Нима учун Қирғизистонда аёллар иккинчи хотин бўлишга рози? Qirg'iziston Markaziy Osiyo dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, MAGERRAM ZEYNALOV
- Author, Наргиза Рисқулова
- Role, Би-би-си, Бишкек
Сўнгги йигирма йил ичида Совет Иттифоқи давридан бери тақиқланган кўпхотинлиликни қонунийлаштириш масаласи Қирғизистоннинг доимий кун тартибида бўлди.
Бу борадаги ташаббуслар ҳар сафар муваффақиятсиз чиқишига ва, умуман, қирғизистонликларнинг аксарияти қаршилигига қарамай, тадқиқотчилар мамлакатда кўпхотинли никоҳлар сони ошаётгани ҳақида гапиради.
Шахсий суҳбатлардан маълум бўлишича, кўпчиликнинг бундай никоҳ асосида яшовчи камида бир нечта таниши бор.
"Эрим мени ҳаммангиздан кўра кўпроқ яхши кўради", деб мақтанади заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчи таниқли компаниянинг реклама ролиги қаҳрамони атрофида ўтирган миллий қирғиз кийимидаги аёлларга қараб. Улар бир-бирларига заргарлик буюмларини - эрининг совғаларини намойиш этадилар ва совға қилувчининг нозик диди ҳақида завқ билан гапирадилар. Уларнинг сахий турмуш ўртоғи аслида битталиги тезда аён бўлади.
50 ёшли Зуля бу рекламани кўриб, нафрат билан бурнини жийиради ва кўз ёшларини тезгина артиб ташлайди. Бишкекдаги замонавий квартирасида ўтирган Зуля видеодаги аёллардан катта фарқ қилади. Унинг сочлари калта ва очиқ, жинси шим кийган ва устида эркакча фасондаги оқ кўйлак бор. Фақат қўлига ингичка тилла никоҳ узуги таққан, холос. Аммо видео мавзуси унга анча яқин: у 15 йилдан бери иккинчи хотин мақомида яшайди.
Зуля у танлаган эркакни ишда учратган - эркак унинг ўринбосари бўлган. Уйланганига қарамай, бир қарашда бир биримизни севиб қолганмиз, дейди у.
"Кейин бутун драма бошланди, - дейди Зуля. - Дастлаб у хотинидан ажрашишга ваъда берди, кейин касаллиги, кейин болалари сабабли кечиктирди, сўнг у ажрашмоқчи эмаслиги аниқ бўлди ва бу пайтда мен аллақачон қизимга ҳомиладор эдим."
Зуля ҳомиладор бўлганидан кўп ўтмай, биринчи хотин ҳам, иккала томон қариндошлар ҳам уларнинг муносабати ҳақида билиб қолди. Тўққиз ойлик жанжаллар, судлашув ва лаънатлашлар бошланди.

Сурат манбаси, MAGERRAM ZEYNALOV
"Мен бу аҳмоқона рекламада кўрсатилгани каби бўлишига ишонмайман - бу ҳам аёллар, ҳам уларнинг фарзандлари учун жароҳат. Мен ҳаттоки қай биримизга кўроқ ёмон бўлганини билмайман", дейди Зуля.
Унинг икки фарзанди энди отасини ҳафтада атиги икки марта кўради, ота қолган вақтини бошқа оиласида ўтказади - Зуля ҳар сафар болаларига отасининг қаерга кетгани ҳақида баҳона тўқиши керак. Иккала хотин ҳам бир-бирини танийди, аммо бир-биридан нафратини тия олмайди. Барча муваффақиятсизликлари ва муаммолари учун Зуля ўзининг никоҳи ва рақибини айблайди.
"Мен болалар катта бўлганида бегоналардан оталарининг бошқа оиласи ва болалари борлигини билиб қолишидан хавотирдаман. Биз никоҳланганимизда қариндошларимиз билан бирга бўлмадик, шунчаки уларга хабар бериб қўйдик, - дейди Зуля. - Минг афсус, ҳаётимни қайтадан яшай олмайман."
Қонуний жиҳатдан Зуля эри учун ҳеч ким. Қирғизистонда кўпхотинлилик ноқонуний ҳисобланади ва бунинг учун ҳатто жазо белгиланган.
Шунга қарамай, эр уларнинг умумий мулкларининг ягона эгасидир: ёзда дам олиш учун бориладиган Иссиқкўл бўйидаги квартира, машина ва коттеж. Улар Зулянинг қариндошлариникида бирор маросим бўлиб қолса, биргаликда эр-хотин бўлиб борадилар. Эрининг оиласи уни қабул қилмади.

Сурат манбаси, MAGERRAM ZEYNALOV
Кўпхотинлилик аёллар ҳуқуқлари учун курашми?
Бундай муносабатларни оддий бирга яшашдан ажратиб турадиган нарса - шаръий никоҳдир. Бундай никоҳ давлатнинг рўйхатга олиш идорасидан никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома олинган тақдирдагина ўқилиши мумкинлиги кўзда тутилган, аммо бу қоидага кўпинча амал қилинмайди. Қирғизистон Мусулмонлари диний идораси ушбу мавзуга изоҳ беришдан бош тортди.
Никоҳ гувоҳномасининг етишмаслиги кўпинча умумий болалар ва умумий мулк учун ҳужжатларни расмийлаштиришда муаммо бўлиб қолади. Ажрашганда аёл ўзининг мулкий ҳуқуқларини исботлай олмайди ёки боласига алимент ололмайди. Аёллар ҳуқуқларининг бу тахлит бузилишидан Қирғизистонда кўпхотинлиликни қонунийлаштирмоқчи бўлган жамоат ва дин арбоблар фойдаланмоқда.
Сўнгги 20 йил ичида ушбу масала кун тартибидан тушмади: у 2002 йилда парламентда муҳокама қилинган, кейин 2007 йилда Адлия вазири кўпхотинлиликни қонунийлаштиришни таклиф қилган ва 2016 йилда парламент яна муҳокама қилган (мунозаралар ҳеч тугай демайди).
Шу билан бирга, бу каби ташаббусларнинг баъзи муаллифлари ўзлари намуна кўрсатаётганларини очиқча эълон қилишади. Қирғизистон мусулмонлари орасида ҳам, ундан ташқарида ҳам улкан обрўга эга бўлган, республиканинг марҳум муфтийининг баёноти энг кўп муҳокама қилинди.
"Мен яна уйланишни ўйламаётган эдим, лекин 30 ёшли аёлни - Туркияда болалари билан яшаб, энага бўлиб ишлаган аёлни учратдим. Болаларини боқишга ёрдам бериш учун уни никоҳимга олдим, - дейди Чубак Ажи Жалилов ўзининг "Youtube"даги қарийб 100 минг одам обуна бўлган каналидаги роликда. - Биринчи хотиним бироз рашкчи, аммо бунга ҳақли, мен эса ўз ватандошларимга қирғиз қизларимизни бегона юртда хор бўлишига йўл қўймаслик йўлида намуна бўлиш учун ушбу қадамни қўйишга қарор қилдим."

Сурат манбаси, MAGERRAM ZEYNALOV
Шунга ўхшаш яна бир можаро уч йил аввал мамлакат олий муфтийи Раҳматулла Эгембердиев билан содир бўлган. Унинг номаълум ёш аёл билан бўлган интим муносабати тасвирланган видео тарқалгач, истеъфога чиқишга мажбур бўлди. Никоҳдан ташқари муносабатлар ва зинокорлик айбловларидан ўзини ҳимоя қилган муфтий бу қизга тўрт йил бурун уйланганини айтди.
Одатда бундай эътирофлар жамоатчиликнинг кескин танқидига сабаб бўлади, аммо хайрихоҳлар ҳам йўқ эмас. Кўпхотинлиликни қонунийлаштириш тарафдорларидан бири жамоат арбоби ва собиқ журналист Назира Бегимдир. У президентга илтимоснома билан мурожаат қилди ва ҳамфикрлар учун давра суҳбати ташкил этди.
Бегим шу тариқа мамлакатда фоҳишабозлик ва оиладаги зўравонликларни йўқотиш мумкин деб ҳисоблайди (унинг мантиғи мусулмон эркак ўз хотинини урмайди деган стереотипга асосланади, яъни Худодан қўрқадиган одамнинг иккинчи хотини бўлиш тажовузкор ичкиликбознинг ягона хотини бўлгандан афзалроқдир).
Назиранинг асосий аргументи эса миллатни сақлаб қолишдир: Бегим чет элликлар билан эмас, қирғизлар билан турмуш қуришни ва аёлларнинг асосий роли она бўлиш дея тарғиб қилади. Унинг сўзларига кўра, "очкўзлик ва кераксиз рашк" бу қирғиз аёллари учун фойдасиз хислатлардир. Унинг "YouTube"даги видеолари остидаги изоҳларда бундай қарашларни асосан эркаклар қўллаб-қувватлаётганини кўриш мумкин.
Бой ва камбағаллар улуши
Назира Бегим "деярли ҳар бир қирғиз эркакнинг иккита хотини бор, баъзиларида учта", деб даъво қилмоқда. Гарчи бу аниқ муболаға бўлса-да, уни текшириш имконсиз, бундай никоҳлар ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) 2014 йили чиқарган ҳисоботидан ташқари сўнгги йилларда ишончли тадқиқотлар олиб борилмади: ЮНИСEФга кўра, 15-49 ёшдаги қирғиз аёлларининг 0.9 фоизи ягона хотин эмас.
Ушбу мақола учун қаҳрамонлар қидиришда Би-би-си мухбири танишларидан сўради: биттаси поччаси иккинчи марта уйланганда, холаси қандай асабий ва аламзада бўлгани ҳақида, иккинчиси эса ҳарбий амакисининг икки оила билан қанча вақт яшагани ҳақида гапирди. Учинчиси - 27 ёшли қиз вакил отасининг иккита хотини борлигини билгандаги ҳайратини гапирди. (Қирғизистонда, турмуш қуриш пайтида ёш эр хотин учун вакил ота она белгиланади. Улар христианлардаги чўқинтирган оталарга ўхшайди)...

Сурат манбаси, MAGERRAM ZEYNALOV
"У барча байрамларга икки марта боради: аввал биринчи хотини билан бир соат ёки икки соат, кейин иккинчиси билан, - дейди у.
Уларнинг деярли барчаси айни шундай никоҳда бўлган танишлари борлигига қарамай, интервью учун улар билан учраштиришни рад этиб, бу масалани гаплашиш одат эмаслигини айтдилар.
2017 йилда кўпхотинлиликни қонунийлаштириш бўйича қонунчилик ташаббуси фонида иккита сўровнома ўтказилди. Демократия ва фуқаролик жамияти учун коалиция ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) тадқиқотчилари шундай хулосага келди: қирғизистонликларнинг 20 фоиздан сал кўпроқроғи кўпхотинлиликни қўллаб-қувватламоқда. Шу билан бирга, респондентларнинг деярли 27 фоизи ўзларининг қариндошлари ва дўстлари орасида кўпхотинлилик борлигини таъкидлаган.
Ушбу мавзу бўйича тадқиқотчилар, шу жумладан, БМТнинг айтишича, кўпхотинлилик Қирғизистон жамиятида одатий ҳолга айланиб бормоқда. Бунинг бир нечта сабаблари бор, жумладан, диннинг роли кучайиши.
"Совет Иттифоқининг парчаланиши, хусусан, иқтисодий инқироз ва коммунистик мафкура ва ахлоқнинг қулаши Қирғизистон жамиятида кўпхотинлилик нормаллашишига олиб келди", дейди Вермонт университети профессори Мишель Коммерcио. У 2013 йилдан бери бу мавзуни ўрганади. Қирғизларнинг аксарият қисми учун Ислом коммунизм ўрнини эгаллади ва кўпхотинлиликка йўл очилди.
Коммерcио кузатувларига кўра, кўпхотинлилик қишлоқларда ҳам, шаҳарларда ҳам бойлар ва унчалик бой бўлмаган одамлар орасида кўп учрайди. Эркак, қоида тариқасида, обрў-эътибор ва жамиятдаги мавқеини ошириш учун иккинчи хотинни олади.
"Аёллар кўпинча бундай никоҳга рози бўлади, чунки улар иқтисодий жиҳатдан эрларига қарам, эрининг ёки унинг оиласининг бирор мулкига эгалик қилишни давом эттиришни истайди ёки турмуш қурган аёл мақоми ва фарзандлари отаси бўлишини хоҳлайди", дейди тадқиқотчи. - Эркак иккинчи хотинини алоҳида уй билан таъминлайди, кундошлар деярли бирга яшамайди".

Сурат манбаси, MAGERRAM ZEYNALOV
Кўпхотинлилик Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари - Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистонда турли даражада кенг тарқалган.
"Тожикистонда, ҳазил тариқасида, менга иккинчи хотин бўлиш таклифларини бир неча марта айтишган. Қозоғистонга кўчиб келганимда, "токал" - қозоқ тилида иккинчи хотин - бўлиш нафақат мақбул иш, балки ҳатто мафтункор, - дейди Назарбоев университети этнография тадқиқотчиси Элен Тибо. - Бу борада кўплаб клиплар, ҳатто фильм суратга олинган ва бир марта маҳаллий газеталардан бирида кимлар Қозоғистонда энг чиройли "токал" экани ҳақида ўқиган эдим."
Тибонинг айтишича, аёлларнинг бундай никоҳга кириши сабаблари кўпинча турмушга чиққанлик статуси билан боғлиқ: масалан, Қозоғистондаги кўплаб токаллар келинлик вазифаларини бажаришни истамасликларини айтади (анъанавий равишда биринчи хотин эрининг қариндошларига хизмат қилади, уйда овқат пиширади ва бошқа вазифаларни бажаради) ...Иккинчи хотин ролидаги аёллар кўпинча бу юкдан халос бўлади.
Шариатга қарши Жиноят кодекси
2019 йилда шов-шувли муҳокамаларсиз Қирғизистоннинг Жиноят кодексига ўзгартириш киритилди: озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо кўпхотинлилик тўғрисидаги моддадан олиб ташланди ва энди бир нечта аёл билан "биргаликда умумий хўжаликда яшаганлик" учун катта бўлмаган жарима - 30 минг сўмгача (350 доллардан сал кўпроқ) тўлайсиз ёки жамоат ишларига жалб қилинасиз.
Аммо ушбу моддада икки йилгача қамоқ муддати назарда тутилган вақтда ҳам, у амалда қўлланмаган. Кўпхотинлилик учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган кам сонли одамлардан бири мамлакатнинг собиқ президенти Қурманбек Бакиев эди. 2010 йилда Лола инқилоби натижасида у иккинчи хотини ва болалари билан мамлакатдан қочиб кетди ва ўшандан бери Беларусда.
2018 йилда ҳукумат сўнгги беш йил ичида кўпхотинлилик моддаси бўйича атиги бешта жиноий иш очилганини айтди.

Сурат манбаси, MAGERRAM ZEYNALOV
32 ёшли Айдай уйланган одамга иккинчи марта турмушга чиқди, у биринчи эридан, ўзининг айтишича, ичкиликка муккасидан кетгани учун ажрашди. Иккинчи эр - Таалай тақводорлиги билан уни ўзига жалб қилди: "Гарчи мен мусулмон бўлсам ҳам, намоз ўқимаганман, дин ҳақида кам маълумотга эга эдим, у эса менга жуда тўғри одам бўлиб кўринди, у доим Қуръондан иқтибос келтирар эди. У менга дарс берди. Қандай кийиниш, ўзни қандай тутиш ва ҳатто овқат тайёрлаш, болаларга қандай таълим бериш керак, мен ҳаммасини иймоним билан қабул қилдим."
Ўзаро муносабатлар бошланганидан икки ой ўтгач, Таалай турмуш қуришни таклиф қилди. "У бизнинг учрашувларимиз ва муносабатларимиз шаръий никоҳсиз гуноҳ эканлигини айтди ва шу кунларнинг бирида у мени имом ва бошқа бир эркак гувоҳ бўлган машинага ўтқазди ва имом бизни никоҳлади, - дейди Айдай. - У мен ва менинг болаларимга ғамхўрлик қилиш, ҳеч қачон ташлаб кетмасликка сўз берди."
Айдай бўлажак эрининг турмуш қурганини билар эди, лекин у Қуръонда ёзилганидек, эри иккала оилани боқиш ва адолатли бўлишга берган ваъдасига ишонган. Аммо ундай бўлмади, дейди у: Таалай рашкчи бўлган ва уни қаттиқ назорат қилган, қариндошлари ва биринчи хотини эса унга таҳдид қилган.
"Эрим болага ёрдам бермоқчи эмаслигини англаганимда ва бизни ташлаб Россияга кетгач, полицияга мурожаат қилдим, - дейди Айдай. - Мен уни "кўпхотинлилик" моддаси бўйича жавобгарликка тортишни сўрадим, лекин улар ушбу модда икки рўзғорни бир том остига бирлаштиришга нисбатан қўлланишини айтиб, буни рад этди. Албатта, менинг далилим йўқ: никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома ҳам, биринчи аёлининг шикояти ҳам йўқ."
Айдай Бишкекдаги телеканаллардан биридаги ток-шоуда ўз бошидан ўтганлар ҳақида гапиришга қарор қилди - таниб олмасликлари учун учун ниқобда интервью берди.
Эфирдан сўнг унга таҳдид ва ҳақорат ёғилди, у очкўзлик ва ёлғончиликда айбланди, ижтимоий тармоқларда Айдай атай мусулмонларга туҳмат қилди ва Қуръонда рухсат этилган кўпхотинликка қарши чиқди, деб уни сўка бошлашди.
Шариат ҳақиқатан ҳам эркакка, агар у барча хотинларига ғамхўрлик қилса ва ҳаммага бирдек адолатли муносабатда бўлса, тўрттагача хотин олишга изн беради. Таалай иккинчи марта уйланиш истагини айнан дин билан оқлайди.
"Аслида мен бошқа уйланмоқчи эмас эдим, бу Аллоҳнинг иродаси билан бўлди, мен Айдайни тасодифан учратдим, - дейди у. - Мен унинг биринчи турмушидан туғилган фарзандларига ёрдам беришни хоҳлардим, кейин эса унга менга турмушга чиқишни таклиф қилдим, чунки Исломда агар кимдир сиз туфайли тўғри йўлга тушиб олса, бу жуда хайрли амал ҳисобланади. Мен шу йўл билан Айдайни ҳам, унинг болаларини ҳам қутқараман деб ўйладим."
Нега ўзининг яхши ниятларини дарҳол биринчи хотинига айтмагани ҳақидаги саволга Таалай Қирғизистон тарихига мурожаат қилиб шундай жавоб беради: "Биз қирғизлар Совет Иттифоқи туфайли диндан ташқарида жуда узоқ яшадик, унинг нималигини ҳам унутдик. Бундай никоҳлар тушунмайдиган одамларнинг инкор этиш ва қоралашга сабаб бўлади, шунинг учун ҳамма нарсанинг ўз вақти бор, деб қарор қилдим. Мен аста-секин хотинимни руҳий жиҳатдан тайёрлаб, унга айтмоқчи эдим. Бундан ташқари, биз эргашадиган пайғамбар яна бир марта уйланиш учун хотинлар ёки ота-онадан рухсат олишни мажбурий қилмаган. Сиз жавобни фақат Аллоҳнинг олдида берасиз."
Таалай Айдай билан турмуш қурганидан ҳам афсусланади: унинг сўзларига кўра, хотини "фитначи ва фирибгар" бўлиб чиққан. У рашк қилиб қийнаганини, биринчи хотинининг рақамини топиб, унга ёзишни бошлаганини айтади. Натижада, биринчи хотин уни ташлаб, болаларни олиб кетибди.
Аммо Таалай кўпхотинлилик тушунчасига содиқ: унинг айтишича, бир нечта хотини бор кўплаб бахтли танишлари бор, уларнинг хотинлари бир бири билан яхши чиқишади, бир бири билан мулоқот қилмаганда ҳам, ҳеч бўлмаганда вазиятни қабул қилади.
Аёлларга ёрдам берадиган хайрия ташкилотлари унга ишонмайди. "Бизга алданган ёш қизлар, уйсиз, ҳужжатсиз қолган аёллар ва кўпинча оилавий зўравонликларга дучор бўлган аёллар мурожаат қилади. Уларнинг шунчаки борадиган жойи йўқ ва улар давлат идораларига ўзларининг турмуш қурганликлари ва алимент тўлаш ҳуқуқига эга эканликларини исботлай олмайдилар", дейди Сезим инқироз маркази асосчиси Бубусара Бейшеналиева.

Сурат манбаси, MAGERRAM ZEYNALOV
Айдай ҳам Сезимга мурожаат қилди, аммо тўртта фарзанди билан унга жой етишмади. Унга психолог консультацияси беришга ваъда беришди.
"Турмушдаги аёлнинг аҳволи ажрашгандан яхшироқ"
Кўпхотинли никоҳларнинг кўпайишига таъсир кўрсатадиган яна бир омил - мигрантларнинг бошқа мамлакатларга, биринчи галда Россияга оқиши, уларнинг ўша жойда иккинчи оила қилишидир. ЮНИСEФ маълумотларига кўра, пандемия олдидан эмиграциядаги қирғиз болаларининг 15 фоизида ота-оналардан бири ёки иккаласи ҳам бўлган.
Агар Қирғизистон иш жойларини яратишга ва карантин туфайли уйига қайтган муҳожирларни ушлаб туришга муваффақ бўлса, бу охир-оқибат кўпхотинлилик сонининг камайишига олиб келиши мумкин. Аммо жиддий иқтисодий инқироз фонида, бу ҳеч бўлмаганда яқин йилларда эҳтимолдан узоқ.
Пандемия пайтида 30 ёшли Динаранинг эри уйига қайтмади. У Мирбекни уч йилдан бери кўрмаган, турмуш қурганига 12 йилдан ошган бўлса ҳам, Динаранинг айтишича, улар икки йилдан кам бирга яшаган. Уларнинг икки фарзанди бор.

Сурат манбаси, MAGERRAM ZEYNALOV
Тахминан уч йил олдин Динарага миш-мишлар етиб келди: Мирбекнинг Москвада бошқа оиласи бор эмиш. Эри ҳеч нарсани инкор қилмади, аммо ажрашишга тайёр эмаслигини айтди. Айни пайтда, у Москвадаги хотинини ҳам ташлаб кетишни истамади. У кўпхотинли оила бўлишни таклиф қилди.
"Мен у фикрини ўзгартириб, бизнинг оиламизга қайтиб келади деб умид қилган эдим, бундан ташқари, унинг барча қариндошлари шундай бўлишини айтишди ва сабр қилишга кўндиришди, - дейди Динара. - Фарзандларимни ҳали ҳам қайнонам тарбия қилади. Улар уни яхши кўришади ва ўрганиб қолишган. Қайнонам мен томонда, у эртами-кечми эрим қайтишига ишонади."
"Мен эса энди ишонмайман, лекин турмуш қурган аёлнинг ҳолати ажрашган аёлдан яхшироқ", деб қўшимча қилади Динара.
Қирғизистоннинг консерватив жамиятида ажрашиш ҳанузгача қораланади, шунинг учун аксар аёлларнинг кўпхотинлиликка рози бўлиши сабаби оилани ҳар қандай баҳода сақлаб қолишдир.
Ажрашган аёлнинг ҳаёти турмуш қурган аёлникига қараганда анча нотайин, ҳатто турмушдагининг кундошлари бўлса ҳам. Ажрашган аёл ҳам ўзини, ҳам фарзандларини боқиши қийин, бошқалар уни бузуқликда гумон қилади ва қоралайди.
Шунга қарамай, Динара пул ишлашни ва болаларни ўз уйига олиб кетишни кўзламоқда. Эрининг қариндошлари унга яхши муносабатда, аммо Динаранинг айтишича, улар уни ғийбат қилишади, ачинишади ҳам. Яқинда бўлиб ўтган оилавий байрамда унга хиёнаткор турмуш ўртоғини ташлаб кетишни маслаҳат беришди: "Ҳатто кимдир шундай деди: Ёш ва чиройли экансан, кеч бўлмай ажраш. Яна турмуш қуришга улгурасан, деди".
Қаҳрамонларнинг исмлари уларнинг илтимосига биноан ўзгартирилди: Қирғизистонда қўшхотинлиликка ҳеч ким ажабланиб қарамайди, аммо деярли ҳеч ким бу борадаги тажрибасини очиқ гапирмайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













