Украинлар умидини АҚШ чилпарчин қилдими ё Россия - Украина куч посангиси қаёққа оғмоқда? Янгиликлар Дунё

Танк

Сурат манбаси, Getty Images

Энди Украинадаги уруш буткул ўзгариб кетадими? Сабаби - Ғарб давлатлари ниҳоят замонавий танкларни Украинага беришга қарор қилган. Бироқ бу қанчалик ҳал қилувчи аҳамиятга эга, деган савол ўртага чиқади.

Германия Leopard 2 танкларини АҚШ эса M1 Abrams танкларини беришга қарор қилган. Британия ва Польша аллақачон аниқ ваъдалар бериб бўлган, бошқа давлатлар ҳам эргашиши кутилмоқда. Айрим шарҳловчилар бу қарорни эҳтимол "ҳал қилувчи" деб атамоқда.

Айни пайтда, воқеаларнинг сўнгги ривожланишида, АҚШ президенти Жо Байден Украинага F-16 қирувчи учоқлари берилмаслигини билдирди.

Қирувчи учоқ

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Украина Ғарб қирувчи учоқлари Россияга қарши урушда муҳимлигини урғулайди.

Украина анчадан бери ҳаводан ҳам қўлловга муҳтожлигини айтиб келаётганди.

Аммо журналистнинг АҚШ Украинага қирувчи учоқлар берадими, деган саволига Президент Байден қисқагина қилиб "йўқ" деб айтди.

Олдинроқ Германия раҳбари ҳам Украинага қирувчи учоқлар берилмаслигини билдирганди.

Бироқ украинлар Ғарбдан танклар олишмоқда. Бош савол - бу танклар Украианадаги урушда туб бурилиш ясай оладими?

Алоқадор мавзулар:

Аввало, Украина ишлатиб келган Совет давридан қолган танкнинг ўзига хос жиҳатларига назар солсак.

Совет техникаси

Танк

Замонавий урушда танклар душман мудофаа чизиғини ёриб ўтиш ва ҳудудни қайтариб олиш учун ҳужум операцияларида асосий қуролга айланган.

Самарали фойдаланилганда, улар мобил ўт очиш ва ҳимояни таъминлайди, кутилмаган зарба беради. Кўп сонли жамланганда, улар душманнинг мудофаасини суриб ташлаши мумкин. Аммо улар аввал ўша мудофаани заифлаштириш учун артиллерия ёрдамига, сўнгра қайтариб олинган ҳудудни ушлаб туриш учун пиёдалар ёрдамига муҳтож.

Тарих шуни кўрсатадики, жангларни фақат танклар билан ютиб бўлмайди. Инглизлар биринчи марта 1917 йил ноябрь ойида Кембрай жангида юзлаб танклардан фойдаланганлар. Дастлаб улар сезиларли ютуқларга эришган, аммо тез орада кўплаб танклар ишламай қолган ва немислар қарши ҳужуми инглизларни ғолибдан мағлубга айлантирган.

Танклар мудофаа учун ҳам ишлатилиши мумкин. 1940 йилда улар Аррасда чекинаётган инглиз ва француз қўшинлари томонидан нацистлар босқинини тўхтатиш учун ишлатилган, бу эса инглиз қўшинларини Дункеркдан эвакуация қилишга имкон берган.

Аммо Украина Россиянинг ҳар қандай баҳорги ҳужумини тўхтатиш учунгина эмас, балки ўз ҳудудини қайтариб олиш, яъни ҳужумга ўтиш учун ҳам қуролга муҳтож эканини очиқ айтди.

Украина энди енгадими?

Зеленский ва Путин

Сурат манбаси, BBC/Getty Images

Украина қандай қилиб танклардан авангард сифатида фойдаланиши мумкин?

Украина учун узунлиги 1000 километрдан ортиқ бўлган фронт чизиғи бўйлаб қўшимча танкларни тарқатиб юбориш унчалик мантиққа тўғри келмайди. Россия мудофаасини ёриб ўтиш Украинадан ўз кучларини, эҳтимол, 5 дан 20 км.гача тўплашни талаб қилади.

Британия армияси қироллик танк полки собиқ полковниги Ҳамиш де Бреттон-Гордоннинг айтишича, бу рақамлар ютуқ учун жуда муҳим. Катта ҳужум учун зирҳли бригада одатда камида 70 танкни ўз ичига олади. Шундай қилиб, 100 дан ортиқ Ғарб жанговар танклари катта ўзгариш қилиши мумкин, дейди у.

Агар Украинада кўпроқ бўлса, у ўтган йили шимол ва жанубда бўлгани каби турли жойларда бир вақтнинг ўзида ҳужум операцияларини ўтказишга ҳаракат қилиши мумкин эди.

Бундан ташқари, ҳарбийлар "қуролларнинг қўшма манёври" деб атайдиган ҳаракат учун қўшимча ёрдам талаб этилади.

Буюк Британия Украинага нафақат 14 та Challenger танкини, балки қўшинларни ташиш ва ҳимоя қилиш учун 30 та артиллерия ўзиюрар қуроллари ва зирҳли техникаларини ҳам жўнатмоқда.

Халқаро стратегик тадқиқотлар институти (ХСТИ) катта илмий ходими Бен Баррининг Би-би-сига айтишича, Ғарб танклари ўзгаришларга сабаб бўлади. Аммо Британия армиясининг собиқ бригада генерали ҳозиргача берилган ваъдалар ҳал қилувчи бўлиши даргумон, деб огоҳлантиради.

Challenger нималарга қодир?

Танк

Ушбу янги ҳарбий ёрдам пакети, шунингдек, миналардан тозалаш ва кўприкларни ётқизувчи техникани ҳам ўз ичига олади. Бошқача айтганда, ҳар қандай ҳужумкор операция учун зарур бўлган асосий элементлар булар.

Қўшма Штатлар, шунингдек, Украинага 100 дан ортиқ Bradleу ва Stryke бронетранспортёрлари, Германия эса 40 та Marder пиёда аскарлар жанговар машинаси, шунингдек, танклар етказиб бермоқда.

Танклар очиқ жойларда тез ҳаракат қилиш учун мўлжалланган найзанинг учидир. Challenger 2, Leopard 2 ва M1 Abrams русларнинг кўпгина танклардан тезроқ ҳаракат қилади, нотекис ерларда соатига 40 км.дан тезроқ.

M1 Abrams ҳақида нима маълум?

Танк

Тўсатдан ҳужум билан ҳудудни тезда қўлга киритиш учун улар ҳужумга учраш эҳтимоли катта бўлган шаҳарлардан четроқ юришади. Россия йўлдаги узун зирҳли машиналар колоннаси ҳимоячилар учун осон емиш бўлишини кўрсатди.

Халқаро стратегик тадқиқотлар институти жаноб Баррининг айтишича, ҳар қандай олдинга ҳужум душманнинг заиф томонларини қидиради. Аммо у Россия охирги бир неча ой давомида мудофаа позицияларини хандаклар ва танкка қарши тузоқлар билан мустаҳкамлаганини таъкидлайди.

Ғарб танклари рус танкларидан 20 тоннага оғирроқ. Қўшимча зирҳ яхшироқ ҳимоя қилади, аммо бу танклар вақтинчалик кўприклардан ўтиш учун жуда оғир бўлиши мумкинлигини англатади. Россия ва Украина душманга ҳалал бериш учун кўплаб кўприкларни портлатган.

Кутилмаган ҳужумлар

Британиянинг Challenger танклари эскадронига қўмондонлик қилган жаноб де Бреттон Гордоннинг айтишича, Ғарбда ишлаб чиқарилган танкларнинг катта афзалликларидан бири уларнинг тунда жанг қилиш қобилиятидир.

Тунги кўриш қурилмалари ва термал камера улар учун стандарт ҳисобланади. Русларда эса фақат Т-90 каби илғор танкларгина тунда жанг қила олади. Зулматдаги ҳужумлар, шунингдек, зарба ва кутилмаганликни қўшиб юборади.

Украина учун энг катта муаммо логистикдир - ёқилғи, ўқ-дорилар ва эҳтиёт қисмлар оқимини сақлаб туриш керак. Украина нафақат собиқ совет давридаги арсеналини сақлаб қолиши, балки Ғарб томонидан етказиб бериладиган қурол-яроғлар захираси тобора ортиб бораётганидан хавотирланиши керак.

Масалан, Британиянинг Challenger 2 танклари НАТОнинг Leopard ва Abrams кабиларнинг стандарт ўқ-дориларидан фойдаланмайди. Challenger 2 ҳозир ишлаб чиқарилмайди ва ҳатто Британия армияси ҳам мавжуд паркидан баъзи эҳтиёт қисмларни йўқотишга мажбур бўлган.

Жаноб Баррининг айтишича, украиналик муҳандислар Leopard ва Challenger каби дизель двигателларини таъмирлай олиши керак. Аммо унинг айтишича, Abrams янада мураккаб газ турбинали двигатель билан ишлайди. Бундан ташқари, Германияда ишлаб чиқарилган Leopard'га қараганда тахминан икки баробар кўп ёқилғи сарфлайди.

Leopard қандай танк?

Танк

Агар Ғарбнинг ваъдалари бажарилса, Украина қуролли кучлари 100 дан ортиқ танклар билан мустаҳкамланиши мумкин. Бу ҳали Украина бош ҳарбий қўмондони сўраган миқдор эмас.

Ўтган йил октябрида генерал Валерий Залужний Украинага жорий йилда режалаштирилган ҳужуми учун қўшимча 300 та танк, 700 та пиёдалар жанговар машинаси ва 500 та гаубица кераклигини айтган эди. Шуларнинг ярмигина келиши мумкин.

Қуроллардан фойдаланишни ўргатиш ҳам вақтни олади - ҳафталар, ойларга чўзилмаса агар. Камига бу қуролларнинг барчаси қачон келиши ҳам аниқ эмас.

АҚШ ўзининг 31 М1 Abrams танкларини тайёрлаш бир неча ойга чўзилишини айтди. Украина замонавий жанговар учоқлар бўйича сўровига Ғарбнинг жавобини ҳамон кутмоқда. Ҳужум қилаётган армия ҳаво мудофаасига муҳтож бўлади.

Ғарб расмийлари Украина шу йилнинг баҳоридаёқ ҳужум бошлашига умид қилишган. Улар Россия ўз қўшинларини ёллаш ва тиклаш ва камайиб бораётган ўқ-дори захираларини тўлдириш учун курашаётган бир пайтда вақтдан фойдаланиб қолишмоқчи.

Ўтмишда Украина ўзининг кучига ишонмайдиганларга адашганликдарини кўрсатиб қўйди, аммо Россия қўшинларини чиқариб юбориш учун Ғарбнинг кўпроқ ёрдамига муҳтож.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek