Эрон: тирик қолиш учун танини сотаётган аёл ва эркаклар сони ортмоқда Dunyo Eron Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
"Қилаётган ишимдан уяламан, аммо бошқа чорам ҳам йўқ", дейди Неда исмли теҳронлик ажрашган аёл.
У кундузи аёллар сартароши бўлиб ишлайди, кечалари эса кам кўстига етказиш учун танасини сотишга мажбур бўлади.
"Мен аёллар қадрланмайдиган, иқтисоди таназзулга юз тутаётган ва ҳамма нарсанинг нархи деярли ҳар куни ошиб бораётган мамлакатда яшайман, - деб давом этади у. - Мен ёлғиз онаман. Ўғлимга ғамхўрлик қилишим керак. Фоҳишалик яхши пул келтиради, ҳозир шаҳар марказидан кичикроқ уй сотиб олишни режалаштиряпман. Бу менинг ҳаётимдаги қайғули воқелик. Мен том маънода руҳимни сотяпман."
2012 йилда Эрон фоҳишаликка қарши кураш бўйича миллий дастурни эълон қилди. Бироқ, нодавлат нотижорат ташкилотлар (ННТ) ва тадқиқотчиларнинг норасмий маълумотига кўра, жинсий индустрияда ишлайдиганлар сони фақат ошган.
Эроннинг консерватив диний идораси узоқ вақтдан бери мамлакатда жинсий хизматчилар борлигини расман рад этиб келади. Бунинг ўрнига, расмийлар фоҳишаликни ёшларни бузиш учун Ғарб уюштираётган фитна деб атайди ёки аёлларни виждонсиз эркакларга аралашишда айблашади.
Норасмий далиллар ҳам Эрондаги жинсий хизматчиларнинг ёшараётганидан далолат беради. Турли нодавлат ташкилотларнинг статистик маълумотларига кўра, 2016 йилда ҳатто 12 ёшли қизлар фоҳишалик билан шуғулланган.
Эрондаги банги аёлларни даволашга ихтисослашган ноҳукумат ташкилот Афтаб жамияти 2019 йилда пойтахтда 10 000 га яқин жинсий хизматчи бўлиши мумкинлигини айтди, уларнинг тахминан 35 фоизи турмуш қурган.
Теҳрон университетининг ижтимоий таъминот профессори Амир Маҳмуд Ҳарричига кўра, Теҳронда жинсий хизмат кўрсатувчилар сони икки баробар кўп бўлиши мумкин.
Эронда аёлларнинг иш билан таъминланиш имконияти нисбатан камлиги ва гендер тенглиги йўқлиги ҳисобга олинса, қашшоқлик чегарасидан пастда яшаётган кўплаб аёллар танасини сотишга мажбур бўлади. Бироқ, бу иш катта хавф билан бирга келади.
"Эркаклар Эронда фоҳишалик ноқонуний эканлигини ва аёллар қаттиқ жазоланишини билишади, шунинг учун улар бундан ўз манфаати йўлида фойдаланади", дейди Теҳрондаги университет талабаси Маҳназ.
"Бир одам билан бир неча марта алоқада бўлдим, лекин у менга пул бермади ва мен расмийларга шикоят қила олмадим."
Маҳназнинг айтишича, Теҳронда яшаш нархи жуда қиммат, бошқа ишлардан келадиган даромад унга тўловларни тўлашга етмайди.
"Лаззат никоҳи"
1979 йилда Эрондаги Ислом инқилобидан кейин янги режим бир неча жинсий хизматчиларни қатл қилди ва фоҳишахоналар ёпилди. Аёллардан жинсий алоқада фойдаланишни қонунийлаштириш мақсадида "завож ал-мутаа" ёки "лаззат никоҳи" деб аталадиган вақтинчалик никоҳ - сийқа никоҳи жорий қилинди. Бунда никоҳ муддати ва аёлга тўланадиган товон миқдори кўрсатилади.

Сурат манбаси, Getty Images
Эроннинг шиа исломий тизимига кўра, сийқа никоҳи жоиздир ва фоҳишалик ҳисобланмайди. Бу амалиёт бутун дунёдан шиа зиёратчилари келадиган муқаддас Машҳад ва Қум шаҳарларида кенг тарқалган. Ижтимоий тармоқлардаги видеоларда ироқлик эркаклар Машҳадда аёл қидириб юрганини кўриш мумкин, расмийлар эса улар шунчаки вақтинчалик никоҳга киришаётганини айтмоқда.
Ҳозирда Эронда сийқа никоҳини таклиф қилувчи сон-саноқсиз онлайн хизматлар мавжуд, жумладан, "Telegram" ва "Whatsapp"да бундай гуруҳлар ҳукумат рухсатига эга эканлигини даъво қилмоқда.
Фоҳишабозликнинг ошиб боришига туртки бераётган нарх навонинг кескин кўтарилиши ортида турган муҳим омиллардан бири - АҚШ томонидан Эрон ядро дастури туфайли жорий этилган иқтисодий санкциялар. Ўтган йилдан бери Эронда инфляция 48.6 фоизга етган. Ишсизлик ҳам кўпайди, иш билан банд бўлганларнинг кўпчилиги кам маош олади.
Шу фонда 20 ёшдан 35 ёшгача бўлган эркакларнинг тўлов эвазига аёллар билан жинсий алоқада бўладиганлари сони ҳам ортган. Эроннинг йирик шаҳарларида эркак жинсий хизматчилар ҳам кўпаймоқда.
Шундай инсонлардан бири, супермаркет сотувчиси 28 ёшли Камёр ўтган йилгача ота-онаси билан яшар, отасининг ёрдамисиз харажатларини тўлай олмасди. Энди у Теҳрон марказида квартира ижарага олишга қурби етади ва бир кун келиб чет элга кўчиб кетишга умид қилмоқда.
«Мен ўз мижозларимни ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлар орқали топаман, - дейди у. - Бу аёллар одатда 30-40 ёшларда. Бир пайтлар менинг 54 ёшли мижозим ҳам бор эди. Улар менга яхши муносабатда бўлишади, яхши пул тўлашади ва ҳар доим ўз уйларида тунашади. Оғзаки келишув билан мен жуда кўп мижоз топаман.»
Камёр муҳандис, аммо у ўз соҳасида келажагини кўрмайди.
«Мен ҳар доим муҳандис бўлишни хоҳлаганман. Лекин менга иш йўқ», дейди у.
"Мен бир қизни севардим, лекин оддий ишим бўлмагани учун турмуш қура олмадик. Мен ҳозир қилаётган ишим билан фахрланмайман. Нотанишлар билан пул эвазига ухлаш болаликдаги орзум эмас эди. Шармандали, лекин бу тўловларга етади. Мен фақат қашшоқ келажагимни тасаввур қиладиган мамлакатда яшайман".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














