Украина: Россия кейинги зарбани қаерга беради? Video Ukrainа Rossiya Putin Yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot
Россия Украинани денгиздан узиб қўймоқчи. Украинанинг яна бир муҳим ва йирик шаҳри ҳозир Россиянинг ҳужуми хавфи остида. Аёллари ва болалари қочишмоқда. Эркаклари эса, жангга тайёрланишаётир.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Таҳлил:
Алоқадор мавзулар:
- Савол ва жавоб: Агар Россия Украинани эгаллаб олса, кейин нима бўлади? Қачон НАТОнинг сабри битади ва Украинага киради?
- Савол ва жавоб. Киев: Украина нега Россия ҳарбий карвонига ҳозиргача зарба бермади? Ғарб нега аралашмаяпти? Уруш асирлари ҳам борми?
- Украина ишғоли ва куннинг саволи: Путин ядровий тугмани босадими?
- Украина уруши Россия режалагандек кетмоқдами? Дастлабки таҳлил
Навбат Одессагами?

Сурат манбаси, Screenshot
Қора денгиз бўйидаги Одесса Украинанинг энг муҳим ва энг йирик порт шаҳри бўлади.
Одесса Украинанинг учинчи йирик шаҳри саналади.
Стратегик жиҳатдан энг муҳим шаҳарлари сирасига киради.
Таҳлилчилар ҳам Одессани бой бериш Украина учун катта йўқотиш бўлади, деган фикрда якдил.
Шаҳар ҳозир Россиянинг навбатдаги йирик нишонига айланиши мумкин.
Аёллар ва болалар аллақачон Одессани тарк этишга киришишган.
Эркаклари эса, баррикадалар, қўм тўла қоплар билан шаҳарни ҳимоялашга тушишган.
Россия қўшинларига қарши қўлбола бомбалар ясашга зўр беришган.
Россиянинг ҳужумига қарши яширинча тайёргарлик кўришни бошлаб юборишган.
Ўзлари ясаган қўлбола бомбаларни синаб, бирваракайига нишонга аниқ зарба беришни машқ қилишга ўтишган.
Кўнгиллилар

Сурат манбаси, Screenshot
Одесса ҳимоясига ўз ихтиёри билан отланган Данило бўлажак ҳуқуқшунос.
У икки ҳафта олдин таҳсилининг сўнгги йилини ўқиётган талаба эди.
Ҳозир эса, Украинанинг фуқаровий мудофаа кучлари билан бирга қўлбола бомба ясаяпти.
Электрчи, пайвандчи ва олимпиячи билан ёнма-ён ишлаяпти.
Маълум бўлишича, Данило Молотов коктейли ёки қўлбола бомба ясашни ўзи таҳсил олаётган ўқув юртида ўрганган.
Хоҳловчилар учун ўқишнинг тўртинчи босқичида ихтиёрий курслар ташкил қилинган.
Богдан эса, юрист. Россиянинг уруши пойтахт Киевда иш қидираётган бир пайтга тўғри келган.
Аммо ҳозир Одессада. У ҳам ҳозир шаҳар ҳимоясига отланган кўнгиллилардан бири.
"Оилам уйга қайтишимни истади. Ёрдамим керак экан. Украиналиклар бутун мамлакат бўйлаб россиялик босқинчиларни мана шундай қуроллар билан қарши олишмоқда", - дейди у ўзлари ясаган қўлбола бомбаларга ишора қиларкан.
Бу ердаги гуруҳ кунига икки қути қўлбола бомба ясайди.
"Ҳозир бомба ясашга қўлимиз анча келишиб қолди. Худди шўрва қилишга ўхшайди. Ҳамма нарсани бирма-бир қилишингиз керак", - дейди Богдан.
Сўнгги вазият

Сурат манбаси, Screenshot
Одесса, кунларки, Россиянинг Қора денгиздаги кемаларини кузатиб турибди.
Соҳиллари миналанган.
Шаҳардаги машҳур ва салобатли Опера уйи ҳам тўсиб қўйилган.
Аёллар ва болалар шаҳарни тарк этишаётир.
Эллик чақиримча узоқликдаги Молдова билан чегара ўтиш нуқтаси - Паланкада туну-кун одамлар оқими тинмайди, дейди у ердаги вазиятни яқиндан туриб ўрганган мухбиримиз Люси Уильямсон.
Унинг айтишича, Одессани тарк этаётган одамлар учун ҳозир битта хавфсиз бандаргоҳ бор.
Украинанинг учинчи йирик шаҳри шу кунларда Россиянинг ҳужумини кутиб яшамоқда.
Мухбиримизга кўра, бошқа ердаги аҳволни кўриб, одессаликлар ҳам нималар бошларига тушишини яхши билишади.
Анжела ҳам бир қизи ва икки набираси билан Одессадан Молдовага қочган.
Тўнғич қизи Украина Қуролли кучлари сафида хизмат қилади.
"Қишлоғимиз тинч эмас. Улар баррикадаларни вайрон қилишди. Ҳаво ҳужуми хавфи туфайли уч кун уйимизнинг ертўласида яшадик", - дейди Анжела мухбиримизга.
Уларнинг ортида эса, одамларини кузатиб, россияликларнинг келишини кутаётган шаҳар - Одесса қолган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















