Эр керак эмас: Ёлғиз яшашни истайдиган аёллар Hindiston Dunyo Ayol

BBC
Сурат тагсўзи, Сримойи Пиу Кунду Facebook'да Ҳиндистондаги ёлғиз шаҳарлик аёллар жамиятини тузган

Ҳиндистонда қизлар яхши хотин ва она бўлишга тайёрлаб ўстирилган, улар учун никоҳ энг асосий мақсад бўлиб келган.

Аммо ҳозир кўплаб аёллар ёлғиз қолишни танлаб, ўз йўлларида мустақил ёлғиз юришни афзал билмоқда.

Якшанба куни мен Деҳли жанубида йигирма нафарча аёл билан тушлик қилдим. Зал ҳаяжонли суҳбат ва кулгига тўлди.

Аёлларнинг барчаси Facebook'даги Ҳиндистондаги ёлғиз шаҳарлик аёллар жамияти "Status Single" аъзолари эди.

Жамият асосчиси Сримойи Пиу Кунду йиғилганларга: "Келинг, ўзимизни бева, ажрашган ёки бўйдоқ дейишни бас қилайлик, - деди. - Келинг, ўзимизни ғурур билан ёлғиз деб атайлик."

Аёллар қарсак чалиб олқишлади.

Кўпинча никоҳга муқаддас деб қараладиган мамлакатда ёлғизлик ҳали ҳам уят ҳисси билан йўғрилган.

Ҳиндистон қишлоқларида ёлғиз аёлларга кўпинча ўз оилалари ортиқча юкдек қарайди: умуман турмушга чиқмаганларда ҳаракат эркинлиги йўқ, минглаб бевалар эса Вриндаван ва Варанаси каби муқаддас шаҳарларга сургун қилинади.

Кунду хоним ва мен учрашадиган Деҳли пабидаги аёллар бошқача. Уларнинг аксарияти ўрта синф вакиллари - ўқитувчилар, шифокорлар, ҳуқуқшунослар, турли соҳа мутахассислари, тадбиркорлар, фаоллар, ёзувчилар ва журналистлар. Баъзилар ажрашган ёки бева, бошқалари ҳеч қачон турмуш қурмаган.

Бадавлат ёлғиз шаҳар аёли бўлиш тобора кўпроқ иқтисодий имконият сифатида эътироф этилмоқда - уларни банклар, заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар, истеъмол товарлари компаниялари ва сайёҳлик агентликлари ўзига жалб қилмоқда.

2011 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, 71,4 миллион ёлғиз аёл бор мамлакатда ёлғиз аёлларни камситиш маъносиздир, улар сони Британия ёки Франциянинг бутун аҳолисидан кўп.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2011 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, 71,4 миллион ёлғиз аёл бор мамлакатда ёлғиз аёлларни камситиш маъносиздир, улар сони Британия ёки Франциянинг бутун аҳолисидан кўп.

Ёлғиз аёллар ҳам оммавий маданиятга йўл топади, Болливуднинг «Қиролича» ва «Пику» каби фильмлари ва "Яна тўрт ҳисса" каби веб-шоулар ёлғиз қаҳрамонлари билан тижорий жиҳатдан муваффақиятли чиқмоқда.

Октябрь ойида эса Олий суднинг барча аёллар, жумладан, турмушга чиқмаган аёллар ҳам аборт қилишда тенг ҳуқуқларга эга эканлиги ҳақидаги қарори олий суд томонидан ёлғиз аёлларнинг ҳуқуқлари тан олингани сифатида эътироф этилган эди.

Аммо бу ижобий ўзгаришларга қарамай, жамиятнинг муносабати қаттиқлигича қолмоқда ва, Кунду хоним айтганидек, ёлғиз қолиш ҳатто бойлар учун ҳам осон эмас ва уларнинг устидан ҳам доим ҳукм чиқаришади.

"Ёлғиз аёл сифатида мен камситиш ва хўрлашларга дуч келдим. Мумбайда квартирани ижарага олмоқчи бўлганимда, уй-жой жамияти аъзолари менга шундай саволларни беришди: "Ичасизми? Жинсий фаолмисиз?"

У бошқанинг ҳаётига қизиқадиган қўшниларга ўхшаш гинекологларга дуч келди, ва бир неча йил олдин онаси танишувлар сайтида унинг номидан эълон берганда, у учратган эркак биринчи 15 дақиқадаёқ ундан бокирамисиз деб сўради.

"Кўриниб турибдики, бу саволни ёлғиз аёлларга мунтазам беришади", дея қўшимча қилади у.

SREEMOYEE PIU KUNDU

Сурат манбаси, SREEMOYEE PIU KUNDU

Аммо 2011 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, 71,4 миллион ёлғиз аёл бор мамлакатда ёлғиз аёлларни камситиш маъносиздир, улар сони Британия ёки Франциянинг бутун аҳолисидан кўп.

2001 йилда улар сони 51,2 миллион эди, ҳозир 39 фоизга кўпайган. 2021 йилги аҳолини рўйхатга олиш Ковид-19 пандемияси туфайли кечиктирилди, аммо Кунду хонимнинг айтишича, "бизнинг сонимиз 100 миллиондан ошади".

Ўсишни қисман Ҳиндистонда никоҳ ёши кўтарилганлиги билан изоҳлаш мумкин, бу ўсмир ёки 20 ёшлардаги ёлғиз аёллар ҳисобига сон ортганини англатади. Бу рақамлар бева аёлларни ҳам қамраб олади, аёллар эркакларга қараганда кўпроқ умр кўргани боис, бева аёллар кўп.

Аммо Кунду хонимнинг айтишича, у энди "нафақат вазиятга кўра, балки ўз истагига кўра турмуш қурмаган аёлларни кўпроқ учратяпти" ва бу «ёлғизликнинг ўзгарувчан қиёфаси»ни тан олиш муҳимдир.

"Мен ўз ихтиёрлари билан ёлғизликни танлаган кўплаб аёлларни учратаман, улар никоҳ тушунчасини рад этади, чунки бу аёлларга нисбатан адолатсиз, уларга зулм қилган патриархал институтдир."

29 ёшида бева қолган онасининг камситилиши сабабли у ёлғиз аёлларга эътиборли бўлиб қолган.

"Болалигимда мен патриархал, мизогин жамиятимизда эркак ҳамроҳи йўқ аёл қандай қилиб четга суриб қўйилганини кўрганман. Уни болалар базмларида, амакиваччасининг тўйида ҳеч ким кутиб олмади, келиндан узоқроқ туришни айтишди, чунки беванинг сояси ҳам бехосият саналади.

44 ёшида онаси севиб, яна турмушга чиққач, яна "жамият ғазаби"ни қўзғатди: "Қандай қилиб бева аёл қайғусиз, йиғисиз, жинсий ҳаётда, завқ-шавқдада яшаши мумкин, ахир бундай бўлиши керак эмас ку?»

Унинг айтишича, онасининг хўрлиги унга қаттиқ таъсир қилган.

"Мен турмуш қуришни хоҳлаб катта бўлганман. Мен никоҳ мени тан олдиради, барча зулматларимни ёритади деб ўйлардим.»

Аммо 26 ёшида, ҳам жисмоний, ҳам ҳиссий жиҳатдан - икки марта муваффақиятсиз муносабатлардан сўнг 26 ёшида Кунду хоним анъанавий никоҳ ўзи учун эмаслигини билганини айтади.

Унинг айтишича, унинг учун идеал муносабатлар маданият, дин ёки жамоага эмас, балки "ўзаро ҳурмат, қулайлик ва қабул қилиниш"га асосланади.

Якшанба куни мен учрашган ёлғиз аёлларнинг кўпчилиги бу фикрга қўшилади.

Аммо Ҳиндистон асосан патриархал жамият бўлиб қолмоқда, бу ерда никоҳларнинг 90% дан ортиғи оила томонидан тартибга солинади ва қизлар кимга турмушга чиқишлари ҳақида гапира олмайди, умуман турмуш қуришни хоҳлаш ёки хоҳламасликлари ҳам уларнинг ихтиёрида эмас.

Аммо Деҳли яқинидаги Гуруграм (Гургаон) шаҳридан 44 ёшли мураббий, ҳеч қачон турмушга чиқмаган Бҳавана Даҳианинг таъкидлашича, вазият ўзгармоқда ва ёлғиз аёллар сони кўпайиши қувончли.

"Биз океанда бир томчи бўлишимиз мумкин, аммо ҳозир ҳеч бўлмаганда бир томчи бор", дейди у.

"Бизда турмушга чиқмаган аёллар қанча кўп бўлса, шунча яхши. Анъанага кўра, ҳамма гап эрнинг касби, унинг режалари, болалар мактаби ҳақида эди ва аёлга танлов имконияти берилмасди, аммо ҳозир бу ўзгармоқда.

"Биз ўзимизга йўл очмоқдамиз."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek