва кўпая олишади.

"Улар имкон қадар тезроқ жуфтлашиш учун катта масофани босиб ўтишади ва афтидан, истаклари ўта кучли экани боис, вақтларини ухлашдан кўра, кўпроқ жуфт топишга сарфлашади", - дейди Саншайн-Кост университети катта ўқитувчиси Кристофер Клементе.

Уларнинг билим юрти Квинсленд университети билан бирга мазкур тадқиқотга бошчилик қилган.

Тадқиқотлари натижаси эса, кечаётган ҳафтада эълон қилинган.

Ҳаммаси қандай кечди?

Олимлар Австралия шимолида жойлашган Грут-Эйландтдаги ёввойи куоллар эркаги ва урғочиларига махсус трекерли рюкзакчалар кийдириб қўйишган.

Кейин эса, 42 кун давомида улардан олган маълумотларини бир жойга йиғиб, ўрганишган.

Уларнинг ҳисоботларида айтилишича, айрим куоллар бир кечанинг ўзида 10 километр масофани босиб ўтишган.

Бу масофа эса, ўртача қадам узунлигидан келиб чиқиб айтилганида, инсонлар учун 40 километрга тенг йўлдир.

Куолларнинг эркакларига турли паразитлар ҳам кўпроқ ёпишиши маълум бўлган.

Катта эҳтимол билан улар кўпайиш мавсумидан унумлироқ фойдаланиб қолиш учун ўзларига қарашга ҳам унча ҳафсала қилишмайди.

Тадқиқотчиларнинг айтишларича, егулик излаш ёки ўзларини йиртқичлардан ҳимоя қилиш масаласида ҳам улар урғочилари каби ҳушёр эмас.

"Узоқ муддат уйқусизлик ва бунинг оқибатлари боис уларнинг танаси ўзини тиклай олмайди. Кўпайиш мавсумидан кейин эркак куолларда қайд этилувчи ўлим сабабини худди шу нарса тушунтириши мумкин", - дейди янги ҳисоботнинг етакчи муаллифларидан бўлган Жошуа Гашк.

"Улар осон ўлжага айланишади. Транспорт воситаларидан қоча олишмайди ёки шунчаки чарчоқдан ўлиб қолишади".

Буёғи нима бўлади?

Олимнинг айтишича, дастлабки маълумотлар уйқусизлик куоллар ва Австралия ҳамда Папуа-Янги Гивинеядаги қолган халтали кемирувчиларга қандай таъсир қилиши юзасидан қўшимча тадқиқотлар олиб бориш зарурлигини кўрсатган.

"Агар эркак куоллар уйқудан воз кечиб, ўз ҳаётларини хавф остига қўяётган бўлишса, улар уйқусизликнинг тана фаолиятига таъсирини ўрганишда тажриба учун ажойиб намуна тури бўлиши мумкин".

Австралия ёввойи табиат хизмати маълумотларига кўра, ҳозир 100 мингтача шимолий куолл сақланиб қолган.

Аммо уларнинг сони жуда тез суръатда камайиб бормоқда.

Уйсиз мушукларнинг кўпайиши ва уларнинг ҳужумлари куолларнинг яшовчанлигига катта таҳдидга айланган.

Кейин улар яна қамишлар орасида яшовчи қурбақалардан ҳам осонлик билан заҳарланишади.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.