Гейлардан нафратланадиган одамлар руҳий касалми?

    • Author, Пабло Ухоа
    • Role, Би-би-си Жаҳон хизмати

18+

гей парад в Киеве

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, 1973 йилгача АҚШда ҳомосексуаллик руҳий хасталик деб кўрилган.

Олимларнинг кимнингдир "жамият учун мақбул бўлмаган" жинсий ориентациясини ўзгартириш ғоясидан воз кечганларига анча бўлди. Улар олимлар аслида касаллик бўлмаган нарсани "даволаш"нинг имкони йўқ, деган хулосага келганлар.

Гейлик 1973 йили АҚШда руҳий касалликлар рўйхатидан чиқарилган. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти ҳам 1990 йилда айни ишга қўл урган.

Ҳомофобия ёки гейлардан нафратланиш, бошқа томондан, ўтган вақт ичида кўплаб тадқиқотчиларни ўзига жалб қилиб келди, улар бу нафратнинг сабабларини англашга уриндилар.

'Ноўрин қўрқувʼ

Ҳомофобия атамаси муаллифи бўлмиш ақшлик руҳшунос Жорж Вейнберг унга "ҳомосексуаллар билан яқин бўлишдан қўрқиш" дея таъриф беради.

Ўзининг 1972 йили чоп этилган "Жамият ва соғлом ҳомосексуал" китобида доктор Вейнберг шундай ёзади: "Ҳомосексуалларга нисбатан нотўғри қарашидан воз кеча олмаган бирор беморни ҳеч қачон соғлом ҳисобламайман."

гей парад в Индии

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Ҳомофобияни психология, маданият ва дин нуқтаи назаридан ўрганаётган тадқиқотлар сони кўпайиб бормоқда

Италиядаги Рим Тор Вергата Университетидан эндокринология ва тиббий сексология профессори Эммануэле А. Жаннини ҳомофобия «фақат айсбергнинг учи» эканлигини айтади.

Профессор Жаннини ҳомофобия шахс тафаккури остида ётган зўравонлик билан боғлиқлиги ва бундай қарашга эга шахслар руҳий касал сифатида эътироф этилиши лозимлигини таъкидлайди.

У 2015 йилда Journal of Sexual Medicine журналида чоп этилган мақоласи ортидан консерватив руҳдаги одамларнинг кескин танқидига учраган эди. Доктор Жаннини мақоласида ҳомофобияни психотизм (одамларга нисбатан тажовузкорлик ва асоссиз душманлик билан муносабатда бўлиш), вос-вос каби руҳий бузилишлар билан боғлайди.

Танқидларга қарамай, Би-би-си билан суҳбатлашган доктор Жаннини ҳомофоб одамларни «руҳан заиф» деб тасвирлайди.

гей парад в Индии

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, 1990 йили Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти ҳомосексуалликни декриминализация қилиш ҳақида қарор қабул қилган

Ҳомофобия кўлами

Доктор Жаннини тадқиқоти давомида 551 та итальян университети талабалари орасида ҳомофобия даражасини ўрганиб кўрган ва қўлга киритилган натижаларни бошқа руҳий сифатлар билан қиёслаб чиққан.

Унинг ишонишича, кишида психотизм ва вос-вос белгилари қанчалик юқори бўлса, у гейларни шунчалик ёмон кўради.

Бу белгиларнинг бари руҳий бузилиш ва улар даволаниши лозим, дейди у.

"Эҳтимол гейлар ёки ҳаракатлари уларга ўхшаб кетадиган одамлар сизга ёқмас. Бироқ бу шу учунгина сиз гейларни ёмон кўришингиз, улар атрофингизда юрганда жаҳлингиз чиқиши шартлигини англатмайди," дейди доктор Жаннини.

"Гейлик касалликми, дея асрлар ичра давом этган муҳокамалардан сўнг биз, илк бор, асл касаллик ҳомофобиянинг ўзи эканлигини исботладик."

Демонстрация в Бразилии

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Бразилияда 2017 йили жинсий ориентациясини ўзгартирмоқчи бўлганларни даволашга нисбатан тақиқ бекор қилинган. Мамлакат психологлари Олий судга мурожаат қилиб, тақиқни қайта тиклашни сўрадилар

Маданиятлар қудрати

Бу жойда атроф-муҳит кишининг шахсияти шаклланишига катта таъсир ўтказишини ҳам ҳисобга олмоқ лозим. Доктор Жаннини ва унинг жамоаси маданиятлар гипермаскулитлик (эркаклик сифатларини кўрсатишга ортиқча уриниш), аёллар қадрини ерга уришга мойиллик ва ҳомофобияга боғлиқ бошқа қарашларнинг юзага келишида қанчалик роль ўйнашини ўрганиб кўрди.

