Янгиликлар. Украина: Путин оммани алдаяптими? Rossiya Ukraina Putin Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Джейк Ҳортон, Адам Робинсон ва Пол Майерс
- Role, BBC Reality Check & BBC Monitoring
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Путин омма қаршисига актёрлар билан чиқмоқдами?
Алоқадор мавзулар:
Президент Владимир Путиннинг Янги йил муносабати билан табригида орқа фонда турган ҳарбий либос кийган гуруҳ орасидаги малласоч аёл эътибор тортган. Бу аёл Путиннинг аввалги видео ва суратларида ҳам кўрингани ҳақида тахминлар пайдо бўлди? Бу тахминлар қанчалик асосли?
Россия президенти турли тадбирларда кўринганидан аслида бошқа одам бўлган ҳамроҳлар билан чиқиши кўп бора таъкидланган.
Би-би-си Рус хизмати 2020 йили Путиннинг гўёки тасодифий одамлар билан гаплашгандек кўринган видеоларида аслида улар оддий одамлар эмас маҳаллий давлат расмийлари бўлганини аниқлаган эди.
Малласоч аёл
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ва "The Sun", "Daily Mail" каби вебсайтлар кўрсатишича, бу малласоч аёл Путин билан аввал ҳам кўринган ва турли ролларни ўйнаган, масалан, 2016 йили балиқ овида, 2017 йили черковдаги маросимда.
Бошқалар, масалан, Украина нашри хабарида айтилишича, бу аёл Россия Федерал гвардия хизмати ходими бўлиши мумкин.

Сурат манбаси, .
Биз 2023 йилги суратни юз таниш дастурлари ёрдамида 2016 ва 2017 йилги суратлар билан қиёсладик. Дастур уларни мос равишда 29 ва 28 фоиз деб кўрсатди.
"Одатда мослик 75 фоиз ва ундан юқори бўлганда уларнинг бир одамлиги ҳақида ўйлаш учун сабаб бўлади", дейди Брэдфорд университетида Визуал ўрганиш бўйича марказ директори, профессор Ҳасан Угаил.
2016 ва 2017 йилдаги тадбирлардаги суратлар 99.1 фоиз ўхшаш бўлгани аниқланган. Бу эса улар битта одам бўлганига кучли ишорадир.
Бу аёл Россия медиасида Лариса Сергухина деб айтилган. Ҳар икки тадбир ҳам Новгородда бўлган. У аёл эса президент Путиннинг партияси "Ягона Россия" партиясидан маҳаллий кенгашга сайланган депутат бўлган.
Биз 2016 йили қайиқда олинган ва расмий эълон қилинган суратни қиёслаганимизда 99.8 фоиз натижа чиқди. Сергухина, шунингдек, Новогородда балиқчилик билан шуғулланувчи компания асосчиси сифатида ҳам кўрсатилган.
Янги йил табригидаги аёл эса Россия медиасида капитан ва ҳарбий шифокор Анна Сергеевна Сидоренко деб кўрсатилган. Унинг тадбирдаги юзини "Известия" газетаси онлайн эълон қилган видеодан олинган сурат билан солиштирганимизда 99.5 фоиз натижа берди. Унинг номи, шунингдек, Украина разведка хизмати эълон қилган рўйхатда 71 полк аъзолари орасида кўринади.
Балиқчи
Шунингдек, 2016 йилда тўрт киши Путин билан балиқчилар қайиғида суратга тушган.
Ижтимоий тармоқлардаги хабарларда айтилишича, худди шу тўрт киши 2017 йилда черков маросимида ҳам кўринган.

Сурат манбаси, .
Қайиқдаги юзларни черковдагилар билан юз таниш дастури орқали таққослаганимизда тўртта эркак учун 99 фоиздан ортиқ натижа чиқди, шунинг учун биз уларнинг кимлиги билан қизиқдик.
Уларнинг барчаси Новгород вилоятида ишлагани ва камида учтаси балиқчилик билан шуғулланганини тасдиқловчи далилларни топдик.
Балиқчилар бригадаси раҳбари Алексей Ляшенко (1) суратда Путин билан тушган. Бу ҳақда унинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларидан, шунингдек, интернетда бригада ҳақида эълон қилинган профиллардан билса бўлади.
Худди шу профилга кўра, ушбу бригада маҳаллий "Еврохимсервис" қишлоқ хўжалиги конгломерати таркибига киради, унинг ўринбосари Лариса Сергухинадир (3).
Сергей Александров (2) Россия оммавий ахборот воситаларида балиқчи сифатида тилга олинган. Унинг ижтимоий тармоқдаги профилида уни балиқчи кийимида қайиқда кўриш мумкин.

Сурат манбаси, VK
Ижтимоий тармоқларда 4-рақамли шахснинг профилини топа олмадик, лекин унга мос келадиган расмни топдик, унга кимдир: "Қандай қилиб Путин билан?", деб изоҳ қолдирган. Унга: "Мен Новгородда иш жойида Путин билан бир неча марта учрашганман", деб жавоб берилган.

Евгений Ляшенко (5 ёш) - Алексейнинг ўғли. У ҳам худди шу жамоанинг бир қисми сифатида бригада профилида кўрсатилган. Алексей ва Евгенийнинг ота ва ўғил эканликларини тасдиқловчи ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари бор.
Интернетда жойлаштирилган яна бир суратда икки балиқчи бир неча йил аввал Ставропол ўлкасида Путин билан учрашган ва унда улар фермер деб кўрсатилган. Аммо танланган фермерлар ва иккита балиқчининг юзлари солиштирилганда, натижа 8% дан камроқ чиқди.
Музқаймоқ сотувчиси
Ўтмишдаги воқеаларнинг потенциал иштирокчиси сифатида малласочлилар белгиланишига яна бир қанча мисоллар бор, жумладан 2017 ва 2019 йиллардаги авиашоуда президент Путинга музқаймоқ бераётган аёлнинг иккита фотосуратини олайлик.

Сурат манбаси, .
Ундаги тасвирлар ён томондан олинган, бу эса юзни аниқлашни қийинлаштиради, шунинг учун биз ундан хулоса чиқариш учун фойдалана олмаймиз.
Аммо 2019 йилда Россия телевидениесида ўзини музқаймоқ сотувчиси деб кўрсатган аёл билан суҳбатни топдик.
Агар улар бир хил одам бўлса, бунинг ажабланарли жойи йўқ, чунки уларнинг иккаласи ҳам Путин икки йил фарқи билан иштирок этган битта авиашоуда суратга олинган.
Одамлар Путинга музқаймоқ сотган ўша аёл ўзини Россиянинг "Аэрофлот" авиакомпанияси ходими сифатида кўрсатаётганини даъво қилишди, бироқ яна ўша гап, бу ҳолатда суратларни солиштириш учун юзни таниш ишончли восита эмас.
Шунингдек, одамлар Путиннинг касалхонага ташрифи чоғида учрашган ярадор аскар аввалроқ у билан заводда суратга тушганини айтишган.
Бироқ, юзни таниш дастуридан фойдаланган ҳолда иккала жойдаги эркаклар юзларига қараганимизда, улар тахминан 25% ўхшашликни кўрсатди, бу эса улар бир одам эмаслигини билдиради.
Мақола устида Ольга Робинсон ҳам ишлаган. Графикалар Жана Таусчински томонидан яратилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















