Путин: "Бизни қий-чув тўхтатолмайди", у Украина энергия тизимини бомбалашда давом этмоқчи, Yangiliklar, Rossiya, Ukraina

Путин

Сурат манбаси, EPA

    • Author, Жорж Врайт
    • Role, BBC News

Владимир Путин миллионлаб одамни токсиз ва сувсиз қолдираётган бўлса-да, Украина энергия инфратузилмасига зарба беришда давом этишини маълум қилди.

"Ҳа, биз шундай қиляпмиз. Аммо ким биринчи бошлади", деган Россия президенти Кремлда ўтган мукофатлаш маросимида.

У Россия ҳужумларини танқид қилиш "олдимизга қўйган ҳарбий вазифаларни бажаришимизга тўсқинлик қилолмайди", деган.

Россия бир нечта оғир мағлубиятларни қабул қилиб олгач, 10 октябрдан бошлаб Украина энергия тизимини нишонга ола бошлади.

Алоқадор мавзулар:

Айрим Ғарб давлат раҳбарлари ушбу стратегия жамоат инфратузилмасига кенг зарар бергани учун уруш жинояти деб атаган.

Бироқ Президент Путин халқаро миқёсда танқидларнинг ортиши зарбаларни тўхтатолмаслигини айтган.

"Қўшни давлатнинг энергия тизимига бераётган зарбаларимиз атрофида жуда ҳам кўп шовқин солишмоқда. Ҳа, биз шундай қиляпмиз. Аммо ким биринчи бошлади", деган у давлат мукофотларини топшириш маросимида.

Путин

Унинг айтишича, зарбалар Россия қўшиб олган Қрим кўпригини 8 октябрда портлатилганига жавоб сифатида берилмоқда. У Киевни яна Курск АЭС электр линияларини портлатишда ва Украина шарқидаги Донецкка сув таъминотини узиб қўйишда айблаган.

"Миллиондан ортиқ аҳолиси бор шаҳарга сув етказиб бермаслик геноциддир", деган Путин ва Ғарбни бу борада сукут сақлашликда айблаган.

Украина Бош прокурори Андрий Костин ўтган ой Россиянинг Украина энергия тизимига зарбаларини геноцидга тенглаштирганди.

Россия президенти Москва Украина агрессиясига жавоб берганида "шу заҳоти дунёни бошига кўтариб қий-чув қилишади", деган.

Киев

Сурат манбаси, Reuters

Украинанинг кўп минтақаларига қор ёғган ва ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетган. Натижада миллионлаб аҳоли токсиз ва ичимлик сувисиз қолган. Бу одамларнинг совуқдан ўлиши хавотирларини оширган.

Душанба куни Россия қанотли ракеталар билан янги зарбалар бергач, мамлакат энергия тизимини барқарор ушлаб туриш учун жойларда фавқулодда ток узилишларини жорий қилган.

Мутахассисларнинг Би-би-сига айтишича, Россиянинг энергия тизимларига зарба бериш тактикаси аниқ ҳарбий устунликка эришишга эмас, балки кўпроқ аҳолини қўрқитиш ва руҳини туширишга қаратилган. Бу эса халқаро қонунчиликка зид.

Расмий Москва бу айбловларни бир неча маротаба рад этган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek