Ўзбекистон, Россия ва Украина: Ўзбеклар имкониятни бой берганми - энди умид нимадан? Таҳлил

Президентлар

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Марказий Осиё бугун Россияга кўпроқ муҳтожми ёки, аксинча, Россия Марказий Осиёга?

Украина устига Россия босқини жаҳонда қатор геосиёсий ўзгариш ва иқтисодий тебранишларга ҳам сабаб бўлди. Бу урушга киришмаган давлатлардан қайси биридир манфаат кўрмоқда, бошқаси ютқизмоқда. Ўзбекистон қандай ҳолатда?

Украинани қўллаган аксар Европа давлатлари Кремлнинг газ ва дон-дун қасосига юз тутдилар.

Ҳамон Россия таъсиридаги қатор собиқ Совет давлатлари эса аросатда қолишди, дейиш мумкин. Уларнинг аксарияти на Россияни очиқ қоралай олишди, на рўй-рост қўллашди.

Ҳатто Хитой каби йирик қудратлар ҳам кимни дастаклаш қандай оқибатларга етаклашини обдон тарозига тортишди. (Хитой иқтисоди Ғарб билан чамбарчас боғлиқ ва ўртадаги сиёсий келишмовчиликларга қарамай, мавжуд ришталарни узиш Пекин учун зарарли кечиши мумкин).

Алоқадор мавзулар:

Урушда қатнашмаган ғолиблар

Баъзи давлатлар бу ўринда ютиб қолишаётгани айтилади.

Масалан, Ҳиндистон ва Хитой Россиядан арзон ёқилғи олишни кўпайтиришган.

Ўтган сентябрда Россиянинг арзонлаштирилган нефти баррели 20 долларгача тушиб кетганди. Ёқилғи хомашёси ўз экспортида салмоқли ўрин тутадиган Россия уни кимгадир сотиши керак эди.

Ҳозирча Хитой олаётган газнинг бош таъминотчиси - Марказий Осиё, хусусан, Туркманистон.

Аммо Сибирдан тортилаётган янги қувур ишга тушиши билан Хитой ишлатадиган энг кўп газ Россиядан бориши мумкин.

Сиёсатчилар

Сурат манбаси, ARDA KUCUKKAYA/ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES

Туркия каби давлатлар ҳам иқтисодий, ҳам геосиёсий, ҳам ёқилғи хавфсизлиги борасида ютиб қолишгани айтилади.

Анқара уруш манзарасида муҳим воситачи сифатида ўртага чиқди. Турклар шундоқ ҳам Яқин Шарқ ва Ғарб ўртасида ҳам жўғрофий, ҳам сиёсий жабҳадаги муҳим ўйинчилардан эди.

Эндиликда Туркиянинг айни аҳамияти кучайди ва турк дипломатияси доирасига собиқ Совет Иттифоқининг каттагина ҳудудлари ҳам қўшилди.

Украина ғалласи экспорти масаласи ҳам Туркия геосиёсий мавқеи ортишида муҳим ўрин тутди. Айни дамда, бу давлат ўзидаги энергетика таъминотида ҳам ютуқларга эриша олди.

Россияга қарши мисли кўрилмаган Ғарб санкциялари қўлланилган ҳолатда Путин ҳукумати билан олди-берди қилиш осон эмас.

Айниқса, банк тўловлари, муайян товарлар айланиши ҳамда айрим маҳсулотлар савдоси турли чеклов ва муаммоларга дуч келиши мумкин.

Бироқ Ўзбекистон жорий ҳолатда ўзининг энг йирик иқтисодий ҳамкори бўлган Россиядан қандай манфаат топа олди, деган савол очиқ.

Аксинча, шу кунларда Ўзбекистон бўйлаб кучайган энергия инқирозида Россиянинг арзон ёқилғисидан (балки Ўзбекистоннинг ўзидан чиқадиган газдан ҳам) ўзбекларга катта фойда тегмади.

Ўзбек ҳукумати нафақат қишлоқ ҳудудларига, балки пойтахт Тошкент аҳолисига ҳам етарлича ёруғлик ва иссиқлик етказа олмади.

Бой берилган бойлик

Kamoliddin Rabbimov

Сурат манбаси, Facebook/Kamoliddin Rabbimov

Сурат тагсўзи, Таҳлилчи Камолиддин Раббимовга кўра, бугунги энергия инқирози илдизи 2005 йилга тақалади.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг Facebook ижтимоий тармоғида ёзишича, ўтган йиллари ўзини Евросиёдаги йирик энергетика қудрати санаган Россия эндиликда ушбу мавқеини йўқотган.

"Украина уруши натижасида, Москванинг кейинги йигирма йилликда шакллантирган "Евросиё энергетикасини назорат қилиш" концепцияси ишдан чиқди. Европа Россиянинг энергетик назоратидан чиқиб бўлди" - ёзади таҳлилчи.

"Уруш бошланганда, Европа танлов олдида қолган эди: ёки иқтисодни ўйлаб, Россиянинг тажовузини ютиш, ёки келажак манфаатлари ва қадриятларни ўйлаб, Россия шантажига имкон бермаслик. Қанчалик оғир бўлмасин, Европа иккинчи йўлни танлади".

Ўзбек таҳлилчиси бу ўринда ўз эътиборини Россия ва Марказий Осиё ўртасидаги жорий ҳолатга ҳам қаратади.

"Бугун, Россиянинг "Энергетик империя" концепцияси айнан Марказий Осиёни, ва энг аввало, Ўзбекистонни қуршовга олишни мақсад қилиб қўйди. Бошқа ҳудудлар Россиянинг таъсиридан чиқиб бўлди. Бу сўниб бораётган империянинг баҳайбат жасадининг оғирлиги, минтақамизга, жумладан Ўзбекистонга тушмоқда" - давом этади Камолиддин Раббимов.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистон ҳали 2005 йилги Андижон воқеалари ортидан ўзининг энергетик ташаббусини Россияга бой бериб бўлган.

Сабаби - Андижон воқеалари ортидан халқаро доирада яккаланиб қолган Ислом Каримов ўша пайтда Кремлдан паноҳ излаганди.

"Россия эса, бу паноҳи учун, бутун бир миллатнинг (Ўзбекистоннинг - таҳр.) стратегик ресурсларини қўлга киритиб олди. Бугунги Ўзбекистоннинг энергетик инқирози ва Россия қуршовининг кучайиб бориши, айнан ўша 2005 йилдаги келишувларнинг натижаси ҳисобланади".

Мирзиёев нима қилсин?

Путин ва Мирзиёев

Сурат манбаси, PRESIDENT.UZ

Таҳлилчига кўра, миллатнинг малакаси ва сиёсий тафаккури шундай бўлиши керакки, у ўзининг сиёсий эркини кучайтираман деб, геосиёсий қопқонга тушиб қолмаслиги лозим.

"Бугунги қийинчиликлардан қутиламан деб, уни кечиктирмаслиги, келажак авлодларга каттароқ муаммолар қолдирмаслиги керак. Муаммоларни ечиш учун, давлат ва халқ жипслиги - Миллат ҳамжиҳатлиги юқори бўлиши керак. Ички сиёсатда қанча бахс-мунозара, турфа фикрлар бўлмасин, Миллий манфаатлар борасида, ташқи тажовузлар борасида, давлат ва жамият бир-бирини тушуниши ва қўллаб-қувватлаши керак" - ёзади Камолиддин Раббимов.

"Ўзбекистон ўзининг энергетик муаммоларини ечиш учун, қолган ресурсларни ҳам Россияга қўш-қўллаб топшириши эмас, аксинча, Президент Мирзиёев Олий Мажлис ва халққа мурожаатида айтгандек, олдинги келишувларни ҳам қайта кўриб чиқиш зарур бўлади. Айнан мана шу йўл - миллий манфаатлар, миллий ғурур ва миллий бирлик йўли".

Олдинроқ Россия раҳбарияти Қозоғистон ва Ўзбекистонга "Газ иттифоқи" тузиш таклифи билан чиққанди.

Бироқ бу режа Марказий Осиёдаги икки йирик давлатнинг Россияга қарамлигини кучайтиради, деган танқидларга етаклади.

Ҳозирча қозоқлар ҳам, ўзбеклар ҳам эҳтиёткорлик билан муносабат билдириб, айни таклифни рад этиш мазмунидаги баёнотлар беришди.

Қизимга айтаман, келиним эшит

"Украина мисолида бугунги кунда Россия постсовет мамлакатларига қизим сенга гапираман, келиним эшит қабилидаги дипломатияни юритмоқда" - деган эди ҳали бир неча ой олдин Би-би-си билан суҳбатда таҳлилчи Рафаэль Саттаров.

Унинг урғулашича, Россия бошқа собиқ Совет давлатларига қарата "мана кўринг, ўзимга тил ва дин жиҳатидан яқин миллат - украинларга нисбатан қандай сиёсат юритмоқдаман" деган ишорани бермоқчи.

Айни пайтда танганинг иккинчи жиҳати ҳам бор.

Россия бугун халқаро доирада анча якканишин бўлиб қолган.

Шундай ҳолатда, Россия ёки Путин суянадиган кам сонли мамлакатлар қаторида Ўзбекистон ҳам бор. Ўтган йил давомида Президент Путин энг кўп сафар қилган собиқ Совет давлатларига қараб ҳам муайян хулосаларга келиш мумкин.

Бу ҳолат эса Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳам Россия билан муносабатларда ҳар қачонгидан кўра баландроқ мавқе ва овозга эга бўлиши керак эмасми, деган саволни ўртага қўяди.

Лекин ҳозирги ҳолатга қараганда, бу савол очиқ қолаётгандек.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek