Янгиликлар. Украина: Энди ким ютади - Путин ёки Зеленский? Видео Video Rossiya Ukraina Putin Dunyo Yangiliklar

Путин ва Зеленский

Сурат манбаси, MIKHAIL METZEL/TASS

Ўқилиш вақти: 6 дақ

Украина уруши ўзининг иккинчи йилига кирмоқда.

Қақшатқич жанглар ҳануз тинмаётир, музокаралар истиқболи қоронғу.

Россия ўз сафларини мустаҳкамлаш, Ғарб эса, Украинани кучайтиришга зўр бермоқда.

Худди шундай бир манзарада урушнинг тақдири нима бўлади?

Би-би-си бир неча ҳарбий ва сиёсий таҳлилчидан жорий - 2023 йилда воқеалар қандай кечиши ҳақида сўради.

Уруш бу йил якун топиши мумкинми, агар шундай бўлса, қандай қилиб - жанг майдонидами ёки музокаралар столида?

Ёки можаро 2024 йилгача давом этадими?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

"Путин ўз тақдири учун курашаяпти..."

Камолиддин Раббимов, Ўзбекистондан сиёсий таҳлилчи

Украина қўшинлари

Сурат манбаси, Reuters

Икки томонда ҳам сиёсий ирода ниҳоятда мустаҳкам.

Ҳар икки тарафда ҳам сиёсий ҳокимият ва унинг атрофида сиёсий инқироз кузатилаётгани, кутилаётгани йўқ.

Демак, мана шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, Украина коллектив Ғарбдан ёрдам олишда давом этади.

Оз-оздан ёки босқичма-босқич Россия босқинчи кучларини ўзининг ҳудудидан чиқаришга ҳаракат қилаверади.

Бу урушнинг тўлиқ тақдири Путиннинг кайфиятига ва Путиннинг қарашларига боғлиқ бўлиб қолаверади.

Энг асосийси, хавотирлиси - кучлар ўртасидаги тафовутнинг мутлақ деярли катта фарқ қилмаслигидир.

Агар кучлар нисбати 70-30 бўлганда ҳам, уруш тақдири у ёки бу томонга ҳал бўлган бўлар эди.

Украина ўзининг ҳудудий яхлитлиги, ўзининг ҳудуди, Ватани учун курашаётган бўлса, Россия сиёсий ва геосиёсий тизими ўзининг ҳаёти учун курашаяпти.

Демак, урушда енгилиш - Путин сиёсий тузумининг қулашини англатади, бошқа бирор бир маъно чиқариб бўлмайди.

Яъни, Путин бу урушда ўзининг тақдири учун курашаяпти.

Россия ва Украина президентлари

Сурат манбаси, ...

Бир-бирларига қўяётган шартларини томонлар қабул қилмайди.

Украина тўлиқ ўзининг суверенитетини тиклашга ҳаракат қилаяпти. Яъни, ҳаттоки, Қримни қайтариб олиш амбицияси пайдо бўлди Украинада.

Бу нарсани эса, Россия қабул қила олмайди. Чунки Путин ҳокимияти, унинг пропагандаси буни тўлақонли тарихий мағлубият сифатида тан олади.

Шунинг учун ҳам бу уруш Россия учун ва-банк уруши.

Россия ўзининг кучи, ўзининг қудрати, ҳаттоки, ўзининг энг даҳшатли қурол-аслаҳалари билан бир неча марта таҳдид қилди.

Россиянинг вақти-вақти билан мана шу масалага қайтиши эҳтимоли, албатта, мавжуд.

"Россиянинг баҳордаги ҳужуми ҳал қилувчи бўлади"

Ukrainian vehicles near Kyiv, 2015

Сурат манбаси, Getty Images

Майкл Кларк, Эксетердаги Стратегик тадқиқотлар институти директори ёрдамчиси:

Евроосиёнинг бепоён кенгликларида бирор давлат иккинчисига ҳужум қилса, унинг қиши оғирликларига дучор бўлиш тайин.

Наполеон, Гитлер ва Сталин - буларнинг бари ўз армияларини аёз қиш азобларини тотиб, олға юргазишга мажбур бўлган. Ҳозир ортга чекинаётган Путин ўз кучларини баҳорда бўлажак янги ҳужумларга ҳозирламоқда.

Ҳар икки томон тин олиши керак, аммо украинлар яхшироқ қуролланган ва олға боришдан манфаатдор ва улар босимни, камида, Донбасда давом эттиришини кутишимиз мумкин.

Кременная ва Сватово атрофида улар рус қўшинларини февраль ойида босқин бошланган жойдан унчалик узоқ бўлмаган кейинги табиий мудофаа чизиғигача - 65 км орқага суриб ташлашлари мумкин.

Мукофот тайин бўлиб турганда, Киев тўхташни хоҳламайди. Бироқ Херсон озод қилинганидан кейин Украинанинг ҳужумлари жануби-ғарбий йўналишда бироз тўхташи мумкин.

Россиянинг Қрим билан боғланган автомобиль ва темир йўл алоқасига зарар бериш учун Днепрнинг шарқий қирғоғига кесиб ўтиш осон бўлмайди. Аммо Киевнинг кутилмаганда янги ҳужум бошлаши эҳтимолини инкор этиб бўлмайди.

2023 йилда Россиянинг баҳорги ҳужуми ҳал қилувчи бўлади. Путин 50 000 га яқин янги сафарбар қилинган аскар аллақачон фронтда эканлигини айтди; қолган 250 000 нафари эндигина сафарбар қилиниб, кейинги йилга тайёрланмоқда.

Ана шу янги рус кучларининг тақдири жанг майдонида ҳал қилинмагунча, уруш натижасини айтиш қийин.

Ўт очишни қисқа вақт тўхтатиш ягона истиқболдир. Аммо Путин тўхтамаслигини аниқ айтди. Украина эса ҳозир ҳам ўз ҳаёти учун курашаётганини очиқ кўрсатди.

"Украина ўз ерларини қайтариб олади"

Вашингтондан олим ва таҳлилчи Андрей Пионтковский:

Украина 2023 йил баҳоридан кечиктирмай ҳудудий яхлитлигини тўлиқ тиклаб, ғалаба қозонади. Икки омил бу хулосани қувватлайди.

Baxmut

Сурат манбаси, Reuters

Биринчиси - Украина ҳарбийлари ва бутун Украина халқининг ғайрати, қатъияти ва жасорати, замонавий урушлар тарихида мисли кўрилмаган бўлмоқда.

Иккинчидан, Ғарб узоқ йиллар давомида рус диктаторини тинчлантиришга уриниб келди, ниҳоят, ўз олдида турган тарихий фурсатни англади. Буни НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг яқинда қилган баёноти яхши кўрсатиб турибди.

"Биз тўлайдиган нарх пулда. Украиналиклар тўлаётган нарх эса қонда. Агар авторитар режимлар куч устунлик беришини кўрса, ҳаммамиз бундан ҳам қимматроқ тўлашимизга тўғри келади. Дунё барчамиз учун янада хавфли бўлиб қолади."

Украинанинг қачон ғалаба қилиши НАТОнинг янги ҳужум қуроллари пакетини (танклар, самолётлар, узоқ масофали ракеталар) етказиб бериш тезлигига боғлиқдир.

Келгуси ойларда (эҳтимол ҳафталарда) Мелитопол асосий жанговар нуқтага айланишини кутяпман. Мелитополни қўлга киритган украиналиклар Азов денгизига осон чиқиб олади, Қрим билан таъминот линиялари ва алоқаларини самарали узиб ташлайди.

Россиянинг таслим бўлиши Украинанинг тор-мор қилувчи ҳужумидан сўнг музокараларда расман келишиб олинади.

Ғолиб давлатлар - Украина, Буюк Британия, АҚШ халқаро хавфсизликнинг янги архитектурасини шакллантиради.

"Охири кўринмаяпти"

Барбара Занчетта, Лондон Қирол коллежининг Уруш тадқиқотлари факультети:

Владимир Путин бошқа мамлакатлар жиддий аралашмаслиги ва Украина ҳамма талабларига пассив равишда рози бўлишини кутган. Ана шу жиддий хато ҳисоб узоқ давомли тўқнашувга олиб келди.

Қиш қийин бўлади, чунки Россия Украина инфратузилмасига ҳужумлар орқали аллақачон шундоқ ҳам оғир аҳволдаги аҳолининг руҳини синдириб, қаддини букишга ҳаракат қилмоқда. Аммо Украинанинг бардоши ажойиб чиқди. Улар собот билан турмоқда. Уруш давом этади.

Музокаралар истиқболи яхши эмас. Эҳтимолий тинчлик битими учун камида бир томоннинг асосий талаблари ўзгариши керак. Шундай бўлгани ёки яқин кунларда бўлишига бирор ишора сезилмаяпти.

Хўш, охири қандай бўлади?

Tank in Donbas

Сурат манбаси, Getty Images

Урушнинг моддий ва инсоний талафотлари Россия сиёсий элитасининг садоқат занжирларини бузиши мумкин. Калит Россиянинг ўз ичида.

Хато ҳисоблашлар ҳал қилувчи роль ўйнаган ўтмишдаги урушлар ҳам, масалан, АҚШ учун Вьетнам ёки Совет Иттифоқи учун Афғонистон, худди шундай тугаган. Ҳурматни сақлаб қолиб урушни тўхтатиш ягона арзирли натижа бўлади.

Бироқ бу уруш харажатлари ортиши сабабли ички босимлар кучайганда, Ғарб Украинани қўллаб-қувватлашда қатъият кўрсатганда содир бўлиши мумкин.

Афсуски, бу узоқ давом этувчи сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий кураш асосида кечади. 2023 йил охиригача бу уруш катта эҳтимол билан давом этади.

"Россиянинг мағлубиятидан бўлак натижа йўқ"

Бен Ҳоджес, АҚШнинг Европадаги армияси собиқ қўмондони:

Киевда ғалаба парадини режалаштиришга ҳали эрта, аммо ҳозир барча куч Украина томонида ва улар бу урушда, эҳтимол, 2023 йилда ғалаба қозонишларига шубҳа қилмайман.

Қишда ишлар секинлашади, бироқ Украина кучлари Россияникидан яхшироқ ҳаракатланишига шубҳа йўқ, чунки қишки барча жиҳозлар Буюк Британия, Канада ва Германиядан келади.

Январь ойигача Украина Қримни озод қилиш кампаниясининг якуний босқичини бошлаши мумкин.

Биз тарихдан биламизки, уруш ирода ва моддий-техник таъминот синовидир. Украина халқи ва аскарларининг қатъиятини ва Украина учун моддий-техникавий вазиятнинг тез яхшиланаётганини кузатганимда, мен Россиянинг мағлубиятидан бўлак натижани кўрмаяпман.

Русларнинг Херсондан чиқиб кетиши мени қисман шундай хулосага келтирди. Бу ютуқ, биринчидан, Украина халқи учун руҳий қўллов бўлди, иккинчидан, Кремль учун чуқур шармандалик бўлди, учинчидан, Қримни Украина кучлари қуроллари қамраб оладиган даражада яқинлаштириб қўйди.

Vladimir Putin

Сурат манбаси, Getty Images

2023 йил охирига қадар Қрим Украина назорати ва суверенитетига ўтишига тўлиқ ишонаман. Аммо кейинроқ Россиянинг Севастополдаги денгиз кучларининг бир қисмини босқичма-босқич олиб чиқиб кетиш бўйича қандайдир келишув бўлиши мумкин.

Азов денгизи қирғоқлари бўйлаб Украина инфратузилмасини, жумладан, Мариупол ва Бердянскнинг муҳим портларини қайта қуриш бўйича саъй-ҳаракатлар амалга оширилади ва Шимолий Қрим каналининг очилиши, сувни Днепрдан Қримга йўналтириш яна бир муҳим лойиҳа бўлади.

"Кўпроқ нарсани кутинг"

Девид Генделман, Исроилдан ҳарбий эксперт:

"Бу қандай тугайди" деб эмас, ҳар бир томон кейинги босқичда нимага эришмоқчи эканлиги ҳақида гапириш керак.

300 000 сафарбар қилинган Россия қўшинларининг фақат ярми жанговар зонада. Қолганлари Херсондан чиқиб кетган кучлар билан биргаликда яна ҳужумга ўтишни пойлаб турибди.

Луганск ва Донецк вилоятларини босиб олиш давом этади, бироқ Россиянинг, масалан, Донбасдаги Украина қўшинларини ўраб олиш учун жанубдан Павлоградгача бўлган ҳужуми бўлиши даргумон.

Ҳозирги тактика давом этиши эҳтимоли кўпроқ - тор йўналишда Украина кучларига аста қарши бориш ва Бахмут ва Авдеевка йўналишларида бўлгани каби, худди шу тактика билан Свято-Кременний йўналишида ҳам секин олдинга силжиш.

Украина энергетика инфратузилмасига ҳужумлар давом этади ва Украинанинг ички томонига артиллерия зарбалари орқали давомли уруши стратегиясини қўллашади.

Россиянинг Херсондан чекинишидан кейин Украинанинг муҳим кучлари ҳам бўш бўлиб қолди. Улар учун стратегик жиҳатдан энг қимматли йўналиш жанубга - Мелитопол ёки Бердянсккадир, чунки шу йўналиш орқали русларнинг Қримга ўтадиган йўлини кесиб қўйиш мумкин. Бу Украина учун йирик ғалаба бўларди, шунинг учун руслар Мелитополни мустаҳкамламоқда.

Украина учун яна бир вариант - Сватово. Бу ердаги муваффақият Россия фронтининг бутун шимолий қанотига таҳдид солади.

Катта савол шундаки, ҳозир қанча Украина кучлари бўш турибди ва ҳужумга тайёр? Генерал Залужнийнинг столида қанча янги захира бригадалари ва корпуслари, шу жумладан, ишчи кучи, зирҳли машиналар ва оғир қуроллар бир, икки ёки уч ой ичида тайёр бўлишини кўрсатадиган жадвал бор?

Лойлар музлагандан кейин бу саволга жавоб оламиз. Шу жавоб бизни уруш "қандай тугашига" бироз яқинлаштиради.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.