Янгиликлар: Германия Украина сўраган Leopard 2 танкларини беришга рози бўлди Россия босқини

Leopard 2

Сурат манбаси, Reuters

Германия ҳукумати Украинага 14 та Leopard 2 танкларини беришини маълум қилди. Расмий Берлин ҳамкор давлатларга ҳам бу каби танкларни Украинага экспорт қилишга рухсат берди.

Яна 12 давлат Германия орози бўлса 100 та Леопард танкларини Укрианага беришга тайёр эканлигини айтганди.

Германия канцлери Олаф Шольц биринчи босқичда Германия Укрианага ўз заҳирасидаги 14 та Leopard 2 танкларини етказади.

"Мақсад, зудлик билан иккита танк батальонини тузиш", деган Германия канцлери.

Тез орада Украина ҳарбий хизматчилари Германияда ушбу танкларни бошқаришни ўргана бошлайди. Германия, шунингдек, танкларни материал-техник таъминот ва қурол-яроқ билан ҳам таъминлайди.

Германия ҳамкор давлатлари томонидан ушбу танкларни Украинага бериш борасида босимлар қаршисида қолаётган эди.

Расмий Берлин замонавий танкларни Америка Украинага M1 Abrams танкларини беришга рози бўлгандан сўнггина бериши мумкинлигини айтиб келаётганди.

24 январ куни бир неча нунфузли нашрлар АҚШ Украинага M1 Abrams танкларини беришга тайёрлигини ёзган.

Олдинроқ Буюк Британия Украинага 14 та Challengers-2 танкларини беришини маълум қилган ва қолган ҳамкор давлатларни ҳам танклар беришга чақирганди.

Ғарб қўлламаса, Россия Украинани тўлиқ маҳв этадими?

Буюк Британия ва бошқа Европа давлатлари Украинага замонавий танклар юборишмоқда. Украинлар Россияга қарши тура олиш учун Ғарбдан замонавий техника сўрашяпти. Ғарб қўлламаса, Россия Украинани тўлиқ маҳв этадими?

Би-би-си мухбири Эндрю Ҳардинг шиддатли жанглар кечаётган Бахмут ва Соледардаги жабҳа чизиғига бориб вазиятни ўрганди.

Унга кўра, Донбассда ракета ва танклар иштирокидаги жанглар ҳар куни қарийб тинимсиз давом этади. Аммо бир неча ҳафтадан бери айни жангларнинг қандай тугаши мавҳум бўлиб қолаётир.

Ишга солинаётган ҳарбий техника эса кўп нарсани ўзгартириши мумкин.

Алоқадор мавзулар:

"Т-72 танклари эски, менинг ёшим билан тенг" - дейди Совет давридан қолган танкига ишора қиларкан, 55 яшар украин жангчиси Богдан.

"Ҳали қирқ йил олдин ҳам худди шундай танкни ҳайдаганман. Ҳозир ҳам уни ишлатаётганимга ишонгим келмайди".

"Леопард" танки бўлса қанийди" - суҳбатга қўшилади унинг қуролдоши Володимир.

Айиққа қарши қоплон

Украина ҳарбийлари

Сурат манбаси, JOE PHUA

Сурат тагсўзи, Украинлар ҳам аксар Совет давридан қолган танкларни ишлатишади.

Германияда ишлаб чиқарилган "Леопард" ва Британиянинг "Челленжер" танкларини Украинага юбориш режалари бу ердаги ҳарбийларини хурсанд қилган.

Чунки сўнгги хафталарда Бахмут ва Соледар жангларида украинлар катта йўқотишларга юз тутишди.

"Улкан йўқотишлар бўлди. Бу жуда оғир" - дейди украиналик жангчи Данило.

Унинг ўйлашича, агар ҳозир кўп сонда хорижий танклар келтирилмаса, мавжуд ҳолат боши берк кўчадан чиқмай қолиши мумкин.

"Россия тажовузини тўхтатиш учун бизга Ғарб танклари керак. Улар ёрдамида биз, шаксиз, ғалаба қозонамиз".

Унинг айтишича, ҳар қандай чет эл танки асқатади.

"Бизга камида 300 дона танк керак. Бу танклар ҳозироқ зарур!" - дейди Богдан.

Украинлар ўзлариникига қараганда, Россия танклари анча замонавий эканлигини тан олишади.

"Россия танклари бизникидан бироз тузукроқ. Улар тўлиқ янгиланган. Асосийси, Россия кучлари қудратли, негаки улар ўз аскарлари жасадлари устидан ҳам босиб ўтиб, олдинга қараб юраверишади. Бизнинг қўмондонларимиз эса жангчилар ҳаёти ҳақида қайғуришади ҳамда иложи борича қамроқ қурбон бериб, душманни яксон этишга интиламиз" - дейди Богдан.

Қишки жанглар

Танк

Сурат манбаси, JOE PHUA

"Т-72 танклари қишда жуда асқатади, бироқ улар эски ва замонавий ҳарбий қуролларга бас кела олмайди" - дейди Хан ҳарбий лақабли қўмондон.

"Ҳозир ҳамма нарса дронлар, замонавий технология ёрдамида олиб борилади" - давом этади у - "Танк бошқарадиган одамнинг зеҳни-заковати ҳам юқори бўлади ва улар янгиликни тез ўзлаштиришади".

Шу пайт Россия ҳарбийлари артиллерия ҳужумига тутишади ва украинлар - улар билан бирга журналистлар ҳам - яширинишади.

Украина уруши, кўп жиҳати билан эскича урушларни ёдга солади: Ҳалиям артиллерия ҳужумлари, ҳалиям худди Биринчи Жаҳон Урушидаги каби хандақлар қазилади...

Айни пайтда, бу уруш танкларнинг имконияти чекланганини ҳам намоён этди. Масалан, босқиннинг илк ҳафталари Украина пиёда аскарлари жавелинлар ёрдамида Россиянинг зирҳли карвонларини яксон этишганди.

Украиналарга кўра, олдин урушда кўп нарсани танклар ҳал қилган бўлса, ҳозирда натижа янги ракета тизимларига боғлиқ.

Аммо агар келаётган ҳафталар давомида Ғарб давлатлари зудлик билан катта сондаги танкларни Украинага етказа олишса, бугунги жанглар натижаси ўзгариб кетиши мумкин.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek