Украина НАТОга қабул қилиниши ва унга қирувчи учоқлар берилиши керак - Чехия президенти Dunyo Yangiliklar

Петр Павел.
Сурат тагсўзи, Петр Павел.

Чехиянинг янги президенти Петр Павел Би-би-си билан интервюсида Украинани уруш тугаши биланоқ НАТОга қабул қилиш кераклигини айтди.

Унинг айтишича, Украина ҳам руҳий ва ҳам амалий жиҳатдан ушбу иттифоққа қўшилишга тайёр бўлади.

«Украина армияси Европадаги энг тажрибали армия бўлиши мумкин. У демократик давлатлар ҳамдўстлигининг аъзоси бўлишга лойиқ», - деди Чехия лидери.

Петр Павел 2015-2018 йилларда НАТОнинг ҳарбий қўмитаси раиси бўлиб хизмат қилган.

Президент бўлиб сайланиши ортидан қилган илк халқаро интервюсида жаноб Павел НАТО аъзоларида Украинага турли қуроллар, жумладан Киев сўраётган F-16 қирувчи учоқларини етказиб бериш бўйича чекловлар бўлмаслиги кераклигини айтди.

Душанба куни АҚШ Президенти Жо Байден F-16 учоқлари етказиб берилмаслигини айтди, аммо Франция Президенти Эммануэл Макрон буни истисно қилмади.

F-16 қирувчи учоқлари берилса, Украинанинг ҳарбий қудратли сезиларли даражада ошади.

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, F-16 қирувчи учоқлари берилса, Украинанинг ҳарбий қудратли сезиларли даражада ошади.

АҚШ ва Германия лидерлари дохил бир неча давлат раҳбарлари Украинага учоқлар билан ёрдам бериш Ғарбнинг Россия билан алоқаларини янада ёмонлаштиришидан хавотирдалар.

Лекин жаноб Павел бу каби хавотирларга қўл силтади.

"Бизда бошқа муқобил йўл йўқ. Агар Украинани ёрдамсиз қолдирсак, катта эҳтимол билан у урушда мағлуб бўлади. У ютқазса, барчамиз ютқазамиз", - деди Чехия раҳбари.

Петр Павел иттифоқчиларни аввалроқ танклар масаласида бўлганидек учоқлар масаласини узоққа чўзмасликка чақирди ва Украина учун вақт ўта тиғизлигини эслатди.

У Россия-Украина можароси дипломатик усуллар билан ечилиши эҳтимолини истисно қилмади, аммо унга кўра, бу каби ечимнинг калити Россияни қўлида ва у ҳозирда бу каби ечимга иштиёқини намойиш қилмаяпти.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek