Чеченистонлик гей Рамзан Қодировдан нима учун узр сўради?

Мовсар Эскерханов Чеченистонда ўзининг гейлигини очиқ тан олган биринчи эркак эди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Мовсар Эскерханов Чеченистонда ўзининг гейлигини очиқ тан олган биринчи эркак эди.

Мовсар Эскерханов Чеченистонда ўзининг гейлигини очиқ тан олган биринчи эркак эди.

Аммо Чеченистон телевизионидаги чиқишида у мамлакат раҳбарияти, хусусан Рамзан Қодировдан узр сўраган.

Мовсарга кўра, ғарблик журналистлар босими остида у гейлиги ҳақида "очилиш"га мажбур бўлган.

Сентябр ойи охирида Time нашри чеченистонлик йигитнинг Германияга сафар қилгани, бир неча йилдан бери қочқинлик мақомини ололмаётгани ҳақида мақола чоп этди.

Журналистларнинг мақсади эса Мовсарнинг айтишича, "уни Чеченистон халқи ва раҳбари кўз ўнгида шарманда қилиш" бўлган.

Мақолага видео илова этилган ва унда Мовсар ўзининг гей эканини очиқ айтиш билан чеченистонлик бошқа жинсий озчиликларга ёрдам беришни ният қилганини айтади.

"Мен юзимни яширмайман. Буни истамайман ҳам...Дунё кўрсин менинг кимлигимни...Агар мени Россияга жўнатишса, унда мени Чеченистонга олиб кетиб ўлдиришарди. Майли, мени ўлдиришсин, аммо мен одамларни қутқаришни истайман...Бошқа гейларга айтадиганим шу - қўрқманг, сиз яшашингиз керак", дейди Эскерханов видеороликда.

Шу йил май ойида Франциянинг гейлар ҳуқуқлари учун курашувчи учта ташкилоти Чеченистонни гейларни қирғин қилишда айблаб Халқаро жиноий судга мурожаат қилишди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Шу йил май ойида Франциянинг гейлар ҳуқуқлари учун курашувчи учта ташкилоти Чеченистонни гейларни қирғин қилишда айблаб Халқаро жиноий судга мурожаат қилишди

Душанба куни эса Чеченистон ТВси Мовсар Эскерханов ҳақида репортаждан парча кўрсатди.

Унда Мовсар Time журналистлари чеченларни шарманда қилиш ниятида бўлишганини даъво қилди.

Мовсар видеода журналистлар унга Германиядан бошпана олишга ёрдам бериш ҳақида ваъда қилишганини айтади.

"Улар мени чеченистонликлар ва юрт раҳбари ўнггида шарманда қилишди. Мени тузоққа туширишди. Шунинг учун мен Чеченистон халқи ва унинг раҳбаридан, Европа ва Шимолий Кавказда яшаётган чеченлардан кечирим сўрайман", дейди Мовсар.

Ўзининг бу амалларини Мовсар тутқаноққа қарши дори ичишни тўхтатиб қўйгани билан изоҳлайди.

Ҳозир эса у "яхши томонга ўзгараётганини" айтади.

"Йўлдан адашган"

Ноябр бошида Чеченистон телевидениесидан Мовсарнинг оиласи ҳақида кўрсатув намойиш қилинди.

Унинг синглиси Мовсарнинг ўгайлиги ва болаликда ҳам фақат тўполончи бўлганини айтди.

"Энди у йўлдан адашган бўлса...бизга керак эмас", деди.

Мовсарнинг онаси эса гапиришдан бош тортган.

Журналистга кўра, бунга сабаб она қаттиқ уятда қолган.

Бу кўрсатув эфирга узатилганидан кейин Мосвар жавобан видеомурожаат билан чиққан эди.

Шу йил май ойида Франциянинг гейлар ҳуқуқлари учун курашувчи учта ташкилоти Чеченистонни гейларни қирғин қилишда айблаб Халқаро жиноий судга мурожаат қилишди.

Улар Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров ва давлат расмийларини "гейлар геноциди" ва "таъқиб тўлқини"да айблашмоқда.

Чечен расмийлари республикада гейлар борлигини рад қилган.

Май ойи бошида Россия Президенти Владимир Путин Чеченистонда гейларга қарши олиб борилган рейдлар бўйича тергов очилишини қўллаб-қувватлади.

Аммо, учта француз гуруҳи Россиянинг ички терговига ишончсизлик билдириб, Гаагадаги Халқаро жиноий судга мурожаат қилишди.

Чеченистондаги ҳамжинсбоз эркакларнинг ёппасига қўлга олинаётгани борасидаги хабарлар илк марта ўтган ой Новая Газетада чоп этилди.

Шикоятда айтилишича, 17 ёшли гей ўсмирни ўз амакаси оиланинг шаънини ҳимоя қилиш учун тўққизинчи қаватдан ерга улоқтирган.

Le Monde хабар қилишича, уч француз гуруҳи Президент Қодировни гейларни қийноққа солувчи махсус турмаларни қуришда айблади.

Ўтган ой мазкур айбловлар текширилиши талаби билан Россия бош прокурорига петиция беришга уринган беш гей фаоли Москвада қўлга олинганди. Петицияга 2 миллион одам имзо чеккан.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002