2017 йилда улар турли диний асосларга эга уч мамлакатдан бўлган 1048 нафар талабадан олинган натижаларни солиштириб кўрдилар: Италия (асосан, католиклар), Албания (асосан, мусулмонлар) ва Украина (асосан, проваславлар).

"Қизиқ жиҳати шу бўлдики, диннинг ўзининг ҳомофобияга бевосита алоқаси йўқ экан. Ҳар учала динда ҳам гейларга нисбатан нафратни қўзғатувчи асосий омил - бу диннинг ўзи эмас, балки ундаги фундаментал ақидалар эканини аниқладик," дейди доктор Жаннини.

Антигей активизм в штате канзас

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Диний тарғибот жамиятнинг жинсий озчиликларга нисбатан муносабатига таъсир қилиш қудратига эга

Догма қудрати

Мўтадил диний қарашдаги одамлар дин ҳомофобияни дастакламаслигини айтади.

«Биз гуноҳлардан нафратланамиз, уларга қўл урадиганлардан эмас,» сўзлайди Рус Проваслав Черковининг расмий воизи Вахтанг Кипшидзе Би-би-си билан суҳбатда.

У черков гейларга нисбатан қарашини ўзгартира олмаслиги, чунки бу догма (қотиб қолган ақида) Худодан келганини таъкидлайди.

«Биз бир жинсли муносабатда бўлувчи одамлар ўз гуноҳлари қурбони ва улар илоҳий кўмакка муҳтож, деб ҳисоблаймиз.»

Бироқ бошқа диндорлар гейларга нисбатан жаноб Кипшидзедан кўра қаттиқроқ муносабат билдиради.

Гомофобное шествие в Петербурге в 2017 году

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Православие ҳомосексуалликни гуноҳ деб билади. Бироқ мўътадил черков вакиллари ҳомофобияни маъқулламасликларини айтишади.

"Муқаддас битикларда бизга ноанъанавий жинсий ориентациядаги эркакларни тошбўрон қилиш буюрилган," деган эди рус руҳонийси Сергей Рибко 2012 йилги интервьюсида. Ўша йили Москвадаги клублардан бирида қуролланган шахслар бир гей йигитга ҳужум қилиб, уни аёвсиз таҳқирлаган эди.

«Мен она ватанимизни бундайлардан тозалашга қасд қилган одамларни тўла қўллаб-қувватлайман.»

Аммо жаноб Кипшидзе шундай дейди: «Янги Аҳднинг бирор ерида бундай гуноҳкорлар тошбўрон қилинсин, деган гап йўқ.»

У одамлар муқаддас китобларни нотўғри тушуниши ва бу нотўғри тушунчадан зўравонликни оқлаш воситаси сифатида фойдаланишини айтади.

Сўз қудрати

"Кўплаб черков етакчилари томонидан айтилган сўзлар одамларда ҳомосексуалларга нисбатан қўрқув ва нафрат пайдо бўлишига таъсир ўтказганига шубҳа йўқ," дейди Католик Черковидаги ЛГБТлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ирландиялик Тиернан Бреди.

Папа Франциск

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Папа Францискнинг ЛГБТ вакилларига нисбатан муносабати олдинги папаларга нисбатан юмшоқроқ

У Папа Франсиснинг август ойидаги Ирландия пойтахти Дублинга сафари чоғида ЛГБТ одамлар ҳуқуқини тарғиб қилган Equal Future кампанияси етакчисидир.

"Ҳомофобия табиати ўрганиб бўлинган. Биз ҳомофоб бўлиб туғилмаймиз, уни атроф-муҳитдан онгимизга сингдириб оламиз."

ЛГБТ одамларга нисбатан муносабат дунё бўйлаб ўзгармоқда, аммо гейларга нисбатан асрлар давомида шаклланиб келган нафрат бир кечада ўзгариб қолмайди, дейди Бреди.

"Черков одамлар ҳаётининг бир қисми, холос. Ҳомофобияни тарғиб қилаётган бошқа нарсалар ҳам бор: спорт, сиёсат, жамият."

Бредига кўра, қадимчи қарашлар ҳукмрон мамлакатлар маданияти диннинг кескин қоидаларини фақат мустаҳкамлайди.

"ЛГБТ одамлар яшириниб яшашга маҳкум мамлакатларда биз кўпроқ ҳомофобияга гувоҳ бўламиз, чунки қўрқув ва ишончсизлик сочиш ҳар нарсадан осонроқ."

Стереотиплар қудрати

АҚШдаги Теннесси Университетида руҳшунослик фани профессори ёрдамчиси сифатида фаолият юритувчи Патрик Р. Грзанка ўтказган тадқиқот ҳомофобияга алоқадор бошқа омилларни ҳам юзага чиқарди: стереотиплар (бирор шахс ёки нарсага нисбатан бир тахлитда қотиб қолган қараш ёки муносабат)

2016 йили Грзанка ва унинг ҳамкасблари 645 нафар ақшлик талаба ўртасида сўровнома ўтказиб, улардаги гейлардан нафратланиш даражасини ўрганиб кўрди.

Сўнг тадқиқотчилар талабалар жавобларини бу мавзуда мавжуд тўрт ишончга асосан ҳисоблаб чиқди:

  • Бирор жинсий озчиликка мансуб одамлар шундай туғилган;
  • Бирор жинсий гуруҳга мансуб одамларнинг бари бир хил;
  • Бир шахс фақат бир жинсий гуруҳга мансуб бўла олиши мумкин;
  • Бирор жинсий гуруҳга мансуб кимнидир ўрганиб кўрсангиз, ўша гуруҳ тўғрисидаги барча нарсани билиб оласиз.

Натижалардан маълум бўлишича, талабаларнинг катта қисми жинсий озчиликлар худди шундай туғилади (1-ишонч), деб ҳисоблар экан. Ҳам анъанавий жинсий ориентациядаги талабалар, ҳам жинсий озчиликлар аъзолари бу ишончни тўғри, деб топган.

Жинсий озчиликларга нисбатан салбий муносабати кучли бўлган талабалар қолган учта ишончга кўпроқ қўшилишини маълум қилган.

Активист ЛГБТ в Манагуа

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ҳомосексуалларга нисбатан муносабати ёмон инсонлар ҳомосексуалларнинг ўзига хос шахслар эканини кўришни истамайдилар

Ошкоралик қудрати

Доктор Гржанкага кўра, одамлар онгидаги "яширин нотўғри қарашлар" уларда маълум хурофотларга ишониш майлини ҳосил қилади.

У ҳомофобия даражасини пасайтириш учун одамлар ўзлари «бошқалар» сифатида кўрадиганлар борасида холис маълумотга эга бўлишига шароит яратилиши лозим, деб ишонади.

"Гейлар ҳам оддий одам эканлиги ва жинсий ориентацияни ўзгартириб бўлмаслигини тушунтириш учун одамлар орасида тарғибот ишларини олиб боришимиз, аксил-ҳомофобия сиёсатини ишлаб чиқишимиз зарур," дейди доктор Грзанка.

"Жинсий озчиликларга нисбатан нафрат ва қўрқувни урчитаётган омилларнинг бирортаси табиий эмас. Инсоният тарихида шундай замонлар бўлганки, одамлар гейларни тўғри қабул қилган, гейлик учун жазолаш бекор қилинган ва, ҳатто, бундай шахслар ҳурмат қилинган."

марш в Вашингтоне

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, ЛГБТ мавзуси муҳокамасидаги очиқлик АҚШда ЛГБТ вакилларига нисбатан тоқатлилик ортишига туртки берди

Аксарият фаоллар гей одамларнинг яширинишга уринмай очиқ-ошкораликда юриши ЛГБТ ҳуқуқларининг янада тан олинишига асос бўлади, деб ишонади.

Gallup томонидан 1999 йилда ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, ўша вақтда америкаликларнинг учдан икки қисми бир жинсли никоҳга қарши фикр билдирган.

Орадан йигирма йилча вақт ўтиб, вазият деярли тескари томонга ўзгарган: ҳозирда америкаликларнинг учдан икки қисмдан кўпроғи бир жинсли никоҳни қўллаб-қувватлайди.

Тадқиқотчилар вояга етган ЛГБТ одамларнинг 10 фоиздан кўпроқ қисми бугунга келиб, бир жинсли турмуш ўртоққа эга эканини айтади. Бундай ошкоралик баъзи одамлардаги гейларга нисбатан салбий қарашнинг йўқолишига сабаб бўлмоқда, ҳомофобия даражасини пасайтирмоқда.

Олимлар ҳомофобияни "даволаш" мумкин ёки йўқлигини ҳали билмайди, аммо улар бундай нафратнинг илдизини англаш арафасида турганини маълум қилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek