Кўпроқ туғинг: Мусулмон мамлакат оилани режаламаслиги керакми? Ислом ва мусулмонлар

Эрон

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Эронлик аёллар кам туғишмоқда.

Эрон ўз аҳолиси сонини қарийб икки баравар оширмоқчи.

Исломий республика касалхоналардаги оилани режалашга мўлжалланган хизмат ва амалиётларни кескин қисқартиришни бошламоқда.

Энди оилаларда фарзандлар сонини камайтириш ёки тартибга солиш давлат сиёсати бир қисми, деб кўрилмайди.

Нафақат кўрилмайди, балки буткул унга тескари ёндашув кўзга ташланмоқда.

Ҳукумат ўз аҳолисини сонини кўпайтиришни нияти қилаяпти.

Ҳеч ким бичилмайди

Эрондаги давлат шифохоналарида эркак ва аёлларни бичиш ёки стрелизация қилиш ҳамда ҳомиладорликни тўхтатувчи бошқа усул ё амаллар қўлланилмайди.

Фақат аёл кишининг соғлиғи хавф остида бўлса ва туғиш мумкин бўлмаса, шундагина давлат касалхоналарида ҳомиладор бўлишдан сақловчи амалиёт ва воситаларни қўллаш мумкин.

Оилалар ҳомиладан сақловчи амалиётлардан фойдаланмоқчи бўлишса, хусусий касалхоналар хизматидан фойдаланиши мумкин.

Эрон ҳукумати аҳоли орасида туғилиш камайиб кетаётганидан хавотирга тушмоқда.

Мамлакатда кексалар сони ошаётгани аломатлари кўзга ташлана бошлаган.

Эронда туғиш нега камайди?

Эронда йиллик аҳоли ўсиши 1% ҳам эмас.

Агар ҳозир бирон чора кўрилмаса, келаси 30 йил ичида Эрон аксар аҳолиси кексалардан иборат мамлакатга айланиши мумкин.

Ҳали икки йил олдин ҳам йиллик ҳоли ўсиши бу мамлакатда 1.4% эди.

Эроннинг қўшниларига қарасак, Жаҳон Банки хулосалари Ироқда бу кўрсаткич 2.3%, Саудия Арабистонида 1.8% эканини таъкидлайди.

Эронда оила қуриш ҳам, оилаларнинг фарзанд кўриши ҳам камаймоқда.

Ирна далат хабар агентлигига кўра, бунинг бош сабаби - иқтисодий қийинчилик.

Расман, оила қураётган ёшлар сони ҳам 40% камайиб кетган.

Болалар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Мусулмон халқлари болажонлиги билан танилган.

Аҳолини кўпайтирган Исломий инқилоб

Эрон аҳолиси 1979 йилги Исломий Инқилобдан кейин шиддат билан ўсганди.

Янги Исломий ҳукумат ўшанда ўз аҳолиси сонини оширишни рағбатлантирган.

Таҳлилчилар буни Исломий тузум ҳимоячиларини кўпайтириш нияти билан тушунтирганлар.

Кейинроқ, 8 йил давоми этган Эрон-Ироқ уруши ҳам аҳолини кўпроқ фарзанд кўришга ундаганди.

Ватанпарварлар қанча кўп бола кўрсак, ватан ҳимоячилари ҳам шунча кўпайиши ҳақида айтишган.

Мамлакат аҳолиси яшарган, ёшлар сони ошган.

Аммо айни манзарада Эронда туғишни назорат қилиш сиёсати бошланганди.

Эрон узоқ йиллардан бери Ғарб жазо чоралари остида қийналиб келади.

Ишсизлик юқори, аҳоли турмуш даражасида эса кескин ўсиш кузатилмаган.

Бироқ энди мамлакат яна аҳолиси сонинини оширмоқчи.

Мусулмонлар ва оила

Олий руҳоний раҳбар Оятуллоҳ Али Хаманиий эронликларни кўпроқ фарзанд кўришга чақирмоқда.

Эроннинг ҳозирги 80 миллионлик аҳолисини 150 миллион қилиш зарур, деган чақириқ ҳам айнан Оятуллоҳнинг фикридир.

Дунёдаги кўплаб мусулмон жамиятлари кўп болали бўлишни исташади.

Бунинг бир сабаби иқтисодий ва маиший бўлиб, ота-она кексайганда болалари қарайди, деган ишончга таянади.

Айни пайтда диний илдизлари ҳам мавжуд.

Шу сабабли кўплаб мусулмон мамлакатларида оилани режалаш сиёсати зиддиятли бўлиб келган.

Ўзбекистонда бир неча йиллар олдин аёлларни истагига қарши стрелизация қилингани ҳақида хабарлар чиққан.

Азалдан кўп болали ўзбек оилалари Совет давридаги рағбатлантириш ортидан янада кенгайганди.

Ҳатто Хитой ҳам бир болали сиёсат олиб борганида, Шинжондаги мусулмон уйғур ё қозоқ оилалари ҳар доим бир нечта фарзандли бўлишган.

Алоқадор мавзулар:

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek