Ақл бовар қилмайди: Ҳайвонлар қандай жимо қилишади? Дунё, Янгиликлар, Илм-фан

Сурат манбаси, Temujin Johnson
Жуфт топишда ҳаммамизнинг ўз усулларимиз бор.
Ҳайвонлар учун жинсий алоқа шунчаки ўз генларини иложи борича кўпроқ ва кенгроқ тарқатишни англатади.
Бироқ жуфтлашиш ритуаллари ва секс мақсад йўлидаги восита бўлса ҳам, улар оддий ва осон жараён дегани эмас. Улар ҳамма вақт жуфтлашадими ёки жуфтлашиш мавсумидами, ҳар бир турда жинсий муваффақият учун ўз рецепти бор.
Бу ҳайвонларнинг жуфтлашиш ритуаллари, ўзига хос саҳна талаб қиладиган бравурадан тортиб, қарама-қарши жинсга тақлид қилишгача, бари сизни ҳайратда қолдиради.
Африка буқа қурбақалари
Африка буқа қурбақасининг жуфтлашиш маросими мураккаб ва шафқатсиздир. Ёш эркак Африка буқа қурбақалари саёз кўлмакларда тўпланади.
Бу кўлмакларнинг марказини кичикроқ рақобатчиларини қувиб чиқарадиган йирикроқ эркаклар эгаллаб олади. Улар ўзаро урушади, бу баъзида жароҳат ёки ҳатто ўлимга сабаб бўлади, чунки доминант эркаклар бошқаларнинг кўпайишига, авлод қолдиришига халал беради.
Урғочиси жуфтлашиш ҳовузига атрофдаги майда қурбақаларнинг тагидан сузиб ўтиб, кўлмак марказига, йирик эркак буқа қурбақалар олдига боради.
Энди у катта доминант эркаклардан бирининг ихтиёрида, у бошқалардан узоқлашиб, кейинчалик у билан жуфтлашади.

Сурат манбаси, Silverback Films
Аргус товуси
Камдан кам ҳайвон тури Жануби-шарқий Осиёдаги эркак Аргус товуси ўз жуфтлашиш майдонини қунт билан тайёрлаганчалик тайёрлайди. Узун думидаги кўзсимон безаклари урғочи диққатини тортади, шунинг учун уни кўз кўз қилиш учун ўрмонда тахминан 6-7 м² очиқ майдонни топади.
У уни астойдил тайёрлайди, халақит қиладиган ҳар қандай нарсани олиб ташлайди ва кейин эрта тонгда урғочиларни жалб қилиш учун махсус товуш чиқариб, "таклифнома" юборади.
Урғочи рози бўлиб, унинг "аренаси"га келса, у унинг атрофида гир айланиб, уни оёқ рақси билан ҳайратда қолдиришга ҳаракат қилади.
Бу ажойиб томоша унинг думи ва қанотларини ёзиб улкан елпиғич ҳосил қилиши билан якунланади. Агар урғочи керагича қойил қолса, улар жуфтлашади.

Сурат манбаси, Silverback Films
Қармоқ балиқ
Агар ёқимли ишқий ҳикоя ўқийман деётган бўлсангиз, бунисини ташлаб ўтинг. Биринчи марта қармоқ балиқларининг урғочилари 1833 йилда рўйхатга олинган ва ўрганилган, аммо узоқ вақт давомида ҳеч ким эркаклари қандай кўринишини билмас эди.
Фақат 1924 йилда биологлар урғочисига илакишган кичик балиқ, олимлар илгари ўйлагандек, унинг авлоди эмас, балки унинг жуфтлашувчи эркаги эканлигини билиб қолишди.
Хўш, бу қандай бўлади? Улар жуфтлашмоқчи бўлганда, эркаги йирикроқ урғочининг ён томонидаги тешикни кемиради ва унинг ичига жойлашади.
Уларнинг териси, қон томирлари ва овқат ҳазм қилиш тизими бирлашади ва унинг кўзлари, қанотлари ва баъзи органлари узилиб тушади ёки ўша ерда чирийди. У аёли танасида яшовчи паразитга айланади; унинг ягона вазифаси вақти-вақти билан кўпайиш учун сперма билан таъминлашдир.

Сурат манбаси, Silverback Films
Шимпанзелар
Шимпанзелар Африка буқа қурбақаларининг шавқатсизлигини янада юқори босқичга олиб чиққан.
Эркаклари ҳудудга эгалик қилади ва ўша ҳудуддаги урғочиларни ўзи билан қўшилишга мажбур қилади; зўравонлик юришларини уюштиради, урғочиларга ҳужум қилиб, уларни тишлайди, уради, баъзида жароҳатлайди. Бу агрессив хулқ жуфтлашиш бўлгунга қадар 2 3 йил давом этади.
Буни олимлар узоқ вақт давомида тажовузга учраган урғочилар етилган вақтда эркакларга ҳеч қандай қаршилик қила олмаслигини таъминлаши учун қилинади деб изоҳлашади.
Бу яна зўравонлик янада кучаймаслиги учун муайян урғочи бошқа эркак шимпанзе билан жуфтлаша олмаслигини ҳам англатади.

Сурат манбаси, Silverback Films
Туяқуш
Туяқушлар энг йирик қуш бўлишидан ҳам ташқари (катталарининг бўйи 2.75 метр бўлади, аммо бу бўйнинг ярми унинг унинг бўйнига тўғри келади) улар эркагида олат бўладиган 3 фоиз қушлардан биридир. Аксар қушларда олат вазифасини клоакалар туташуви бажаради.
Клоака қушнинг анал тешиги ҳисобланади. Эркак қуш уруғини клоакалар туташганда урғочига ўтказади.
Туяқушдан ташқари бошқа учолмайдиган қушлар - эмулар, реа ва кивиларда ҳам олат бор. Уларнинг олати сутэмизувчиларда бўлгани каби қон билан эмас, балки лимфа суюқлиги билан катталашади.
Урғочилар жуфтлашиш мавсуми бошланганини эркаклари олати оч пушти рангдан тўқ қизил рангга кирганидан билади.

Сурат манбаси, Barrie Britton
Турухтан
Айрим турухтан эркак қушларнинг жуфтлашиш одати фавқулодда ўзгача. Ўз ҳолатидан норози айрим эркаклари ўзини урғочидек тутади.
Эркаклар катта гуруҳ бўлиб бирлашиб, урғочиларини жалб қилиш учун бўйин патларини хурпайтиради. Урғочилари эса агар жуфтлашишга кўнса, энгашиб гениталиясини кўрсатади. Аммо бу томоша кўрсатувчи эркак қушлар орасида ўзини урғочидек кўрсатиб турадиган, патлари у қадар хашамдор бўлмаган эркаклари ҳам бўлади.
Бу сохта урғочиларни бошқа эркаклар сезмай қолади, натижада бу сохталар охирги дақиқада пайдо бўлиб, урғочи билан жуфтлашишга улгуради. Қизиғи, бу айёр эркакларнинг мояклари ҳам бошқаларникидан каттароқ бўлади.
Шеффилд университети тадқиқотчиларига кўра, бу урғочиникига ўхшаш хулқ генетик бўлади, бу уларга тажовузкор эракалар орасида бемалол яшашига имкон беради.

Сурат манбаси, Silverback Films
Денгиз шиллиққурти
Денгиз шиллиққурти ёки яланғоч моллюскани кутиб олинг! Бу моллюскалар учун секс икки томонлама қатнов, яъни ҳар икки жинсда ҳам олат бор, ҳам қин бор ва ҳаммаси жуфтлашиш вақтида ишлатилади.
Улар нафақат гермофродит, шу билан бирга, сексдан 20 дақиқа ўтгач, олатларини ташлаб юборишади ва келаси куни янгиси ўсиб чиқади.
Олимлар бу ҳолатни моллюсканинг ўз жуфти қинидан бегона спермани чиқариб ташлаш усули деб ҳисоблайди, чунки денгиз шиллиққуртининг олати юзасидаги майда тиканлар жуфтлашувдан кейин сперма билан қопланган бўлади.
Олатни ташлаб юбориш орқали келгуси жуфтлашувда рақибнинг уруғи ҳам аралашиб кетиши олди олинади.
Биологлар денгиз шиллиққурти жуфтлашгандан кейин олати ташлаб юборилгач, 24 соат ўтгандан сўнг, зич йиғилган спирал тузилма ёзилиб янги олатга айланишини аниқладилар.
Бизнинг ва ҳайвонларнинг жуфт топиш ва жуфтлашиш ритуалларимизда муайян аниқ ўхшашликлар бор. Ҳар иккисида кўз кўз қилиш, ғамхўрлик қилиш, муайян хусусиятга кўра танлаш, эгалик қилиш ва маълум даражада айёрлик бор.
Жуфт топиш мураккаб жараён эканини биламиз, аммо бу ҳайвонларнинг айримлариники олдида бизники оддий бўлиб қолади.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek















