Фан: Бошқаларнинг жинсий ҳаёти сизникидан яхшироқми?

Сурат манбаси, Getty Images
Биз доимо бошқаларнинг жинсий ҳаёти бизникидан яхшироқ, улар кўпроқ жинсий яқинлик қилади ва лаззатланади, деб тасаввур қиламиз. Олимларга кўра, бундай тасаввур эволюция давомида бизнинг онгимизда қолиб кетган ҳайвоний инстинктларга боғлиқ экан.
Тадқиқотларнинг кўрсатишича, биз ёшлар кўпроқ секс билан шуғулланади, деб ўйлаймиз - ва, айниқса, эркаклар ёш аёлларнинг жинсий ҳаёти ҳақида, кўпинча, нотўғри дунёқарашга эга бўлади.
Тадқиқотчилар Британия ва АҚШдаги одамлардан 18-29 ёшдагилар ўтган тўрт ҳафта ичида неча марта секс билан шуғулланган бўлиши мумкин, деб сўраб кўрдилар.
Сўровда иштирок этганларнинг ўртача жавоби 14 марта бўлди. Бироқ, жинсий хулқ-атвор бўйича ўтказилган сўровномалардан маълум бўлишича, Британиядаги 18-29 ёшли одамлар¸, аслида, бир ой ичида атиги беш, АҚШдагилар эса тўрт марта жинсий яқинлик қилар экан, холос.
Шундай қилиб, кўпчилик ёшлар кунора ёки йилда 180 марта секс билан шуғулланади, деган фикрда, аммо маълумотлар бу борадаги асл рақам йилига бор-йўғи 50 марта атрофида эканини кўрсатмоқда. Бу бошқаларнинг жинсий ҳаёти борасидаги ягона янглиш тасаввуримиз эмас - эркаклар ёш аёлларнинг жинсий фаоллиги борасида ҳам, кўп ҳолларда, нотўғри хаёлга боради.
Сўровномалар натижалари эркаклар Британиядаги ёш аёллар ойига 22, АҚШдагилар эса 23 марта секс билан шуғулланади, деб ўйлашига ишора қилмоқда. Бундан ташқари баъзи эркаклар ёш аёллар ҳафтанинг маълум кунида ўртача икки ёки уч марта жинсий алоқада бўлади, деб ишонади. Аслида эса, ҳар икки мамлакатдаги ёш аёллар бир ой ичида зўрға беш марта жинсий яқинлик қилади.
Онгимизда шаклланиб қолган бундай нотўғри қарашларнинг сабаби бизнинг қандай ўйлашимиз ва ахборотни қандай қабул қилишимизга боғлиқ.

Сурат манбаси, Alamy
Одамнинг табиатда яшаб қолиши том маънода жинсий яқинликка асосланади. Айнан шу сабабдан секс мавзуси бизнинг зеҳниятимизга кучли таъсир ўтказади. Одамнинг бошқа асосий хулқ-атворларидан фарқли ўлароқ, биз учун энг муҳим бўлган секс ёпиқ эшиклар ортида кечади (порнография бундан мустасно) ва айни шу туфайли қолган ҳаракатларимиз каби жинсий ҳаётимизни бошқаларники билан солиштириб кўришга бизда доим ҳам ахборот етарли бўлмайди. Масалан, кимнингдир ўзини қандай тутишини кузатган ҳолда унинг шахсияти борасида қандайдир тасаввур ҳосил қила олишимиз мумкин, аммо унинг жинсий ҳаётига гувоҳ бўлиш имконияти эса бизда деярли йўқ. Шундай экан, биз одамларнинг жинсий ҳаёти тўғрисида ўзимизча бир нималарни тасаввур қилишга интиламиз.
Юқоридаги айни сўровнома муаллифлари иштирокчилардан Австралия, АҚШ ва Буюк Британиядаги одамлар 45-54 ёшга етгунга қадар нечта шахс билан жинсий яқинлик қилган бўлиши мумкинлиги борасидаги фикрларини ҳам сўраб кўрдилар. Қизиқарлиси, бу сафар иштирокчиларнинг тахминлари ҳақиқий ҳолатга деярли мос келди.
Ҳақиқатда, Австралия ва Британияда яшовчи одамлар 45-54 ёшгача ўртача 17 нафар шахс билан жинсий алоқада бўлади. АҚШда эса бу рақам 19 нафарга тенг.
Аммо бу борада аёллар ва эркаклар ўртасидаги мавжуд ҳолат қиёслаб кўрилса, вазият янада қизиқарли тус олади.
Жинсий хулқ-атвор бўйича сўровномаларда иштирок этган аёллар эркакларга нисбатан жуда кам одам билан жинсий яқинликда бўлганини иддао қилади. Улар иддао қилган рақам эркакларникининг деярли ярмига тенг.
Бироқ бундай иддаолар жинсий халқ-атворни баҳолашдаги йирик жумбоқлардан биридир, таъкидлайди тадқиқотчилар. Агар дунёдаги эркаклар ва аёллар сони деярли тенг нисбатда эканлиги ҳисобга олинса, у ҳолда жинсий алоқада бўлган шериклар сони ҳам ҳар иккала жинс вакилларида бир-бирига яқин бўлиши керак эди.

Сурат манбаси, Alamy
Олимлар бундай номутаносибликни изоҳлашда турли фаразларни илгари суради. Шулардан бири эркакларнинг фоҳишалар хизматидан фойдаланишидир. Бундан ташқари эркаклар жинсий яқинлик деб таъкидлаган баъзи ҳолатларни аёллар бундай ҳисобламайди.
Яна эркакларнинг жинсий яқинлик қилган шериклари сонини имкон қадар ошириб айтишга мойиллигини ҳам назардан қочирмаслик зарур. Аксинча, аксар аёллар бу борадаги рақамларни ошкор қилмаслик ёки камайтириб айтишга интилади.
АҚШда ўтказилган бир тадқиқотда аёл иштирокчилар ўзларининг жинсий хулқ-атворлари ҳақидаги саволларга аноним тарзда жавоб беришидан олдин олимлар томонидан уч гуруҳга бўлинади. Биринчи гуруҳга одатдагидек сўровнома варақалари тарқатилади. Иккинчи гуруҳдаги аёлларда эса турли руҳий таъсирлар орқали жавоблардан тадқиқотчилар гўё уларнинг шахсини билиб олиши мумкинлиги борасида шубҳа уйғотилади. Учинчи гуруҳ эса хато ишлайдиган ёлғон детектори орқали текширилади.
Натижалар шуни кўрсатадики, жавоблардан иштирокчининг шахсини аниқлаш мумкин, деган гумонга борган аёллар гуруҳи ҳаётида 2.6 нафар шахс билан жинсий алоқада бўлганини иддао қилган бир вақтда, сўровномани одатий тўлдирган аёллар ўртача 3.4 нафар одам билан алоқада қилганини билдирган. Сохта ёлғон детектори орқали жавоб берган аёллар эса 4.4 нафар эркакни тилга олган.

Сурат манбаси, Alamy
Ақшлик эркак ва аёлларнинг АҚШдаги аёлларнинг бирга бўлган жинсий шериклари сони бўйича тахминлари ҳам бир-биридан сезиларли фарқ қилади. Ақшлик эркаклар ақшлик аёлларнинг умри давомида ўртача 27 нафар жинсий шериги бўлади, деб ўйласа, ақшлик аёллар бу рақам 13 нафарга тенг, деб тахмин қилади. Ҳақиқатда эса, жинсий шерикларнинг сони сўровномаларда иштирок этган аёлларнинг ўзи томонидан ўртача 12 нафар, деб эътироф этилади. Кўриниб турибдики, аёлларнинг аёллар борасидаги тахминлари ҳақиқатга анча яқин.
Ақшлик эркакларнинг ақшлик аёллар яқинлик қиладиган шериклар борасида бунчалик катта рақамларнинг тахмин қилиши сабаби ақшлик аёллар жуда кўп одам билан бирга ётади, деб ўйловчи оз миқдордаги эркакларга боғлиқдир. Сўровномаларда иштирок этган ҳар 1,000 ақшлик эркакдан 20 нафари ақшлик аёллар умри давомида 50 ёки ундан анча зиёд одам билан секс қилади, деган фикрни илгари сурган.
Бизнинг нотўғри шаклланган тушунчаларимиз дунёни қандай кўришимизни очиқлаб, онгимиз остида биқиниб ётган тасаввурларимиздан дарак беради. Бу мақоланинг ўзида ҳам ёшлар ва аёлларнинг жинсий ҳаётига нисбатан кўпчиликнинг мавжуд тасаввури қанчалик нотўғри эканлигини кўришингиз мумкин.
Нотўғри тасаввурларни аниқ далиллар билан тўғрилашнинг ўзи етмайди - уларни юзага келтирувчи сабабларни ҳам ўрганмоқ лозим. Шундагина одамларнинг бир-бирини тўғри тушуниши янада осонлашади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














