Америка ва Эрон қандай қилиб уруш ёқасига келиб қолди?

Эроннинг энг қудратли ҳарбий қўмондони генерал Қосим Сулаймоний Ироқда АҚШ дрони билан ҳужумда ўлдирилди. Америка генерал ва у раҳбарлик қилган олий Қудс гвардиясини террорист, деб атади. Уларни юзлаб америкаликларнинг ўлимида айблади. Бироқ Эрон учун у уруш ва тинчлик масалалари бўйича ҳақиқий Ташқи ишлар ишлар вазири эди. Генералнинг ўлдирилиши икки давлат ўртасидаги тарангликни жиддий нуқтага чиқарди.
АҚШ Эроннинг муҳим раҳбарларидан бирини ўлдирди. Қосим Сулаймоний Яқин Шарқда ҳарбий амалиётларга масъул эди. У яна Эрон инқилоби соқчилари олий Қудс гвардияси раҳбари эди.
АҚШ бу икки ташкилотни 2019 йили террорист деб эълон қилди. Генераль Сулаймонийни эса Бағдоддаги АҚШ элчихонасига ҳужумда айблади.
Генералнинг ўлдирилиши АҚШ-Эрон алоқасини янада чигаллаштирди. Эрон олий раҳбари Хоманеи "аламли қасос" олишини айтди. Бу икки давлат қандай қилиб бу нуқтага келиб қолди?
Икки давлатнинг 1950 йилдан бери мураккаб тарихи бор.
1953 йил -Фитна
Эрон Бош вазири Муҳаммад Мусаддиқ нефтни миллийлаштиришни истайди. Нефтнинг катта қисми Британия назорати остида эди. Аксар эронликларга нефтдан фойда йўқ эди.
АҚШ ва Британия махсус кучлари фитна уюштирди. Натижада Бош вазир ҳукуматдан кетказилди. АҚШ дастаги билан Шоҳ Муҳаммад Ризо тахтга ўтирди.
У мухолифларининг овозини Савак - махсус полиция кучи билан ўчирди. Диндор Оятуллоҳ Ҳумайни Шоҳнинг рақобатчисига айланди. Бироқ у Шоҳни танқид қилгач мамлакатдан қувилди.
1979 йил Эрон инқилоби
Халқ ғазабга миниб, Шоҳ Муҳаммад Ризонинг истеъфосини талаб қилди. Ҳумайний 1979 йили Париждан Эронга қайтгач энди қочиш навбати Шоҳга келганди. Бу АҚШ
ҳафсаласини пир қилди. Шундан бошлаб Эрон Исломий давлатга айланди.
Руҳоний Эроннинг олий раҳбарига айланди. Янги Эронда аксил Америка кайфият кучайди. Тахтдан ағдарилган Шоҳ эса, даволаниш учун АҚШга кетди. Бу кўплаб эронликларнинг ғазабини қўзғади.
1979-81 йиллар - Гаров инқирози
Ҳумайний тарафдорлари бўлган талабалар АҚШ элчихонасига ҳужум қилди. 52 америкалик 444 кун гаровда ушлаб турилди. Ўшанда АҚШ илк бор Эронга санкция қўллаганди.
1980 йил Эрон-Ироқ уруши
Ироқ Эронга бостириб кирди ва шафқатсиз урушга сабаб бўлди. Ироқ АҚШ кўмагида сезиларли натижаларга эришди. Жангларда қарийб 1 миллион одам ўлгани айтилади.
Ҳумайний 8 йиллик урушдан сўнг оташкесимга рози бўлди.
1988 йил, Йўловчи учоғи уриб туширилди
Америка-Эрон муносабатлари бузилишда давом этди. Теҳрон АҚШ ва Исроилни ўзининг муҳим душмани, деб эълон қилди. 1988 йили АҚШ ҳарбий учоғи Эрон йўловчи самолётини уриб туширди.
Америка хато деб атаган иши учун узр сўрамади.
2002 йил "Ёвузлик манбаси"
Президент Жорж Буш "ёвузлик манбаси" дея тамға босди. У Эрон, Ироқ ва Шимолий Корея давлатларини шундай деди. АҚШнинг эътибори Эроннинг атом дастурига қаратилди.
Халқаро ҳамжамият қаттиқ жазо чораларини эълон қилди. Нефт экспорти ва иқтисодиётда Эрон йирик йўқотишларга учради.
2015 йил - Атом келишуви
Эрон атомни тинч мақсадларда қайта ишлаётганини таъкидларди. Бироқ 2015 йили иқтисодий санкцияларни бекор қилиш учун уранни қайта ишлашни
қисқартиришга рози бўлди.
Аммо 2018 да АҚШ келишувдан чиқди ва санкцияларни қайтарди. 2019 йилда АҚШ Эроннинг Инқилоб соқчиларини террористик ташкилот,
дея эълон қилди. 2019 йилда Эрон олий раҳбари Али Хоманеи ва АҚШ Президенти Дональд Трамп ўртасида таранглик кучайди.
Генерал Сулаймонийнинг ўлдирилиши бурилиш нуқтаси бўлди. Бу Бағдод аэропортига ҳужум натижасида содир бўлди.
Ироқдаги ҳарбий амалиётлар қўмондони ва Сулаймонийнинг ўлдирилиши бутунлай бошқа ўйинга ва янаям қўрқинчли инқирознинг бошланишига сабаб бўлгани айтилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












