‘Бир-биримизни севамиз, лекин ҳеч қачон қовушмаймизʼ

Jacob and Charlotte
Сурат тагсўзи, Жэйкоб ва Шарлотта 3 йилдан бери қовушмаган
    • Author, Клэйр Уиллиамс
    • Role, BBC

Mumsnet ва Gransnet вебсайтлари томонидан 2,000 нафар иштирокчи ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларидан маълум бўлишича, 30 ёшдан кичик қатнашчиларнинг 18 фоизи ўтган йили 10 баробар камроқ секс билан шуғулланган. Барча ёшлар орасидаги бу рақам 29 фоизга тенг бўлган. Би-би-си бир-бирини жонидан ортиқ кўрадиган, лекин деярли жинсий яқинлик қилмайдиган уч жуфтлик билан суҳбатда бўлди.

«Ҳозирда жинсий яқинлигимизнинг йўқлиги сабабчиси менман,» дейди 35 яшар Аманда Би-би-сига.

«Бутун вақт ишдан, уй юмушларидан чарчаб юраман. Гўё жинсий майлим ҳам ҳолдан тойгандек.»

Аманда ва Стив турмуш қурганига олти йил бўлган.

Жуфтлик хонада хурсанд эмаклаб юрган 22 ойлик ўғли Эллиотни кузата туриб, нега ҳозир ҳар олти ҳафтадагина базўр жинсий яқинлик қилаётганларини тушунтиришга ҳаракат қилади.

«Кундузи бола атрофда ўйнаб эмаклаб юрганда севги билан шуғулланишнинг имкони йўқ,» кулади лондонлик Стив.

"Ҳаттоки, уни бир-икки соатга ухлатиб қўйсак ҳам, бошқа нарсаларга чалғиб кетамиз. Бу ишни қилсакмикан ё бироз ухлаб олсакмикан, деб ўйлаб қоламиз."

Бироқ жинсий ҳаёт фақат бу жуфтликдагина йўқолиб кетмаяпти, дейди Relate ташкилотидан маслаҳатчи ва секс терапист Мартин Берроу.

Аманда ва Стив қовушиши учун вақт ва қувват топишга қийналади
Сурат тагсўзи, Аманда ва Стив қовушиши учун вақт ва қувват топишга қийналади

«Ҳар куни жинсий ҳаётидан қониқмаётганидан шикоят қиладиган жуфтликлар сони ортиб бормоқда,» дейди у.

"Балки олдин ҳам бундай жуфтликлар сони кўп бўлган, аммо одамлар секс ҳақида гапиришдан иймангани учун уларни билмагандирмиз, балки одамларнинг жинсий ҳаёти ҳақиқатан издан чиқаётгандир, бунисини билмайман."

«Жинсий яқинликсиз ҳам жуфтингиз билан муносабатларингиз қалин бўлиши мумкин.»

"Баъзи одамлар ўзини бахтли ҳис қилиши учун секс зарур эмас, баъзиларда эса аксинча."

Иккаласи ҳам 23 ёшда бўлган Жейкоб ва Шарлотта бир-бирини жонидан ортиқ кўради, аммо уларнинг муносабатида сексга жой топилмайди.

«Тўрт йилдан бери биргамиз. Шу йилларнинг учтасини жинсий яқинликсиз ўтказдик, лекин танишган вақтимиз бундай бўлишини ҳаёлимизга келтирмаган ҳам эдик,» дейди Шарлотта.

Шарлотта асексуал (бошқаларга нисбатан жинсий майли йўқ шахс), Жейкоб эса бундай эмас.

"Олти ойга чўзилган жинсий ҳаётдан кейин биз секс билан шуғулланишдан толиқа бошладик. Умуман олганда, секс бизни бахтли қилмаётган ҳам эди."

"Жейкоб яқинлик қилишни истамаган одамга суйкалишни хоҳламайди."

Бошқа эркаклар учун жинсий яқинлик қилишни истамайдиган аёл билан яшаш қийин бўлиши мумкин, аммо Жейкоб бундай фикрда эмас.

«Мен ажойиб инсон билан яшайман,» дейди у. «Муҳаббатни намоён этишнинг бошқа йўллари ҳам бор.»

Бироқ бу бошқа йўллар доим ҳам бир-бирини тушунишдан иборат эмас.

«Жинсий яқинлик йўқлигида мени айбдор қилиб кўрсатадиган кимдир билан яхши муносабатда бўла оламан, деб ўйламайман. Жинсий майлсиз яшаш - бу менинг танловим,» дейди Шарлотта.

"Баъзи одамлар бахтдан кўра сексга кўпроқ урғу беришини кўриш жуда ачинарли."

Бристоллик Том ва Стив бирга яшаётганига тўрт йил бўлди. Улар ўтган йили турмуш қурдилар. Бироқ шу вақтгача бирор марта жинсий яқинлик қилмаганлар.

Уларнинг ҳар иккови ўзини асексуал, деб таърифлайди.

Томнинг ишонишича, жамият борган сари сексга кўпроқ урғу берадиган бўлиб бормоқда.

"Одамларни секс билан шуғулланишга ундовчи омиллар кўпайиб бормоқда. Худди одамлар жинсий яқинлик қилиш учун ўзини мажбурлаётгандек," дейди Том.

Жуфтлик улар ҳеч қачон секс билан шуғулланмаганини маълум қилганида одамлар доим ҳайратга тушишини айтади. Уларга кўра, одамлар секссиз улар бир-бирини қандай севишига қизиқар экан.

Улар бунга шундай жавоб беради: "Севмасдан туриб кимдир билан бирга бўлиш мумкин, шундай экан, нега секссиз муҳаббат бўлмаслиги керак?"ʼ

Dr Martin Burrow

Жаноб Берроуга кўра, ишқий муносабатлардаги секснинг миқдори ҳақида гап кетганда «нормал миқдор мавжуд эмас.»

Баъзи жуфтликлар "секс билан шуғулланмасдан туриб ҳам яқинликнинг юқори даражасига етиш мумкин," дейди.

Бошқалар фарзанд кўриш, иш, толиқиш ва касалликлар каби омиллар таъсири остида жинсий майл заифлашиб кетишини таъкидлайди.

Аманда Стив билан ўрталаридаги мавжуд ўзаро мулоқот ва муштарак англашув мунтазам секссиз ҳам соғлом муносабатни сақлаб қолишга ёрдам бераётгани ҳақида сўзлайди.

«Жинсий майлингиз йўқолиб қолса, ҳеч қачон тушкунликка тушманг,» маслаҳат беради у ёш ота-оналарга. «Чунки ҳаммамиз бу босқичдан ўтамиз.»

Ва Стив томон ўгирилиб, юзда табассум билан шундай дейди: «У кунларимиз қайтади. Ваъда бераман.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek