Украина уруши: Россия армиясидаги кадрлар ўзгариши Кремль мағлубиятининг далолати Ukraina Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, MIKHAIL KLIMENTYEV/TASS
Россия армияси бош штаби бошлиғи генерал Валерий Герасимовнинг Украинадаги қўшинлар қўмондони этиб тайинланиши Кремль ўзининг стратегик мақсадларига эришолмаётганининг тан олинишидир, деб ҳисоблайди Британия истиҳбороти.
Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг 11 январда имзолаган буйруғига кўра, Россия ҳарбий кучларининг Украинадаги қўмондони этиб генерал Сергей Суровикиннинг ўрнига армия бош штаби бошлиғи генерал Валерий Герасимов тайинланди.
Айни вақтда Герасимов бош штаб бошлиғи лавозимини ҳам сақлаб қолган.
Алоқадор мавзулар:
У бу лавозимни 2012 йилдан бери эгаллаб келади.
Сергей Суровикин атиги уч ой олдин, ўтган йил октябрида Украинадаги кучлар қўмондони этиб тайинланган эди.
"Охирзамон генерали" деган лақабни олган генерал Суровикин Герасимов муовини бўлиб қолади.
Генерал Суровикин бундан олдинги шафқатсиз тактикалари, хусусан, Россиянинг Суриядаги ҳарбий амалиётларида Суриянинг Ҳалаб шаҳрини қаттиқ бомбардимонларга тутгани туфайли "Охирзамон генерали" деган номни олган.
Суровикин қўмондон этиб тайинлангани ортидан Россия Украина энергетика инфратузилмасини вайрон этиш кампаниясини бошлади.
Бу билан Россия миллионлаб украиналикларни электр қуввати ва совуқ қиш кунларида уйларидаги иссиқлик таъминотидан узишни мақсад қилди.
Шунингдек, генерал Суровикин Россия қўшинларини Украина жанубидаги Херсон шаҳридан олиб чиқишга қарор бергани айтилган қўмондон бўлди.
Украина урушини 324 кундан буён кузатиб бораётган Буюк Британия разведкаси деярли ҳар куни ҳисобот эълон қилиб келаяпти, ҳисоботларида вазиятни таҳлил этиб бормоқда.
Британия истиҳборотининг 11 январдаги ҳисоботида Россия раҳбариятининг сўнгги қарори муҳокама этилади.

Сурат манбаси, Getty Images
"Бош штаб бошлиғининг ҳарбий ҳаракатлар театрининг қўмондони этиб тайинлаш Россия рўпарасида турган вазиятнинг тобора жиддийлиги ва кампания Россиянинг стратегик мақсадларига мувофиқ келмаётганини яққол тан олинишининг аломати ҳисобланади", - дейилади ҳисоботида.
Британия истиҳбороти фикрича, Герасимовнинг қўмондон этиб тайинланиши уни бундан олдинги ҳарбий муваффақиятсизликларнинг бош сабабчиси деб кўрган миллатчилар ва "ҳарбий мухбир"ларнинг жиддий норозилигига сабаб бўлади.
Герасимовга ўринбосар этиб тайинланиш генерал Суровикин обрўси ва таъсирига жиддий зарар етказди, деб ҳисоблайди Британия разведкаси.
АҚШдаги Урушни ўрганиш институти (ISW) фикрича эса, Герасимовни қўмондон этиш билан Кремль икки вазифани ҳал этмоқчи.
Биринчидан, бу йил ҳарбий ҳаракатлар устидан бошқаришни яхшилаш, иккинчидан, "ҳарбий мухбирлар" ва Пригожиннинг ЧВК "Вагнер" гуруҳи обрўси кўтарилиб, мудофаа вазирлиги обрўсизланиб бораётган бир вақтда вазирлик мавқеъсини кучайтириш.
ISW фикрича, Герасимовни тайинлаш билан Россия Президенти Владимир Путин янги ҳужумларни режаламоқда, бу эса ўз армиясининг ҳақиқий имкониятларини шу вақтгача англаб етмаганидан ҳамда Украинадаги кампанияда максималист мақсадларидан воз кечмаганидан далолат беради.
Путин ҳалигача Россия армияси кенг миқёсдаги ҳарбий ҳужумларни амалга ошришга қодир деб ишонади, бироқ дейилади ISW ҳисоботида, бундай баҳо ҳақиқий воқеликка тўғри келмайди.
"Ҳойнаҳой, генерал, ўзининг Украинага ишғоли билан келиб чиққан доимий, мунтазамий ҳамда тобора кучайиб бораётган мағлубиятларни бошидан ўтказаётган бошқаруви издан чиқаётган қўмондонликка раҳбарлик қилишига тўғри келади", дейилади ҳисоботда.
Америка Урушни ўрганиш институти фикрича, Россияга қурол-яроғ етишмаяпти, Москванинг янги ҳужумларга ўтиш режасига асосий тўсиқ Россия ҳарбий саноатининг қурол-яроғ етишмаслиги муаммосини ҳал этолмаслиги бўлади.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















