Украина билан уруш даврида Россия нега ҳарбий ислоҳот ўтказмоқчи? Dunyo, Yangiliklar, Putin

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Илья Абишев, Павел Аксенов
- Role, Би-би-си
Россияда иккита янги ҳарбий округ, бир нечта янги дивизиялар ва бошқа йирик ҳарбий тузилмалар ташкил этилади, 2023 йил 1 январдан ҳарбий хизматчиларнинг умумий сони Президент Путин томонидан белгиланган Россия армиясининг штатдаги сонига нисбатан яна 350 мингга кўпаяди ёки ҳозиргига нисбатан деярли ярим миллионга. Шунингдек, чақирув ёшини босқичма-босқич уч йилга ошириш режалаштирилган.
Мудофаа вазири Сергей Шойгу чоршанба куни ўтган кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида Россия Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш таклифи билан чиқди. Путин унинг ташаббусларини маъқуллашини билдирган.
Россия ҳукумати ҳарбий ислоҳотни нима ҳисобидан қилмоқчи? Нима учун у ҳозир керак бўлиб қолди ва бу ислоҳот Украинадаги урушдаги муаммоларни ҳал қиладими?
Биринчи ва асосий савол: яна 350 000 аскар қаердан келади?
Эҳтимолий жавоблар:
- Россияда янги сафарбарлик эълон қилиниши мумкин;
- Биринчи мобилизацияда сафарбар этилганлар доимий ҳарбий хизматга ўтказилиши мумкин;
- муддатли ҳарбий хизматни ўташдан озод этилган ҳарбий хизматчиларни захирага ўтказишни бекор қилиш ёки кечиктириш, уларни шартномавий хизматга ихтиёрий-мажбурий ўтказиш, кейин эса муддатли ҳарбий хизмат муддатини босқичма-босқич ошириш мумкин;
- Украинанинг босиб олинган ҳудудларида, асосан, 2014 йилдан буён Россия назорати остида бўлган Донецк ва Луганск вилоятларида сафарбар қилинганларни Россия қуролли кучлари штаби таркибига киритиш мумкин;
- Кўнгилли тузилмалар жангчилари ва хусусий ҳарбий тузилмаларга ёзилганларни армия сафларига ўтказиш мумкин. Шундоқ ҳам улар Украинада оддий рус армияси билан бир хил вазифани бажармоқда ва мувофиқлаштирилган тарзда ҳаракат қилмоқда.
Юқоридаги барча чоралар кўрилиши мумкин. Ҳамма гап рақамларда.
Путиннинг сентябрдаги фармони билан сафарбар қилинганлар сонини аниқ билиб бўлмайди. Путиннинг айтишича, бу кўнгиллилар билан бирга 318 минг кишини ташкил этган. Мустақил матбуот сафарбар қилинганлар сони анча кўп бўлганини кўрсатган.
Йилда икки марта 130-140 минг нафар рус ёшлари ҳарбий хизматга чақирилади (2022 йил баҳорида 134,5 минг нафари чақирилган). Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, ёлланма аскарлар ва кўнгиллилар сони бир неча ўн минглабни ташкил этади.
Босиб олинган Донецк ва Луганск вилоятлари ҳудудида мобилизация 2014 йилдан буён узлуксиз олиб борилмоқда. Уларнинг умумий аҳолиси тахминан 3,5 миллион кишини ташкил қилади - бу Россиянинг Нижний Новгород вилоятидан бир оз кўпроқ.
Шундай қилиб, рус армиясини тўлдиришнинг энг кафолатланган усуллари юқоридаги биринчи, иккинчи ва учинчидир.

Сурат манбаси, MIKHAIL KLIMENTYEV/AFP
Иккинчи савол: янги бўлинмалар учун командирлар қаердан олинади?
Сердюковнинг аввало иккиламчи тузилмаларни қисқартиришга қаратилган ислоҳотига қарамай, Россия армияси бошқарув тизими Совет Иттифоқидагича қолган. Бу, биринчи галда, бошқарув звеносига тегишли - «уч-тўрт» принципи асосида бўлинмаларни шакллантиришнинг советча модели жойида турибди.
Жанговар экипаж асосини ёрдамчилари бўлган пулемётчи ёки гранатометчи ва снайпер ташкил қилади. Уч тўрт ҳисоби бу 7-8 кишилик отряд, унга битта командир, одатда сержант керак.
Уч ёки тўртта отряд взвод бўлади, командир - офицердир, камдан-кам ҳолларда прапоршик, командир ўринбосари - прапоршик ёки тажрибали сержант.
Уч ёки тўртта взвод рота бўлади, командир ва иккита ўринбосар (бири - жанговар, иккинчиси - шахсий таркиб билан ишлаш учун) офицерлар.
Уч-тўртта рота - батальонга командир, штаб бошлиғи ва командир ўринбосари - офицерлар.
Уч ёки тўртта батальон - полк ва ҳоказо.
Шундай қилиб, битта взводни бошқариш учун битта офицер ва беш нафар сержант, бир рота учун олти нафар офицер ва 15 нафар сержант, батальон учун 18 нафар офицер ва 45 нафар сержант керак бўлади.
Аслида эса кўпроқ командирлар керак. Биринчидан, биз минимал ҳисобни айтдик. Иккинчидан, у катталашган сари кўпроқ ёрдамчи бўлинмалар талаб қилинади - муҳандис-сапер, танкка қарши, зенит, миномёт, алоқачилар, разведкачи, дрон операторлари ва бошқалар.
"Янги армияни шакллантириш бўйича эълон қилинган режалар иккита жиддий танқисликка дучор бўлмоқда. Биринчиси, мавжуд бўлинма ва бирлашмалар учун командир ва штаб ходимлари етишмаслиги, аввал ҳам мавжуд бўлинмалар учун тажрибали офицерлар етарли эмас эди, ҳозир ҳам етишмайди, бундан кейин ҳам шундай бўлади", деб ёзади россиялик ҳарбий эксперт Илья Крамник.
"Иккинчидан, техника танқислиги. Бу тузилмалар уруш давомида ҳозирланиши керак, уруш эса уларни ейишда давом этмоқда - ҳам зарарланмоқда, бузилмоқда ва шунчаки яроқсиз ҳолга келмоқда ва буларнинг барчасини алмаштириш ёки таъмирлаш керак (барибир алмаштирилади, лекин кейинроқ)", дейди у.
Ўқитилган офицерлар ва аскарлар, шунингдек, ҳарбий техника ва қуроллар етишмаслигини Донецк сепаратистларининг собиқ дала қўмондони Игорь Стрелков ҳам тан олди. У Малайзия Боингини уриб туширишда айбланиб, Гаага суди томонидан сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
"Кеча бригада эди, бугун дивизия! Чиройли, а?!? Бизга кўпроқ рақам ёки қўшимча ҳарбий техника керак эмас... Биз роталарни батальонларга, батальонларни полкларга, полкларни дивизияларга айлантиряпмиз. Украина Қуролли Кучлари уларга қандай куч қаршилик кўрсатаётганини тушуниб дарҳол ва жангсиз таслим бўлишади да энди... Ва муҳими бизда янги генераллик лавозимлари пайдо бўлади", деб ёзади у.

Шойгу нимани таклиф қилди?
- Иккита стратегик ҳудудий бирлашма - Москва ва Ленинград ҳарбий округларини ташкил этиш.
- Херсон ва Запорожье вилоятларидаги умумқўшин қуролли тузилмалар, шунингдек, Карелиядаги армия корпусини ўз ичига олган учта мотоўқчи дивизияни тузиш.
- Ғарбий, Марказий, Шарқий ҳарбий округлар ва Шимолий флотдаги еттита мотоўқчилар бригадасини мотоўқчи дивизияларга қайта ташкил этиш.
- Бундан ташқари, Ҳаво-десант кучларининг иккита ҳаво-десант дивизиясини тузиш.
- Денгиз кучларининг мавжуд бригадалари асосида денгиз пиёдаларининг бешта дивизиясини ташкил этиш.
- Ҳар бир умумий ва танк қўшинларини 80-100 та жанговар вертолётдан иборат авиация бригадаси бўлган аралаш авиадивизия билан таъминлаш.
- Бундан ташқари, учта авиация дивизиялари, саккизта бомбардимончи авиация полклари, битта қирувчи авиация полки ва олтита армия авиация бригадаларининг учта бошқармасини ташкил этиш.
- Ҳарбий округларнинг бешта артиллерия дивизияси ва стратегик йўналишларда кучайтирилган артиллерия бригадаларини тузиш.
- учта таъмирлаш заводини ташкил этиш ва ҳарбий таъмирлаш бўлинмаларини кучайтириш.
- Фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматга чақирилиш ёшини босқичма-босқич 18 ёшдан 21 ёшга, юқори чегарани 30 ёшга кўтариш.
- Қуролли Кучлар миқдорини 1,5 миллион нафар ҳарбий хизматчига, шу жумладан, 695 минг нафар шартнома асосидаги ҳарбий хизматчиларга етказиш.


Сурат манбаси, Getty Images
Миқдор аҳамиятлидир
Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Россия армияси ташқи сиёсат қуроли сифатида заифлашиб қолди. Варшава шартномаси иттифоқчилари билан биргаликда НАТОга қарши туришга қодирлик ўтмишда қолди, қуролли кучларнинг улкан механизми эса СССР билан бирга қулади.
1988 йил бошида СССР Қуролли Кучлари сони 4,2 миллион кишини ташкил этарди. 2008 йилга келиб армия 1,2 миллион кишини ташкил этди. Мудофаа вазири Анатолий Сердюков даврида Россияда қуролли кучларини ўша пайтда долзарб ҳисобланган вазифалар - терроризмга қарши кураш ва кичик минтақавий можароларда қўллашга мослаштириш бошланди.
Натижада, армия янада қисқарди - бир миллиондан кам одам қолди. Бундан ташқари, қуролли кучларни бошқариш тизими ўзгарди. Армия «округ-қўшин-дивизия-полк» тизими ўрнига ихчамроқ тизимга - «округ-қўшин-бригада»га ўтди.
"Бригада принципи" асосида маълум бир кичик вазифани бажарадиган бригадалардан, масалан, керакли қўшин гуруҳларини йиғиш мумкин эди. Бундай тизим кичик минтақавий можароларда қатнашиш, контрпартизан операцияларини ўтказиш учун кўпроқ мос келарди.
2012 йилда янги мудофаа вазири Сергей Шойгу даврида Россия армияси дивизиялар ва қўшинларни тиклашга киришди.

Сурат манбаси, Getty Images
Исроиллик ҳарбий эксперт Давид Генделманнинг Би би сига айтишича, бу маълум маънода катта тўқнашувда қўшинларни бошқаришни соддалаштиради: "Катта уруш учун дивизиялар бригадаларга нисбатан кўпроқ афзалликка эга. Чунки уларнинг ҳар бирида алоҳида хилма-хил кучлар ва воситалар бўлади. Шунинг учун янги дивизияларда артиллерия бригадаларини тузишяпти".
"Бундан ташқари, Финляндия ва Швециянинг НАТОга кириши муносабати билан Карелиядаги армия корпуси яхшироқ тақсимлаш ва назорат қилиш учун янги округга кирмоқда. Худди шу каби, авиацияда, шу жумладан армияда ҳам бўляпти: ҳар ёқда етишмовчилик, кўпроқ нарса керак, жумладан, ҳар бир қўшинга аралаш авиадивизия ва армия авиация бригадасини ажратиш керак", дейди у.
Бироқ, тузилмаларнинг кенгайиши билан бошқа бошқарув звеноси пайдо бўлади - битта бригада ўрнида дивизия ва полк пайдо бўлади, бу эса бошқарувни мураккаблаштиради. Айни пайтда, экспертлар таъкидлашича, рус армиясида юқоридан берилган буйруқ ижрочига етиб боришигача узун занжир муаммоси пайдо бўлади, бу эса тезкор муҳитда жараённи сезиларли даражада секинлатади.
Бунга муқобил тизимда эса кичик тузилмалар ташкил қилинади ва уларга аввалдан маълум вазифа белгиланади. Вазифани қандай бажаришни бўлинманинг командирлари ҳал қилади.
Сифат ва cон
Давид Генделманнинг фикрича, Россия раҳбарияти бу ислоҳот орқали қўшинлар танқислиги муаммосини енгишга ҳаракат қилмоқда.
"Умуман олганда, йўналишнинг ўзи тўғри. Уруш сифатдаги камчиликлардан ташқари, куч ва воситалар етишмаслигини кўрсатганлиги сабабли, уни кўпайтириш керак, лекин муаммо шундаки, у қоғоздагина силлиқ. Бу янги тузилмалар учун шунчалик кўп ресурс керакки, мудофаа саноатининг ҳарбий асосга ўтиши ҳозирги суръатда кетса, яқин келажакда бу режанинг амалга ошиши нореал кўринади", деди у.
Ҳарбий ислоҳот охиригача амалга оширилмади. Хусусан, Россия армиясида чақирув сақланиб қолди, ваҳоланки, бу ўзгаришларнинг мантиғи профессионал қуролли кучларга якуний ўтишда эди. Армияда шартнома бўйича ҳарбий хизматчиларнинг ҳам, муддатли ҳарбий хизматга чақирилганларнинг ҳам бўлиши муаммога айланди.
Янги вазир Сергей Шойгу даврида, 2012 йили Россия армияси дивизия ва қўшинларни тиклашга киришди. Охир-оқибат, армиянинг умумий тузилмасини сақлаб қолишга уриниш манзарасида тажрибали конртрактникларнинг етишмаслиги ҳарбий қисмларнинг тўлмай қолишига айланди.
Америкалик ҳарбий экспертлар - Ташқи сиёсатни ўрганиш институтининг катта илмий ходими Роб Ли ва CNAнинг Россия тадқиқотлари дастури директори Майкл Кофман 2022 йил июль ойида "New Times" журналида чоп этган мақоласида ёзишича, натижада Россия армияси ортиқча ҳарбий техника ва шахсий таркиб етишмовчилигига дучор бўлди.
Давид Генделманнинг таъкидлашича, армия сонини оширишдан мақсад ҳам аскар, ҳам техника етишмаслигини бартараф этишдир: "Ушбу дастурда кучларни оширишнинг асосий сабаби оддий, Россия-Украина уруши кўрсатдики, кенг кўламли анъанавий уруш учун Россия Қуролли Кучлари талай нуқсонларга эга.
Аммо бу Россиянинг урушдаги асосий муаммосидир, деб ҳисоблайди эксперт: у совет ресурсларисиз советча мақсадларни кўзламоқда. "Шундай қилиб, Ҳозир улар имкон қадар ресурсларни кўпайтиришга уринади."
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.













